электронная
180
печатная A5
338
16+
Ўзлик сари етти қадам — 2

Бесплатный фрагмент - Ўзлик сари етти қадам — 2

Ҳақиқатхон, танишайлик...


4.5
Объем:
104 стр.
Возрастное ограничение:
16+
ISBN:
978-5-4493-7266-6
электронная
от 180
печатная A5
от 338

— Ҳақиқатхон, жуда хушрўйгина экансиз. Шу сизнинг тенги йўқ чиройингизнинг посбони бўлсам, қаршимасмисиз?

— Йўқ, қаршимасман. Менинг бир умрлик ҳамроҳим бўлишингизга ҳам қаршимасман. Фақат, бир шартим бор.

— Ваҳ, бундай гўзал билан бир умр бирга бўлиш учун ҳар қандай шартга розиман. Айтаверинг, қанақа шарт экан?

— Мени ҳеч қачон ҳеч кимга кўрсатмайсиз…

Муаллифдан

Азиз Китобхон,

Сиз билан қайта дийдорлашиб турганимдан хурсандман. Ўтган суҳбатимиздан бери ҳаётингизда фақат хотиржамлик ҳукм сурган деб умид қиламан. Яна мен билан суҳбатга чоғланибсизми — демак, аввалгисидан кўнглингиз тўлган. Бу ҳар қандай муаллиф учун энг олий мукофот.

Аввалги китобнинг биринчи кунги баёни шахсиятга бағишланган эди. Уни қаранг — ўта фаҳмлилигимдан, сизга шахсият таърифини бермай кетган эканман ўшанда. Ҳечқиси йўқ, бу сафар шахсият деган ғалати, кўпчиликка нотаниш сўз билан нимани ифодаламоқчи бўлганимни айтиб ўтаман.

Шахсият — алоҳида одам табиати ва ҳаёти ҳақида шу одамнинг ўзи ва бошқа одамлар аниқ факт деб қабул қилган ҳақиқатлар ва ёлғонлар тўплами. Озгина мужмал чиқдиёв. Бошқача қилиб айтганда, шахсият — бу бир одам ҳақида унинг ўзи ва бошқаларга тегишли тасаввур.

Бошқаларнинг сиз ҳақингиздаги тасаввурлари ҳам шахсиятингиз таркибий қисми эканлиги балки сизга унчалик ёқмас, балки бунга ишонмассиз — лекин ҳар ҳолда шундай. Баён давомида бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.

Лекин бизнинг биринчи навбатдаги «тажриба қуёнимиз» — бу ўзимизнинг ўзимиз ҳақимиздаги тасаввуримиз. Аввал ҳам сизга шахсиятнинг шунга ўхшаш таърифини берганман — сиз борингизча ҳаётда ҳақиқат деб билган нарсаларингиз жамламасисиз. Бу ҳақиқатлар шахсиятимизнинг асосий қисмини ташкил этади — шунга монанд уларга баён давомида каттароқ эътибор ажратаман.

Тўғри, бу сафар ҳам сиз китобга камдан-кам одамга очиқчасига айтган сирларингизни ошкор қилишингизга тўғри келади. Лекин, аввал айтилганидек, у сирлар сиз ва китоб ўртасида қолади. Биз улардан ўзлигимизнинг аввал назар солинмаган хоналарига олиб кирувчи эшиклар дастаги сифатида фойдаланамиз. Албатта, сиз исталган пайтда экскурсияни тўхтатиб, дам олишингиз, ёки агар баён сизни мувозанатдан чиқараётганини сезиб қолсангиз — ундан батамом воз кечишингиз мумкин. Бу гал мен сизга боблар сўнгида танаффуслар эълон қилиб турмайман — агар биринчи китоб мазмуни билан яхши таниш бўлсангиз, демак сизда энди кучли шахсиятнинг алоҳида жихатлари намоён бўла бошлаган. Бундай одамга эса қачон танаффус қилиб, қачон қайта изланишга киришишни биров айтиши шарт эмас.

Бу галги баён ҳам бир ҳафтага мўлжалланган. Сизга мутола фақат мароқ келтириши учун, китобни ҳафта кунларига қараб боблаганман. Аввал айтганимдек, шу муддат сизга китоб мазмуни билан танишиш ва унда айтилган фиркларни ҳаётга солиштириб кўриш учун етарли бўлади.

Ҳа, айтганча — сизга иш бошиданоқ бир сирни очиб қўймоқчиман (сир айтишни ҳар сафар мен бошлаганим маъқул): сиз китобга айтадиган сирларингизнинг кўпчилиги аслида сир эмас, кўпчиликка маълум нарсалар. Яна ҳам қизиғи, сиз ҳақиқат деб билган кўп нарсалар аслида унчалик ҳам ҳақиқий эмас. Майли, олдинлаб кетмай — ҳамма нарса бир бошидан айтилгани яхши.

Хўш, ўзлигимиз сари навбатдаги саёҳатни бошладикми?

Бошладик

«Атиргул айтади очиламан деб,

Чиройлилар чаккасига санчиламан деб,

Чиройлилар чаккасига санчилиб бўлиб,

Бевафолар оёғида янчиламан деб,

«йнанг, қизлар, ўйнанг — кўргони келдик,

Сизлар билан даврон сургони келдик…»

(Тўй лапаридан)

Биз нимага келганмиз? Айнан сиз нимага келгансиз? Давру даврон сургани келганмисиз бу дунёга? Ёки бошқалар ўйнабкулишини кўрганими? Ҳа бу, ҳеч нарса ҳақида ўйламай, маза қилиб яшагани келган бўлсангиз — нима қилиб ўзингизни, ўзлигингизни кавлаштириб юрибсиз? Бу сизга нимага керак?

Ана холос, китобнинг бошланиши ажойибку деб камида ҳайрон бўлаётганингизни билиб турибман. Лекин хулоса қилишга шошилманг — хулосалар учун китоб сўнгида алоҳида бир боб ажратганман, хотирингиз жам бўлсин.

Сиз билан иккинчи суҳбатдан олдин мен сиздан юқоридаги каби саволларга жавоб олиб олишим керак. Бу галги суҳбат мазмуни қандай бўлиши — ёки, умуман, унинг бўлиш-бўлмаслиги кўп жихатдан шунга боғлиқ.

Хўш, ўзлигингиз — ўз шахсиятингизни тўлиқ ёки деярли тўлиқ англаш сизга нима учун керак? Ҳар қалай, буни сизга мен ёки яна кимдир айтгани учун қилмаяпсизку? Бу саволга турлича китобхон турлича жавоб беради. Майли, бошқаларни қўйинг — сиз бунга нима деб жавоб берган бўлардингиз? Баённинг давомини ўқишдан аввал, илтимос, шу ҳақида бир оз мулоҳаза қилиб кўрсангиз…

Албатта, барчамиз бу дунёга шунчаки бахтли бўлиш учун келамиз. «Шунчаки» деб соддалаштиришимга сабаб бахт жуда оддий тушунча деб ҳисоблашимдир. Бироқ бошқалар бошқача ҳисоблайди.

Аввалги суҳбатимиздан маълумки, бахт — бу инсон ўз кўнгли истакларига монанд яшаши. Ҳаётингиз қалбингиз ардоғидаги одамлар ҳамроҳлигида ва кўнглингиз тусаган нарсалар иштирокида кечса — бундан ортиқ яна қандай бахт бор, шундай эмасми? Ҳар ҳолда, мен шундай деб ўйлайман. Бироқ бошқалар бошқача ўйлайди бу борада.

Мана энди данагини ҳам ёриб, мағзига етиб келдик. Агар ҳаёт ўз истакларимизга эришиб, лапар айтганидек даврон сургани бағишланиши керак бўлса, биз энг аввало ўша истакларни аниқлашимиз керак. Мана шу ерда ўз шахсиятини тўғри ва етарлича одил баҳолай олиш қобиляти инсонга жуда аз қотади. Чунки истаклар тўғри аниқлансагина уларга эришиш жараёни ва натижасида одам ўзини бахтли ҳис қилади.

Бу ерда мантиқ жуда оддий: истакни тўғри аниқлаш учун ўша истак эгасини яхши билиш керак (ўзингизни яхши билмасангиз — нимани исташингизни қандай биласиз?). Агар бунда кишининг ўзлигини англаш қобиляти кетмони билан ерни сескантириб ҳосил оладиган деҳқондек абжир ва таб тортмас бўлса — марра уники. Агар у ўзини аксинча «менга тегма ва мен сенга тегмайман» йўсинида иш кўрувчи кекса бюрократ каби тутса — унда… унда нима бўлишини айтиб нима қилдим. Бари бир, буларнинг бари шунчаки менинг нуқтаи назарим, холос. Бироқ бошқалар бошқача назарда қарайди бу нарсаларга.

Демак, биз ўзлигимизни англашга ҳаракат қилиб, ўз бахтимизни ҳис этишга, унинг қўлидан тутганча, бутун ҳаёт йўлини босиб ўтишга интиляпмиз. Кимдир айтиши мумкин — эҳ-э, ўзликни англаш, кўнгилга қулоқ солишни ўрганиш жуда қийин иш, унга бутун умрингни сарфлаб қўйишинг ҳеч гап эмас. Бундай ҳақиқат эгаларига мен фақат бир сирни очибгина жавоб қайтаришим мумкин: бахт бу натижа эмас — жараёндир. Истакка эришишнинг ўзидан кўра, унга бориш йўлидаги қадамлар бахтнинг юқорироқ чўққилари, умрнинг мазмуни. Ахир, асл бахт натижа бўлган ўлим эмас — унгача борадиган сафар йўли бўлмиш ҳаётдир.

Ҳа, яна бир гап — сизга мен билан киитоб орқали суҳбат қилаётганингизда ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз, бу суҳбатдан воз кечинг деб бежиз айтмайман. Бу ўзимни катта олганимдан ёки сизни бу нарсаларни тушунишга ноқодир деб билганимдан эмас. Шунчаки, бу каби китобларни ўқиш сизнинг истакларингизга зид бўлиши мумкин — мен эса сизни асл истагингизга ва натижа ўз бахтингизга олиб борадиган йўлингиздан чалғитмоқчи эмасман. Бор-йўғи шу.

Бу суҳбатлардан мен сиздан кўра кўпроқ янги илм ўрганишим ёдингизда бўлсин. Сиз менга мен сизга ўргатгандан кўпроқ нарсаларни ўргатасиз — гарчи буни баъзида билмасангиз ҳам…

Душанба — Шахсият

Табиий ва орттирилган

Бугун мен сизга шахсиятимиз ўзагида турадиган тушунча ҳақида айтиб бермоқчиман. Сиз бугун онг ва унинг таркибий қисмлари билан яқиндан танишасиз. Аввалига, онг нима эканини таҳминан бўлса ҳам билиб олайлик.

Онг — бирор жараённи кузатиш, англаш ва унга тегишли муносабат билдириш қобиляти. Қорин очса — овқатланиш, чарчалса — дам олиш, ҳавф туғилса — химояланиш ёки қочиш кераклигини айтиб турадиган «маслаҳатчи» — бу онг.

Одамни бошқа мавжудотлардан фарқлаш учун уни «онгли мавжудот» деб аташади — бу бир оз нотўғри. Барча тирик мавжудотларга онг берилган — табиат барча тирик организмларни яшаб қолиши ва ўзидан насл қолдириши учун зарур билимлар заҳираси билан тақдирлаган. Дарахт ҳам қачон куртак ёзиб, қачон гул очишни, қайси пайт мева тугиб, қачон уларни ерга тўкишни билади. У ҳам атрофни кузатишни, у яшаётган муҳитдаги ўзгаришларга монанд хатти-ҳаракат қилишни уддалаши учун онг билан яратилган. Ёввойи кийик ҳам бир марта ҳавфга дуч келган жойига қайтиб бормасликка, борса ҳам эҳтиёт бўлиш кераклигига онги етади.

Онг ўз фаолиятини олиб бориши учун, унга атроф муҳитдаги жараёнлар ҳақида маълумотлар зарур бўлади. Тирик организмларда бу маълумот таъминоти турли хил сезги органлари орқали амалга оширилади. Фақат, у турли жонзотларда турлича бўлади — унисига кучли ҳид билиш қобиляти берилган бўлса, бошқасига ўткир кўз берилган бўлади. Ўсимликларда ҳарорат, ёруғлик, ҳаво намлиги ва бошқа нозик белгилар ўзгаришини аниқ сезиш қобиляти бор. Онг айнан шундай сезгилар орқали олинган маълумотни қайта ишлайди ва шунга қараб иш тутади.

Биз одамлар ҳам бундан мустасно эмасмиз — бизнинг онгимиз ҳам ҳудди шу тамойилда ишлайди. Аммо бошқа жонзотлардан бизнинг бир фарқимиз бор — бизнинг онгимиз озгина мураккаброқ тузилишга эга. Бизнинг сезгиларимиздан келаётган маълумотлар онгимизга боришида бир воситачи иштирок этади — бу, албатта, ақл. У маълумотлар оқимини тинимсиз кузатиб, тафтиш қилиб, саралаб, баҳолаб, бошқариб туради.

Одамзотга табиат мувазанатни тиклаш учун ақл ато этган. Ўз мавжудлигининг бошида одамзотнинг ҳеч бир сезгиси бошқа мавжудодларникичалик кучли бўлмаган. Бу ибтидоий одамнинг тирик қолиши учун етарли эмас эди — керакли ҳолатда зарур қарор қабул қилиш учун инсон онгига етарлича маълумот етказилмаган. Шу тақчилликни тўлдириш учун, бизга сезгиларимзидан келаётган оз маълумотни таҳлил қилиб, ундан қарор қабул қилиш учун етарли хулосани чиқариб берадиган «мослама» берилган.

Кийикнинг эшитиш қобиляти анча кучли — у атрофида бирор кескин товуш эшитса, орқа-кетига қарамай қочади. Бунда унинг эшитиш сезгисидан келган маълумот тўғридан-тўғри унинг онгига боради ва у эҳтимолдаги ҳавфдан узоқлашишга қарор қилади. Ваҳоланки, бу товушни кийик учун беозор бирор жонзот келтириб чиқарган бўлиши мумкин. Ёки, айтайлик, қуриган дарахт шоҳи синиб тушган бўлиши ҳам мумкин.

Одамнинг эшитиш қобиляти кийикникичалик эмас. Бироқ атрофида бирор товуш эшитса, у дарҳол қочишга тушмайди — унинг қулоқлари илғаган товушни аввал унинг ақли таҳлил қилиб беради. Кейин шу таҳлил натижалари онгга қарор қабул қилиш учун етказилади. Бу жараён жуда тез кечади — шунинг учун ақл эшитилган товушни ҳавф белгиси деб баҳоласа, онг керакли чораларни кўриш учун танага буйруқ беришга улгуради.

Инсон ақли ривожланиб боргани сари, у ўзига хос муаммоларни ҳам келтириб чиқарган. энг биринчи, ақл турли сезги органларига турлича аҳамят бера бошлаган (шу ерда ҳам муҳимлик!) — у ўзи учун қулай бўлган сезгиларни юқори қўйган ва онг эътиборини шу сезгилардан келган маълумотларга қаратган. Масалан, одам атрофдан маълумот олишда кўпроқ кўзларига таяна бошлаган. Бунга сабаб кўриш орқали олинган тасвирий маълумот қайта ишлаш учун осон эканидир. Одамзот бошқа сутемизувчилар каби тўрт оёқда эмас, икки оёқда қаддини тик тутиб юра бошлаган. Бу атрофни узоқроқ масофада кузата олиш имконини берган. Кўпроқ маъсулият кўриш қобилятига топширилгандан кейин, бошқа сезгилар кам ишлатила бошлаган ва вақт ўтиши билан улар яна ҳам сусайган. Масалан, бошнинг ердан узоқлашиши сабаб, ҳид билиш қобиляти деярли керак бўлмай қолган.

Бугунгача биз асосан икки сезги аъзога тобемиз — кўз ва қулоқ. Бошқа сезгилар сусайиши ёки йўқотилиши бизда кўриш ёки эшитиш қобилятини йўқотиш каби катта ҳавотир уйғотмайди.

Одамзотда ҳам, бошқа тирик мавжудодларда ҳам табиатдан берилган бошланғич билим бўлади. Бу табиий билимлар дунёга энди келган жонзот тирик қолиши учун заур. Чақалоқ ҳам оч қолса ёки бирор жойи оғриса, йиғлаш кераклигини билади, қаттиқ товушдан ва йиқилишдан қўрқади. Бундай табиий билимлар хотиранинг ҳар қандай таъсирдан ҳоли қисмида сақланади ва улар ҳеч қачон бизни тарк этмайди.

Ҳаёт давомида эса тирик мавжудод турли вазиятларга дуч келади, уларга онгли равишда муносабат билдиради ва шу муносабатларини хотирасига киритиб боради. Шу йўл билан у ўзига қўшимча билим орттиради — ва бу орттирилган билимлар кейинчалик ишлатиш учун хотирага ёзилади. Аммо улар қандайдир омил таъсирида йўқотилиши, янгиланиши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Ҳайвон ва ўсимликлар хотираларидаги орттирилган билимга вазият тақазо этганда мурожат қиладилар. Бошқа пайт уларнинг бунга, шунчаки, вақтлари бўлмайди. Улар мунтазам сергак турадилар — атроф дунёдан барча сезгилари орқали маълумот олишдан тўхтамайдилар. Чунки уларнинг ҳаёти шунга боғлиқ.

Одамзот эса ўзини турли хил йўллар билан мудофа қилиш чораларини олдиндан кўриб қўйишни ўрганган. Шу боис у мудом атроф дунёдан хабардор бўлиб туриши шарт эмас. Бундай бекорчиликдан нима қиларини билмай қолган ақл сезгилардан келаётган маълумотларни тўхтатиб қўйиб, хотирадаги эски маълумотларни қайта таҳлил қилишга тушади. Шунинг учун ҳаёлларига чуқур кириб кетган одам ёнига биров келганини ҳам сезмай қолиши мумкин.

Сезгилар — деҳқончилик ускуналарига ўхҳайди. Улар бизнинг ихтиёримизга фойдаланиш учун берилган. Ҳудди ишлатилмай турган меҳнат қуроллари занглаб қолгандай, улар ҳам қанча кам ишлатилса, шунча ўтмаслашиб, ожизлашиб боради. Шундан, минглаб йиллар мобайнида ақл ўсгани сари, одамзот сезгилари сусайиб келган.

Барча жонзотлар ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида сезгилари етказаётган маълумотларни билим қилиб тўплайди, бу билимларни ўз турини мукаммалроқ қилиш учун ишлатади. Шу билимлар сабаб, атроф муҳитга мослашувчанроқ бўлади, яшовчанлиги ошади. Бир сўз билан айтганда, ривожланишдан тўхтамайди.

Бошқа мавжудотлардан кўпинча ўзини юқори ҳисоблайдиган одамзот эса минг йиллардан бери ўз наслининг сезгилари ўлишига, турли хил ҳатарларга қарши туриш қобиляти, иммунитети сусайишига — одамзот деган турнинг табиий ривожланишда орқага қараб кетишига эришмоқда, холос. Ёввойи табиатда ҳеч бир жонзот ўз турига тажоввуз қилмайди — лекин табиий илдизларидан узоқлашган одамзот тарих давомида бир-бирини қириб келади. Бу ҳам бўлса, ақл ҳукмронлиги остида биз тараққиётда орқага қараб кетаётганимиздан дарак эмасми?

Табиий билимлар — яшаб қолиш учун етарли, холос. Тараққиётда илдамлаш учун кўпроқ орттирилган билим даркор. Бунинг учун эса онгимизни ақл ясаб берган олтин қафасдан чиқариб, унга ҳар бир лаҳзадан билим олишга имкон беришимиз керак. Ақл анойи эмас — у ўз тахтидан осонликча воз кечмайди. Лекин, унутманг, уни ҳам биз орттирганмиз — демак, жиловлаш ҳам ўз қўлимизда. Табиий ривожланишда илгари силжишга хизмат қиладиган билимлар — илмдир. Ақлнинг билим устидан тўлиқ ҳукми бор — лекин илм устидан унинг ҳеч бир ҳукми йўқ. Шундай экан, кучли шахс бўлишнинг энг самарали усули — илм орттиришдир.

ОИТС

«Орттирилган Илм Танқислиги Синдроми ёки ОИТС — одам шахсиятидаги унинг тўғри ва баркамол ривожланишига тўсқинлик қулувчи жихатлар фаолияти натижасида келиб чиқувчи ижтимоий зарарли ҳолат»

(шахсий изоҳли луғатимдан)

Тан олиш керак — иммунитет тизимига зарба берувчи ОИВ (одам иммунитети вируси) ўтган асрнинг энг ҳавфли касаллиги «унвони”ни олишга тўла ҳақли. Бу вирус организмнинг энг муҳим таркиби — химоя воситасига зарар етказади. У ҳудди қамалда тутилаётган шаҳарга яширинча кириб, унинг дарвозаларини босқинчиларга ичкаридан очиб берган жосусларга ўхшайди: у танага тушиб, унда бошқа касалликларнинг кириб келиши ва ривожланиб кетишига қаршилик қиладиган «аскар» қон доначаларига зарба беради. Натижада одам оддийгина грипп ёки бошқа енгил юқумли ҳасталикдан ҳам ҳалок бўлиши мумкин.

Аммо бу бўлимда биз унинг оғаси бўлган илм танқислиги синдроми ҳақида суҳбатлашамиз. Иммунитет танқислиги каби илм танқислиги ҳам алоҳида шахс ва бутун жамиятга катта ҳавф туғдиради.

Келинг, аввал билим ва илм тушунчаларини фарқлаб олайлик. Биламизки, одам икки метафизик дунёни ўзида жамлаган — моддият ва маънавият. Моддий дунёга ақлимиз, маънавий дунёга қалбимиз ҳукмрон. Бундан келиб чиқадики, моддий дунёни бойитиш учун тўпланадиган маълумот ва тушунчалар — билимдир. Маънавий юксалиш учун зарур тушунча ва қадриятлар — илмдир. Ҳар қалай, мен шундай тушунаман. Уларни моддий билим ва маънавий билим деб ҳам аташ мумкин.

Бугунги кунда моддий билимдан тақчиллигимиз йўқ, Худога шукр. Нима бўлса ҳам, маълумот асрида яшаймиз — бутун бир кутубхоналарни бармоғимиздек келадиган ускунага солиб юрса бўлади. Ўзимизда борини ўзимизда оляпмиз — ўзимизда йўғини замон имкон бергани учун чет элларга бориб эгаллаб келяпмиз. Хуллас, замон талабидаги моддий билимларни эгаллаяпмиз.

Аммо бу билимлар, ўз таърифига кўра моддий дунёни бойитишга хизмат қилади. Иқтисодчи миллатнинг моддий бойликларини кўпайтириш сирларини ўрганяпти, мухандис моддий жиҳоз ва ускуналар яратяпти, меъмор моддий бинолар қуряпти. Тиббиёт сирларини ўрганиб, жисмоний соғлигимизни мустаҳкамлаяпмиз — кимё ва физика орқали моддий дунё сирларини кашф этяпмиз.

Бироқ маънавий билимлар ҳақида ҳам шу даражада қайғуряпмизми? Маънавий билим учун дунё кезяпмизми? Илм учун ҳаётнинг бошқа фароғатларидан кечяпмизми? Талаб ва таклиф, элементар зарралар, шифобахш гиёҳлар ҳақидаги билимларга чанқоқмиз — инсонийлик, бунёдкорлик, ватанпарварлик каби хислатларга эга бўлишга етарлича ошиқяпмизми?

Албатта, билимга ўчлик қатори, илмга чанқоқлик ҳам ҳар замонда бўлган — ҳозир ҳам бор. Лекин моддият ортидан қувиб, маънавият кўп ҳолларда қаровсиз қолиб кетяпти. Боғимизнинг кўркини очиб тургани гуллар экиладиган жойга ҳам моддий фойда келтирадиган мевали дарахт экиб ташлаяпмиз.

Моддият ва маънавият ҳақида бир сирни очайми? Маънавий дунё бирламчи, моддий дунё эса иккиламчидир. Аслида, бу сир эмас — фалсафада идеализм ғояси айнан шу фикрни илгари суради. Сизнинг маънавий дунёйингиз қанча юксак ва мустаҳкам бўлса — моддий дунёйингиз ҳам шунга монанд бой ва сурурли бўлади. Бу таъкидни қанчалик тўғри тушунишингиз шахсий кучингиз даражасига боғлиқ.

Хўш, илм тақчиллигини нима келтириб чиқаради? Ҳар замонда илм тарқалиши ва одамларнинг маънавий юксалишига жахолат тўсқинлик қилган. Бу ақл тимсолида бизда яшайдиган шайтоннинг инсон манфатига қарши қўллайдиган энг тубан қуроли.

Жахолат — моддий билимлар тақчиллиги эмас. Моддий билимлар етишмаса — саводсизлик келиб чиқади. Бундан одам ва жамият моддий зарар кўради, холос. Аммо жахолат — бу маънавий билимлар, яъни илм тақчиллигидир. Бунинг оқибатида одам ва жамиятнинг маънавий соғломлигига зарар етади. Саводсизликдан кўрилган моддий талофатни бартараф этиш нисбатан осон — аммо маънавий йўқотишнинг ўрнини тўлдиришга кўп вақт ва куч керак бўлади.

Илм олишни истамаслик, илмнинг асл баҳоси ва аҳамятини тўла англамаслик, билимни илмдан устун қўйиш кабилар жахолатнинг аломатлари. Кўпчилик тўлақонли бахтли ҳаёт учун кучли ва кенг қамровли билимларнинг ўзи кифоя деб ҳисоблайди. Лекин, гап шундаки, билим қанча кўп бўлмасин, уни керакли ўзанга солиб турадиган илм тақчиллиги моддий билимлардан олиш мумкин бўлган самарани туширади.

Жахолат — ўзидан кўпайиш хусусиятига эга. У одам атрофидаги жараёнларни сергак баҳолай олмаслигига сабаб бўлибгина қолмай, одамнинг шахсий ўсишига хизмат қилиши мумкин бўлган илмларни ундан нари тутишга интилади.

Айнан шунинг таъсирида биз илм манбаининг «сифатини» аниқалшга ҳаракат қиламиз. Тўғрида — ҳар ким айтган гапни илиб кетавермайдику одам деган. Йўқ — илиб кетавермасин, ахир, унга фаросат, мантиқ шунчаки совға қилинмаган. эшитсин, кўрсин, таҳлил қилсин, ҳаётга солиштирсин — кейин хулосасини чиқараверсин. Аммо кўп ҳолатда бизга келаётган билимнинг манбаи арзимас туйилгани учун, ундан олдиндан юз ўгирамиз.

«Фалончи жуда маънили гапларни айтибди» — «Ким экан ўзи у?» — «Аниқ билмайман, аммо ёшгина — ҳали ўттизга ҳам кирмаган» — «Ҳа, ҳали муштдек бола экан, қанақа маънили гап гапириши мумкин?» — «Лекин сиз бир эшитиб кўринг» — «Э, қўйинг. Ундан кўра, пири комил Фалоний нима деганини айтинг. Ана шундай кўпни кўрган одамларгина маънили гап айтиши мумкин»…

Бу билим манбаини ёшга қараб ажратишга мисол, холос. Одамлар ихтиёрида илминг «нави» қандайлигини аниқлаш учун бошқа кўплаб мезонлар бор: ирқ, миллат, эътиқод, насл-насаб, жинс. Аслида эса илмни ҳар ким ва ҳар нарсадан ўрганса бўлади. Мен кўп нарсани табиатдан — ўсимликлар, ҳайвонлар, табиатдаги турли жараёнларни кузатиб, уларнинг асл моҳиятини англашга ҳаракат қилиб ўрганаман. Шунинг учун фикрларимни асослашда табиатдан мисоллар тез-тез учрайди. Шунингдек, мен ҳеч бир айирмачиликсиз турли одамларни кузатаман, уларнинг мақсад ва интилишлари, ҳаётий фалсафалари ва муаммолари билан қизиқаман.

Кимдир менга «китобларингизда айтаётган ҳамма тамоилларга ўзингиз амал қиласизми?» деб савол берди. Мен, табиийки, «йўқ» деб жавоб бердим. Ўша одамнинг мендан кўнгли қолди. Мен ҳайрон бўлдим — ўқувчилар мендан нимани кутаётганини тушунолмай ҳайрон бўлдим. Муҳимликнинг зиёни ҳақида шунча гапирсам ҳам, одамлар шахсий муҳимлик туйғусига эргашаверганига ҳайрон бўлдим. Агар мен айтганларимнинг ҳаммасига амал қилсам — одам эмас, мукаммал мавжудот бўлиб қоламан. Мен ҳам фазилат ва нуқсонлардан иборат оддий одамман. Агар айтаётган тамоилларининг ҳаммасига амал қиладиган мавжудот ёзган китобнигина жиддий қабул қилишга — фақат ундан илм ўрганишга аҳд қилган бўлсангиз, қўрқаманки, илмсиз ўтиб кетасиз. Шахсий муҳимлик туйғуйингиз оддий одам улашмоқчи бўлган илмни сизга раво кўрмаса… мен бу борада бир нима дейишдан тийинаман, холос.

Мен илм дўконимни очиб, бисотимдаги бор молларни расталарга териб қўйяпман — кимга нима ёқса, олаверсин деб. Бу моллар турлича — бири кимгадир мос келади, бошқаси — яна кимгадир. Бунда ҳаридорнинг кўнгли ўзи танлаб олаверади. Бироқ агар мен фақат ўзим ишлатадиган молларнигина дўконга қўйсам, расталарнинг ярми ҳам тўлмайди. Мен бу билан ҳаридорни танловдан чеклаб қўйган бўламан. Ундан кейин, бу бир жихатдан манманлик бўлади — фақат ўзим ишлатган молларни таклиф қилиш «менга ўхшаб, мендан ўрнак олиб яшанг» дейиш бўлмайдими? Ундан кўра, энг сифатли молларимнинг барини тортиқ этай — ҳар ким ўз диди, дунёқараши, эътиқоди ва шахсий кучига қараб ўзига мосини, айнан унинг учун фойдалисини танлаб олаверсин.

Илм ҳақида яна бир гапни айтиб ўтишим жоиз. Бошқаларнинг яшаш тарзи ва тамоилларини танқид тарозисига солиб кўриш — илмлилик белгиси эмас. Балки, бу билим кўплигидандир — лекин зинҳор илм кўплигидан эмас. Илмли одам ким ҳақу, ким ноҳақлигини ажратиш учун моддий билимлар етарли эмаслигини яхши англайди.

Менга кўпчилик илм ўргатишни илтимос қилиб мурожат қилади. Лекин уларнинг аксари илм эгаллашга моддий манфатни кўзлаб интиладилар. Шуни билган ҳолда мен уларга рад жавобини бераман — илмнинг асл мақсадини аниқлаганингизда таклифингизга рози бўламан деб уларни қайтараман. Табиийки, улар бу таъкидимни тушунмайдилар — бунга уларнинг илм ва шахсий куч даражалари етмайди.

Билим кўплиги ҳам жахолатга олиб келиши мумкин. Агар одам ўз муҳимлигини мустаҳкамлаш учун билим тўплаган бўлса, у борган сари кўп ва етарли нарса билишига ишониб қолади — бу эса янги билимлар унга келишини қийинлаштиради. Олаётган маълумотларини фойдали-фойдасизга ажратиш учун етарли билимга эгаман деб ўйлашлари уларни кўп ҳолларда энг фойдали билимлардан маҳрум этиб қўяди. Шунинг учун, ҳар доим билимларингиз сақланадиган омбор эшигини очиқ қолдиринг — уни ёпмасангиз ҳам, сизнинг билимларингиз у ердан чиқиб кетиб қолмайди. Қайтамга, янги билимлар ҳеч бир тўсқинликсиз сизнинг измингизга кириб келади. Янги билимлар баъзи эски билимларнинг нотўғри ёки номукаммал эканини кўрсатиб бериши мумкин — шунда бу эски билимларни очиқ эшикдан хотиржам кизатиб қўяверасиз. Бунинг номи очиқ фикрлилик дейилади.

Энди сиз моддий билим ва маънавий илм ўртасидаги фарқни биласиз. Ўз шахсиятингизни маънавий юксакликка кўтарадиган илмлар ортидан қувиш тадбирини ўз ихтиёрингизга қолдираман. Илмнинг ҳам ўзини ўзи ошириш хусусияти бор — унга шундай қилишга имкон берилса бўлгани.

Онг дастурлари

Биз тўплаган билимларни онгимиз хотирамизга дастурлар сифатида киритиб боради. Ҳар қандай янги маълумот билим сифатида хотирага киритилишидан аввал бир неча марта такрорланиши лозим. Қайта-қайта амалда қўлланилиб, хотирага дастур сифатида киритилган билимларгина — ҳақиқий билимдир.

Мендан кўпчилик тил ўрганувчилар бир муаммони ҳал қилишда маслаҳат сўрайдилар — улар чет тилидаги янги ёд олган сўзларини эслаб қола олмаётганларидан шикоят қиладилар. Бунинг сабаби жуда оддий — улар ўша янги сўзларни, шунчаки, маълумот сифатида ёдлайдилар, амалда эса уларни кам қўллайдилар. Бунда маълумот билим сифатида доимий хотирага киритилмайди — у маълум муддатгача қисқа хотирада тутиб турилади ва сўнг унутилади.

Қисқа хотира — янги олинган маълумот билим сифатида доимий хотирага ёзилгунча уни такрорлаш учун маълум муддат тутиб турадиган онг қисми. Баъзида биз уни муддатли маълумотларни сақлаш учун ҳам ишлатамиз. Масалан, ишдан уйга қайтаётганда йўлда дўконга кириб, нон ҳарид қилишни ўйлаб қўйдингиз. Бу маълумот қисқа хотирага ёзилади ва сиз режалаштирилган ишни бажаргунингизгача сақланади. Дўкондан нон сотиб олгандан кейин эса, уни тутиб туришга ҳожат қилмайди ва у ўчирилади.

Қисқа хотира сиғими ҳар хил одамда ҳар хил бўлади. Унинг ҳажми одамнинг сергаклик даражасига боғлиқ — одам қанча сергак бўлса, унинг қисқа хотираси шунча катта маълумотни тутиб тура оладиган бўлади. Аста-секин сергакликни ошириб бориб, қисқа хотира сиғимини ҳам кенгайтириш мумкин.

Қисқа хотирани компютернинг оператив хотирасига қиёсласа бўлади — унинг ҳам сиғими чекланган бўлгани сабабли, у тўла турганда янги маълумот кириб келса, у энг биринчи ёзилган маълумотларни ўчириб ташлаб янги маълумот учун жой ажратади. Айтайлик, дўкондан нон олишни ният қилгандан кейин ҳам сиз кўп нарсалар ҳақида ўйладингиз. Бунда қисқа хотирангизга янги кирган маълумотлар эскисини суриб чиқаради ва сиз нон олишни унутиб қўясиз.

Қисқа хотирада тутиб турилиб, амалда қайта-қайта қўлланилган маълумот билим сифатида доимий хотирага жойланади. Ана шу билим — ҳақиқий. У ҳеч қачон сизни тарк этмайди. Узоқ пайт ишлатилмаса, хотиранинг улар жойлашган қисмига борадиган йўлни йўқотишингиз мумкин — лекин озгина машқ билан буни дарҳол тузатиб оласиз.

Доимий хотирадан жой олган дастурлар — бу фақат мактаб ёки олий ўқув юртида олинадиган билимлар эмас. У ерга бизнинг одатларимиз, хулосаларимиз, тажрибамиз, комплексларимиз ва ҳатто қўрқувларимиз ҳам дастур сифатида киритилган бўлади.

Ундан кейин, доимий хотира фақат онгда жойлашган бўлмайди — доимий хотиранинг ўзига хос тана хотираси деб аталувчи қисми бор. Бу ерда тананинг турли ҳолатларда ўзини қандай тутиши, алоҳида ҳаракатларни қандай бажариш кераклиги ҳақидаги дастурлар ёзилган бўлади. Масалан, ҳали юришни билмаган гўдак аста-секин атта-поя қилишни бошлаганда, унинг танаси янги тур ҳаракатларга аввал кўникади. Қайта-қайта такрорлангандан сўнг эса бу ҳаракатлар тана (ёки мускул) хотирасига дастур сифатида ёзилади ва бола юришни ўрганиб олади.

Онг дастурлари жуда-жуда фойдали нарса. Улар бизнинг аралашувимизсиз ҳам керакли хатти-ҳаракатларни ва жараёнларни амалга оширади ва бизни ҳамма нарсани мунтазам назорат қилиб туриш мажбуриятидан ҳалос қилади. Бу ҳудди замонавий тайёралардаги автоматик бошқарувга ўхшайди.

Масалан, сиз бирор зинапояга яқинлашганингизда аввал қайси оёғингиз билан унга қадам қўйишингизни ўйламайсиз — буни танангиз ўз-ўзидан қилаверади. Тана хотирасидаги дастур зинагача масофани таҳминан ҳисоблаб, қайси оёқ биринчи зинага қадам ташлашини олдиндан аниқлаб бўлади ва шунга монанд иш тутади.

Аммо, афсуски, доимий хотирадаги барча дастурлар ҳам бу каби фойдали эмас. Биз ўзимиз билмаган ва истамаган ҳолда у ерда зарарли дастурларни ҳам ёзиб қўямиз. Булар, одатда, ижтимоий қўрқувлар ёки комплексларга тегишли дастурлардир.

Масалан, биз катталар бола тарбиясида кўпинча бир зарарли дастурни унинг онгига ёзиб қўямиз — қулоқсизлик қилса, уни доктор билан қўрқитамиз. Натижада, болада шифокорларга нисбатан ижтимоий қўрқув ҳосил бўлади ва у оқ кийим кийган ҳар қандай одамни кўрганда шу зарарли дастур таъсирида ваҳимага тушаверади.

Бахтга қарши, болаликда бизга сингдирилган зарарли дастурларни ўзгартириш ёки ўчириб ташлаш жуда қийин. Яхшиси, бола тарбиясида унинг онгида бундай дастурлар пайдо бўлишига йўл қўймаган маъқул. Агар бу дастурлар кейинги ҳаётда катта муаммога айланса (масалан, болаликда орттирилган ижтимоий қўрқув кейинчалик фобияга айланиб кетса), бунга психолог ёрдамини жалб этишга тўғри келади. Бунда икки усулдан бири қўлланилади: биринчиси — одамни қўрққан нарсаси билан юзлашишга мажбурлаб, унга ўз қўрқувини енгиб чиқишга ёрдам берилади; иккинчиси — одам онгида зарарли қўрқув дастурининг таъсирини енгиб кетадиган янги бир дастур яратилади (бошқача қилиб айтганда, одам фобия таъсирига қарши эмланади). Биринчи усул бир оз ҳавфли, лекин анча самарали. Иккинчисида самара камроқ — аммо киши саломатлигига зарар етиши эҳтимоли ҳам кам.

Болаликдан қолган дастурлардан фарқли ўлароқ, ўсмирлик ва катталикда орттирилган зарарли дастурлардан қутулиш анча осон. Бунинг учун одамдан озгина жасорат ва сергаклик талаб этилади. Шахсиятдаги турли зарарли комплекс ва қўрқувлардан ҳалос бўлиш учун, одам юқорида таърифланган икки усулдан бирини қўллаши мумкин. Бунда биринчи усул (яъни муаммо билан очиқ юзлашиш) қўрқувларни бартараф этишда кўпроқ самара беради. Қўрқувлардан батамом қутулмагунча, уларнинг таъсиридан ҳоли бўлиш мушкул — шунинг учун ҳам эмлаш усули бу ерда самара бермайди.

Иккинчи усулни комплекслар билан курашда ишлатса бўлади. Масалан, нуқсонлилик комплексига қарши киши ўз шахсиятини бошқаларга солиштирмаслигини таъминловчи янги дастур киритиш мумкин. Бунда янги шифодастур комплекс зарарини бартараф этади ва одам ҳаётини енгиллаштиради.

Янги дастур яратиш тамоили, аввал айтилгандек, жуда оддий — одам маълум муддатгача қисқа хотирасида янги дастур қоидасини тутиб туради ва онгли равишда уни қайта-қайта ҳаётда қўллайди. Вақт ўтиб, бу қоида дастур сифатида доимий хотирага ёзилади — яъни одам ўзига буни одат қилади. Одатга айланган дастурлар эса диққат назоратисиз ҳам ўз ишини бажараверади.

Мана, сиз ўз онгингизни кераксиз дастурлардан тозалаш ва уни янги фойдали дастурлар билан бойитиш сирлари билан танишиб олдингиз. Бу жараёндаги энг катта ёрдамчингиз — сизнинг сергаклигингиз бўлади. Онгингиз устудан назоратингиз кучли дегани — ўз шахсиятингиз устидан ҳукмингиз катта деганидир. Кучли шахсиятни тарбиялашни онг дастурларини тафтиш қилишдан бошлаш лозим.

Сохта шахсият

Бесплатный фрагмент закончился.
Купите книгу, чтобы продолжить чтение.
электронная
от 180
печатная A5
от 338