электронная
180
печатная A5
385
16+
Ўзлик сари етти қадам

Бесплатный фрагмент - Ўзлик сари етти қадам

Объем:
158 стр.
Возрастное ограничение:
16+
ISBN:
978-5-4493-7253-6
электронная
от 180
печатная A5
от 385

Муаллифдан

Азиз Суҳбатдош,

Қўлингиздаги китоб — жуда антиқа. Йўқ, уни ўзга сайёраликлар ёзиб кетмаган — аммо, барибир, у сиз аввал кўрган китобларга ўхшамайди. У билан танишиш давомида ўзингиз ҳам бунга амин бўласиз. Ундан кейин — бу китобни сиз танладингиз, сиз танлаган китоб эса одатий ва зерикарли бўлишига ишонмайман.

Анчадан бери шундай китоб ёзишни ният қилиб юргандим. Фақат уни бошлашга ҳеч қунт қила олмасдим. Баъзида одамлар учун фойдали бўладиган китоб ёзиш учун билимларим етарли эмасдек туюларди, гоҳида бундан муҳимроқ деб билган юмушлар билан чалғиб кетардим. Аммо бугун сиз замондошим билан азбаройи суҳбатлашгим келди. Сиз билан кўрган-кечирганларим ва билган-уққанларимни баҳам кўриш истаги уйқу бермай қўйди.

Китоб сарлавҳаси — ҳар хил китобхонда турлича таассурот уйғотади. Бир қарашда, ўзлик ҳар доим ўзимиз билан биргадек туюлса ҳам — кўпчилигимиз ундан йироқдамиз. Мен сизга бахтли бўлиш учун қандай яшаш кераклигини ҳам ўргатмоқчи эмасман. Тўғри-да — мен ким бўлибманки, сизга ҳаёт сабоғини берсам? Ҳаётини бировлар маслаҳатига асосланиб қурадиганлар учун Карнеги ва унга ўхшаш муаллифлар бир сандиқ китоб ёзиб ташлашган — бир умрга бемалол етади.

Мен, аксинча, сиздан ўрганмоқчиман. Сиз менга кўп нарсани ўргатишга қодирсиз. Бу қобилиятингиз ҳақида ўзингиз ҳам билмаслигингиз мумкин — аммо шундай. Ҳар замонда муаллифлар китобхонлар билан асарлари орқали бўлган суҳбатлардан жуда кўп нарсани ўрганишган. Кичик ҳикояга бўлса-да муаллифлик қилган киши буни тасдиқлайди.

Мен сиздан очиқ фикрлилик ва дилкашликни ўрганаман. Энг қизиғи шундаки, сиз ҳам менга таълим бериш жараёнида ўзингиз ҳақингизда кўп нарсаларни билиб оласиз. Кимки ўзи ҳақида ҳамма нарсани биламан деса — у ўсишдан тўхтаган шахсдир. Биз ўзимиз ҳақимизда жуда кам биламиз. Шундай экан, келинг, ўзимизни тадқиқ этишга бир ҳафтамизни бағишлайлик. Айнан бир ҳафта сизга китоб мазмуни билан нафақат танишиб чиқишга, балки уни ҳаётга солиштириб боришга ҳам етарли бўлади. Ишонинг — бу саъй-ҳаракатлар ўзини юз баробар қилиб оқлайди. Мана кўрасиз.

Огоҳлантириш!

Ўз шахсияти билан юзма-юз келишга ҳадиксирайдиган, қўрқадиган ва бундан ваҳимага тушадиган дўстларимиз бу китобни ўқимасин. Агар юқорида айтилган гаплардан кўнглингиз бузилган бўлса — ҳозироқ китобни сотувчига олиб боринг-да, пулингизни қайтариб олинг. Бунинг иложи бўлмаса, уни бошқа бировга сотиб ёки совға қилиб юборинг. Жуда бўлмаса, пулингизга ачинмай, уни аҳлат қутисига ташланг — хуллас, ундан тез ва сифатли халос бўлинг.

Нимага дейсизми? Чунки агар сиз мен баён қилмоқчи бўлган нарсаларни эшитишга тайёр бўлмасангиз, бунга руҳий ва шахсий кучингиз етмаса, китоб сизга фойдадан кўп зарар етказиши мумкин. Бу ҳақида огоҳлантирмасликдек масъулятсизликка менинг ҳаддим сиғмайди.

Агар гапларим сизда ҳеч бир безовталик уйғотмаган бўлса — унда сиз сирлашишга тайёрсиз. Ҳа-ҳа — биз айнан сирлашамиз. Китоб сизга жуда кўп сирларни очади. Аммо сиз ҳам бунга жавобан энг яширин сирларингизни китобга тўкиб солишингиз керак бўлади. Ахир, сирлашиш бир томонлама бўлмайди-ку.

Мутолаа давомида сизга баён гўё фикрларингизни ўқиётгандек — айнан сиз ўйлаган нарсани айтаётгандек туюлиши мумкин. Аммо бу сизни ташвишга солмасин. Китоб сизнинг фикрларингизга бостириб кириб, хаёлларингизни ўғирлагани билан, у ҳеч қачон ҳеч бир сирингизни бирор кимга сотиб қўймайди. Чин сирдош ана шунақа бўлади.

Сиз билан сўзлашиш услубим жиддийликдан ҳоли, енгилтак бўлиб кўринмасин — жиддийлик ҳеч қачон самарали қурол бўлмаган. Сизга бу китобда айтадиган гапларим — менинг юрагимдан чиққан. Юракдан чиққан гаплар мана шунақа енгил, ҳаммага тушунарли ва зарқоғозга ўралмаган бўлади. Сиз билан бизни дилдан суҳбат кутяпти. Сиз ҳам бу суҳбатда фақат қалбингиз билан сўзлашишингизни истардим…

Хўш, бошладикми?

Бошладик

Дунё яралибдики, одамзот бахтни излайди. Аммо, негадир, ўзини бахтли деб рост гапирадиганлар жуда кам. Жуда ғалати — одам ер остидаги темир рудаси ёки табиий газ заҳирасини топишга бир кун сарфлайди-ю, бахтни излаб топишга бутун тарих ҳам етарли эмас. Балки, биз нотўғри излаётгандирмиз-а? Бошқа усулда излаб кўрсакмикан? Ундай деса, кўплаб манбаларда бахтга эришишнинг минглаб йўллари келтирилган — лекин бундан бахтлилар сони кўпайгани йўқ. Биз бахтни нотўғри ердан излаётган бўлсак-чи? Бунга ҳам қарши далиллар бор — ҳар хил одам бахтни ҳар хил ердан излайди, аммо ҳаммаси ҳам топавермайди. Балки, бахт деган нарсанинг ўзи йўқдир? Бунга ишониш ҳаммасидан қийин — оддий инсоний бахт ҳам мавжуд бўлмаса, бу дунёнинг мукаммаллиги қаерга боради?

Бахтга интилишнинг хато йўлидан боришимиз рост. Бахтни излаш усулимиз чиндан ҳам нотўғри — айнан, излашимиз нотўғри. Буни қарангки, бахтни излаш керак эмас экан — уни кўзлаш, мўлжаллаш, кутиш, у учун курашиш, унга қурбонлар келтириш ҳаётнинг энг бахтсиз кўриниши экан аслида.

Бахтимизни қаердан излашда ҳам адашамиз. Бизнинг бахтимиз ташқи дунёда эмас, айнан бизнинг ичимизда, шахсиятимизнинг тубида жойлашган. Биз атроф дунёдан ўз бахтимизни талаб қилиб сарсон бўлиб юрарканмиз, бахтимиз кун келиб нигоҳимизини ўзимизга қаратишимиз, кутилмаганда ўз қалбимиздан чексиз ёрқин бахтни топиб олишимизни сабр билан кутаверади.

Яшаш санъати — бу бахтли бўлиш санъатидир. Бахт келгувчи ва кетгувчи эмас — у мудом биз билан юргувчи. Аслида биз унга гоҳи қараймиз, баъзан билиб-билмай ундан юз ўгирамиз. Ўз-ўзидан юз ўгирган одам — ўз бахтидан юз ўгирган, ўз қалби хотиржамлигини бошқа манфаатлар ҳақи қурбон қилган бахтсиздир.

Мана сизга биринчи сир: ўзи бахтли бўлмаган одам бошқа одамни бахтли қила олмайди. Буни шундоқ ҳам ҳамма билади дейсизми? Тўғри — бундан ҳамма хабардор, аммо камдан-кам одам бунинг асл маъносини билади. Майли, сизга бошқачароқ қилиб айтаман: ўзлигини англамаган одам, ўзгани тушуна олмайди. Бироз ойдинлашдими? Ахир, ҳар биримиз бизни кимдир тушунишини истаймиз. Бир одам бошқасига уни тушунибгина кўнгил хотиржамлигини инъом этиши мумкин. Бироқ бошқаларни тушуниш — биз ўйлаганчалик осон иш эмас.

Майли, бошқаларни тушуна олиш қобилияти — иккиламчи масала. Аввал ўзимизни, ўзлигимизни англаш ҳақида суҳбатлашайлик. Ушбу китобнинг ярмидан кўпроқғи айнан ана шунга бағишланади.

Душанба — Шахсият

Сиз кимсиз?

— Сирдош, сизга ажойиб саволим бор.

— Хўш-хўш?

— Сиз кимсиз?

— Бу нима деганингиз?

— Яъни сиз «мен» деганда кимни назарда тутасиз?

— Ўзимни. Мен — Сирдошман.

— Демак, сиз — бу сизнинг исмингиз экан-да?

— Фақат исмим эмас. Мен кимнингдир фарзанди, кимнингдир дўсти, кимнингдир севгани, яна кимнингдир душманиман.

— Демак, сиз — бу сиз кимгадир нисбатан тутган ўрнингиз, ролингиз экан-да?

— Шунақа деса ҳам бўлади. Яна мен романтикман, шоирман, бир оз дангасаман, қизиққонман — хуллас, ҳар хил фазилат-у камчиликларга эга оддий одамман.

— Туғилишингиздан аввал ҳам ўшандай оддий одам эдингзими? Ўлимдан сўнг ҳам худди шундай бўлиб қоласизми?

— Билмадим…

Бу суҳбатни тўлиқ ёзадиган бўлсам — битта китобга сиғмайди. Лекин айнан «Мен кимман?» деган саволга қай даражада аниқ жавоб бера олишимиз ҳаётимизда муҳим ўрин тутади.

Қадим замонлардан буён буюк мутафаккирлар одамзотнинг бу дунёда тутган ўрни ҳақида бош қотириб келган. Бирлари йиллар давомида табиат ва жамиятни кузатиб, одамзот бу улкан оламда атиги бир зарра эканини англаб етишган. Бошқалари одамзотни бутун дунёни ўзгартиришга қодир мавжудот эканига яққол далилларга дуч келишган. Хўш, улардан қай бири ҳақ?

Ҳар бири ва ҳеч бири.

Уларнинг ҳар иккиси ҳам ҳақ — чунки улар ўз ҳақиқатларини ҳақиқий мисоллар билан тасдиқлай олишади. Ўзингиз ўйлаб кўринг — минг қилса ҳам, биз табиат қонунларига бўйсуниб, бу коинотнинг бир зарраси бўлиб яшаймиз (ҳар ҳолда, ҳаммамиз ер тортиш кучи таъсиридамиз). Аммо бошқа томондан, биз атроф дунёга сезиларли даражада таъсир ўтказа оламиз — буни исботлаш учун сўнгги асрда атроф-муҳитга етказган зараримизни чамалаб кўрсак бўлгани. Шундай экан, қарама-қарши икки ғояни ёқловчилар ҳам ҳақ.

Аммо одамзотни денгиздан бир томчи деганлар ҳақиқати инсонни улуғлаганлар ҳақиқатига тўғри келмайди ва аксинча. Исталган ҳақиқатни инкор этувчилар албатта топилади. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳеч бири ҳақ эмас.

Бошингизни қотириб юбордимми? Майли, соддароқ гапираман.

Яхшиси, сизга навбатдаги сирни очишдан бошлай. Уни қарангки, бу дунёда сиз тўғри деб ўйлаган ва ишонган нарса айнан сиз учун ҳақиқат экан. Бу биргина сизнинг ҳақиқатингиз ва у баъзида бошқаларникига мос келмайди. Шу мос келмаган ҳақиқатлар боис шахсий келишмовчиликлардан тортиб, уруш ва инқилобларгача келиб чиқади.

Дунё шунчалар мукаммал яратилганки, у ҳар ким уни қандай кўрмоқчи бўлса — айнан унга шундай намоён бўлади. Нима — ишонмайсизми? Мана сизга исбот.

Квант физикаси деган физиканинг энг ёш бўлими бор. Унда олимлар атомнинг элементар заррачалари бўлган электрон, нейтрон ва протонларни янада майдароқ заррача — квантларга парчалаб ўрганишади. Ана ўша энг майда заррачаларни ўрганишда физиклар ажойиб ҳолатда дуч келишган.

Ишониш қийин, аммо квантлар кузатувчи фикрига қараб ўз хусусиятларини ўзгартирар экан. Яъни, айтайлик, сиз физик олимсиз ва сиз квантни махсус суперускуналар билан кузатмоқчисиз. Агар сиз квант ўзини майда заррача сифатида намоён қилади деб ўйласангиз — квант сизга майда заррача сифатида намоён бўлади. Агар сиз квант сизга тўлқин сифатида кўринишини кутсангиз — худди ўша квант сизга тўлқин тарзида кўринади.

Хўш, ҳали ҳам шубҳаланяпсизми? Майли, мана сизга навбатдаги исбот.

Физиологлар, яъни одам танаси тузилиши ва хусусиятларини ўрганувчи олимлар, жуда қизиқарли тажриба ўтказишган. Бир аёлни одам миясидаги жараёнларни кузатиб турадиган ускунага жойлаштириб қўйишган.

Шундан сўнг олимлар аёлга «Ҳозир биз сизнинг бармоғингизни муздек сувга соламиз» деб айтишган. Бироқ улар аслида аёл бармоғини хона ҳароратидаги сувга солишган, фақат бунда аёлнинг қўлига совутилган металл парчасини яқинлаштиришган. Кейин, улар аёлга «Энди биз сизнинг бармоғингизни қайноқ сувга соламиз» дейишган. Бироқ улар тағин аёл бармоғини хона ҳароратидаги сувга солишган — фақат бу сафар аёл қўлига қиздирилган темир яқин келтирилган.

Биринчи ҳолатда аёл миясида совуқликни сезиб, унга реаксия берадиган ҳужайралар кенгайган — яъни аёл ростдан ҳам яхдек сувни сезган. Иккинчи ҳолатда эса аёл бармоғи сувга тегиши билан уни тортиб олган — аёл оғриқни сезган ва бармоғини куйдириб олганига ишонган…

Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Аммо буларнинг бари нимадан далолат беришини англаш — ҳаммасидан ҳам қизиқарли.

Сиз — бу сиз ишонган ҳақиқатлар жамламаси. Сиз ўзингизни ким деб билсангиз — танангизни ташкил қилган ҳар бир квант шунга монанд ҳаракат қилади. Сиз ишингизни билиб қилишингизга ишонсангиз — демак, сиз ишбилармонсиз. Сиз унча-мунча касалликларга қарши тура олишингизга ишонасизми — демак, сиз соғлом ва тетиксиз. Сиз ўз иммунитетингизга унча ишонмайсизми — демак, сиз мудом беморсиз. Сиз омаднинг ортидан қувасизми — демак, сиз шундоқ ҳам омадли эканингизга ишонмайсиз, омадни тутиб олишим керак деб ўйлайсиз ва омадсиз ҳаёт кечираверасиз. Сиз тўғри маслаҳатлар бера олишингизга ишонасизми — демак, сизга қулоқ тутадиганлар талайгина. Ва ҳоказо, ва ҳоказо.

Сиз — бу сиз ўзингиз ҳақингизда тасаввур қилган шахс. Фақат сиз бу тасаввурингизни шубҳа-ю ишончсизлик билан булғаб қўясиз. Сиз учун ҳаяжонли ҳолат бўлганда ҳаяжонланишга, хафа бўлиш керак бўлган ҳолатда хафа бўлишга программалаштирилгансиз. Буни тан оласизми йўқми — сиз жамият ва ўзингиз сиз учун тузиб берган дастурлар жамламасидан бошқа нарса эмассиз.

Аммо бу ҳолатни ўзгартириш мумкин. Бунинг учун бир оз очиқ фикрлилик ва сабр талаб этилади. Сабр сизга аввалига керак бўлади — кейинчалик ўзингиз ҳақингизда янги кашфиётлар қилишга шу даражада қизиқиб кетасизки, сизда бунга иштиёқ пайдо бўлади. Иштиёқ бор жойда эса сабрга ҳожат йўқ.

Эгизак дунёлар

Мен сизга аввалги бўлимда келтирганим — сизнинг шахсиятингизга берилган юзаки таъриф эди, холос. Келинг, энди чуқурроқ кириб кўрамиз.

Ҳар бир шахсият бир-бирини тўлдириб турадиган икки дунёдан иборат. Уларнинг иккиси ҳам ташқи кўринишдан сизга жуда ўхшайди — бу маънода улар эгизак. Аммо уларни астойдил ўргансангиз — улар бир-биридан тубдан фарқ қилишига амин бўласиз.

Қанақа мужмал нарсалар ҳақида гапиряпти деб ҳайрон бўляпсизми? Бироз сабр қилинг — мен сизга бу икки эгизак дунёнинг яралиш тарихини айтиб бераман. Шунда ҳаммаси ойдек равшан бўлади.

Жуда кўпчилигимиз болаликдан эшитиб келган бир ҳикоя бор. Бу, албатта, Тангри инсонни яратгани ҳақидаги ривоят. Мен сизга айнан шу ҳикоятни эслатмоқчиман — фақат эътибор беринг.

Худо ер-у осмон, ой-у қуёш, ўсимлиг-у ҳайвонларни яратгач дунё мукаммаллиги учун яна бир мавжудотни яратмоқни ният қилибди (ҳамма эзгу амаллар тагида эзгу ният туриши ана шундан бошланган). У тупроқдан Одамнинг жисмини яратибди ва унга жон ато этиш учун ўз нафасидан руҳ яъни қалб киритибди.

Шунда Тангри фаришталарни ҳузурига чорлаб, «Барчангиз Одам қаршисида таъзим қилингиз!» деб буюрибди. Барча фаришталар Яратганнинг чексиз қудрати меваси — Одам қаршисида бош эгибдилар. Биргина Иблис ўз мағрурлиги боис бундан бош тортибди. «Мен оловдан (нурдан) яралганман, бу эса қора тупроқдан бинога келган. Мен ўзимдан қуйи мавжудотга бўйин эгмайман» — дебди Иблис. Шунда Тангри «Эй Иблис, сен неники билган бўлсанг мен сенга билдирган нарсаларнигина биласан. Уққан бўлсанг — мен сенга уқиш имконини берган нарсаларнигина уққансан. Шундай экан, менинг чексиз марҳаматим олдида бош эг!» — деб буюрибди. Аммо Иблис қайсарликни қўймабди. Бу ўзбилармонлигига жазо тариқасида Тангри шайтонни Жаннатдан ер юзига сургун қилибди.

Одамзотни эса Жаннатга ҳоким қилибди. У Жаннат боғидаги ҳеч бир маҳлуқотдан қўрқмас экан — чунки Худонинг амри билан барча жонзотлар бир-бирларига меҳрибон ва ғаразсиз эканлар. Унга Беҳиштнинг барча неъматларидан баҳраманд бўлиш эркинлиги берилибди — фақат биргина мевани танаввул қилиш ман этилибди.

Одамга ҳамроҳлик ва дилкашлик қилиши учун Тангри Ҳавони яратибди. Иккиси Жаннатда бахтли яшаётганини кўра олмаган Иблис илон қиёфасида Жаннатга кириб, Одам ва Ҳавога яқинлашибди. «Сизга бу мевага тегиш нега ман этилганини биласизми?» — дебди у, — «Агар сиз бу мевадан еб кўрсангиз, сиз Худо билган нарсаларни билиб оласиз, уникичалик қудратга эга бўласиз. Худо буни истамайди, шунинг учун у сизларга бу мевани ман этган. Ишонмааизми? Ундан бир дона еб кўринг».

Иблиснинг макрига ишонган Одам ва Ҳаво қизиқувчалник қилиб ман қилинган мевадан узиб еб кўришибди. Мева оғзиларига тегиши билан уларга ақл-фаросат битиб, ўз яланғочликларини англаб уялиб, дарахт барглари билан уятли жойларини тўсиб қолишибди.

Одам ва Ҳавога ман қилинган мева — ақл меваси экан…

Ҳар биримизда икки дунё мужассам — қалб ва ақл. Кўпинча иккиси зиддиятда. Тўғрироғи — ақл қалбга қарши чиқиб қолади. Қалб — ўз-ўзича мукаммал дунё. У зиддиятга боришни, ғазабланишни, хафа бўлишни, ёмон кўришни билмайди. У фақат севишни ва эзгуликка интилишни билади.

Бироқ ақл нуқсонлардан ҳоли эмас. У ғаразгўй, аразгўй, манфаатпараст ва калтабин. Ҳа-ҳа — ақл охирини кўра билмай иш қилишга уста. У мудом режалар тузади, ҳисоб-китоб қилади, ишонади, умид қилади, истайди, излайди — аммо унинг айтганлари ҳар доим ҳам тўғри чиқавермайди. Чунки у — қалбчалик мукаммал эмас.

Барчамиз мукаммал қалб билан дунёга келамиз. Чақалоқнинг ақли — оппоқ қоғоздек, унга ҳали ҳеч нарса ёзилмаган. Аммо бу узоққа бормайди — яшаш муҳити ва ота-она дарҳол қўлларига қалам олиб, ўз тушунчаларидан келиб чиққан ҳолда, бу оқ қоғозни ёзув билан тўлдира бошлайдилар. Бу жараён бутун умр давом этади — оила, мактаб, жамият ўз ҳақиқатларини киши онггига дастур тарзида киритиб бораверади.

Сиз-у биз шунчалар ишонган ақл ана шундай шаклланади.

Дунёда бажарилиши шарт бўлган бир қонун борки, унинг олдида барчамиз ожизмиз. Бу, албатта, мувозанат қонуни. Одамзот ҳам ўзига хос қарама-қаршиликлар тўплами — бир ёқда эзгулик маёғи бўлмиш қалб турса, бошқа томонда манфаат таъқибчиси — ақл туради.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз — нима учун ақлсиз жонзотлар Охирзамонда ажрсиз Жаннатга киритилади? Нима учун телба одамни кўпинча бегуноҳ банда дейишади? Чунки уларда ақл йўқ. Биз одамлар ақлимизга ишониб, шу даражага етганмизки, ўзимизни Тангрининг бошқа мавжудот-у маҳлуқотларидан юқори ҳисоблаймиз. Тўғрида, ахир, одамни ҳайвон билан тенглаштириш — гуноҳи азим. Шундаймикан?..

Ақлсиз ҳайвон фақат қорни очса, ёки ўзи ва насли ҳаётига хавф туғилсагина бошқа жонзотни ўлдиради. Онгли инсон эса — шунчаки, мароқ учун ҳам ўлдираверади (овга чиқмаганмисиз?). Ақлсиз ҳайвон фақат мавсуми келиб, насл қолдириш зарурати бўлгандагина жуфти билан қовушади. Онгли одам бўлса истаган пайтда истаганча шаҳвоний лаззатга берилади.

Ҳайвонларнинг, ва умуман — ҳар қандай тирик жонзотнинг ҳам руҳи — қалби бор. Улар ҳам Тангрининг буюк қудрати меваси. Дунёда бир мавжудот қолганларидан юқори қилиб яратилмаган. Муқаддас битикларда бу борлиқдаги неъматлар инсон ҳаётини фаровон этиш учун яратилгани айтилади. Бундай таъкидни ўзини «коинот маркази» деб билган одамзот жуда хато тушунган. Бунда Яратганнинг марҳаматини кўра билиш ва унга шукр келтиришга ишора этилган аслида. Буни қарангки, ўша биз ўзимиздан қуйи деб билган мавжудотлар бизсиз яшай олади (ёввойи табиатни назарда тутсак) — биз эса уларсиз яшай олмаймиз. Улар бизга эмас — биз уларга қай даражададир тобемиз.

Кўпчилигимиз ақл ва қалб тушунчаларини фарқлашга қийналамиз. Мисол учун «ақлдан озган» иборасини қандай тушунасиз? Сизнингча, ақлдан озган одам пичоқ олиб, ўнг-у сўлда ҳаммани сўйиб юриши мумкинми?

Аслида бундай одамнинг ақли ишдан чиқмаган — балки унинг қалби тамоман кўмиб ташланган. Одамда уни хатти-ҳаракатга ундовчи икки куч бор — бири қалб, бошқаси ақл. Кўп ҳолларда киши кўнгли истаган нарсасини ақли хоҳламайди (кўнгил музқаймоқ егиси келади — аммо ақл томоқ оғриб қолиши хавфини сабаб қилиб буни рад этади). Ёки кўнгил истамаган нарсани ақл хоҳлайди (кўнгил шу одам билан бахтли бўлолмаслигини, уни севолмаслигини ҳис этиб, у билан турмуш қуришни истамайди — аммо ақл бу одамнинг бадавлатлигини кўриб бунга рози бўлади). Бундай майда ва, баъзида, катта иккиланишлар ҳаммамизда бўлади.

Афсуски, қалб ва ақл баҳсида кўпинча ақл устун келади. Баъзи одамлар кўнгилларига қарши курашда шу даражага бориб етадики, уларнинг қалби қаттиқ аразлаб «ўз ғилофига ўралиб» олади. Бунда ақл «якка ҳукмрон”га айланади ва босар-тусарини билмай қолади. Психлар ана шундай етишиб чиқади.

Бунда тахминан шундай ҳолат рўй беради. Ақл ва қалб деган икки болакай бор. Улар дунё деган катта уйда яшашади ва ҳар куни ҳаёт деган ўйин ўйнашади. Аммо ҳар куни бу ўйиннинг қоидаларини ақл белгилайди. Бўлмасамчи — ахир, у ҳамма нарсани билади. Кўнгил эса ўз истакларини ақл буйруқларига қарши айтолмайди — ахир, у жуда кўнгилчанг. Борди-ю айтса ҳам, ақл уни дарҳол койиб беради. Охир оқибат ақлнинг феълидан зериккан қалб ўйнагиси келмай қолади ва бир бурчакка қисилиб, жим ўтираверади.

Бекорга психиатрлар ўз беморларини кўнглига йўл топишга ҳаракат қилмайдилар. Улар ўйин давомида қаттиқ аразлаб ёки қўрқиб кетганидан катта уйнинг бир бурчагига беркиниб олган болакайни топишлари керак. Агар улар шу болакайни топиб, уни юпатиб, унга ширинлик бериб, уни авраб гапиртириб, яна ўйинга қайтара олишса — бемор тузалади.

Юқорида айтилган фикрлардан кимдир ақл инсонни фақат ёмон қилмишларга ундар экан деб хулоса қилиши мумкин. Мен ақл буюрган ҳар қандай иш хато демоқчимасман. Фақат шуни эсдан чиқармаслик керакки, ақл нимани истамасин, бунинг ортида иложсиз қандайдир манфаат ётади. Бу қандай манфаат эканини идрокнинг ўзи ҳам англамаслиги мумкин.

Дунё шундай ажойиб тузилганки, унда манфаатга эришишнинг энг самарали йўли — манфаатсиз иш қилиш. Қалбингиз доим ҳеч бир манфаат ортидан қувмаган нарсани буюради. Йўқ, тўғрироғи, унинг ягона манфаати — бу унинг истаги.

Бунга яна янги туғилган чақалоқни мисол қилиш мумкин. Унинг ҳали онги шаклланмаган. У истаган нарсасини қилади — яъни кўнгли истаган нарсани. Оч қолса — йиғлайди, тўйса — ухлайди. У ўз қалби истагидан бошқа нарсаларнинг ортидан қувмайди. Шунинг учун унга ҳамма нарса берилади — меҳр, эътибор, яшаш учун шароит. Болалигим — подшолигим дегани бежиз эмас, ахир. Болаликдаги бизнинг тенгсиз ҳокимиятимиз сири — ҳеч бир манфаатсиз, фақат кўнгил амрига бўйсуниб қадам ташлашимиздадир.

Аммо катталар ўзларига эътиборни талаб қилиб ўрганишган — бунга уларни ақллари ундайди. Тўғри-да, уларнинг бу дунёда ўз ўрнилари бор, шунга яраша атрофдагилар уларга ҳурмат кўрсатишсин. Лекин айнан шу эътиборталаблик ортидан биз кўпинча эътибордан четда қоламиз.

Ўйлаб кўрса, одамдаги ҳар қандай салбий жиҳат — бу ақлнинг меваси. Нафрат, жирканиш, ғурур, кибр, ҳасад, рашк, гина каби туйғулар; худбинлик, хасислик, тортинчоқлик, шошқалоқлик, ўзбилармонлик каби феъл-атвор жиҳатлари ақл фаолияти натижаси. Ҳайвонларга бу нарсалар бегона — шер кийикни емоқчи бўлиб қувганда унга нисбатан на ғазаб ва на нафрат ҳис этади. Аммо биз бу ҳолатни кўрсак, шерга нисбатан ғазаб, кийикка нисбатан ачиниш туйғусини ҳис этамиз. Нима ҳам қилардик — онгимиз шунақа тузилган. У ҳар доим ҳамма нарсага ўз баҳосини беришга кўникиб қолган.

Ҳеч қачон ҳаётда хато қилишдан қўрқманг — хато қилмаслик учун ҳеч нарса қилмаслик керак. Ҳеч бир одам хато ишлардан суғурта қилинмаган — беайб Парвардигор. Бироқ хатонинг олдини олишнинг биргина муҳим тамойили бор: ҳар қандай қарор қабул қилинишида қалбингиз иштирок этсин. Агар бирор ишга аҳд қилсангиз-у, кўнглингиз бу қарорингиздан нотинч бўлса — бу ишдан воз кечганингиз маъқул.

Ҳаммаси шунчалар осон — ҳам қийин. Қийинлиги шундаки, одамлар ўз қалбига қулоқ солиш қобилиятини йўқотиб бормоқдалар ва юқоридаги тавсиялар амалий фойда бермаслиги мумкин.

Биласизми, ақл ва қалб — кўпинча ҳар хил нарсани истаганлари билан — бир мақсадни, яъни сизнинг фаровонлигингизни кўзлайдилар. Фақат ақл бунда устунликка интилаверади. Аслида эса қарор қабул қилишга қалб ихтисослашган — ақл эса бу қарорни амалга ошириш йўлларини излаш билан шуғуллангани маъқул. Агар вазифалар шундай тақсимланишига эриша олинса, ҳаётда инсон афсусланадиган нарсалар деярли қолмайди.

Ақл билан қалбни дўстлаштиринг — улар иттифоққа киришса, сиз бу дунёда қила олмайдиган иш бўлмайди.

Кўпчилигимиз бировнинг ақллилик даражасини унинг билимдонлиги билан ўлчаймиз. Аммо ақл — бу билим, билим эса — бу ақл эмас. Ақлли одам билимсиз бўлиши, билимли одам ақлсиз бўлиши мумкин (бунга ҳайрон бўлманг). Қадимгилар биздан оз нарса билишган, лекин шу оз билимдан ҳам унумли фойдаланиб яшашган. Биз, ахборот асри одамлари, улардан анча кўпроқ нарсани биламиз — аммо шундаям ақлий фаолиятда аждодларимизчалик бўлолганимиз йўқ.

Билимга ақлсиз ҳам эга бўлиш мумкин. Шердан қочаётган кийик йиртқич унга етиб олса, унинг ҳаёти барҳам топишини билади — гарчи буни англамаса ҳам. Бу билимни унга қалби етказади. Бу билимни унга табиат ато этган.

Аслида қалб дунё билимлари майдонига тўғридан-тўғри улана олади. Кўнгилнинг бу қобилиятидан бошқа жонзотлар усталик билан фойдаланадилар. Инсон эса ақлига таяниб атроф дунёни ўрганишга шу даражада кўникиб кетганки, буни қалби орқали амалга ошириш қобилиятини сустлаштириб қўйган.

Интуитсия (қалб билими) шу даражада тўғри ишлайдики, кўпчилигимиз бунга шахсан амин бўлганмиз ва буни рад эта олмаймиз. Бирор ишга кўнглингиз бўлмаса, бирор жойга оёғингиз тортмаса, ёки ичингизда нимадир сизга бирор ишни буюриб қолса — сиз билан қалбингиз сўзлашяпти демак. Она фарзанди узоқ сафардан қайтаётганини сезиб туради. Баъзи одамлар эса ўз ҳаётлари поёнига етаётганини аввалдан билиб, бунга тайёргарлик кўра бошлайдилар.

Қалб билиши мумкин бўлган нарсалар на вақтда ва на фазода чекланган бўлади. Ақлга эса маълумот олиш учун восита керак (кўз, қулоқ ва бошқа сезги органлари каби). Кўнгил билмаган нарсани ақл билиши мумкин эмас — аммо ақл билмаганини қалб билади. Интуитив билимлар шунинг учун ҳар доим тўғри бўлади.

Бу дунёда бошқалардан кўпроқ ёки озроқ биладиган одам йўқ — ҳар биримизда чексиз билим манбаи — қалбимиз бор. Дунё деган муаллимдан сабоқ олиб, қалб деган дарсликдан кўпроқ мутолаа қилиб турсак — бахт учун ана шу етарли.

Гапларим худди телбаликни тарғиб қилаётгандек туюлиши мумкин. Аммо менинг мақсадим сизда ақлдан воз кечиш истагини уйғотиш эмас. Тўғри, телба одам бахтли яшайди, чунки у ғам-ташвишни билмайди, англамайди. Аммо, унутмангки, у бахтли ҳаёт кечираётганини ҳам англай олмайди.

Ҳайвон ва ўсимликларнинг буюклиги шундаки, улар ўз буюкликларини билмайдилар ва ундан мағрурланмайдилар. Бизнинг бахтимиз шундаки, биз ҳаётимизнинг бахтли онларини идрокан ҳис эта оламиз, бунга шукрона келтира биламиз. Балки, бизнинг ягона буюклигимиз ҳам ана шундадир…

Бўлди. Энди китобни ёпинг-да, камида бир соат дам олинг. Бу вақтда бугунга режалаштирган бошқа ишларингизни қилиб олишингиз мумкин. Фақат у қоғозга тикилиб қилинадиган иш бўлмасин. Кўзингизга дам беринг — сайрга чиқсангиз ҳам майли. Бу муддат сиздаги иштиёқ даражаси бироз кўтарилиб олиши учун зарур.

Бир соатдан сўнг кўришамиз.

Қамалдаги шахсият

Келинг, сизга бир эртак айтиб берай.

Қадим-қадим замонларда бир шаҳар бўлган экан. Унинг бир золим подшоҳи бўлиб, у фақат ўз билганича иш тутар, на вазирларининг маслаҳатларига ва на шаҳар аҳолисининг арзларига қулоқ солар экан.

Узоқ ўлкалардан келувчи савдогарлар шаҳарликларга бошқа мамлакатларда одамлар қандай эркин яшашлари, маданий ривожланишда катта ютуқларга эришгани, ўз табиатларини маънавий юксак қилиб тарбиялашгани ҳақида айтиб берар экан. Шаҳарликлар бу гапларни ҳавас ва надомат билан эшитар, борган сари ўз шоҳларидан норози бўлиб қолишар экан.

Аҳоли орасида бундай норозиликни бартараф этиш ва бўлғуси ғалаёнларнинг олдини олиш учун маккор шоҳ ўз шаҳри дарвозаларини батамом беркитиб, шаҳарни ташқи дунёдан узиб қўйишга қарор қилибди.

Бу қарори шаҳарликларнинг кучли норозилигига сабаб бўлишини билган шоҳ вазиятдан чиқиб кетишнинг жуда айёр йўлини топибди. У ўз аскарларининг бир қисмини тунда яширинча шаҳар ташқарисига олиб чиқиб, уларни ўзга мамлакат аскарларидек кийинтирибди. Уларга тонг отиши билан шаҳарга ҳужум қилиб, уни қамалга олишни буюрибди.

Эртасига сохта лашкар шаҳарга ҳужум қилибди. Шоҳ ҳимояланиш важи билан шаҳар дарвозаларини мустаҳкам беркитишни буюриб, ҳар бир дарвозага қаттиққўл соқчи қўйибди. Кимки шаҳардан чиқишга ҳаракат қилса, у душманга сотилган хоин сифатида қатл этилиши эълон қилинибди.

Шу тариқа шаҳар аҳолиси қамал остида эканига ишонтирилибди. Йиллар ўтибди ҳамки, подшоҳ ҳийласи бўлган «душман» қамални ечмабди.

Ўсиб бораётган шаҳар аҳолисига турар жой ва озиқ-овқат етишмай қолибди. Устига-устак, шаҳарда турли касалликлар тарқай бошлабди. Натижада аҳоли ўсишдан тўхтабди. Озиқ-овқат ва яшаш муҳити учун рақобат кучайгани сари, одамлар ваҳшийлашиб, тубанлашиб борибдилар.

Атроф дунё ривожланишда давом этаверибди. Аммо қамалдаги шаҳар бузғунликка дучор бўлибди. Ўттиз йилдан сўнг шаҳар аҳолиси икки баробарга қисқариб кетибди. Ярим асрдан кейин эса шаҳарда золим шоҳ ва унинг яқин соқчиларидан бошқа ҳеч ким қолмабди…


Эртакнинг охири аянчли — унинг якунини ўйлаб топишни сизга қолдираман. Аммо унда жуда муҳим сабоқ яширин.

Китобхон, мен очмоқчи бўлган навбатдаги сир сизга мутлақо ёқмаслиги мумкин. Лекин очиқ қалб ва очиқ фикрлиликни сақлай билсангиз — мен ҳақ эканимга амин бўласиз.

Ҳар биримизнинг дунёйимизда ана шундай шаҳар мавжуд. Бу — сизнинг шахсиятингиз шаҳридир. Уни сизнинг ақлингиз қамал қилган. Нега деб ўйларсиз? Худди эртакдаги золим шоҳ каби сизнинг шахсиятингиз устидан тўлиқ ҳокимиятга эришиш учун. У сизнинг ҳар бир қарорингиз ва хатти-ҳаракатингизни бошқаришга, ҳаётингизни ўз хоҳишига кўра қуришга интилади.

Билим — бахт калити. Аммо, афсуски, кўпинча билим — сизнинг шахсий ўсишингизни тўхтатиб қўядиган, маънавий юксалишингизга қаршилик қиладиган «сохта душман». У, албатта, сизнинг ақлингизга бўйсунади. Фақат у шу ақл буйруғига кўра душман кийимини кийиб олган ва сизнинг қалбингизни қамалда сақлайди.

Ишонмайсизми? Айнан сизнинг хатти-ҳаракатларингиз бунга исбот. Сиз бирор нарсада хато қилсангиз, уни осонгина тан оласизми? Йўқ. Биров сизга тўғри маслаҳат берса-ю, у сизнинг ақлингиз интилган нарсаларга мос келмаса — бу маслаҳатга қулоқ соласизми? Йўқ. Сиз кўпи билан ўзингизни у одамнинг маслаҳатини олгандек қилиб кўрсатасиз — аммо барибир ўз билганингиздан қолмайсиз.

Бизнинг ақлимиз шу даражада айёр ва уддабуронки, у тамоман атроф-дунёни қандай кўришимизгача таъсир қилади. Агар ақлингиз чиройли кийинган одам бадавлат бўлади деб қонун чиқарган бўлса, сиз кийиниши чиройли бўлган одамни ўзингиз билмаган ҳолда олийнасафлар тоифасига қўшаверасиз. Агар сизни, айтайлик, қора кўзойнак таққан одам алдаб, чув тушириб кетган бўлса, сизнинг ақлингиз қора кўзойнак таққан бошқа ҳар қандай одамга шубҳа билан қарайверади.

Бундан ташқари, ҳар биримизда оила, мактаб ва жамият таъсирида «яхши» ва «ёмон» нарсалар ҳақида тушунча шаклланиб қолган. Ақлимиз бу тушунчаларни қонун даражасига кўтариб, улар воситасида дунёни борича кўришимизга ҳалал беради.

Айтайлик, бизга ёшлигимиздан ичкиликбозлик жуда ёмон эканлиги уқтириб келинади. Натижада ақлимиз спиртли ичимликни ёмонлик белгиси деб қоида қилиб қўяди. Сиз ароқ дўкони олдида турган одамни кўриб қолсангиз, у ҳақида яхши хаёлга боришингиз қийин. Агар у чўнтагидан пул олиб санаб қўйса — у ғирт ароқхўр эканига ишонасиз қўясиз. Ваҳоланки, у ароқ дўкони олдида бошқа мақсадда турган, пулни эса касал ётган фарзандига дори олиш учун дўкон эгасидан шошилинчда олган қарзини тўлаш учун санаётган бўлиши мумкин.

Юқоридаги каби мисолларни минглаб келтириш мумкин. Хулоса эса аниқ — дунёни ақлимиз ўрнатган қоидалар асосида баҳолаш, атрофингизда аслида кечаётган жараёнларни кўра билмаслик дегани.

Аммо энг катта муаммо бундамас ҳали.

Энг ачинарлиси, ақлининг гапига эргашишда ўта чуқурлашиб кетган одам шахсий, яъни маънавий ўсишдан тўхтаб қолади. Бунинг энг яққол мисоли — ҳамма нарсани билишга даъво қилган одамдир. У ўз билим ва тушунчаларига шу қадар тобе бўлиб қолганки, ўзгалар фикри ва қадриятлари унинг учун хато бўлиб кўринаверади.

Албатта, сиз бундай одам эмассиз. Бу китоб ундай одам қўлига тушса эди, у энсаси қотиб ёки масхаромуз кулиб, китобни елкасидан ошириб ташлаган бўларди. Тўғрида — у шундоқ ҳам қандай яшаш кераклигини билади, бунда унга дарслик керак эмас.

Бесплатный фрагмент закончился.
Купите книгу, чтобы продолжить чтение.
электронная
от 180
печатная A5
от 385