16+
Ўзлик сари етти қадам — 3

Бесплатный фрагмент - Ўзлик сари етти қадам — 3

Мақсадларим, шошмай туринг...

Введите сумму не менее null ₽, если хотите поддержать автора, или скачайте книгу бесплатно.Подробнее

Объем: 94 бумажных стр.

Формат: epub, fb2, pdfRead, mobi

Подробнее

— Ҳой, Мақсадхон, ҳа анави майда Мақсадваччаларга қарасангиз бўлмайдими? Ҳаммаси ҳар томонга қараб қочиб кетибди-ю булар!

— Узр, мудир, мен ўзим билан овора бўлиб қолибман. Хавотир олманг, бу мишқиларга икки сакраб етиб оламан — ҳаммасини тутиб келаман зумда.

— Лекин сиз асосий Мақсадсиз — ўзингизданам чалғиб қолманг яна.

— Йўғ-е, ўзимдан чалғиб ўлибманми — ўзим билан ўзим доим биргаман-ку…

Муаллифдан

Қадрдон Дўстим,

Сизни қўрқмай дўстим деб аташга журъат этганим учун узр. Биз сиз билан икки марта ажойиб суҳбат қурдик — ва бунда кўп сирларимизни ўртоқлашдик. Шундан келиб чиқиб, сизни ўзимга дўст билдим. Бу дўстликдан сиз ҳам менчалик мамнунсиз деган умиддаман.

Ўтган галги суҳбатларда биз анча нарсаларни ўргандик — айниқса, мен жуда кўп янги нисбий ҳақиқатларни кашф қилдим. Ўз қадримизни биладиган бўлдик, бошқаларни ҳурмат қилиш учун кўп асос топдик.

Бу сафар энди инсон ўз олдига қандай мақсадларни қўйиши, улар нимага асосланиши ва уларга қандай эришиш мумкинлиги ҳақида сирлашамиз. Китоб сизга қалбингизнинг туб-тубида яширин, сиз учун аллақачон унут бўлган — лекин ҳаётингизни фаровон қилиш учун зарур бўлган истакларни қайта кашф этишга ёрдам беради.

Сиз билан мақсадларни тарбиялашни ўрганамиз. Жуда қизиқ таъкид-а? Лекин баён давомида бу билан нимани назарда тутганимни англаб оласиз.

Китоб сизга қандай илмларни ошкор қилишини айтяпман-у — бир гап эътибордан четда қоляпти: китобни ўқиш давомида мен сизга кириш қисмида айтиб ўтмаган фикрларни кашф қилишингиз мумкин. Сизнинг ўзига хос шахсиятингиз баёндан ўзига хос фойдали хулосалар чиқариши ёдингизда бўлсин. Менга сиз билан суҳбатнинг айнан ана шу жиҳати жуда ёқади.

Ҳар биримизнинг каттами, кичикми — мақсадларимиз бор. Менинг бу китобни ёзишдан мақсадим бор — сизнинг уни ўқишдан мақсадингиз бор. Назаримда, ҳар ким бир нимага интилиб, ниманингдир режасини тузиб яшайди. Тўғри-да — мақсадсиз яшаш кимга керак?

Шу ўринда кўпчилик пишиб етилмаган файласуфлар ўз-ўзи ва бошқаларга берадиган саволи эсга келади: яшашдан мақсад нима? Бу саволга жавоб излаб, кўплаб доноларнинг боши оғриган.

Лекин, келинг, биз чуқурроқ кирамиз. Нима деб ўйлайсиз — инсоннинг ўзига шу саволни беришидан мақсади нима? Бу саволга ҳақ ёки асоссиз жавоб топиш ёки ўзини жавоб топганига ишонтириш одамга нимага керак?

Яқинроқ келинг — сизга бир сир айтаман: яшашдан мақсад нималигини топиш истаги — пуч мақсад. Чунки бу саволга жавоб топиш инсон ҳаётига ҳеч бир фойдали ўзгариш киритмайди. Пуч мақсадлар ҳақида биз кейинроқ алоҳида суҳбатлашамиз.

Китоб, анъанага мувофиқ, етти кунга мўлжалланган. Албатта, баён ўз шахсиятимизни англаш ва уни кучайтириш борасида ҳам кўп фиркларни билдиради. Ахир, фақат кучли шахсгина ўз истакларига осон эришади.

Суҳбатимиз давомида эсингизда бўлсин: мен сиздан янги нарсаларни ўрганишни мақсад қилганман. Сиз билан ҳар сафар китоб орқали суҳбатга киришганда мен шуни ният қиламан. Умид қиламанки, бу галги суҳбатимиз ҳам ўз мақсадига хизмат қилади.

Хўш, ўзлигимиз сари навбатдаги саёҳатни бошладикми?

Бошладик

«Дарё тошқин, сувлар тўлқин

Ўтолмайман, ёр-ёр

Отим ориқ, манзил йироқ

Етилмайман, ёр-ёр…»

(Халқ қўшиғи)

Ҳаёт йўлимизда наинки дарёлар — баъзида денгизлар кўндаланг келади. Биз бу тўсиқларни гоҳида заҳмат чекиб кечиб ўтамиз, гоҳида ортга қайтиб, бошқа йўлдан бориб кўрамиз. Билганлардан сўрасанг — бу оддий ҳоллигини айтади: ҳаёт тинимсиз синовлардан иборатлигини, қийинчиликсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини уқтиради улар.

Хўш, сиз бунга кўнасизми? Умрнинг турган-битгани машаққат эканига, орзуларга эришишнинг нархи ҳар доим қиммат бўлишига — бахтли бўлиш учун қурбонликлар келтириш кераклигига ишонасизми?

Шу пайтгача бошдан ўтказганларингизга қараб, бу рост гаплигига амин бўласиз. Қаердадир қийинчиликка дуч келганингизни-ю, уни енгиб ўтиб мукофотга эришганингизни эслайсиз. Ноилож, ҳаёт — бу адоғи йўқ синовлар оқими, улардан ўтсанг — мукофот оласан, йиқилсанг — жазоланасан деган ишонч ҳар биримизга кириб олган.

Кўпчилигимиз ҳаётда йўл қўяётган баъзи хатоларимизни ана шу ишонч соясида яширамиз. Қилаётган ишимиз хато эканини кўнглимиз сезиб турса ҳам — бу ҳаёт ёки замон талаби эканини баҳона қилиб, нафсимизга эргашамиз. Унча-мунча нарсага кўз юмиб кетамиз.

Ана шу ишончдан келиб чиқиб ўз олдимизга мақсадлар қўямиз. Шундан келиб чиқиб, ҳаётимизни режалаштирамиз. Синовлардан осон ўтиш учун қудрат ахтарамиз. Бу қудратни кимдир бойликдан, кимдир амалдан, кимдир шуҳратдан, яна кимдир билимдан излайди.

Орамизда баъзи одамлар шундай қудратни ўз шахсиятларидан қидирадилар. Улар ҳамма нарсанинг тагида турган кучни — шахсият кучини таниган, унинг овига чиққан одамлар. Улар ўз шахсий кучлари билан тўсиқларни енгиб ўтишмайди — уларнинг шахсий кучи, шунчаки, тўсиқлар ҳосил бўлишига йўл қўймайди.

Улар афсунгар, донишманд ёки кучли психолог эмас. Улар ҳеч ким билмайдиган сирларни билмайди ҳам. Улар, сиз-у биз қатори, оддий одамлар. Аммо уларнинг бошқалардан кескин бир фарқи бор: улар ўзига хос мақсадларни кўзлаб яшайди. Улар омма тан олган ва андозага айлантириб қўйган усулда бахтли бўлиш имконсиз эканини билишади. Улар ўзлари ва бошқаларни тенг қадрлашади.

Албатта, мен айтадиган кўп гаплар — мавҳум фалсафадек туюлади. Шундоққина жўшқин ҳаётий жараёнлар ичида юрган одамга бориб шу фалсафий гапларимни айтсам — унинг буни эшитишга вақти бўлмайди. Чунки унинг бошқа арзигулик юмушлари бор. Унинг катта бизнеси бор, ишлари жадал олға силжияпти, фойдали танишлари ва манфаатли ҳамкорлари сафи кенгаймоқда. Пулдан ташвиши йўқ — бемалол ўзига керакли нарсани сотиб олиши мумкин. Соғлиги мустаҳкам, оиласи тинч.

Лекин унинг кўнгли таскин билмайди. У қанча ютуққа эришса ҳам, янада каттароқ марраларни кўзлагиси келаверади. Жиддийлик ва ўйчанлик унинг одатий юз ифодасига айланади. Ундан кўпчилик кўп нарсани кутадиган, ундан умидвор бўладиган — унинг қарорларига қарайдиган бўлади.

Шунча мол-давлати ва обрўси бўла туриб, унда ташвишлардан ҳоли бўлишга етарли қудрат топилмайди. Боласини номдорроқ мактабга бериши керак, уйини обрўсига яраша таъмирлаши керак, мавқеига яраша кийиниши керак, ҳар хил одамлар билан яхши муносабатни сақлаб туриши керак — улгуриши, етказиши, ўтказиши керак… Ҳа айтгандай — шунча иш орасида ҳали яшаши ҳам керак. Тўғрироғи — бахтли яшаши керак.

Бу ташвишлар одамларга нимага керак? Биз айнан ана шу саволга жавоб излаймиз бу гал. Биз интилаётган истаклар, мақсадлар ва натижалар бизга нега кераклигини — умуман, улар бизга чиндан керакми йўқми, шуни англашга уриниб кўрамиз.

Душанба — Шахсият

Иккаламиз ўртоқмиз

Бу галги суҳбатни ажойиб эртак билан бошласак. Нима дедингиз?

Бир куни бир болакай зерикканидан акасининг расм дафтарига расм чизиб ўтирган экан. Ҳамма болалар каби у ўз ўйинқароқ машғулотини қоғозга митти одамча расмини чизишдан бошлабди. Бола бари бир болада — мўжизаларга ишонгани туфайли, унинг тасаввурида у чизган одамчага жон кириб, у билан суҳбатга киришибди:

— Салом. Мен кимман? — деб сўрабди одамча.

— Сен митти одамчасан, — жавоб берибди болакай, — Мен сени зерикканимдан чиздим.

— Зерикканингдан? У нима дегани? — тушунмабди одамча.

— Зерикиш — бир ўзинг қолганингда нимадир қилишни қаттиқ хоҳлаш.

— Унда мен ҳам зерикар эканман-да, — хўрсинибди одамча, — Ахир, мен ҳам ёлғизман.

— Нега энди, — дебди болакай, — мен сен билан ҳар доим бирга бўламан. Иккимиз энг яқин ўртоқ бўламиз.

— Ростданми? — хурсанд бўлибди одамча, — Яшасин! Лекин, — яна хомуш тортибди одамча, — мен сени кўра олмасам, фақат овозингни эшитсам, қандай қилиб сен билан ўртоқ бўламан? Демак, мен барибир ёлғиз бўлар эканман…

— Майли, ҳафа бўлма, — дебди болакай, — Мен сенга дўст бўлиши учун яна бир одамча чизиб бераман.

Шундай деб, болакай митти одамча ёнига яна бир одамча чизибди. Бола тасаввури унга ҳам жон ато этибди.

— Салом. Мен кимман? — деб сўрабди янги одамча.

— Сен ҳам митти одамчасан, — деб жавоб берибди болакай севиниб, — Ёнингдаги сенинг дўстинг. У ёлғиз бўлмаслиги учун сени чизиб бердим. Иккингиз танишиб дўстлашиб олинглар. Ҳаммамиз яқин дўст бўламиз.

Бола кўз ўнгида икки одамча дўст тутиниб, бир-бири билан сўзлаша бошлабди. Болакай икки одамчани яна-да хурсанд қилиш учун, улар тепасига қуёш, атрофига гуллар, капалаклар чизиб берибди.

— Бу нарсалар нима? — ҳайрон бўлибди одамчалар, — Улар жуда чиройли экан.

— Булар гуллар, — жавоб берибди болакай, — Мен уларни сизлар учун чиздим. Гаплашиб зерикканда, иккингиз улар орасида бекинмачоқ ўйнашингиз мумкин.

— Сен истаган нарсангни чиза оласанми? — ҳайрон бўлишибди одамчалар, — Биз нега чиза олмаймиз?

— Истасангиз, мен сизларга ўргатаман, — дебди болакай, — Бу жуда осон.

— Истаймиз, албатта истаймиз, — севинчдан сакрашибди одамчалар.

Шунда болакай икки одамчага расм чизишни ўргатибди. Одамчалар аввалига ўзларига ўхшаш одамчаларни чизишни ўрганибдилар. Бу янги одамчаларга ҳам болакай тасаввури жон ато этаверибди. Одамчалар ўзлари чизган одамчаларнинг «Мен кимман?» деган саволига ўзлари билганча жавоб беришибди. Аста-секин улар уйчалар чизишга ўтишибди. Бир зумда расм дафтар вароғи митти одамчалар ва уларнинг уйчаларига тўлиб кетибди.

Одамчалар истаган нарсаларини чизиш ва бир-бирлари билан гаплашишга шу қадар берилиб кетибдиларки, болакай ҳақида тамоман унутишибди. Болакай уларнинг ўйинига қўшилишни истаб айтган гаплари тинмай вижир-вижир қилаётган одамчалар шовқинида эшитилмай қолибди.

Вақт ўтиб одамчалар кўп нарсани ўрганишибди. Энди оддий уйчалармас, катта-катта шаҳарлар чизишни билиб олишибди. Баъзи одамчалар нафақат чизишни — чизилган нарсани ўчиришни ҳам ўрганибдилар.

Шу орада одамчалар орасида «Мен кимман?» деган саволга бошқа одамчалар берган жавоб билан қониқмаган, бунга тўлиқроқ ва чуқурроқ изоҳ излайдиган одамчалар пайдо бўлибди. Бундай изланувчан одамчаларнинг баъзилари кўп илмларни кашф қилишибди.

Аммо ҳамма қабул қилган андоза ҳақиқатларни қабул қилишни истамай, олий ҳақиқатни излаган кўплаб илмсевар одамчалар бошқа одамчалар қаҳрига дучор бўлиб, ўчирилиб ташлабдилар.

Баъзи одамчалар «Мен кимман?» деган саволларига «мен митти одамчаман» деган жавобни топибдилар. Шунда улар бу эртакнинг бошида турган болакайни эслабдилар. Унга доим дўст бўлиб қолиш ваъдасини берганликлари ёдларига тушибди. Ва улар атрофларидаги шовқин-сурон ичида болакай гапларини эшитишни ўрганибдилар. Улар болакай билан яна дўстлашиб, бирга ўйнай бошлабдилар…

Эртакнинг якунини билмайман. Чунки у ҳали тугалланмаган. У ҳали ҳам давом этмоқда. Митти одамчалар ҳали ҳам ўз билганларича яшашда, болакай билан дўст бўлиш ваъдаларини бузишда давом этишяпти. Билганларнинг айтишича, бир кунмас бир кун одамчаларнинг бу ишидан тоқати тоқ бўлган болакай расм дафтар вароғини йиртиб олиб, ғижимлаб, уни бир четга улоқтириб ташлар эмиш. Яна ким билсин.

Икки ўлчамли одамчалар-ку майли — «Мен кимман?» деган саволга сиз қандай жавоб топдингиз? Топган жавобингиз сизни қанчалик қаноатлантирди? Топган жавобингиз сизга нималарни англаб етишга ёрдам берди?

Икки ўлчамли одамчаларга «ҳой, миттивойлар, сизларнинг оламингиздан ташқари учинчи ўлчам ҳам бор» десангиз, улар буни тушуна олиши, тушунса ҳам — бунга ишониши жуда қийин. Сиз билан бизга уч ўлчамли фазо тушунчаси жуда оддий туюлгани билан, доимий фикрлаши икки ўлчам доирасида бўлган мавжудотларга буни етказа олмайсиз.

Агар мен сизга бизнинг дунёда биз кўра биладиган уч ўлчамдан ташқари тўртинчи ўлчам ҳам бор десам, бунга қандай қарар эдингиз? Оламимизда чексиз кўп ўлчамлар бор десам-чи? Ахир, болакайнинг расм дафтари кўпвароқли бўлиши мумкин.-ку. Буни тасаввурингизга сиғдиришингиз қийин, шундайми? Икки ўлчамли одамчаларга учинчи ўлчам ҳақида гапирилса, улар ана шу тасаввур қила олмаслик ҳолатини бошдан ўтказадилар.

Ўзликни англаб, кучли шахс бўлишнинг энг олий мукофоти — инсон янги кенгликларни кашф қилишидир. Шахсий куч сизга тўртинчи ва ундан кўп ўлчамлар эшигини очиб беради. Интуициянгиз ривожланиб, дунёга вақт ва фазога тобе бўлмаган ҳолда қарашни ўрганасиз.

Жуда ҳаёлпараст гаплардек туюлмаяптими сизга булар? Агар шундай туюлаётган бўлса — демак ақлингиз мантиқ ёрдамида ҳали ҳам сизни назоратда сақлаяпти экан. Ахир, юқоридаги гапларни имконсиз ҳаёллар сирасига қўшган айнан мантиқ.

Мен интуиция (яъни қалб билими) ҳақида бежиз гапирмадим. Мақсадларимизга осон эришишда интуитив билимларнинг аҳамияти катта. Интуиция эса шахсий кучи кўп одамларда кучли бўлади.

Биз — уч ўлчамли одамлармиз. Аммо бизга шу уч ўлчам чегараларидан ташқарига чиқиш қудрати берилган. Шундай имкониятимизга ишонмаганлар мана шу ерда бизни тарк этишлари мумкин. Инсоннинг чексиз имкониятларига ишонганларга эса мени ҳали айтадиган гапим кўп.

Бошланғич синф

Ақлимизнинг ажойиб хусусияти бор — у дунёдаги ҳамма нарсани тавсифлашни билади. Кузатади, ўхшаш ва фарқли белгиларни аниқлайди, баҳо беради. Ана шу белгиларга қараб ҳамма нарсани синфларга ажратади.

Тарих мобайнида ўзининг дунёда тутган ўрнини англашга интилиб келган одамзод ўзлигини ҳам таснифлаш орқали аниқлашга уринган. Аввалига бу таснифлаш табиий белгиларга асосланган бўлса, жамият ривожланиши билан туркумлашга ижтимоий омиллар ҳам қўшила бошлаган.

Биз — аввало тирик мавжудотмиз. Тирик мавжудотларнинг иссиққон жонзотлар турига мансубмиз. Улар орасида ақлли жонзотлар гуруҳини ташкил қиламиз. Бу ақлли жонзотлар икки жинсга ажраладилар.

Мана шу ерда бизнинг табиий таснифланишимиз тугаб, ижтимоий таснифлаш бошланади.

Ақлли жонзотлар ташқи кўринишига қараб ирқларга ажратилади. Бу синфлар одамлар ер куррасининг қайси ҳудудида яшашига қараб келиб чиққан тана тузилиши ва тери рангидаги фарқлар орқали аниқланади. Бир жиҳатдан ирқларни табиий синф белгилари дейиш мумкин. Лекин бугунги кунда ирқ тушунчаси ўта ижтимоийлашиб кетган.

Бир ирқ вакиллари ўз навбатида халқларга бўлинади. Булар маълум ҳудудни ўз ватани деб атаб, ана шу ҳудудда истиқомат қилаётган одамлардир. Бир халқ вакилларини умумий тарих ва қонунлар каби ижтимоий омиллар бирлаштириб туради.

Халқлар турли миллат ва элатлардан ташкил топган бўлади. Миллатлар ижтимоий синфлар ичида энг кўп учрайдиган ва таснифланишда кескин тус оладиган фарқли гуруҳлардир. Миллат вакиллари бир маданият, тил ва фикрлаш услуби атрофига бирлашадилар.

Бир миллатдаги одамлар ҳам кичик ижтимоий синфларга бўлинадилар. Миллатни зиёлилар ва саводсизлар, бойлар ва ночорлар, шаҳарликлар ва қишлоқликлар ташкил қилади. Бу ички гуруҳлар ҳам бир-бирларидан кескин фарқ қиладиган жиҳатларини топа биладилар.

Бундан ташқари майда-чуйда бошқа синфлар ҳам борки, уларга бағишлаб бутун бир рисола ёзилса ҳам, адоғи бўлмайди.

Аслида дунёни яхшироқ англаш учун қўлланилган таснифлаш бугунги кунда катта ижтимоий офатга айланиб қолган. Одамлар ижтимоий омилларга қараб бир-бирларини синфларга бўлишга шу қадар кўникиб қолишганки, буни баъзида юксак маънавият белгиси деб билишади.

Зиёли одамларга саводи кам одамлардан кўра кўпроқ эҳтиром кўрсатсам, ким ҳам мени нотўғри иш қиляпти дейиши мумкин? Зиёли бари бир зиёли — ҳурматини қилиш керак. Жуда кўп ҳолларда бошқалардан кўра кўпроқ эътиборга лойиқ эканини ана шу зиёлиларнинг ўзи тўғри деб ўйлайди.

Жуда қизиқ. Мен бир кун келиб, бу дунёни тарк этсам, кимнинг мен учун аҳамияти кўпроқ бўларкин? Саводи бор мулла жонсиз танам устида керакли тиловатни қилмаса — Яратган у дунёда мени қабул қилмаслиги эҳтимоли бор. Лекин саводсиз гўрков менга қабр қазимаса, жонсиз танам шу дунёда хор бўлиши тайин.

Ғоят совуқ мисол келтирдимми? Буни атайин қилдим. Сизнинг одамларни синфларга ажратиш ҳақидаги маҳкам ўрнашиб қолган ҳақиқатларингизни бир оз силжитиш учун шундай кескин мисол келтирдим. Бу ерда қайсидир одам қилаётган хатолар ҳақида эмас — сиз ва мен қилаётган хатолар ҳақида гап кетяпти.

Сиз ўзингизни қайси синфларга мансуб деб биласиз? Шиллиқурт эмас, инсон бўлиб дунёга келганингиздан қанчалик хурсандсиз? Бошқа одамлардан фарқли жиҳатларга эга синфга мансуб эканингиздан қанчалик фахрланасиз? Сиз ва мен бир миллий синфга мансубдирмиз — лекин маҳаллий синфимиз, ғоявий синфимиз, фалсафий синфимиз бошқа-бошқа эканини қанчалик осон қабул қиласиз?

Табиат (ва менинг фикримча Яратган ҳам) бу оламдаги мавжудотларни ҳеч бир синф ва турларга ажратмайди. Табиат ҳамма фарзандларини бир хил яхши кўради ва асраб-авайлайди. Уларга яшаш шароити яратиб беради ва ана шу муҳитда яшашни ҳам ўзи ўргатади.

Табиат ҳатто қаҳр қилганда ҳам ҳеч бир жонзотни бошқасидан устун қўймайди. Ўрмон ёнганда икки йиллик ниҳоллар ҳам, икки юз йиллик дарахтлар ҳам кулга айланади. Сув тошганда меҳнатсевар чумолилар ҳам, ялқов айиқлар ҳам тенг чўкади.

Табиий офатларда одамлар ҳалок бўлса — ичимиз ачийди. Табиатнинг шу офатда нобуд бўлган ҳамма фарзандлари учун ичи ачийди.

Тенглик ҳақида дин ҳам, қонунлар ҳам тинмай бизга уқтиради. Ҳаммамиз бошқалар билан суҳбатларда бу дунёда ҳамма тенг экани ҳақидаги юксак гапларни айтамиз. Лекин маънавият базми тугаб, кўчага чиққанимизда, садақа сўраган ночорга ачиниш ёки жирканиш ҳисси билан қараймиз.

Ҳўш, сиз қайси синфга мансубсиз? Кимлар билан синфдошсиз? Кимлардан бу дунёда тутган ўрнингиз юқорироқ? Кимникидан пастроқ?

Ўзимизни у ёки бу синфга мансуб ҳисоблаш — шахсиятимизни чеклаш дегани. Бой одамнинг шахсияти бадавлатлик қолипига солинган, ўқимишли одамники — зиёлилик қолипига. Бу каби чекловлар ҳар қандай интилувчан шахсни ҳам ўсишдан тўхтатиш қудратига эга.

Буюкликка борувчи йўл — синфларга ақлан тобе бўлмаслик орқали ўтади. Мен ўзини билимлилар синфига даҳлдор билсам, билимларим доирасидан ташқарига чиққанимда имкониятларим тугайди. Мен саводсиз одам қила оладиган ишни қила олмаслигим тайин.

Ўзимни зиёли санашдан воз кечдим дейлик. Энди мен ўқимишли қишлоқи ёки саводсиз қишлоқи эмас — шучаки қишлоқиман. Қишлоқда яшайдиган одам қилиши мумкин бўлган ҳар қандай ишни қилишим мумкин. Бир кун келиб мен яшаш жойим бўйича синфга мансуб эканимдан воз кечаман. Энди мен қишлоқи ёки шаҳарлик эмас — шунчаки ўзбекман. Энди мен шаҳар ҳаётига ҳам, қишлоқ ҳаётига ҳам осон кўникаман, шу икки муҳитда ҳам фаровон яшай оламан.

Шахсиятимни ўз миллатим доирасида тутишим ҳам менинг бошқа миллатларга ҳурматсиз назарда қарашимга сабаб бўлади. Бу чекловдан воз кечаман ва бошқа миллатлар маданиятида ҳам жуда кўп бунёдкор жиҳатлар борлигини кашф қиламан. Янги тилларни ўрганаман. Дўстларим сафида турли миллат вакиллари пайдо бўлади. Энди мен ўзимга ўзбек сифатида эмас — шунчаки инсон сифатида қарайман. Энди инсон қилиши мумкин бўлган ҳар қандай ишни мен ҳам қилишим мумкин.

Дунёда шундай одамлар борки, улар ўзларига шучаки тирик мавжудот сифатида қарайдилар. Улар оддий одам қила олмайдиган ишларни қила олишади, оддий одамда учрамайдиган қобилиятларни ривожлантиришади. Кўршапалак каби атроф дунёни товуш орқали кўрадиган, баъзи йиртқичлар каби инфрақизил нурларини пайқайдиган одамлар бор. Улар ўзларини шартли равишда одамлар синфига мансуб деб ҳисобламайдилар.

Барчамизни умумлаштириб турган бир ягона белги бор: бу дунёдаги ҳар бир жонзот Яратганнинг чексиз қудрати махсули. Унинг қудрати ҳар бир майса ва илдизда, ҳар бир нафас, ҳар бир киприк қоқишда, биз ташлаган ҳар бир қадамда намоён бўлаверади. Ҳар бир ҳужайрамиздаги тириклик жараёнлари олий қудрат белгилаб қўйган қонунларга бўйсунади.

Биз ана шу жиҳатдангина бир синфга мансубмиз. Қолган ҳамма тур ва синфга ажратишлар — шунчаки шартли ифодалар, холос. Ўз имкониятларини ана шу шартли ифодалар доирасида баҳолаган одамнинг шахсияти ҳам шартлидир.

Расм дафтар вароғидаги митти одамчалар, гуллар, капалаклар — ҳаммаси турли ҳаёт тарзига эга. Аммо уларнинг барини бир болакай битта қаламда чизган. Уларнинг барига жон киритган куч ягона ва бўлинмас. Яхлит оламни алоҳида синфларга ажратиш, уларнинг бирини бошқасидан устун қўйиш — Яратганнинг бўлинмас қудратини парчалашга интилиш демакдир.

Шахсий эркинлик

Инсон ўзлигини англаши — олий бахт. Лекин ана шу олий бахтга эришишда бизга тўсқинлик қиладиган омиллар борки, уларни яхши танимай туриб, кучли шахс бўлиш қийин.

Кучли шахс эгаси бўлишнинг якуний мақсади — шахсий эркинликка эришиш. Кўпчилигимиз ўзимизни шундоқ ҳам эркин шахслар деб биламиз. Аммо бизни фикрлашимизда, ҳаёт ва ўзимизга муносабатимизда чеклаб турувчи омиллар бор. Улар ички (ёки психологик) ва ташқи (ёки ижтимоий) чекловлардир.

Психологик чекловлар, ўз номи билан психологик: улар одамнинг ақлида қўним топган бўлиб, йиллар давомида тарбия ва дунёқараш натижасида шаклланади. Ўз имкониятларига шубҳа билан қараш, ўзини у ёки бу ишга қодир эмасман деб ҳисоблаш кабилар ички чекловлардир.

Ташқи чекловлар — одам яшаб турган жамият ва табиий шароит хусусиятларидан келиб чиққан чекловлардир. Ижтимоий андозаларга тобелик, модага тобелик, пулга тобелик ана шулар жумласидан.

Энг катта тобелигимиз — албатта, пулга тобеликдир. Ким молиявий муаммолардан ҳолиман деб айта олади? Биз ҳар қандай олди-бердилар пул орқали амалга ошириладиган муҳитда яшаймиз — бунда пулга тобе бўлмаслик иложсиз туюлиши мумкин.

Пульсиз кўчага чиқишни истамаган вақтларингиз бўлганми? «Ҳар эҳтимолга қарши» бўлса ҳам киссамизда қанчадир пул бўлади бари бир. Лекин ҳаётда ҳар нима бўлиши мумкин. Пулингизни йўқотиб, оғир вазиятда қолсангиз, ундан чиқиб кетишга шахсий кучингиз етадими? Бегона одамдан ёрдам сўрашга ҳаддингиз сиғадими?

Ҳаммамиз ҳавас билан томоша қиладиган шпионлар ҳақидаги филмлар қаҳрамонлари — эркин шахс эгаларидир. Улар ҳар қандай вазиятдан чиқиб кета оладилар. Бунда уларга юқори даражадаги тайёргарликлари ёрдам бермайди (одамни ҳаётда учрайдиган ҳамма вазиятга олдиндан тайёрлаб бўлмайди). Уларнинг сири — шахсий эркинликда. Улар жуда кўп ижтимоий ва психологик тобеликлардан қутулишган. Жеймс Бондни пул ташвиши қийнаётганини, ёки у ўзига ишонмаганидан бирор ишни қилишга ҳадди сиғмаётганини, иккиланаётганини тасаввур қилиш қийин. Бондни бизга қаҳрамон қилиб кўрсатган жиҳат ўткир зеҳн, жисмоний қувват ёки чиройли ташқи қиёфа эмас — шахсий эркинликдир.

Бизни тобе қилишга қаратилган омиллар жуда кўп. Биз бошқалар фикрига тобемиз, ижтимоий андозаларга тобемиз, ўз қўрқув ва шубҳаларимизга тобемиз, ижтимоий ва иқтисодий шароитга тобемиз. Бу чекловлар бизни ҳатто олдимизга мақсад қўйишда ва уларга интилишда ҳам кўп нарсадан маҳрум қилади.

Шахсий эркинликка эга одам ҳеч қачон мода бўлган мақсадларга интилмайди. Мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшлар орасида шахсий эркинликка эгалари жуда кам. Уларнинг аксари ўз ҳаёт йўлларини ўзлари эркин танламайдилар — балки омма маъқул кўрган йўлдан борадилар. Ахир, нега кўпчилик иқтисодчи, ҳуқушунос ёки шифокор бўламан дейди-ю, ҳеч ким астроном, мухандис ёки физик бўламан демайди?

Бир нарсани унутмаслик керак: мутахассислар ҳам маҳсулотдек гап — бозорда қанча кўп бўлса, нархи шунча тушаверади. Ўртамеёна иқтисодчи ёки ҳуқуқшунос бўлгандан кўра, моҳир агроном ёки мухандис бўлган афзал. Тўғри, агар иқтисод ёки ҳуқуқ соҳаси айнан сизнинг кўнглингиз тусаган фаолият тури бўлса — бу соҳаларда ҳам юксак маҳоратга эришасиз. Аммо камчилик ўз касбини кўнгли мойиллигига қараб танлайди. Бунга кўп маротаба ўзим гувоҳ бўлганман.

Шахсияти эркин одамнинг яна бир алоҳида хислати бор. У ҳеч қачон унинг шахсий ривожланиши учун бошқалар шароит яратиб беришини кутмайди. Ўзи таълим олаётган ёки ишлаётган масканидан, устозлари ёки ҳамкасбларидан, шарт-шароитдан кўнгли тўлмаётган одам икки хатодан бирига йўл қўйган: ёки у кўнгли истаган соҳани эмас, унга бегона соҳани танлаган; ёки у ўзининг шахсий ўсиши учун бошқаларни жавобгар ҳисоблайди. Бундай одамни на танлов қилишда ва на ўз танловини амалга оширишда эркин деб бўлади.

Шахсий эркинлик нималигини билмаган одам энг номдор ва тан олинган даргоҳларда илм олиб ҳам, ҳеч нарсага эришмайди. Эркин шахс эса ҳар қандай масканда ва шароитда ҳам ўз билимлари ва илмини оширишга имкон топа билади. Бундай одам унинг ҳаётда тутган ўрнини фақат ва фақат унинг танловлари ҳал қилишини билади.

Айнан биз қилган танловлар бизнинг шахсий эркинлигимиз даражасини кўрсатади. Сиз танлов қилишда қанчалик эркинсиз? Қилаётган танловларингизнинг қанчаси айнан сизнинг қалбингиздан чиққан?

Бир хислат шахсий эркинлик билан бирга юради. Бу — шахсий жавобгарлик. Эркин шахсият эгаси ҳар бир қарорга ўзи сергак туриб келганини билади ва ана шу қарори натижаси учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олади. Ҳаётида содир бўлаётган яхши ёки ёмон ўзгаришлар учун ўзидан бошқани жавобгар деб билган одам — шахсий эркинликдан йироқдир.

Шахсий жавобгарлик одамнинг шахсий эркинлиги барқарор бўлишини таъминлайди. Айтайлик, мен бир қарор қабул қилдим ва унинг натижаси мен кутгандай чиқмади. Агар мен бу хато қарор учун жавобгарликни кимгадир юкласам — мен ана шу одамга менинг ҳаётимга таъсир қилиш ҳукмини берган бўламан. Тўғри-да — кимдир сизнинг ҳаётингизда нотўғри қарор қабул қилинишига масъул бўлса, демак унинг сизнинг шахсиятингиз устидан қудрати бор.

Хатолари учун ҳам жавобгарликни ўзига ола билган шахс ҳар қандай ташқи таъсирдан ҳоли. Унинг хатолари ва шу хатолар натижаси ҳам фақат унинг измида. Шахсиятингизни бўлак-бўлак қилиб, ҳар кимга тарқатгандан кўра, уни бус бутунлигича ўз қўлингизда тутинг.

Унутманг — ҳар қандай тур эркинлик шахсий эркинликдан келиб чиқувчи иккиламчи ҳолатдир. Шахсий эркинликка эришмай туриб сиз моддий-молиявий эркинликка ҳам, психологик эркинликка ҳам эришмайсиз. Миллионлаб пули бўла туриб ҳам ўз шахсияти устидан ҳукми йўқ инсонлар бор — уларнинг миллионлари устидан ҳам ҳукми йўқлиги тайин. Ўнта китобга сиғмайдиган билимларга эга истеъдод эгаси бўла туриб, ўз ақли қолипларидан ташқарига чиқа олмайдиган шахслар бор.

Ўз шахсий кучига ишонган ишбилармон бизнес оламида номи чиқади. Ўз танаси имкониятларини омма тан олган чегаралар орқали баҳоламай, бунга кенгроқ ёндашган спортчи янги жаҳон рекордларини ўрнатади. Ўз шахсиятига эркин қараган одам ҳар қандай мақсадига эришади.

Юқорида айтилганлардан шахсий эркинлик ҳақидаги фикрларни қуйидагича умумлаштириш мумкин. Шахсий эркинлик — ижтимоий андозалар, нисбий ҳақиқатлар, қўрқув ва комплекслар таъсиридан ҳоли мустақил қарорлар қабул қила олиш ва шу қарорлар натижасини тўла жавобгарлик орқали назорат қилиш кўникмасидир.

Шахсий эркинлик — бизни олдимизга қўйган ҳар қандай мақсадимизга олиб борадиган энг қисқа йўлдир. Албатта, бошқа йўллар ҳам бор. Аммо улар йўналиши бизнинг измимизда эмас. Шахсий эркинлик очиб берган йўл — фақат бизники. Омма танлайдиган тирбанд йўллардан бориб, манзилингизга кечикиб боргандан кўра — кучли шахсиятингиз сиз учун очиб берган эркин йўлдан хотиржам ва вақтида манзилган етган афзал.

Шахсий эркинлик бизга яна бир нарса тақдим этади: унинг ёрдамида биз аслида ким эканимизни англаб етамиз. Айнан шахсий эркинлик расм дафтар вароғига гўзал суратлар чизишни, нуқсонли чизилган суратларга зарур тузатишлар киритишни, чизган суратларимиз учун жавобгарликни ҳис қилишни ўргатади. Шахсий эркинлик митти одамчаларни болакайга яқинроқ қилади.

Қулупнай ёмғири меники

Бизнинг ҳаётда ким эканимиз кўп жиҳатдан биз олдимизга қўяётган мақсадларга боғлиқ. Чунки мақсадларимиз йўлида биз турли қарорлар қабул қиламиз ва ана шу қарорларимиз бизнинг ҳаёт ва одамлар билан муносабатимизни белгилайди. Биз айнан ана шу мақсадлар йўлида қандайдир шахс бўлишни танлаймиз.

Бизнинг ҳар қандай мақсадимиз оддий илдизга эга. Ҳар қандай мақсаднинг манзили — бахтли бўлиш. Яъни ҳар қандай мақсаднинг якуни кўнгил хотиржамлиги.

Лекин жуда кўп ҳолларда одам кўзлаган мақсадига эришиб ҳам ўзини бахтли ҳис этмайди. Мақсадга эришгунча у катта умидлар қилади, лекин асл натижа кўп умидларни оқламайди.

Гап шундаки, бизнинг баъзи мақсадларимиз пуч бўлиши мумкин. Пуч мақсад — инсонни бахтли қилишдан бошқа нарсага қаратилган мақсаддир. Муҳимликка хизмат қиладиган мақсадларнинг ҳаммаси пуч.

«Мен кўп пул топиб, бадавлат бўлмоқчиман» — «Нега?» — «Мени камситганларни кўзини очиб қўйиш учун…» Бу — пуч мақсад.

«Мен кўп пул топиб, бадавлат бўлмоқчиман» — «Нега?» — «Ўзим ва яқинларимнинг ҳаётини фаровон қилиш учун…» Мана бу энди бут мақсад.

Биринчи ҳолатда одам ўз олдига қўйган мақсади унинг шахсий муҳимлик туйғусига хизмат қилади. У кимгадир ниманидир исботламоқчи. Шошманг — балки у айнан кимгадир ниманидир исботласа, ўзини бахтли ҳис қилар? Демак, бу мақсад ҳам бут эканда?

Афсуски, ундай эмас. Бу одам ўз кўзлаган ниятига эришганда ўзини мағрур, ғолиб, кучли, муҳим ёки яна қанақадир ҳис қилиши мумкин, аммо у сира ҳам ўзини бахтли ҳис қилмайди.

Бундай мақсадга эришишдан олинган завқ узоққа бормайди. Унга эришиш улкан меҳнат талаб қилади-ю, лекин мукофот бунга арзимайди. Яъни сиз пуч мақсад учун кўп ҳақ тўлаб, кам нарса оласиз.

Пуч мақсаднинг илдизи шахсий муҳимлик туйғусида бўлиши мумкин. Ғурурга («мен ўзимдан кўнглим тўлиши керак»), фахрга («яқинларим мендан фахрланиши керак»), буюкликка («мен тарихда из қолдиришим керак») ва шунга ўхшаш натижаларга қаратилган мақсадлар ўз-ўзидан пуч.

Кўп ҳолларда пуч мақсадлар ташқи муҳимлик туйғусига асосланган бўлади. Ҳақпарастликка («мен ҳақиқатни қарор топтиришим керак»), бекамликка («мен хатога йўл қўймаслигим керак»), қасосга («мен албатта ўчимни олишим керак»), тақлидга («мен фалончига ўхшашим керак») хизмат қиладиган мақсадлар ана шулар жумласидан.

Табиийки, кемтикларимиз ҳам бизни пуч мақсадлар ортидан қувишга турткилайди. Айбдорлик туйғусидан («мен гуноҳларимни ювишим керак»), бурч ҳиссидан («менга билдирилган ишончни оқлашим керак»), курашчи комплексидан («мен ҳаммага ким эканимни кўрсатиб қўйишим керак») келиб чиққан мақсадлар бунга яққол мисол.

Балки буни таъкидлаш ортиқчадир, аммо пуч мақсадларнинг зарари катта. Энг аввало улар инсон умрининг беҳуда сарфланишига сабаб бўлади. Бизга ниятларимизни амалга ошириш учун чекланган ҳаётий қувват ва ўлчанган муддат берилган. Шундай ҳолатда пуч мақсадлар ташвишида яшаш — камида ношукрлик.

Хўш, одам ўз олдига бут мақсадларни қандай қўйиши мумкин? Бунинг сири бизнинг қалбимизда: олдимизга бут мақсад қўйганимизда, дилимиз яйраб, кўзларимиз чақнаб кетади. Қалб том маънода рақсга туша бошлайди. Бу шунчаки чиройли гаплар эмас.

Она қизчасидан сўради: «Асалим, нима қиляпсан?» — «Қўғирчоғимга алла айтяпман. У нимагадир ҳафа» — «Кел, уни хурсанд қиламиз» — «Қандай қилиб?» — «Унга янги кўйлакча тикиб берамиз» — «Яшасин! Менга ўргатасизми кўйлак тикишни? Кейин мен қўғирчоғимга чиройли кўйлак тикиб бераман…»

Қизчанинг қалби завққа тўлган. У бут мақсад қиляпти. Жонсиз ўйинчоққа унга нима кийдиришлари аҳамиятсиз. Лекин қизалоқ учун меҳр изҳор қилиш, қўғирчоғини хурсанд қилиш — энг катта бахт. У шунинг учун кўйлак тикишни ўрганишни мақсад қилди.

Пуч мақсад сизда ҳеч қачон ана шундай сурур уйғотмайди. Ёки сиз синфидаги бошқа қизлардан ажралиб қолмаслик учун тикишни ўрганишни мақсад қилганидан кўзлари чақнаб кетган қизни кўрганмисиз? Мен ҳам севган қизининг эътиборини қозониш учун олийгоҳда ўқишни ёки катта корхонада ишлашни мақсад қилиб, ич-ичидан қувонган йигитни кўрмаганман.

Бут мақсадларнинг яна бир ажойиб хислати бор: уларга талпиниш ҳеч қачон сизга малол келмайди. Бут мақсадга интилишда сиз эриниш, иккиланиш, шубҳаланиш нималигини билмайсиз. Агар қайсики ниятингиз йўлида қадам ташлаш сизга малол келаётган бўлса — бу мақсадингиз пуч. Ёки сиз унга ҳеч қачон эришмайсиз — ёки катта йўқотишлар эвазига эришиб, кутилган натижани олмайсиз.

Баъзида инсон аслида унга керак бўлмаган истаклар ортидан эргашади. Бу — ёт мақсадлар. Айтайлик, ёш йигит шифокор бўлмоқчи, нега деб сўраса, отаси шифокор эканини ва у ўз ишини ўғлига қолдирмоқчи эканини айтади. Бу йигитнинг шифокор бўлиши унга эмас — отасига керак.

Менинг бир яқин дўстим тил бўйича республика олимпиадасида ғолиб чиққан. Имтихонсиз ўқишга кириши мумкин бўлган кўплаб йўналишлар орасида у айнан филологияни танлаган. Чунки буни унинг устози истаган — сен ҳам филолог бўлиб, менинг ишимни давом эттирасан деган. Дўстим ёт мақсадни кўзлаб иш тутган. Ким билсин, у ўшанда ўз мақсадига эргашганда, ундан ажойиб журналист ёки педагог чиқармиди?

Алтруизм (бошқалар ташвишини қилиш) — жуда яхши одат. Бу инсонийликнинг аломати. Аммо бошқалар ташвишини қилиш билан бошқалар мақсадига интилиб яшаш ўртасида кескин фарқ бор. Ўғил ўз мақсадига интилиб, кучли ҳуқуқшунос бўлиб ҳам шифокор отасини хурсанд қилиши мумкин. Шогирд қалами ўткир журналист бўлиб ҳам филолог устозини номини улуғлаши, унга кўп раҳмат олиб бериши мумкин.

Ёт мақсадларни инсонга оила, жамият, ғоя беради. Гитлернинг ғоясига эргашганлар ёт мақсадга интилган. Ахир, айтайлик, Мюнҳенлик оддий немис кишига яҳудийларни қирғин қилиш ёки немисларни ҳукмрон ирқ даражасига кўтариш нимага керак бўлиши мумкин? Бу оилали ва содда немисга эмас — Гитлер ва унинг партиясига керак бўлган. Умуман, урушлар-у инқилоблар жуда кўп одам улар учун бегона мақсадларнинг ортидан юрганида келиб чиқади. Тарих буни кўп бора исботлаган.

Инсонни ёт мақсадлардан тежаб қолувчи одат — албатта, сергаклик. Биз у ёки бу интилишларимиз аслида кимга керак эканини фақат сергак назар билан пайқай биламиз.

Мақсад — ҳудди фарзанддек. У фақат бахт ато этади, ҳаётингизни мазмунга тўлдиради. Уни ҳам қувонч билан кутиб олиш, тарбиялаш ва қадрлаш керак. Ёт мақсадларга эргашиш ҳудди ўз болангизни қаровсиз қолдириб, бошқалар боласига ғамхўрлик қилишдек гап.

Ўз мақсадларингизни сергаклик элагидан ўтказиб кўринг: уларнинг қайсилари пуч ёки ёт эканини билиб оласиз. Сизнинг мақсадларингиз — ҳаётда ким эканингизни кўп жиҳатдан белгилаб беради. Шундай экан, пуч ёки ёт мақсадларга эргашиш — ўзлигини йўқотиш билан баробар.

СЕШАНБА — Муҳимлик

Борсакелмас

«Борсам-у, аттор Саттор уйида бўлса-ю,

доруси бўлмаса-чи?..»

(«Тошкентга саёҳат» спектакльидан)

Навбатдаги эртакни эшитишга тайёрмисиз?

Қадим-қадим замонда Юнонистон томонда бир бадавлат одам бўлган экан. Унинг якка-ю ягона ўғли бўлиб, унга бор меҳрини бериб катта қилар экан.

Ўғил ҳар нарсада комил экан-у фақат бир камчилиги бор экан: у ҳар доим ҳар ишда иккиланаверар экан. Шу одати туфайли у йигирма ёшга тўлгунча ҳам ҳеч бир касбнинг бошини тутмабди. Чунки шу пайтгача ҳеч бир касбни танлай билмабди.

Ташвишга тушган отаси уни уйлантириш йўли билан тартибга солмоқчи бўлибди. Зора шундан сўнг у қарор қабул қилишни ўрганса деб умид қилибди. Ота-она ўғилларига шаҳардаги энг гўзал икки қизни таклиф қилишибди. Ўғил иккисини ҳам ёқтирибди. Ва унинг доимий одати яна ўз сўзини айтибди.

Беш йил ўтибди ҳамки, йигит ҳеч бир қарорга кела олмабди. Лекин шунча пайт икки қизни ҳам умидвор қилиб юраверибди. Аммо бир куни қизларнинг тоқати тоқ бўлибди. Улар гўзаллик маъбудаси ҳузурига бориб, иккисини ҳам алдаб юрган йигит устидан шикоят қилишибди.

Икки гўзал қизнинг ҳусни-жамолини қадрсизлантиргани учун бу йигитдан гўзаллик маъбудаси қаттиқ ғазабланибди. Олифта йигитнинг қилмиши боис беш йил умрини йўқотган икки қизга ўша беш йилни қайтариб бериб, уларни беш ёшга ёшартириб қўйибди. Беқарор йигитни эса қаёоққа боришини билмай иккиланаётгандек у ёқдан бу ёққа тебраниб юрадиган қўлсиз-оёқсиз маҳлуққа айлантириб қўйибди.

Илонлар ана шундай пайдо бўлган экан…

Бу, албатта, бир афсона. Аммо ундаги ўгит жуда қимматли.

Ҳеч бирор одамнинг иккиланишини кузатганмисиз? Жуда асабга тегадиган ҳолат — иккиланаётган у-ку, ҳудди сизнинг ҳаётий қувватингиз совурилаётгандек. Беқарорлик — жуда зарарли одат. Бугун унинг асорати бўлган иккиланиш ҳақида гаплашамиз.

Иккиланиш ҳаммамизга таниш ҳолат. У одамнинг ҳаётий қувват заҳирасига жиддий зарар етказиши билан хавфли. Иккиланиш — айниқса у кучли ва давомий бўлса — одамни қанчалик силласини қурутишини кўпчилик билади. Лекин бу ички кураш ҳолатининг илдизи қаердалиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Иккиланиш — шубҳанинг боласи. Биз қабул қилишимиз керак бўлган қарорнинг натижаси айнан биз кутгандай бўлишига шубҳа қилганимиздан иккиланамиз. Ўзи қабул қилиши керак бўлган қарорларнинг аҳамиятини ўта катта деб биладиган одамлар иккиланишга ҳаммадан кўра кўпроқ мойил бўлишади.

Одам беқарор бўлишига турли хил сабаб бўлиши мумкин. Энг кўзга ташланадигани — ортиқча муҳимлик. Яъни одам ўз қарорларига ҳаддан ортиқ баҳо бериши. Ҳудди нотўғри қарор қабул қилиб қўйса, сайёра айланишдан тўхтаб қоладигандек.

Баъзида иккиланишнинг илдизи нуқсонлилик комплексида бўлиши мумкин. Ўзини унинг наздида муҳим бўлган қарорларни қабул қилишга нольойиқ ҳис қилган одам ҳам кўп иккиланади. Бунда муаммо у ёки бу қарорни танлай билмасликда эмас — ҳеч бир қарорни қабул қилишга ҳадди сиғмасликда.

Ўзига ўта кўп масъулият олиб юборган одамлар ҳам бир қарорга келишлари қийин кечади. Тўғри-да, унинг қароридан кўпчилик ёки наф топади, ёки зарар кўради. Аммо бундай муҳимликнинг асосида нотўғри ишонч ётади: бир одамнинг қарори бошқа одамнинг ҳаётини яхшилаши ёки издан чиқариши мумкин эмас.

Аммо асосий сабаб, табиийки, муҳимликда. Айтайлик, сиз эрталаб нонуштага нима ейишни қарор қила олмасдан иккиланмайсиз, чунки бу қарор сизга унчалик аҳамиятсиз туюлиши мумкин. Аммо кўчага нима кийиб чиқишни ҳал қилишга учта нонуштанинг вақтини сарфлаб қўйишингиз мумкин. Чунки ташқи кўринишингиз сиз учун муҳим. Лекин айнан нонуштага тўғри нарса ейиш соғлигингиз ва ҳаётингиз учун каттароқ аҳамиятга эгадир балки?

Биз кучли шахс бўлишдан биргина мақсадни кўзлаймиз: танлаш эркинлигига эга бўлиш. Лекин сиз ростдан ҳам эркин танлов қилишга тайёрмисиз? Дейлик, сизнинг чексиз кўп танловингиз бор — шулардан қай бирини танлашни биласизми?

Танловда ҳар қанча эркин бўлмайлик, иккиланиш одатимиз бўлса — бу эркинлик барибир бизга татимайди. Беқарорлик, шунчаки, бу эркинликдан фойдаланишимизга йўл қўймайди. Шу боис бу одатдан иложи борича тезроқ қутилиш керак.

Бесплатный фрагмент закончился.

Купите книгу, чтобы продолжить чтение.

Введите сумму не менее null ₽, если хотите поддержать автора, или скачайте книгу бесплатно.Подробнее