16+
Ўзлик сари етти қадам — 5

Бесплатный фрагмент - Ўзлик сари етти қадам — 5

Шахс ва давлат

Введите сумму не менее null ₽, если хотите поддержать автора, или скачайте книгу бесплатно.Подробнее

Объем: 100 бумажных стр.

Формат: epub, fb2, pdfRead, mobi

Подробнее

— Ақл, бир оз сергак бўл! Сен билан суҳбатлашгани давлат келди.

— Қайси давлат? Жазоловчи давлатми ёки бой қилувчи давлатми?

— Нима фарқи бор? Иккиси ҳам бир эмасми?

— Бунисини энди давлат билади…

Диққат

Китобда давлат ҳақида билдирилган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари бўлиб, улар ҳеч бир сиёсий гуруҳ номидан айтилмаган. Муаллиф конституцион дунёвий давлат тузилмаси ва фуқаролик жамиятини ёқлайди ва давлат ҳамда шахс ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик бўлиши керак деб ҳисоблайди. Ушбу огоҳлантириш китобда келтирилган фикрларни нотўғри талқин қилиб, муаллифни сиёсий ташвиқотда айблаши мумкин бўлган шахсларга қаратилган.

Муаллифдан

Азиз Китобхон,

Мана, бир оз дам олиб, яна суҳбатга чоғландик. Охирги суҳбатимиздан бери ҳаётингизда фақат яхши ўзгаришлар юз берди деган умиддаман.

Бу галги суҳбатимиз шахс ва давлат ўртасидаги муносабатлар — кучли шахс бу муносабатларда ўзини қандай тутиши ҳақида бўлади. Унда сиз билан яна сирлашамиз — яна эски қадриятларга янгича қарашга уриниб кўрамиз.

Китоб сизга шахсий ўсишда давлатнинг тутган ўрни ҳақида баён қилади. Жамият биздан нималар кутиши, бу умидларни оқлаш учун нималарга эътибор бериш кераклиги, шахсий бахт ва жамият ўртасида зиддият пайдо бўлмаслиги учун нималар қилиш лозимлигини муҳокама қиламиз.

Ушбу — бешинчи китоб — туркумнинг энг сиёсий китоби. Унда давлат тушунчаси муҳокама қилингани учун ҳам у жуда сиёсий. Сиёсий мавзуларда гаплашиш яхши эмас деган ишонч билан яшаётган бўлсангиз, китобни ўқиш сизга ёқимсиз бўлиши мумкин. Лекин кучли шахс ҳар қандай мавзуда ўз қарашига ва қадриятларига эга бўлиши керак. Шундай экан, сиёсий мавзуларни четлаб юриб, биз ўзимизни ўсишда чекламаслигимиз даркор.

Китоб анъанавий тарзда ҳафта кунларига атаб бобларга ажратилган. Уни ўқишда сиздан шошилмасликни, айтилган фикрларни тўлиқ ўйлаб кўрибгина хулосалар чиқаришни сўрайман. Чунки сизни чуқур мавзулар кутмоқда — чуқур мавзуларда эса тезкор хулосалар чиқариш тўғри эмас.

Даврамизга энди келиб қўшилганларга бу китобни ўқишдан олдин туркумдаги аввалги китоблар билан танишиб чиқишни тавсия қиламан. Шундагина сиз китобдаги фикрларнинг тўлиқ мазмуни ва гўзаллигидан баҳраманд бўласиз.

Хўш, кучли шахсият сари навбатдаги қадамга тайёрмисиз?

Бошладик

«Ҳамма айб ўзингда. Ҳукумат ишига аралашма демаганмидим…»

(«Шум бола» кинофильмидан)

Биз давлатлар дунёсида яшаймиз. Ер юзидан одамзод яшайдиган ҳар қандай ҳудуд борки, у ерда албатта давлат бор. У турли хил кўринишда, турли куч ва шаклга эга. Лекин ҳар бир жамият бошида бу қозонни назорат қиладиган бош ошпаз туради.

Бош ошпаз қозон бир маромда қайнаши, таомнинг тузи кам ёки кўп бўлиб кетмаслиги, масаллиқлар керакли миқдорда ишлатилиши, овқат ланж ёки чала пишиб қолмаслигини назорат қилади. Қозондаги масаллиқлар бир-бирининг таъмини бузмаслиги, бир-бирини бойитиши ва уйғунликда пишиши ҳам ошпазнинг маҳоратига боғлиқ.

Аммо таом мазаси фақат ошпаз санъатига боғлиқ эмас. Бунда ҳал қилувчи омиллардан бири — масаллиқларнинг сифати ҳамдир. Ошпаз ҳар қанча моҳир бўлмасин, қозонга тушадиган масаллиқлар талабга жавоб бермайдиган бўлса, таом таомга ўхшамайди.

Жамият қозонида қайнаётган масаллиқлар сифати — бу жамиятни ташкил қилган шахсларнинг кучлилик даражасидир. Агар жамиятнинг асосий қисмини муҳимликка берилган, ўз шубҳа ва қўрқувларидан нарига ўта олмайдиган, ўз ҳаёти учун жавобгарликни ўз қўлига ола билмайдиган ожиз шахслар ташкил қилса — бу қозон шўр таомлар пиширишга маҳкум.

Сиз билан суҳбатларимиз масаллиқлар сифатини оширишга қаратилган — биз кучли шахслар бўлишга интиляпмиз. Токи ўзимизга ҳам, жамиятга ҳам биздан фақат наф келсин. Шахсий ожизлик сабаб жамият қозонидаги таом сифатини бузиб қўймасликка аҳд қилганмиз.

Бизнинг жамиятда, нимагадир, жуда кўпчилик ҳамма масалаларни давлат ҳал қилиши керак деб ўйлайди. Яъни, ошпаз ҳам масаллиқлар сифатини назорат қилиши, ҳам ўт маромда ёнишини кузатиши, ҳам қозоннинг тозалигини таъминлаши керак.

Лекин ошпаз буларнинг ҳаммасини қилишга киришса, ҳамма иш чала қилинади. Чунки битта одам ҳамма ишни сифатли бажаришга улгурмайди. Демак, масъулиятлар тақсимланиши — ҳар ким жамият фаровонлиги учун меҳнатдан ўз улушини ўзига олиши керак.

Бугунги жамиятимизда шахс ва давлат ўртасида сезиларли бўлиниш бор. Одамлар давлатни алоҳида бир механизм, уларнинг иштироки ва иродасидан ташқарида иш кўрувчи тузилма деб билади. Биз бугун давлатдан бегонамиз — ундан қўрқамиз, ундан нари юришга, унинг ишларига аралашмасликка ҳаракат қиламиз.

Кўп ҳолларда шахс давлатни ўзига рақиб деб билади. Чунки жамият манфаатлари билан шахсий манфаатларимиз кўпинча бир-бирига зид келади. Бу жуда самарасиз ва зарарли ҳолат — чунки бунда жамият ўз-ўзига соғлом ривожланишга тўсқинлик қилади.

Мен сизга ҳар бир китоб сўнгида ушбу билимларни кўпчиликка етказишни таклиф қиламан — атрофимизда кучли шахслар қанча кўп бўлса, шунча яхши эканини эслатаман. Мана бугун бунинг ортида қандай мақсад турганини билиб олдингиз. Англаб турганингиздек, алоҳида одамлардаги шахсий ўсиш охир оқибат ижтимоий ўсишга олиб келади. Жамиятимиз кучайиб, соғломлашиб боради.

Мен ҳар ким бахтли яшашга ҳақли эканига ишонаман. Жамият вакиллари қанча хотиржам яшасалар, уларнинг иш самарадорлиги, бир-бирлари билан муносабатлари шунча яхши бўлади. Одамлар қанча бахтли бўлса — жамият шунча яхши яшайди.

Менинг билишимча, бутун жамиятни кучайтириш учун, унинг алоҳида вакилларини кучайтириш керак. Сиз билан суҳбатларимиз ана шу мақсадга қаратилган. Қанчалик натижага эришганимизни маълум муддат ўтгандан кейин биламиз. Лекин китобхонлардан келаётган мактублардан шуни сездимки, ўзгаришлар бошланди. Сиз билан биз ана шу катта ўзгаришлар иштирокчиларимиз.

Ўзликни англаш — оддий инсон сифатида бахтли ҳаёт кечириш учун биттаю битта шарт. Мана шуни уддаласак — марра бизники.

Душанба — Шахсият

Тирик жон

Шахс ва давлат ўртасидаги мураккаб муносабатларни таҳлил қилишга киришишдан аввал, келинг, давлат ўз моҳиятига кўра қандай тузилма эканини англаб олишга уриниб кўрайлик. Бунинг учун хаёлан давлатнинг яралиш тарихига саёҳат қиламиз.

Қадимги аждодларимиз тўдаларга бирлаша бошлаганларида, улар ўзаро аҳил яшаш ва тараққий этиш учун умумий қоидаларни жорий қилганлар. Тўда ичида меҳнат тақсимоти юзага келган ва жамоа яшаб қолиши учун тегишли қоидалар ўрнатилган.

Ҳамма амал қилиши керак бўлган қоидалар жорий қилиниши билан бирга, ана шу умумий қоидаларга бўйсунишни истамайдиганлар пайдо бўлган. Умумий қоидаларга таяниб, бир маромда кечиб бораётган жамоа ҳаётига халал берадиган ҳаракатлар қиладиган бундай аъзоларни тартибга чақириш эҳтиёжи пайдо бўлган. Шунда жамоа орасидан бақувват аъзолар қоидага бўйсунмаганларни куч ишлатиб бўлса ҳам тарбиялашни, тарбия кор келмаса — қоидабузарни жазолаш ёки жамоадан ҳайдашни ўз зиммаларига олганлар. Вақти келиб, бу кучли аъзолар гуруҳи жамоани бошқа қабилалардан ҳимоя қилишга ҳам жавобгар бўлишган. Ички тартиб ва жамоа хавфсизлигини таъминлаганликлари эвазига бу кучлилар гуруҳини бутун жамоа ўз меҳнати ҳисобидан боққан ва кийинтирган. Энг содда кўринишда давлат ана шундай вужудга келган.

Яшаб қолиш учун ички тартиб ва хавфсизликни таъминлаш учун тузилган аскар гуруҳлар — илк давлат одамларидир. Кейинчалик, уларни озиқ-овқат, кийим-бош ва бошпана билан таъминлашга масъул тузилмалар ҳам юзага келган. Жамоанинг йиллик ҳосилидан ва ов ўлжаларидан аскарларга тегишли улушини ажратиб олиш, бу захираларни сақлаш ва аскарларга етказишга жавобгар аъзолар (илк солиқчилар) ҳам ибтидоий давлат ходимларига айланишган.

Шу тарзда давлат тузилмаси аста-секин кенгайиб, мураккаблашиб борган. Жамиятнинг янги ва янги эҳтиёжларини қоплаш учун давлатнинг шу эҳтиёжларга жавобгар бўлимлари шаклланиб борган. Шу билан бирга, у ёки бу соҳани тартибга солиш учун ҳамма учун мажбурий қоидалар — кейинчалик эса қонунлар таъсис этила бошлаган.

Давлатни кўпинча турғун механизмга ўхшатадилар. Яъни, унинг ишлаш тартиби, алоҳида қисмлари ва бу қисмлар учун ҳаракат қоидалари белгилаб қўйилган. Бу қараш давлатни жамиятдан айри ва мустақил иродага эга, ўз қонуни бўйича ҳаракат қилувчи машина деб билади. Унга кўра, давлат алоҳида шахс истак ва иродасини ўзига бўйсундиради ва уни ўз механизмидаги бир парракка айлантиради.

Аммо давлатнинг келиб чиқиши ва ривожланишига қарасак, давлатни ўзгармас механизм сифатида баҳолаб бўлмайди. Агар давлат механизм бўлса — унинг ҳар бир қисми (ҳар бир паррак) бутун тизим билан мутаносиб ишлаши керак. Агар бир қисм ишдан чиқса ёки бир паррак нотўғри томонга айлана бошласа (масалан, давлатнинг ходими бўлган битта шахс ноқонуний иш қила бошласа) — бу бутун механизм фаолиятини издан чиқаради.

Советлар худди шундай «механик» давлат тузилмаси жорий қилишга уринганлар. Улар кучли мафкура ёрдамида ҳар бир шахсни улкан давлат механизмида ўз ўрнига эга «парракча» бўлишга даъват қилганлар. Бу давлат механизми яратилаётган пайтда (ўтган асрнинг 30 40-йилларида) шу тузилмага мос келмаган «парракчалар» бартараф этилган (қатағон қилинган). Жуда катта қурбонлар эвазига шиддатли назорат остида қурилган бу давлат механизми қанчадир муддат самарали ишлаган. Давлат механизмидаги ўз ўрни ва вазифасидан ташқарига чиқмайдиган шахслар меҳнати билан сезиларли иқтисодий ўсишга ҳам эришилган.

Аммо узоқ йиллар давомида бир текис ишлаб келган механизм тепасига Михаил Горбачёв келади ва битта мурватни кескин буради. У йиллар давомида бир томонга айланиб, қотиб бўлган давлат тузилмаси фаолиятини кескин ўзгартирмоқчи бўлади. Натижада эса бутун тизим издан чиқади ва давлат механизми қулайди.

Бу мисол бизга давлат механизм тарзида ишлай олмаслиги, ишласа ҳам — уни қуриш ва таъминлаш ўта катта куч ва манба талаб этишини кўрсатади.

Боб бошида давлатнинг ривожланишини бежиз эволюция деб атамадим. Менинг фикримча, давлат — бу тирик организм. У ҳам яралади, ўсади, ривожланади ва куни келиб нобуд бўлади. Унинг қанчалик узоқ муддат яшаши ва кучли бўлиши у туғилган муҳит, ривожланиш усули ва бошқа давлатлар билан муносабатларига боғлиқ бўлади. Тарих давомида у ҳам, худди тирик жонлар каби, ўзгариб, янги шароитларга мослашиб, янги билимларни ўрганиб борган. Давлат — жамият билан бирга улғайган.

Давлат организми алоҳида шахслар — ҳужайралардан ташкил топган. Ҳар бир ҳужайра ўз ҳаётини таъминлаш билан биргаликда, умумий организм фаолиятига ўз ҳиссасини қўшишни уддалайди. Давлат организмида уни ташқи хавфлардан ҳимоя қиладиган, касалланган ҳужайраларни даволайдиган, бошқа давлатлар билан мулоқот қиладиган, озиқ-овқатни вужуднинг барча қисмларига етказадиган, жисмоний ёки ақлий меҳнат билан шуғулланадиган миллионлаб ҳужайралар бор. Ҳар бир шахс бу организмда ўз қобилияти ва табиий мойиллигига қараб тегишли вазифани бажаради. Агар алоҳида шахс бошқа шахс ёки бутун давлат организми фаолиятига зарар келтирадиган хатти-ҳаракат қилса, бу шахсни тартибга чақирадиган — кескин ҳолда уни жамиятдан узоқлаштирадиган ҳужайралар ҳам бор. Хуллас, давлат — бу ўзини ўзи таъминлай оладиган мукаммалликка яқин борган бир организм.

Албатта, юқоридаги мисолга мос келадиган давлатни топиш қийин. Аммо узоқни кўзлаган давлат ана шундай тузилмани ўзига асос қилиши ва давлатни механизмлаштиришдан нари туриши даркор. Тарихда механизм тамойили асосида қурилган давлатлар охир оқибат кичик ва оддий сабабларга кўра таназзулга юз тутганлар.

Давлатнинг тирик организмга ўхшашлиги ҳақидаги қарашдан яна бир хулоса келиб чиқади: давлат — статик (турғун) тузилма эмас, у доим ўзгариб, янгиланиб, ислоҳ бўлиб боради. Жамиятнинг талабларига кўра янги кўникмалар орттиради, ўзини оқламаган тартибларни бекор қилади ёки янгиларига алиштиради. Ўз-ўзини тинимсиз ислоҳ қилиш — соғлом давлатнинг хислатидир.

Давлат организми алоҳида ҳужайралардан ташкил топган. Яъни, ҳар қандай давлат жамиятни ташкил қилган алоҳида шахслар йиғиндисидир. Шахс ва давлат ўртасидаги муносабатларда шахс бирламчи ўринни эгаллайди. Чунки шахс бўлмаса — давлат ҳам, унга зарурат ҳам мавжуд бўлмайди. Давлат билан олди-бердиларингиз ҳақида ўйлаганда мана шу тамойил ёдингизда бўлсин.

Давлатимиз қанчалик кучли бўлиши, бизнинг манфаатларимизга қанчалик хизмат қилиши ҳар биримизнинг шахсий кучимизга боғлиқ. Биз умумий организмни ташкил қилган ҳужайралармиз. Бу тузилмада ҳар биримизнинг ҳаётий ўрнимиз, ўз вазифамиз бор. Ҳаммамизнинг кичик-кичик ҳиссаларимиз бир бўлиб, давлат ва жамият ҳаётини таъминлайдиган буюк куч юзага келади.

Давлатнинг кучи қуроллари, армияси ёки бойликларида эмас. Ҳар қандай ҳарбий кучни бошқа ҳарбий куч енгиши мумкин. Ҳар қандай кучли иқтисодни битта инқироз синдириши мумкин. Давлатнинг кучи — уни ташкил қилган шахсларнинг кучига боғлиқ. Кучли шахслардан ташкил топган давлатгина чиндан кучлидир.

Бошқарув усуллари

Ҳар қандай давлат ўз вазифаларини бажариш учун, бошқарув кучига — алоҳида шахсларнинг устидан ҳокимиятга эга бўлиши керак. Одамларни ўз измига сола билмаган давлат ўз ишини қила олмайди ва барҳам топади.

Давлат алоҳида шахс иродасини ўзига бўйсундириш учун турлича усуллардан бири ёки бир нечтасини ишлатиши мумкин. Энг примитив ва тез таъсир қилувчи усул — бу қўрқитишдир.

Аввалги суҳбатларимиздан маълумки, қўрқув — энг қадимги ва табиий кучли туйғулардан бири. У бизга яшаб қолишга ёрдам беради. Агар давлат ана шу туйғуни бошқара олса — шахс деярли тўлиғича унинг измида бўлади.

Тарихдаги ҳар қандай ҳарбий қудратга асосланган давлат халқини қўрқув ёрдамида бошқарган. Аввалига душманни қўрқитиш ва енгиш учун яратилган ҳарбий қудрат барча ғанимлар енгилгандан кейин, халқни назоратда сақлашга қаратилади ва бунда қўрқитиш усулидан кенг фойдаланилади. Рим империясининг қудрати — унинг халқни қўрқувда тутадиган ҳарбий кучи бўлган. Шарқда бу усулдан Хитой императорлари усталик билан фойдаланишган. Мўғил хонларининг ҳам асосий бошқарув усули қўрқув бўлган.

Механик давлат тузилмаси асосида қурилган ҳукуматлар ҳам қўрқувни асосий бошқарув қуроли сифатида ишлатадилар. Ўз даврида фашистлар Италия, Испания ва Германияда қўрқув ёрдамида ҳокимиятни тутиб турган. Совет Иттифоқининг ички қудрати кўп жиҳатдан халқни қўрқитишга асосланган. Сталин бошлаб берган бу сиёсат иккинчи жаҳон уриши сабаб ўта ҳарбийлашган улкан мамлакатда мустаҳкам ўрнашган.

Табиийки, бу усулнинг бир яққол хавфи бор: қўрқув билан бошқарилган халқ кучсиз шахслардан ташкил топади, чунки қўрқув ҳукмрон бўлган жамиятда ожиз шахслар етишиб чиқади. Бундай жамият таназзулга юз тутишга маҳкум.

Халқни кучли миллий ғурур ёрдамида ҳам бошқариш мумкин. Фақат бунда миллий ғурур табиий усулда шаклланиши, уни ҳеч ким мажбурлаб халққа ўтказишга уринмаслиги керак. Бу усулдан қадимги юнон шаҳар-давлатлари фойдаланишган. Уларда ҳар бир шаҳар-давлат ўз маданияти, диний удумлари, яшаш тарзи ва, энг асосийси — ўз миллий ғурурига эга бўлган. Айнан ана шу бошқаларга ўхшамаган бўлишдан фахрланиш туйғуси уларни ўз давлатларига ва ҳокимларига содиқ бўлишга ундаган.

Инглизлар билан асрий урушлар сабаб французларда ҳам ўта кучли миллий ғурур шаклланган ва аввалига қироллар, кейинчалик республика ҳукумати халқни назорат қилишда ана шу ғурурдан усталик билан фойдаланган. Кичик немис давлатлари ягона Германия таркибида бирлашганда, ҳукумат сунъий равишда немис миллий ғурурини шакллантиришга зўр берган. Кейинчалик ана шу сунъий миллий ғурур таъсири остида немислар икки жаҳон урушини бошлаб, иккисида ҳам ютқазганлар.

Англаб турганингиздек, миллий ғурур устига қурилган давлат бошқа халқлар билан доимий душманликка, ўзларидан бошқа ҳаммани ғаним деб яшашга маҳкум. Бундай жамиятни ташкил қилган шахсларда миллий муҳимлик жуда юқори бўлади ва бу уларга ўзлари ва бошқалар билан келишиб яшашга халал беради.

Учинчи тур бошқарув эркинлик ёрдамида амалга оширилади. Бу бошқарув усуллари ичида энг ёши ва жуда ақлли ташкил қилинган усулдир. Бунда ҳукумат халқни эркин ташлаб қўйиб бошқаради — шахс ўзини эркин ҳис қилиши учун етарли шароит яратилади ва шу билан шахснинг сергаклиги ўлдирилади. Бундай жамият вакили ўзининг бошқарув остида эканини кўп ҳолларда сезмайди.

Қўшма Штатлар ўз тарихи бошида мана шу усулда барпо қилинган. Америкага кўчиб бориб ўрнашган одамлар асосан Европада қўним топа билмаган, эски дунёдаги бошқарув тизимидан норози тижоратчи ва тадбиркорлар бўлган. Улар янги қитъада кучли асос қуриб олгандан кейин, Европа тазйиғидан батамом мустақил бўлиш истаги билан чиққанлар ва эркинликка асосланган жамият тузишга киришганлар. АҚШ ҳукумати эркинлик воситасида бошқариш усулидан ҳозиргача кенг фойдаланади: оддий америкаликларни «шахсий эркинлик» ёки «шахсий ҳуқуқлар» каби жумлалар ёрдамида деярли ҳар қандай мафкурани қабул қилишга кўндириш мумкин.

Албатта, кўп давлатлар бир нечта бошқарув усулларини уйғунликда ишлатадилар. АҚШ ҳукумати ҳам эркинлик билан бошқаришни миллий ғурур билан кучайтиради. Фашист Германияси сунъий миллий ғурурга асосланган бошқарувни қўрқув билан мустаҳкамлаган. Бугун шундай ёндашув Россия ҳукумати томонидан ишлатилмоқда. Француз давлати эса бошқарувда миллий ғурурни шахсий эркинлик билан бир қаторда ишлатишга уринади.

Бу усулларнинг ҳар бири алоҳида шахслардаги ожизликдан фойдаланиб, уларни назоратда сақлашга қаратилган. Аммо қўрқув, ғурур ёки ҳақпарастлик кучли шахс белгилари эмас. Кучли шахс иродасини қўрқув ёрдамида синдириб бўлмайди, у миллий ёки диний муҳимликка берилмайди, у шахсий эркинлик нисбий бўлишини яхши билади. Яъни, кучли шахслардан ташкил топган жамиятни бошқаришда юқорида таърифланган уч усулдан ҳеч бири самара бермайди.

Шахс ва давлат ўртасидаги муносабатлар барқарор ва соғлом бўлиши учун, улар қўрқувга, бурч ҳисига ёки кўр-кўрона миннатдорлик ҳисига асосланмаслиги керак. Ўз давлатидан қўрққан шахс самарали иш-фаолият олиб борадиган фуқаро бўла олмайди. Давлати ва миллати олдида ўзини бурчли билган шахс ҳам шу бурч юкидан имкон қадар халос бўлишга интилиб яшайди. Давлатига сергакликсиз миннатдор бўлиб яшаган шахс эса юзаки эркинлигининг этагидан тутиб, давлатнинг нотўғри қарорларига ҳам рози бўладиган хавфли фуқарога айланади.

Шахс ва давлат ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланиши лозим. Ўз халқи ишончини йўқотган давлат асосий қудратидан айрилади. Ўз давлати ҳурматини йўқотган шахс давлатни ва бошқа одамларни ўзига душман деб билади. Хўш, қандай қилиб давлат билан ишончли муносабат ўрнатиш мумкин?

Аввало, давлатни биздан алоҳида, бизга бегона бир тузилма деб қабул қилишни тўхтатиш керак. Давлат — бу биз билан бир жамиятда яшаб келаётган бошқа одамлар. Ана шу одамларга ишонч ва ҳурмат билан ёндашишни, улар билан муҳимликка берилмай мулоқотда бўлишни уддалай олсак — давлат билан олди-бердимиз ҳам маромида бўлади. Унутмангки, давлат — бу барчамизнинг умумий истак ва интилишларимиз. Бир-биримизга танлов бериб яшасак — давлат ҳам мустаҳкам ва барҳаёт бўлади.

Энг самарали бошқарув усули — бу одамларга танлаш эркинлигини беришдир. Ҳаётда қайси касб эгаси бўлишни, одамларга қандай наф келтиришни, қандай эътиқодга эргашишни, қайси маълумотга ишониш-ишонмасликни шахслар ўзи танласин. Шунда ҳар ким энг самарали усулда жамиятга фойда келтирадиган бахтли ҳаёт тарзини танлайди.

Албатта, бу усул таърифлангандай ишлаши учун, жамият кучли шахслардан ташкил топган бўлиши зарур. Бунга эса тўғри тарбия ва таълим орқалигина эришиш мумкин. Ҳар қандай кучли жамият пойдевори оиладаги тарбия ва мактабдаги таълимдан бошланади. Фарзандларимизга кучли шахс бўлишга, жамият ҳаёти ва давлат тузилмасида ўз ўрнини топишга, бошқаларга ҳурмат нима экани англай билишга ёрдам берсак — давлат организмини янада кучайтирадиган ҳужайраларни етиштирган бўламиз.

Ўзаро ишонч ва ҳурматдан бошқа қадриятга асосланган шахс-давлат муносабатларида икки томондан бири ёки иккиси мудом азият чекишга маҳкум. Шахснинг азияти — унинг бахтсизлиги бўлса, давлатнинг мағлубияти — унинг ожизлашишидир. Бунда на шахс ютади, на давлат.

Соғлом ҳужайралар

Нима деб ўйлайсиз: организм қачон соғлом бўлади? Бу саволга турлича жавоб берса бўлади, шундай эмасми? Лекин умумий тарзда тахминан қуйидагича жавоб бериш мумкин: организм уни ташкил қилган барча ҳужайралар соғлом бўлсагина соғлом бўлади.

Демак, соғлом жамият маънавий соғлом шахслардан ташкил топиши керак. Хўш, жамиятни ташкил қилган ҳужайралар соғломлигини нима белгилайди? Улар бахтли ва ўз ҳаётидан мамнун бўлса — мана шу соғлом шахслардир. Одам ўз ҳаётидан мамнун бўлса, унда бузғунчи ишлар қилишга интилиш пайдо бўлмайди. Ўзингиз ўйлаб кўринг: ҳаётидан мамнун одамга пора бериш, кимгадир ғайирлик қилиш, бир нималарни талашиш керакми? Албатта йўқ. Демак, жамият қонунларига амал қиладиган одамлар одатда бахтли одамлардир.

Хўш, қачон одам ўз ҳаётидан мамнун бўлади? Ушбу туркум китоблари орқали суҳбатларимиз бу саволга жавоб беришга қаратилган. Одам бахтли яшаши учун унга сергаклик керак, у ўзи севган касби билан машғул бўлиши керак, мақсадларини аниқ билиши ва шу мақсадлари томон хотиржам бориши керак.

Одамлар сергак бўлиш ва ўз шахсиятларини кучайтиришга ўзлари масъуллар. Ана шундай масъулиятини ўз қўлига ола билганлар қаторида биз ҳам шу китобни ёзяпмиз ва ўқияпмиз.

Аммо иккинчи шарт бажарилиши учун (биз севган касбимиз билан шуғулланишимиз учун), давлат ва жамият бунга шароит яратиши лозим. Мана шу ерда давлатнинг алоҳида шахсларга бўлган муносабати тўғри йўлга қўйилмаган бўлса — унда жамиятни ташкил қилган ҳужайралар касалланади. Яъни ҳар ким ўзи севган касбни эгаллай олмайди.

Ўзи қизиқмаган ва суймаган иши билан шуғулланган одам худди ўз имконидан ташқари ишни қилаётган ҳужайрага ўхшайди. Қондаги кислород ташувчи ҳужайралар айнан тананинг барча қисмига қувват манбайини етказишга мослашган — агар улар бошқа вазифани бажаришига тўғри келса, улар буни самарали уддалай олмайдилар ва тана соғлиги хавф остида қолади.

Агар давлат қайсидир соҳаларни тарғиб қилишга ўта катта аҳамият бериб, бошқа соҳаларни эътиборсиз қолдирса, жамиятда шу тарғиб қилинган соҳага сунъий қизиқиш пайдо бўлади. Айтайлик, давлат ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, иқтисодчи ва ҳуқуқшуносларни тарбиялашга кўпроқ урғу бериши мумкин. Бунда аслида иқтисод ёки ҳуқуқ соҳасига қизиқиши бўлмаган ёшлар ҳам шу соҳаларни эгаллашга уринадилар. Ваҳоланки, сунъий қизиқиш ортидан иқтисод ёки ҳуқуқни танлаган ёшларнинг орасида муҳандислик ёки микробиологияга кучли мойиллиги бор иқтидор эгалари бўлиши мумкин. Жамиятга муҳандислар ва микробиологлар ҳам керак — жуда керак. Уларнинг аҳамияти иқтисодчи ёки ҳуқуқшуносларникидан асло кам эмас.

Жамиятдаги муҳит бир нечта соҳаларни ёқлайдиган бўлмаслиги лозим. Чунки бундай муҳитда муҳим деб билинган соҳа бўйича кўплаб самарасиз ва сифатсиз мутахассислар тарбияланади. Ҳаётий зарур бўлган бошқа соҳалар эса ривожланишда оқсай бошлайди. Жамият организмида бир гуруҳ ҳужайралар сустлашса — бу бутун вужудни касаллантиради.

Инсон танасида турли хил вирус ва бактерияларга қарши курашадиган лейкоцит деб номланадиган ҳужайралар бор. Уларни оқ қон таначалари деб ҳам атайдилар. Агар нимадир сабаб билан қонда лейкоцитлар миқдори ошиб кетса, одам лейкоцитоз ёки кескин ҳолларда оққон касаллиги билан оғрий бошлайди. Жамиятда ҳам бир соҳа вакиллари ҳаддан ошиқ кўпайиб кетса, улар ўз соҳалари бўйича самарали ишлаш ўрнига, жамиятга зарар етказа бошлайдилар.

Демак, шахслар ўз кўнглига қараб касб-ҳунар танлашини таъминлаш жамият соғлом ва мувозанатда бўлишини белгилайди. Алоҳида соҳаларга катта аҳамият бериш шу соҳа вакиллари кучсизлашишига, бутун жамият ва иқтисод зарар кўришига олиб келади.

Ўз кўнгли мойиллигига қараб касб танлашнинг яна бир ажойиб афзаллиги бор: бундай мутахассиснинг қадри доим баланд бўлади. Бугун ёшлар орасида шундай ишонч мавжуд — ҳар қанча истеъдодли бўлса ҳам, таниш-билишлари ва таъсир доираси бўлмаган мутахассис қадр топиши қийин. Бу узоқни кўра билмай айтилган хулосадир. Чунки ўз ишининг устаси бўлган одам ўз ишини моҳирона бажаради — сифатли қилинган ишнинг қадри эса ҳеч қачон тушмайди.

Бой танишингиз отасининг дастаги билан катта корхонага ишга жойлашади. Лекин у корхонага ишдан натижа керак бўлсаю, ходим уни етказиб бера олмаса — куни келиб иш берувчи шу вазифани юқори сифатда уддалайдиган мутахассисни излаб топади.

Сиз ўз соҳангизда ана шундай тенги йўқ маҳоратга эришинг, токи асоссиз сабабларга кўра чала мутахассисларни ишга олиб оғзи куйган иш берувчи охири сизни излаб келсин.

Мақсадларга эришиш ҳақида учинчи китобда суҳбатлашган эдик. Эсингизда бўлса, мақсад сизники бўлса ва у бут мақсад бўлса — унга эришиш учун сизда ҳамма имкониятлар борлигини таъкидлаган эдик. Севган касбини танлаш ва шу касбда юқори савияли мутахассис бўлишни мақсад қилиш ва унга интилишда ҳам ана шу тамойилга амал қилиш даркор.

Кўпчилик ёшлар касб танлашда шу касбнинг «обрўсини» чамалашга уринадилар. Қанча обрўли касб бўлса, шунча яхши. Негадир, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишлаш учун одамга етук ақлий қобилиятлар керак эмас деган хато тушунча ҳалигача жуда кенг тарқалган. Ҳар бир соҳада ақл керак — ахир, ақл самарадорликка эришиш учун энг зўр қурол. Ақлини ишлата билмаган агроном ёки чорвадор ҳосилни нобуд қилиши ёки одамларни заҳарлаб қўйиши мумкин. Зеҳн билан иш тутган агроном ёки чорвадор ўз ишида шундай самарага эришадики, унинг тажрибасини керак бўлса оқ кўйлак кийиб, бўйинбоғ таққанлар келиб ўрганади.

Алоҳида шахслар ўз истакларига кўра соҳа ва касб танлашлари учун давлатдан кўп нарса талаб этилмайди. Давлат бу жараёнга халал бермаса ва ҳар ким ўзи қизиққан соҳасини ўрганиши учун зарур шароитларни яратиб берса бўлгани. Қолганини ҳужайраларнинг ўзи бажаради. Албатта, ҳамма шароит мавжуд бўлса ҳам, баъзи одамлар муҳимликка берилиб, нотўғри касбни танлаши мумкин. Лекин кучли шахсият эгаси бўлишни тарғиб қилиб, биз сергакликни одат қиламиз ва касбимизни ҳам ўз кўнглимиз амрига қараб танлаймиз.

Баъзи ҳолларда танлаган касбимизга интилишимизга бошқа одамлар қаршилик қилмоқчи бўлади. Улар бизга бу касб келажаги йўқлигини, бу касб билан ҳеч бир ютуққа эриша олмаслигимизни айтадилар. Бу касбдан даромад яхши эмаслигини важ қилиб кўрсатадилар.

Лекин ҳар қандай бунёдкор касб борки, у ҳеч қачон қадрини йўқотмайди. Сергакликни сақлаб қолсангиз, севган касбингизда юқори марраларга эришишингиз учун йўллар очилади, шахсий кучингиз сабаб керакли одамлар сизга керакли ёрдамни кўрсатади. Шахсияти кучли одамнинг ҳар қандай соҳада ҳам иши баракали, самарали ва фойдали бўлади.

Бирдан ошиқ соҳага қизиқсангиз — бирини асосий, иккинчисини қўшимча касб қилиб танлашингиз мумкин. Бунинг ҳеч бир ёмон жойи йўқ. Қайтанга, бир касбингизда иқтисодий муаммолар бўлса, бошқасига суянишингиз осон бўлади. Одатда ўта иқтидорли одамлар кўп соҳада тенгданига фаолият юритишни истайдилар — улар ҳамма нарсани қилиб кўргилари келади. Агар ўзингизда бирдан ортиқ касбга мойиллик сезсангиз — бу иқтидордан тўлиқ фойдаланинг ва ўзингизга икки соҳада ҳам кучли мутахассис бўлишга имкон беринг. Бу билан сиз ўзингиз ва жамиятга икки баробар наф келтирасиз. Бу билан сиз соғлом жамиятнинг соғлом аъзосига айланасиз.

Сиёсий махлуқ

Биз — сиёсий махлуқлармиз. Бу жумланинг асл маъносини англаш учун, сиёсат нималигини, унинг туб моҳиятини англаш лозим.

Бизнинг ақлимиз ҳамма нарсани тартибда сақлашни ёқтиради. Чунки тартиб назоратни осонлаштиради. Ақл эса назорат қилишни жуда яхши кўради.

Бизни болаликдан ҳамма нарсаларимизни тартибда тутишга ўргатишади. Ўйинчоқларимиз, кийимларимиз, ўқув қуролларимизни тартибда сақлаш учун қоидалар жорий қилинади.

Ҳар қандай қоида тартибга хизмат қилади. Тасаввур қилинг, йўл ҳаракати қоидалари бўлмаса. Ҳамма кўчада ўз билганча юрса, транспорт воситалари ҳам истаганча ҳаракатланса. Бу жуда катта тартибсизликни келтириб чиқарар эди.

Табиатга саёз нигоҳ билан қарасангиз, унда тартиб йўқдек туйилади. Аммо ёввойи табиатни диққат билан кузатган одам ундаги ажойиб ва мукаммал тартибга гувоҳ бўлади. Ундаги жараёнлар табиий қоидалар асосида кечади ва оддий ва самарали тартибга амал қилади.

Ҳайвон ва ўсимликларга қандай яшаш, нима қилиш ёки қилмасликни табиат айтади. Улар табиат белгилаган тартибга амал қилиб яшайдилар. Шу боис ҳам ёввойи табиат вакиллари фақат самарали усулда ҳаёт кечирадилар. Улар атроф-муҳит билан зиддиятга бормайдилар.

Биз одамлар эса табиий қоидалар билан қаноатланмаймиз. Чунки бизда табиий эҳтиёждан ташқари ижтимоий эҳтиёжлар ҳам бор. Биз автотранспортни фақатгина бир жойдан бошқа жойга тез етиб олиш воситаси деб билмаймиз. Бизга керакли жойга тез ва хавфсиз етиб олиш — табиий эҳтиёж. Бунга қўшимча бизда яна ижтимоий эҳтиёжлар ҳам бор: ўзимизни кўз-кўз қилиш, кимдандир ўзиш, обрўга эришиш ва ҳоказо. Агар кўчада ҳаракатланаётган ҳамма фақатгина табиий эҳтиёж билан юрса, ҳеч ким ҳеч кимга халал бермайди ва тартиб билан ҳаракатланади.

Тартибсизлик ва муаммолар айнан бизнинг ижтимоий эҳтиёжларимиз сабаб келиб чиқади. Ижтимоий эҳтиёжлар ақл истакларидан келиб чиқади. Бу ижтимоий эҳтиёжлар табиий қоидаларга амал қилмайди. Чунки уларда мантиқ йўқ, чунки улар самарадорликка хизмат қилмайди. Улар бизнинг муҳимлигимизга хизмат қилади.

Ўз ижтимоий эҳтиёжларимизни тартибга солиш учун биз ижтимоий қоидалар жорий қиламиз ва ижтимоий тартиб яратишга уринамиз. Аввал айтиб ўтилгандек, агар кўчадаги ҳаммага ўз шахсий муҳимлигига эргашиб, истаганча тез юришга, ўзини ва машинасини кўз-кўз қилишга қўйиб берилса — бу жуда хатарли тартибсизликни келтириб чиқаради. Шу хатарни бартараф қилиш учун ҳам бизга ижтимоий тартиб керак.

Ижтимоий эҳтиёжларни назорат қилиш учун яратилган ана шу қоидалар жамланмаси — сиёсатдир. Ижтимоий тартиб оилада, ўқиш ёки иш жамоасида, маҳаллада ва бутун жамиятда таъсис этилади. Биз оиламиз доирасида ҳам сиёсат қиламиз: фарзандлар учун қоидалар, масъулият тақсимоти, интизом ва бошқа ижтимоий тартиб белгилари оиладаги сиёсат элементларидир.

Умумий қоидага бўйсуниши керак бўлган одамлар гуруҳи қанча катта бўлса, сиёсат ҳам шунча кенг қамровли, қоидалар ҳам шунча кўп бўлади. Бир нечта шахсдан ташкил топган оиладаги сиёсат ўнта қоидага асосланса, йигирмадан ортиқ шахс тўпланган мактаб синфида юзлаб қоидалар амал қилади. Бутун жамиятни эса минг-минглаб қоидалар тартибда сақлашга ҳаракат қилади.

Оиладаги сиёсат нимага қаратилган бўлади? Ҳамма ўз вазифасини бажаришига, ҳеч ким масъулиятсизлик қилмаслигига, ҳар ким ўз ўрнини билишига — бир сўз билан айтганда, ижтимоий адолатга. Оиладаги сиёсат оила аъзоларининг вақти ўз шахсий эҳтиёжлари ва оила эҳтиёжлари ўртасидан адолатли тақсимланишига хизмат қилади.

Масалан, мен билим олиб, олий маълумотли бўлмоқчиман. Бу менинг шахсий ўсишим учун керак, келажагимни таъминлашга ҳисса. Лекин бунга эришиш учун мен кўпроқ ўқишим ва изланишим керак. Кунимнинг кўп қисми шунга сарф бўлади. Натижада оилам эҳтиёжларига мен қўшишим керак бўлган ҳиссам эътиборсиз қолади.

Баъзи оилалар бундай зиддиятни янги қоида таъсис қилиш билан ҳал қиладилар. Янги келишув тузилади: ота-она фарзандига билим олиш учун кўпроқ бўш вақт ажратиб, оилани таъминлашни ўз бўйнига олади, фарзанд эса улғайиб, маълумотли бўлгач эса ота-онаси елкасидан бу юкни олади ва уларга беғам кексалик тақдим этади. Шу усулда оиладаги сиёсат тартибга солинади ва ижтимоий адолат тикланади.

Давлат ҳам кўпинча шундай иш тутади: ёшларга илм олиш ва фойдали мутахассис бўлгунча вақт ва шароит беради. Бепул ўрта таълимни таъминлайди, талабаларга стипендия билан кўмаклашади. Кейинчалик, мутахассис бўлиб, ишга киргач, фуқаро бу ёрдам эвазига давлат ва жамиятга фойда келтириш билан ўз қарзини узади.

Бу оиладаги ва жамиятдаги сиёсат қанчалик ўхшаш ҳолат эканига бир мисол. Аслида ҳаётимизнинг ҳар бир даражасида биз сиёсат билан яшаймиз. Кундалик юриш-туришимиз, одамлар билан муомаламиз, орзу-интилишларимиз ҳаммаси ижтимоий тартибга амал қилади. Бунга қисман маданият, анъаналар, ижтимоий андазалар ва, албатта, давлатнинг сиёсати (у қабул қилган қонунлар) ўз таъсирини ўтказади.

Бизнинг туғилишимиз сиёсат: чақалоқ туғилганда маълум маросимлар қилинишини ижтимоий тартиб тақозо этади. Улғайишимиз сиёсат: ота-она ва жамият онгимизга ижтимоий тартибга хизмат қилувчи дастурларни ёзиб боради. Таълим олишимиз — катта сиёсат: айнан таълим бизга ижтимоий тартиб ҳақида энг кенг билимларни беради. Сиз мактабда фақат ёзиш ва ўқишни ўрганмайсиз — сиз мактабда жамият аъзоси бўлиш, ижтимоий тартибга амал қилишни ўрганасиз. Бизнинг турмуш қуришимиз, фарзандли бўлишимиз, ишга киришимиз — ҳаммаси сиёсат. Бунда ижтимоий тартибга амал қилмасдан иложимиз йўқ. Бизнинг бу дунёни тарк этишимиз — сиёсат: ижтимоий тартиб белгилаган усулда ерга кўмильишимиз керак.

Баъзи одамлар ўзини сиёсатдан йироқ деб билади. Албатта, улар бунда давлатнинг олиб бораётган сиёсатини назарда тутади. Лекин сиёсатдан йироқ бўлиб бўлмайди. Сиёсат сизнинг ҳар бир нафасингизда бор — токи сизда ақл бор экан, демак сиз сиёсатга бевосита дахлдорсиз.

Хўш, бизга бу қадар кўп сиёсат нега керак? Нега биз бунчалик сиёсийлашган махлуқлармиз?

Чунки биз энг тартибсиз жонзотмиз. Бизнинг ақлимиз аҳамиятсиз нарсаларга ортиқча аҳамият бериб, табиий мувозанатни бузишга ўч. Табиий мувозанат бузилганда эса — тартибсизлик келиб чиқади. Биз ўзимиз ҳаётимизда тартибсизлик келтириб чиқарамиз ва ана шу тартибсизликни назорат қилиш учун сиёсат ўйлаб топамиз.

Лекин ҳар қандай сиёсатнинг бир камчилиги бор: у ҳар доим ҳам кутилгандек иш бермайди. Ижтимоий тартибни бузадиганлар, қоидаларни менсимайдиганлар, ижтимоий адолатни қадрламайдиганлар ҳар доим топилади. Шунда жамиятда (бу жамият кичик оилами, ёки бутун халқми — фарқи йўқ) зиддиятлар келиб чиқади. Бу зиддиятлар бизни кўнгил хотиржамлигидан айиради ва бахтсиз одамларга айлантиради.

Ижтимоий тартиб муҳимликка берилиш сабаб бузилади. Кимдир ўз манфаатини жамият манфаатидан устун қўяди, кимдир ўзига ортиқча баҳо беради, кимдир ўзини адолат ва қонундан юқори ҳисоблайди. Жуда ажойиб ҳолат: муҳимлик бизни нотабиий истакларга эргашиб, тартибсизлик келтириб чиқаришга ундайди. Бу тартибсизликни бартараф қилиш учун қоидалар жорий қилиб, муаммони ҳал қилмоқчи бўлсак — муҳимлик ана шу қоидаларни бузишга ундайди ва янги муаммолар келтириб чиқаради.

Сиз билан мен бу ҳолатга ечим оддийгина сергаклик эканини биламиз. Сергаклик бизни табиий мувозанатни бузишдан асраб қолади. Табиий мувозанат бузилмаса — янги зиддиятлар келтириб чиқарадиган сиёсатга ҳожат йўқ. Ҳеч эътибор берганмисиз: сиёсат ҳақида ўйлаш ёки гапириш жуда ёқимсиз. Сабаби оддий: сиёсат — муҳимлик меваси, у бизнинг ҳаётий қувватимиз ҳисобидан мавжуд. Сиёсатнинг асосий муаммоси — унинг мавжудлиги, унга зарурат борлигида.

Сешанба — Муҳимлик

Буюк халқлар меваси

«Тарқаб кетган тўқсон тўққиз

уруғимсан, Ватаним»

(Севара Назархон қўшиғидан)

Сиз — кучли шахссиз. Балки буни ўзингиз билмассиз ва юзага чиқара олмассиз, лекин сиз — кучли шахссиз. Чунки сизда минглаб йиллар давомида тўпланган куч ва салоҳият бор. Бу кучни сизга барча аждодларингиз қолдирган.

Сизнинг генингизда саклар, юнонлар, форслар, араблар, мўғиллар ва бошқа юзлаб буюк халқларнинг мерослари жамланган. Сиз буюк халқларнинг буюк мевасисиз. Ер юзидаги ҳар бир инсон буюк халқларнинг буюк меваси.

Бугун биз яшаётган ҳудудларда бир пайтлар оқ-сариқдан келган, кулранг кўзли, сариқ сочли саклар яшаган. Доро ва Кир истилоси билан бу ҳудудларга форслар келган ва маҳаллий халқ билан қоришган. Искандар истилоси билан уларга юнонлар келиб қўшилган. Кейинчалик араблар, мўғиллар ва руслар бу жараённи давом эттирган.

Бугунги ўзбек — минглаб йиллар бир-бири билан тинмай қоришиб келган элатлар натижаси. Қора қош ва сочларни форслардан, буғдойранг терини араблардан, қисиқ кўзларни мўғиллардан олганмиз.

Ўз юксак маданияти ва қадриятларига эга маҳаллий халқ ҳар бир янги истилочи халқдан янги нарсаларни ўрганган. Асрлар давомида маданият бойиб, ўзгариб борган. Бугун ҳам кундалик ҳаётимизда ўша қадимги саклардан қолган одатларимиз, форслар ва араблар олиб келган удумлар, руслардан ўрганган тартибларимиз мавжуд.

Энди энг асосий гапни айтаман: миллат деган тушунча — шартли белги. Сиз ҳеч қачон соф ўзбекни топа олмайсиз. Ҳар бир одам қонида юзлаб элатларнинг гени мужассам. Ҳар бир ўзбек ўз ирсий меросида қанчадир фоиз юнон, қанчадир фоиз форс, қанчадир фоиз араб ва мўғил.

Миллат деган нарса шу қадар онгимизга маҳкам ўрнашганки, менинг бу гапларим жуда кўпчиликда норозилик уйғотади. Лекин жаҳлингиз босилиб, озгина сергак туриб ўйласангиз — ростдан ҳам соф миллат деган нарса мавжуд эмаслигини англаб етасиз.

Миллатчилик — жуда ҳам хунук одат. Бу илмсизлик ва ожизлик белгиси. Ўзининг келиб чиқишини аниқ билмайдиган одамгина миллатчи бўлиши мумкин. Бу ўзлигини англай билмаган одамга хос.

Миллий муҳимлик — ўз миллий келиб чиқишига ўта катта аҳамият беришдир. Бундай муҳимлик одамни заифлаштиради — чунки бундай одамга унинг миллатини баҳона қилиб таъсир ўтказиш, унинг иродасини назорат қилиш мумкин.

Бугун кўпчиликда (айниқса, ёшларда) давлат — ўзбекларники деган ишонч мавжуд. Албатта, халқимизнинг асосий қисми ўзбек деган ном остида яшайди. Лекин давлат — бутун халқнинг вакили. Давлат мамлакат ҳудудида яшовчи ҳар бир шахснинг манфаатига хизмат қилади. Ҳар ҳолда, жамият фаровон бўлиши учун шундай бўлиши керак.

Бироқ бу гапларни ҳаётга солиштирсак, амалда кўп нарса бошқача. Давлат номидан иш кўрадиган ҳамма ҳам миллатчиликдан ҳоли эмас. Лекин муаммо алоҳида мансабдор шахс одамларни миллатига қараб ажратганида эмас — муаммо буни кўриб турган бошқалар буни оддий ҳол деб қабул қилишида. Муаммо — миллатчилик табиий ҳол деб кўрилишида.

Мен фақат ўзбеклар миллатчи демоқчи эмасман. Миллатчилик одати биз билан бирга яшаётган руслар, тожиклар, корейслар, қирғизлар, татарлар ва бошқа юзлаб элат вакилларида бор. Аммо биз ўзбеклар — мамлакатда кўпчиликмиз. Демак, бизнинг ўзимизга бўлган ишончимиз баландроқ. Ва биз бошқа миллатларни ажратишга унча қўрқмаймиз — бундан уялмаймиз.

Биз қанча миллатчиликка берилсак, юртимизда яшаётган бошқа миллат вакиллари ўзларини шунча катта хатар остида деб биладилар. Натижада улар ўз ғилофларига ўралиб, ўз миллатларига каттароқ аҳамият бера бошлайдилар. Бу эса уларнинг жамиятдан бегоналашишига — жамиятнинг ичида жиддий бўлиниш пайдо бўлишига олиб келади. Бўлинганни эса бўри ейди.

Бугун руслар юртида меҳнат қилаётган юртдошларимизга қилинаётган муомалани кўриб, миллатчиликдан ҳоли бўлиш жуда қийин. Руслар ҳам ўз юртида кўпчиликни ташкил қилгани учун, уларнинг орасида бошқа миллат вакилларини камситишдай ожизликка борадиганлар кўп топилади. Лекин қайсидир шахслар ожиз бўлганига жавобан биз ҳам ожизликни танласак — бу сергак танлов бўлмайди.

Биз кучли бўлишни танлашимиз керак. Миллат сифатида эмас — халқ сифатида бир бўлишимиз, хилма-хиллигимиздан ўзимизни кучли қилиш учун фойдаланишимиз керак. Юртдошларимизни миллатига қараб эмас — жамият учун келтирган фойдаси, меҳнатига қараб ҳурмат қилишни ўргансак, буюк халқ бўламиз.

Давлат — халқнинг вакили, миллатнинг эмас. Узоқни кўзлаган давлатчилик «мильлат» тушунчаси устига қурилмаслиги керак. Чунки миллат доим ўзгариб туради. Бундай давлат ўз ғилофига ўралишга, дунёда юз бераётган жараёнлардан узилиб қолишга маҳкум. Бундай давлатнинг асосини ташкил қилган «мильлат» тушунчаси глобал олди-бердиларга дош бера олмайди. Миллат устига қурилган давлат ана шу миллатни ўзгаришсиз сақлаб қолишга ва шу билан ўз мавжудлигини таъминлашга интилади. Бу эса халқни тушкунликка олиб келади.

Бугун ўзбек тилини бошқа тиллардан кириб келган сўзлардан «тозалаш»га интилиш ҳолати кузатилмоқда. Бу аҳолининг баъзи қатламларида миллий муҳимлик авж олганидан далолат. Энг ачинарлиси, бундай таклифлар ўқимишли, дунёқараши нисбатан кенг шахслардан чиқмоқда. Сергак ва маънавий бутун одам тилимиз ўнлаб тилларнинг қоришмаси эканини, тил тинимсиз ўзгариб, янгиланиб ва бойиб боришини билади. Бу жараённи ортга қайтаришга интилиш — самарасиз ва зарарли ҳаракат. Бунга сарфланган кучни бошқа — бунёдкорроқ мақсадга йўналтирилса, жамият учун қанча фойдали ишлар қилса бўлади.

Мен ўзбек тилини жуда яхши кўраман. Рус ва инглиз тилларини яхши билсам ҳам, ўзбек тилида фикримни баён қилганда тилим яйрайди. Ўзбек тилининг менга завқ бағишлайдиган жиҳати шуки, у тарих давомида турли тиллардан энг яхши сўзларни олиб, бойиб борган, сайқалланган. Халқ ўз тилини айнан бошқа тиллар ёрдамида чархлаган. Шунинг учун бугунги ўзбек тилида ўткир фикрлар айтиш, оташин шеърлар битиш мумкин. Бу қудрат илдизи тилнинг соф ўзбекча ёки туркийлигида эмас — унинг ранг-баранглигида.

Миллий муҳимлик нафақат тил, балки жамиятнинг бошқа жабҳаларини ҳам ривожланишдан тийиб турувчи ҳолат. Ундан ҳоли бўлишга эришган шахс бошқаларни ҳурмат қилишни ўрганади ва ўзи ҳам ҳурматга сазовор бўлади. Ундан ҳоли бўлишга бутун халқ эришса — бу халқ улкан ютуқларга ва фаровонликка эришади. Буни қанчалик тўғри эканини билиш учун амалда синаб кўриш керак.

Миллий муҳимликдан ҳоли бўлинг. Бу билан ўз миллатингиздан «чиқиб» қолмайсиз. Аксинча — бу билан кучли шахс сифатида ўз миллатингиз обрўсини кўтарасиз. Бошқа миллат вакиллари орасидан дўстлар орттиринг. Улар сизга кўп янги нарсаларни ўргатиши мумкин. Сиз ҳам уларга кўп нарсани ўргатишингиз мумкин.

Кучли шахс инсон қадрини унинг миллати белгиламаслигини билади. Сиз ҳам энди миллат — шунчаки шартли белги эканини биласиз. Шахсиятингиз имкониятлари миллий муҳимлик билан чекланмаса, катта ютуқларга эришишингиз мумкинлигини биласиз. Мана энди сиз ростдан ҳам кучли шахссиз.

Маданиятлар харитаси

Бесплатный фрагмент закончился.

Купите книгу, чтобы продолжить чтение.

Введите сумму не менее null ₽, если хотите поддержать автора, или скачайте книгу бесплатно.Подробнее