16+
Тахмина

Объем: 604 бумажных стр.

Формат: epub, fb2, pdfRead, mobi

Подробнее

СОЛИҲ ҚАҲҲОР
ТАХМИНА
Саргузашт роман
АННОТАЦИЯ

Фарғоналик ёзувчи Солиҳ Қаҳҳорнинг эларо машҳур «Дайди қизнинг дафтари» романи катта тиражларда қайта-қайта нашр қилинди. Бироқ мазкур асарни ўқишга бўлган иштиёқ кенг китобхонлар ўртасида ҳали-ҳануз кучайиб бораётгани кўпчиликка маълум. Бу ҳолдан фойдаланиб қолишни кўзлаган бир гуруҳ чапдаст «ношир» лар ҳатто «Дайди қиз» нинг минг-минглаб ратопринт нусхаларини кўчириб, улгуржи китоб бозорларида пуллашга ҳам улгуришди.

Бугун қўлимизга теккан «Тахмина» романи муаллифнинг китобхонлардан тушган кўплаб мактублардаги истак ва таклифларни, адабиётшунос олимларимиз томонидан ҳамда айрим матбуот чиқишларида баён этилган танқидий фикру мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, «Дайди қизнинг дафтари» ни ғоявий-бадиий жиҳатдан қайта ишлаши асносида ҳосил бўлган мукаммал асардир.

МУАЛЛИФДАН

Арабларда шундай ҳикмат бор: «Дунёдаги жамийки нарса вақтдан, вақт эса эҳромлардан қўрқади». Вақтдан қудратлироқ, вақтдан даҳшатлироқ, вақтдан шафқатсизроқ ҳукмдор йўқ. Бу ёруғ оламда мавжуд неки бўлмасин, вақт уни аста-секин кемириб, қўпориб, тугатиб боради. Унинг ниҳоясини, пировард натижасини барибир Вақт белгилайди. Вақт фақат бир нарсадан, биз иймон келтириб сажда қиладиган, сиғинадиган, эъзозлайдиган, авайлаб-асрайдиган, муттасил бойитиб борадиган эҳромларимиз — қалбимизда, онгимиз ва шууримизда жо бўлган инсоний пок ақидаларимиздан қўрқади. Бу нарсаларни ҳеч қачон емириб, кемириб, ўлдириб бўлмайди. Бу бизнинг иймонимиз, руҳимиз, ёлғиз Оллоҳимиздир. Вақт инсонни жисмонан ўлдиради, бироқ у яратган, у бойитган муқаддас эҳромлар наслдан-наслга ўтиб яшайверади, янаям пойдор бўлиб бораверади. Шундай эҳромлар борки, Ёруғлик ва Поклик, Эзгулик ва Гўзаллик, Севги ва Садоқат, Меҳр ва Шафқат, Умид ва Ишонч, Илҳом ва Қўшиқ бўлиб яшайди.

Шул эҳромлар борки, Инсон инсон бўлиб оёқда туради. Шул эҳромлар боис, Олам мунаввар, Ҳаёт барқарордир. Бироқ бу ёруғ дунёга инсон бўлиб келибки, ул эҳромлар унинг қалбидан жой ололмаптими, бундайин одамнинг оддий ҳайвондан фарқи йўқ — Вақт ҳукми билан ўлиб кетаверади, бунга ҳеч ким ажабланмайди, ачинмайди. Бандаси гуноҳлардан фориғ эмас ва ундан қочиб қутулолмайди ҳам. Бироқ гуноҳларни кимки билиб туриб қилса, бундайин бадбахтлик ва рўисиёликдан Ўзи асрасин. Кимки билмай туриб гуноҳ қилса, Ўзи раҳм ва шафқатини дариғ тутмасин. Шунинг учун ҳам Оллоҳ олдидаги тавба-тазарру чоғида гуноҳларимни ўзинг кечир, деб эмас, балки билиб-билмай қилган гуноҳларимни ўзинг кечиргил, дегувчимиз.

Иллатни ҳеч қачон унинг айнан ўзини кўрсатиш учунгина тилга олманг. Иллатдан фақат кўзингизга табиий бўлиб кўринаётган қайсидир ҳақиқатни очиб бериш мақсадидагина фойдаланиш лозим. Шундай вақтлар бўладики, одамларга ҳаётда ана шундай ҳақиқат ҳам борлигини ва ундан халос топиш ҳамда аҳволни ўзгартириш зарурлигини эслатиб қўймоқ зарур. Зеро, нуқул яхшилик ва гўзаллик ҳақида гапириш ҳамиша ҳам иш беравермайди.

Уильям ФОЛКНЕР

ҲАСРАТ КЕЧАСИ
Биринчи фасл

I

— Сиз учун кутилмаган бир таклифим бор, — деди бош муҳаррир Талъат ака ўз одатича сокин ва мулойим оҳангда, — таҳририят топшириғи, деб ҳисоблашингиз ҳам мумкин…

Хориж сафари олдида турган кезларим. Ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ югур-югурлар вақтимни кўпроқ банд қилиб турибди. Жиддийроқ мавзуда мақола ёзиш кўнглимга ўтирмаслигини раҳбарият ҳам тушунади. Шу боис, бошлиқ ҳузурига чақиртиришганида оддийроқ бирон юмуш бордир, деган ўйда кирувдим бу ерга.

— Қулоғим сизда. Таклиф бўлса, ўйлаб кўраман. Топшириқ бўлса, на илож…

Бош муҳаррир менинг лўнда жавобимдан хиёл истеҳзоли жилмайиб, «яхши-и…» деб қўйди ва шошмасдан ўрнидан туриб келиб, ёнгинамга ўлтирди. Кейин юзимга ўйчанроқ ва синовчан қиёфада боққанча, аста сўз қотди:

— Суюқоёқ қизларга, аниқроғи, суюқоёқ аёллар мавзусига… ҳушингиз қандай?

Кутилмаган саволдан ҳайронликка тушувдимки, — у «шошма» маъносида ўнг кафтини кўтарди.

— Ажабланманг, ука, — давом этди у. — Газетамизнинг яқин сонларидан бирида ана шу мавзуда мунозарали мақола чоп этиш ниятим бор. Ўзингиз тушунасиз, анча долзарб масала бўлиб турибди.

— Лекин… Нега энди мен? Ахир, сафар олдида турган бўлсам…

— Улгурасиз. Улгурасиз, — у қатъият билан бир тиззамга қўлини босиб, ўрнидан турди ва креслосига бориб чўкди-да, кейин илова қилди: — Қолаверса, бу борада иш тажрибангиз кам эмас. Масалан… Бир вақтлар газетамизда босилган «Шантаж» деган мақолангизни эсланг…

Ногоҳ ўша воқеалар пироварди кўз олдимда жонланиб, таъбим хира тортди. Ахир ўша «Шантаж» туфайли озмунча азиятлар чекмадимми…

Кечагидек эсимда: Шаҳарда миш-миш тарқалиб қолди: Нима эмиш, Куйдирги деган фоҳиша қиз чиқипти! Шунақаям чиройли, шунақаям оташ эмишки, ҳар қандай имони бут эркак ҳам уни кўрганда тутдай тўкилиб қолармиш.

Ўша кунлари менга ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан фош этилган ва анча шов-шувга ҳамда шармандаликка сабаб бўлган бир жиноий ишни газетада ёритиш вазифаси топширилди-ю, ана шу баҳонада худди ўша «куйдиргижон» билан тасодифан учрашиб қолдим.

Жиноий гуруҳ Рашод исмли ашаддий бир товламачи бошлиқ рекетчи зўравонлардан, улар билан ҳамкорлик қилган бир гуруҳ фоҳиша қизлар ҳамда шаҳардаги бир меҳмонхонанинг масъул ходимларидан иборат эди. Жабрдийдалар эса… Пул деган нарсани хазондек йиғиб олиб, хазондек совуриб яшаётган бир гуруҳ маишатпараст корчаллон-амалдорлар!

Маълум бўлишича, четдан жалб қилинган ва бу атроф учун ҳали нотаниш, гўзал ва ёш суюқоёқ қизлар ана шу ишратпарастларга тузоқ ўрнида ишга солинган. Учрашувлар, одатда, ўша меҳмонхонанинг оромижон хоналарида бўлиб ўтган.

Мана, ишратпараст жаноб «қирчиллама йигит» бўлиб тайинланган хонага кириб келди, дейлик. Меҳмонхона бекаси унга «ҳали анча ғўр ва гўллиги туфайли шу ишга рози бўлган «бокира момақаймоқ» ни рўпара қилади. Қиз эркакка эндигина «таслим» бўлган пайтда хона ичида давангирдай-давангирдай йигитлар пайдо бўлишади. Улардан бирининг қўлида видеокамера, ётганларни ипидан игнасигача боплаб суратга оляпти. Шундан сўнг уёғи нима бўлиши ўзингизга тушунарлидир. «Бокира» лигича қолган ҳалиги қиз юз берган воқеадан сираям ажабланмайди. Оҳистагина ўрнидан туриб кийинади-да, индамай хонадан чиқиб кетаверади. У билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Гап нимадалигини эндигина тушуниб етган, қўрқув ва шармандаликдан дир-дир титраётган жанобни маромида суратга олиб бўлишгач, зўравонлар асосий мақсадга кўчишади:

— Жонингдан, амалингдан, обрўйингдан умидинг бўлса…

Ана шу тарзда тузоққа тушиб, катта-катта тўловлар эвазига қутулиб қолганлар орасида шаҳар умумий овқатланиш трести директори Ҳаким Саматов деганлари ҳам бор эди. Унга юқорида гап бораётган Куйдиргини рўпара қилишган экан. Бу гал ҳам «операция» бинойидек ўтган, бироқ Саматов шартлашилган пулнинг ҳаммасини беролмаганидан, ўртада жанжал чиқади. Куйдирги «ҳал қилувчи» хизмати учун арзимаган ҳақ тўлашганига аччиғланиб, товламачи Рашодни прокуратурага «сотиб» қўяди. Шунинг учун ҳам терговга оширилган мазкур жиноий ишда Куйдирги иштирокчи сифатида эмас, балки асосий гувоҳ ҳисобланарди.

…Бир мунча кексайиб қолганига қарамай, баланд ва барваста жуссасини ғоз тутиб юрадиган, қиёфаси жиддий, бироқ хуш табиатли шаҳар прокурори Мирзаматовнинг иш кабинетида ўтирибмиз. Тергов ишлари тугаб, бугун-эрта судга оширилиши лозим бўлган «рашодчилар делоси» бўйича прокурорнинг шахсий мулоҳазаларини оляпман. Шу пайт кабинет эшиги очилиб, ичкарида… баланд пошна туфлию жинси шим кийган, дуркун кўкраклари ялтир-юлтур кофтасидан потирлаб чиқиб кетаётгандек, қадду басти ғоят хушбичим, 20–25 ёшлардаги оппоққина, сулув бир қиз пайдо бўлди. Қайрилма қошлар, ўнг ёноғига қўнган нўхатдай тим қора холини кўриб, уч кунлик ҳилол билан йўлдош турган Зуҳро юлдузи кўз олдимга келди.

— Мумкинми, прокурор ака?..

— Буни қабулхонада сўраш лозим эди, — бироз жеркиброқ берди Мирзаматов. — Раз кирдингми, энди киравер.

Қиз прокурорнинг танбеҳига эътибор бермади. У ўзини эркин ва бамайлихотир тутар эди.

— Қабулхонангизда ҳеч ким йўқ экан. Терговчингиз «прокурорга учранг» деганига тўғри кириб келавердим, — деб қўйди у биз томон бир мунча нозу ишва билан яқинлашаркан. Хона ичига фаранги атирнинг ўткир ҳиди таралди.

— Анави ерга ўтир, — уни тўхтатиб, бир четдаги қатор стулларга ишора қилди прокурор. Кейин менга маъноли боқиб:

— Бу аёл Холида Тошматова, — деб қўйди. — Лақаби Куйдирги…

— Вой, унақа деманг, прокурор ака. Мени аёл дейишларига ҳали анча бор, — нозу фироқда чиройли дудоқларини чўччайтирди Куйдирги. У стуллардан бирига ёйилиброқ жойлашиб, қўлидаги кўкноригул сумкачасини тиззаси устига оларкан, яна қўшиб қўйди: — Агар аёл ёшида бўлсам Ҳаким ака мени қизлигимга ишонармиди…

— Мен сени бу ерга таклиф қилишимдан мақсад, манави йигит… журналист Собир Қаноат, сен билан бир-икки оғиз гаплашиб олмоқчилар.

Куйдирги менинг афт-ангоримга қараб қўйди-да, кейин хотиржам оҳангда кинояомуз сўради:

— Ҳозир вақтим зиқроқ эди. Адресимни берсам, уйда гаплашиб ола қолсак-чи?..

Унинг нимага шама қилаётганини тушуниб, ичимда кулиб қўйдим. Мирзаматовнинг ҳам кўзлари хиёл қисилгандек бўлди, муштини оғзига тутиб, аста йўталиб олди-да, кейин:

— Гапни калта қил, — деди унга хўмрайиброқ, — бу ерда сени вақтинг ҳам, уй адресинг ҳам ҳеч кимга кераги йўқ.

Куйдирги прокурор томон енгил «уф» тортиб қўйдида, сўнг яна менга юзланди:

— Хўп, акажон, ихтиёрим сизда…

Мен уни чўчитмаслик ниятида стол устида турган ён дафтарим билан ручкамни олиб, чўнтагимга солиб қўйдим. Кейин имкон қадар мулойимлик билан мулоқотга киришдим.

— Мени бир-иккита саволлар қизиқтиради…

— Овозингиз қаймоқдай экан. Ашула-пашула айтмайсизми?

Прокурор яна унга хўмрайди.

— Жим ўтир, бўлмаса…

Куйдиргининг ҳам юзига энди жиддийлик югургандек бўлди.

— Бўпти, кечирасиз, — у шундай дея менга саволомуз боқди.

— Агар сир бўлмаса… Холида деган чиройли исминг бор экан. Нега энди Куйдирги деб аташади?

У бир дам жимиб қолди. Менга синовчан боққанича ниманидир эслаб, кейин мийиғида жилмайиб деди:

— Болалигимда жуда шўх, куйдирги бўлиб ўсганман. Текканга тегиб, тегмаганга тош отардим. Аям раққоса эди, баъзан ҳафталаб тўйма-тўй кетарди. Пиёниста ўгай дадам бўларди. Бир куни… Ўшанда мен ўн ёшларда, яна иккита укачам ҳам бор. Ухлаб ётувдик. Бир вақт чўчиб уйғонсам, ўгай дадам ўлгудай маст, қип-яланғоч гандираклаб устимда турибди. Мен ўрнимдан шошиб туриб, ўзимни ташқарига отдим. Ҳовлига ўтиб, юм-юм йиғладим. Кейин хаёлимга, у аблаҳ укаларимга ҳам тегинмасин, деган фикр келиб, шошиб яна уйга кирдим. Кирсам, ўгай дадам ўша аҳволда ухлаб қолипти. Шу пайт ундан ўч олмоқчи бўлдим. Омборхонадан жиндак керосин олиб чиқиб… зормондасига ўт ёқиб юборганман. Ўша-ўша, уйдан қочиб чиқиб кетганимча, қайтиб бормаганман.

Мирзаматов иккала тирсагини столга тираганча, қўллари билан юзини беркитиб ўлтирипти. Ичида кулаётганга ўхшайди, шунча йил прокурорлик қилиб, эҳтимол бунақасини учратмагандир.

— Сени онанг қидирмадими? — сўрадим ундан.

— Қидирган. Учрашганмиз ҳам. Мен унда Уфада яшардим. Бир қариндошимизникида. Икки-уч йил қайтиб келмадим, ўша ерда қолиб кетдим.

— Онанг… татарка, шундайми?

— Ҳа… Дадам ўша ёқда армияда хизмат қилиб юрганда уйланган экан.

— Сен ҳозир «ўгай дадам» дединг. Ўз дадангга нима бўлган?

— У… онамга развод бериб, бошқага уйланиб кетган. Аллақайси гўрда яшайди, дейишади. Мен уни умуман кўрмаганман. Мендан кейинги иккита укам онамнинг иккинчи эридан…

— Униси қаерда қолган?

— Унисини онамнинг ўйнашлари заҳарлаб ўлдиришган. Армани бўлсаям яхши одам эди, раҳматли, чем учинчиси… — анча маъюслик билан жавоб берди Куйдирги. Кейин ҳушёр тортиб, қўшиб қўйди: — Саволларингиз кўпайиб кетди.

— Сендан сўрамоқчи бўлган яна бир саволим… миллатимиз учун «фоҳиша» сўзидан оғирроқ тавқи лаънат йўқ. Шуни тушунасанми?

Куйдирги жимиб қолди. У саволимнинг мағзини чақяпти, ёки мени «фоҳиша» сўзим учун боплаб қўйиш мақсадида керакли жавоб қидиряпти.

— Мени… ўн яшар бегуноҳ, етимча қизни булғамоқчи бўлган ўша итэмгур эркакни ҳам… ўзбек туққан, — деди у ниҳоят қатъиятлироқ оҳангда. — Уйдан чиқиб кетганимча не-не даргоҳлардан паноҳ топмадим. Лекин бирон жойда менга холис ният билан меҳрибонлик кўрсатишмаган. Ҳамма жойда «чиройли қиз бола» сифатида қабул қилишган. Қани айтинг-чи, журналист ака, сиз қайси миллат ҳақида гапиряпсиз?

Мен ундан бу тарзда жавоб кутмаган эдим. «Чакки эмассан, бозор кўрган эчки, — кўнгилдан ўтказдим. — Сен билан тортишса арзийди». Мирзаматов ҳам «Кўрдингми?» маъносида менга назар ташлаб қўйди.

— Мен… ўзбек деган номга доғ туширмай яшаётган, очдан ўлар ҳолдаям номусини, виждонини сотмайдиган миллат аёллари ҳақида гапиряпман, — босиқлик билан жавоб қайтардим унга. — Сен мени чалғитяпсан, саволимни жавобсиз қолдиряпсан.

— Фоҳишадан фоҳишабознинг аъло жойи йўқ… — Ғудранди у. Кейин сумкачасидан нафисгина рўмолча чиқариб, ёноқларига майин-майин босиб қўйди. Назаримда, кейинги гапим уни оз-моз чаққандек бўлди. — Сиз мени… фоҳишаликда айбламоқчисиз, буни сезиб турибман, — яна сўзида давом этди у. — Ихтиёрингиз, лекин менинг қўрқадиган жойим йўқ. Мен эркин қушман.

— Ҳа, ҳозирча яхши учаётган эркин қушсан. Лекин тез орада бу қанотлар ҳолдан тойиб, учарга мадор қолмайди. Унда сени ким ўз ҳимоясига оларкин?

Кутилмаганда, Куйдирги жарангли овоз билан кулиб юборди:

— Хайрият, минг хайрият, бу дунёда менинг тақдирим учун қайғурадиган одам ҳам бор экан!

— Саволимга жавоб бер.

У қўлидаги рўмолча билан кўз ёшларини артган бўлди. Кейин ўзини бир оз босиб олгач, менга беписанд қиёфада жавоб қилди:

— Фоҳишалар шарбати тугаб ўйиндан чиққач, қўшмачилик қилиб, янаям кўпроқ пул топишади. Буёғидан хотиржам бўлинг. Сиз, яхшиси, ғарлар ҳақида ёзинг. Уларнинг уйлари, мол-дунёси, эри, бола-чақалари бўла туриб, хиёнат қўйнига киришади.

Прокурор ҳам, мен ҳам Куйдиргидан бундай мушоҳадани сира кутмаган эдик. Мен унга тегишли жавоб беришга эндигина чоғланган эдимки, прокурор Мирзаматов гапни илиб кетди:

— Қўйни ҳам, эчкини ҳам ўз оёғидан осадилар. Худони олдида ҳам, ўз виждони олдида ҳам, қонун олдида ҳам ҳар ким ўз қилмиши учун жавоб беради, буни унутма. Иккинчидан, фоҳишалик билан тирикчилик қилгандан кўра, ўлиб қўя қолиш афзал эмасмикан…

Куйдирги бу гапга ҳам нимадир деб жавоб қайтармоқ ниятида прокурор томон бош кўтарувдики, мен ўртага қўшилдим:

— Сенга бошқа саволим йўқ.

Куйдирги «Кетаверайми?» деган маънода прокурорга боқди. Мирзаматов унга қисқагина қилиб «жавоб» деб қўя қолди.

Энди у таманно билан ўрнидан турди. Жинси шимининг белбоғидан кафт тиқиб, кофтасининг этак тахламини созлаб қўйган бўлди-да, кейин эшик томон йўл олган жойида ногоҳ яна тўхтаб, менга юзланди:

— Наҳотки, бошқа бирон оғиз гапингиз бўлмаса?..

— Мен сенга инсофу иймон тилайман…

У истеҳзоли жилмайиб, чиройли тавозе қилиб қўйди. Қўлидаги сумкачасини елкасига олиб, эркаланган бир қиёфада деди:

— Инсофу иймон деганингизни тушунмийман. Уни ўзингизда қолдиринг. Лекин ҳали ёш кўринасиз, дуогўйликка шошманг…

Прокурор сохта йўталиб қўйди.

Х Х Х

Тез орада ўша жиноий гуруҳ устидан суд бўлиб, шантажчилар ва улар билан ҳамкорлик қилганлар ўз жазоларини топишди. Бироқ мақолани чоп этишга тайёрлаётган кунларим бош муҳарриримиз Талъат ака икковимизнинг бошимиз ғавғодан чиқмай қолди. Жабрдийдалар шаҳарнинг йирик амалдорлардан эмасми, янаям йирикроқ казо-казолар томонидан илтимос устига илтимослар, баъзан эса дўқ-пўписалар бошланиб кетди.

Албатта, мақоламиз қаҳрамонларининг оилалари ва фарзандлари шаънини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг номлари ва иш жойларини аниқ айтмасликка мажбур эдим. Фақат биттаси, шаҳар умумовқатланиш трести директори Ҳаким Саматовни — асосий ишкал шундан қўзғалгани учун ҳам ошкор қилишга тўғри келди.

Буни Саматовнинг ўзи яхши тушунарди. Шунинг учун ҳам мақолани тайёрлашим давомида оёғи куйган товуқдек югуриб қолди. Мен уни олдиндан танийман, ёши элликлардан ошган, паст бўйли, бақалоқ одам. Бошидаги тақа нусха тўрт энлик оқ сочини қорага бўятиб, йигитчалардек олабайроқ кийим кийиб юради.

Гап бошида у анча мулойимлик қилди. «Хом сут эмган бандалармиз. Баъзан шайтон йўлдан оздираркан. Энди ўзингиздан қолар гап йўқ…» — деди манглайини тер босиб. Бироқ мен ён босавермагач, бирдан дағаллашиб қолди:

— Инсон ўз эрки билан яшаши керак. Нима, менинг биронта билан юришга ҳаққим йўқми?

— Мен сизнинг эркингизга дахл этаётганим йўқ, — дедим унга, — лекин соғлом одамда шуур, идрок деган нарсалар бўлади. Инсоний эрк, айниқса, сиздек, ёши бир жойга бориб қолган пайтида фарзандларига, невараларига ҳаромдан, ифлос шаҳватдан, зино ишлардан сабоқ бериш, деган маънони билдирмайди.

Шундан кейин орадан икки кун ўтиб, олдимга бир кўзи ғилай, иягида чандиғи бор, айиқдай қўпол гавдали бир йигит кириб келиб: «Агар Ҳаким ака газетага чиққудек бўлса, энангни Учқўрғондан кўрсатаман!» — деб қолди. Мен ҳам ундан устунроқ келдим: «Афту башаранг жудаям кўзга яқин экан, шу бугуноқ милицияни огоҳлантириб қўяман. Бундан кейин менга бирор гап бўлгудек бўлса, энг аввало сени ушлаб келтиришади». Ғилай нима деярини билмай, чиқиб кетди.

Кейинроқ бир гап эшитиб қолдим. Ана шу ғилай аслида Куйдиргининг яқинларидан экан. Ҳаким Саматов Куйдиргини тезда топтириб: «Мен энди сени жазолайман. Ўша меҳмонхонада гап нимадалигини ишора қилиб қўйганингда, сен мукофотингни олардинг, мен эса шарманда бўлмас эдим», депти. Шунда Куйдирги: «Сен мени ҳеч қачон жазолай олмайсан. Аксинча, ўзингни ўлдиртириб юбораман. Яхшиси, муроса қилайлик. Мақолани ёзаётган журналист танишим бўлади, мен уни олдига ўз одамимни юбориб, сенга гап тегмайдиган қилиб қўяман», деб қутулган экан.

Бош муҳаррирга обкомнинг ўзидан ҳам «Анча жанжалли иш экан, аралашиб юрманглар» деган маънода бир-икки қўнғироқ бўлган. Лекин Талъат ака қатъиятли ва журъатли киши бўлгани учун ҳам ҳар қандай илтимос ва огоҳлантиришларни рад этгани ҳолда менга: «Ёзаверинг, ука. Қўрқманг. Яхши журналист бунақа воқеалардан кўз юммаслиги керак», деб таъкидлади.

Шундай қилиб, мақола вилоят газетасида чоп этилди. Кутганимиздек, ўша куннинг ўзидаёқ муҳаррир икковимизни обкомга чақиртиришди.

Идеология котиби Московга малака ошириш курсига кетган, бизни тарғибот ва ташвиқот бўлими мудири, яқинда комсомолдан кўтарилиб келган «охиратнинг шотиси» Сафар Қораев қабул қилди.

Бу лақаб унга қоқсуяк гавдаси шотирдек узунлиги учунгина берилган эмас. Бунинг ўз тарихи бор. Комсомолда ишлаб юрган кезлари шаҳар чеккасидаги Лақабчи маҳалласида танҳо яшаётган кекса онаси вафот этиб қолади. Ўша пайтлар Сафарнинг амал курсиси илинжида минг бир нағмага йўрғалаб юрган кезлари. Ўзини коммунистик идеаллар учун ҳақиқий жангчи қилиб кўрсатишда, агар лозим келса, бор будини «ғинг» демасдан берворадиган шаҳди бор.

Сафар ярим кечада онасининг ўлими ҳақида хабар келтирган кишини: «Маҳалла оқсоқолига бориб айт. Бу ердан катталар боришади. Жаноза-паноза деган нарсани хаёлига келтирмасин. Биронта саллали одамни кўриб қолсам, мендан омонлик кутмасин», деб жўнатади.

Эртасига у ўрис хотини-ю, уч-тўрт нафар «комсомол» жўралари билан гулчамбар кўтаришиб тушга яқин кириб боришади. Боришса, маҳалла-кўй ҳамма расмрусумларни бажо келтириб, кампир раҳматлини вақтликкина қабристонга қўйиб келишган, мотамхонада қўни-қўшнилардан бўлак ҳеч ким йўқ, ҳамма уй-уйига тарқалиб бўлган экан.

Шунда Сафар дарғазаб бўлиб, бир зумда қишлоқ оқсоқолию мачит имомини олдиртириб келади.

— Онамни менсиз кўмишга ким рухсат берди?! — ўшқиради у.

Мачит имоми унга: «Ўзингизни босинг. Биз раҳматли волидангизнинг васиятларини бажо келтирдик холос. Анчадан бери бетоб бўлиб ётган кампир кечагина бизни ҳузурларига чақиртириб: „Боламнинг кимлиги ўзларингга маълум. Қачонлардан бери ҳолимдан хабар олмай қўйган, тақводорлигимни суймайди. Энди мен ўлиб-нетиб қолсам, у етиб келгунча жаноза ўқиб кўмиб қўйинглар, илоҳо, иймонсиз кетмайин, охиратим куймасин“, деб илтимос қилувдилар. Кампир ҳақ эканлар, мана, ўзимиз ҳам кўриб турибмиз…» дейди. Маҳалла оқсоқоли ҳам имомнинг гапини тасдиқлаб: «Худди шундай» дейди.

Бу гаплардан Сафар қизариб-бўзариб, яна ўшқиради:

— Охират-похирати нимаси?! Қачон қутуламиз бу бидъатлардан?! Йўқ, йўқ, бу каллаварамлар умрини ўтаб бўлмагунча коммунизм қуриб бўлмайди!

Шунда, ўз умри давомида жуда кўп муттаҳаму муштумзўрларга дуч келган, ҳар қандай шароитда ҳам бундайларнинг думини тугиб қўя оладиган маҳалла оқсоқоли уни гапидан маҳкам тутади:

— Тўхта, нима дединг? Коммунизм қуриб бўлмайди, дедингми? Ана энди мард бўлсанг, ана шу гапингдан тонмайсан. Ҳамма гувоҳ, сени халқ ичида «коммунизм қуриб бўлмайди» деб айтди, деб тўппа-тўғри Московга ёзамиз!

Кутилмаганда бу ҳужумдан Сафар ҳам, унинг шериклари ҳам каловланиб қолишади.

— Мени тўғри тушунинглар! Мен ундай демоқчи эмасман! — энди дағдағани илтижо оҳангига буради Сафар.

— Йўқ. Айтдинг, айтдинг! — маҳалла оқсоқолининг кўнглидагини тушуниб етган қўни-қўшнилар ҳам уни маъқуллаб қичқиришади.

Шундан кейин вазият қай даражада қизиганлиги ўз-ўзидан маълум. Ҳикоя қилишларича, Сафарни қийин аҳволдан донишманд мачит имоми қутқазган…

— Майли, мен ўртага туша қолай, — депти у. — Раҳматли волиданг ҳурмати «коммунизм қуриб бўлмайди» деган гапинг шу маҳалланинг ўзида қолади. Илоҳо, айтканинг келсин… Лекин охиратга шак келтирдинг. Бунинг учун сенга «охиратнинг шотиси» деб лақаб қўямиз, токим умр бўйи «охират» сўзи оёғингга кишан бўлиб юрсин!

Ўша-ўша, Қораевни яқиндан танувчилар уни «Охиратнинг шотиси» деб қўйишаркан. Менга бу ҳақда комсомолда ишловчи бир дўстим ҳикоя қилиб берувди.

Шоти биз билан ўрнидан туриб кўришмадиям, саломлашмадиям. Менга ҳатто қараб ҳам қўйгани йўқ. Ўтирган жойидаёқ Талъат акага қараб: «Келдиларингми? Ўтиринглар», деб қўя қолди. Кўпчиликнинг обрў-эътиборини қозонган, иззатталаб Алимов кечагина бу ерга осмондан тушган янги мудирнинг бунчалик совуқ муомаласидан қаттиқ ранжиди. Буни мен унинг касалманд юзи «лоп» этиб қизариб кетганидан сездим.

Ўтирдик. Шоти олдидаги қизил духобали қалпоқча кийдириб қўйилган чойнакдан чой қуйиб, бир-икки бор пўриллатиб ҳўплаб олди-да, кейин қисиқ ва совуқ кўзларини Талъат акага тикканича, ясама оҳангда сўради:

— Нима иш қилиб қўйдиларинг?

— Нима иш қилиб қўйибмиз? — гап нима ҳақида бораётганини яхши билса-да, жўрттага ҳеч нарсадан хабарсиз одамдек, саволга савол билан кесатиброқ жавоб берди Талъат ака.

Шотининг қисиқ кўзлари янаям қисилиб кетди. Узун ва озғин, қонсиз бармоқлари сезиларли даражада титраётганини сездим.

У стол устида тахлоғлиқ турган газетамизни олиб, бир дам уёқ-буёғини ҳафсала билан ағдариб чиқди. Кейин тўртинчи бетдаги «Шантаж»га тўхтаб:

— М… да-а… — деб қўйди юпқа лабларини қимтиб. — Ҳамма ёқни фоҳиша босиб кетипти-ю, обком бехабар!

Мен уни дарҳол тушундим. Чамамда мақоланинг эътироз билдириш мумкин бўлган жойлари йўқ, бирон сиёсатдон ғаним чиқиб қолган тақдирда, фақат ана шу фоҳиша масаласигагина осилишини олдиндан билардим. Демак, Қораев бизга қарши. Дорилфунун домласи бўлмиш бир ҳамсоям: «Ҳаким Саматовдан ҳушёр бўлинг. Қораев иккиси бир охурдан ем еб юрган одамлар» деганда, бу гапга эътибор бермаганимни эсладим. Яна ким билади…

— Пашшадан фил ясаманг, Қораев, — уни жеркиб берди Талъат ака. — Мақоланинг бош мавзуси уюшган жиноий гуруҳнинг фош этилишидир, наҳотки шуни тушунмаётган бўлсангиз?

Аниқки, бу савол замирида «Саводинг борми ўзи?» деган маъно ётипти. Бироқ бу аччиқ мағиз Шотининг миясига илашмай қолаверди.

— Тушунганмиз, жуда яхши тушунганмиз, — сўзида давом этди у. — Советлар мамлакатида, коммунистик жамият шароитида фоҳишалар кўпайиб боряпти, деган фикрга урғу берилаётганини тушуниб турибмиз. Қани айтингчи, ўртоқ Талъат Алимович, шунинг ўзи партиявий газетадаги сиёсий кўрлик эмасми?

Шоти шундай дея, рақиб шоҳга усталик билан мот қўйган ғолиб ўйинчидек, иккала қўлини стол устига тираганча виқор билан ўрнидан турди. Гўё ана шу фоҳишалар туфайли даҳшатли воқеа рўй бериб, «у бошлиқ» вилоятда фавқулодда ҳолат эълон қилингандек, энди у бутун вужуди билан мотамсаро қиёфага кирди.

Муҳаррир иккимиз янги бўлим мудирининг кутилмаган бу мушоҳадасидан ҳангу манг бўлиб қолдик. Нималар бўляпти ўзи? Бу одам соғми, ё…

Бу ерга кириб келганимиздан бери бизга қилинаётган совуқ муносабатдан, тирноқ остидан кир қидиргандек мақоламга ноҳақ сиёсий тус бераётгани ва айниқса, мени умуман одам қаторига қўшмаётганидан портлашим мумкинлигини Талъат ака сезди. У «шошма» маъносида бир қўли билан тиззамни аста босиб қўйди.

— Ўртоқ Қораев, бу мақолада номлари келтирилган фоҳишалар маъмурий органлар томонидан фош этилган ва жазога тортилган жиноятчи шахслардир. Ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, мазкур мақолада уларни четлаб ўтишнинг иложи ҳам йўқ эди, — изоҳ берган бўлди муҳаррир. — Энди сизнинг кейинги мушоҳадангизга келсак, фоҳишалар учун коммунистик жамиятми, капиталистик жамиятми, улар советлар мамлакатида ёки Гватемалада яшаяптими, бунинг мутлақо аҳамияти йўқ. Беномуснинг чўнтагига ўнта партбилетни солиб қўйган тақдирингизда ҳам, бундан ҳеч нима ўзгармайди, нафс йўлида ҳар қандай тубанликка бораверади.

Шоти хона деразаси олдида қўлларини чалкаштирганича бизга тик боқиб: «Қани, гапириб олинглар» маъносида бир дам жим турди. Кейин ўзича «Тушунарли, тушунарли…» деб қўйди-да, жойига келиб ўлтирди. Шу вақт телефон жиринглаб, гўшакни кўтарди:

— Эшитаман. Ҳа, сенмисан? Кўрдим, кўрдим. Парво қилма… Мен ҳозир бандман, ҳалироқ ўзим қўнғироқ қиламан. Лаббай? Майли, майли. Йўқ демаймиз… — у гўшакни жойига қўйиб, кейин менга қаради: — Сиз ҳам шу фикрдамисиз, ошна?

Мен ҳам:

— Ҳа, ошна, мен ҳам худди шу фикрдаман, — деб қўйдим.

Сездим, бу журъатим унга ботмади. Гезаргандек бўлди.

— Мумкинми билсак, уйланганмисиз? — яна сўради мендан.

— Йўқ. Нима эди?

— Мақолангизда нима учун фоҳишалар ҳафсала билан тилга олингани учун сўраяпман…

Буниси энди мен учун ҳақорат бўлиб туюлди. Ўзимни бошқа тутолмадим:

— Росаям тўнка экансанку…

— Нима?! Нима дединг?! — у сувсиз қолган балиқдай, нафас олиши оғирлашиб, қизариб-бўзариб, шалпанг қулоқларигача таранг тортилиб қоди. — Мен сенга кўрсатиб қўяман! Партия органларига суқулиб кириб олган бундай унсурлар учун сиз жавоб берасиз, ўртоқ Талъат Алимович!

Талъат ака аввалига «Яхши қилмадинг» деган маънода менга бир қараб қўйди-да, кейин аста ўрнидан турди. Унга қўшилишиб мен ҳам турдим.

— Афтидан, сиз билан гапни давом эттириш мутлақо бефойда, — у Шотига нафратомуз боқди. — Қолганини котиб Московдан қайтгач гаплашамиз, хайр.

Шу билан чиқиб кетдик. Шоти орқамиздан «Бўпти, кўрамиз ҳали!» — деганича қолаверди.

…Орадан ўн кунларча ўтиб-ўтмай, учинчи котиб Московдан партиявий мафкура бўйича малака ошириб қайтгач, бизнинг «иш»имиз обкомда яна кўриб чиқилди. Мақолада «фоҳишалар сафи кенгайиб бораётгани ҳақида ўринсиз жар солганим ва унинг ижтимоий илдизлари қисман жамиятнинг ҳамда коммунист амалдорларнинг турмуш тарзи билан боғланганлиги ва ниҳоят, обкомда партия шаънига ҳақорат келтирган»им учун мени бўлим мудирлигидан оддий мухбирликка туширишди. Талъат ака эса, «сиёсий саводсизликка йўл қўйилгани учун» қаттиқ хайфсан билан қутулди.

Мен Оллоҳнинг беназир чеварлигига ҳамиша тан бериб келгувчиман. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ўшандан кейин орадан бир йилча ўтиб, сира кутилмаган бир воқеа рўй берди.

Тошкентдан меҳмонларим бор эди. Ёзнинг жазирама кунлари. Уларни бир айлантириб келай деб, Шоҳимардонга олиб бордим. Худо ҳаққи, эндиликда шаҳар партия комитетининг мафкура бўйича котиби бўлиб ишлаётган Шотини ўша ерда учратиб қолиш фикри хаёлимда йўқ эди.

Ям-яшил виқорли тоғ кўксидаги роҳатижон оромгоҳларнинг бирида тўхтаб, эндигина қозонга уннаб турган пайтимиз. Ногоҳ биздан йигирма-ўттиз қадамлар наридаги «Кока-кола» дўкончаси ёнида бир-бирлари билан шўх ҳазиллашиб-кулишиб, чанқовбосди қилишаётган новча бўйли бир эркагу, кўзга яқин ёш бир жувон беихтиёр диққатимни ўзига тортди. Икковиям қимматбаҳо хорижий спорт кийимида, оёқларида енгил шиппак, юзларида шапалоқдек-шапалоқдек қора кўзойнак.

Жуссалари, овозлари, яна нималаридир танишдай туюлади. Аввалига бир дам уларга тикилиб турдим. Кейин ўзимча, ким бўлгандаям менга нима, деган фикрга келиб, эътиборимни улардан эндигина узмоқчи бўлувдимки, ҳалиги ёш аёл юзидан кўзойнагини олди. Ёнларида музқаймоқ еб ўтирган уч-тўрт нафар болаларгаям, сотувчи мўйсафидга ҳам эътибор бермай, қўлларини новчанинг елкасига узатиб, унга бўса ҳадя этмоқчи бўлди. Эркак бундан мулзам тортгандек қизнинг иккала қўлини тутганича атрофга олазарак назар ташлади. Шунда менга кўзи тушиб, илон қаршисидан чиқиб қолган қурбақадек қотиб қолди.

Ўз ўрнида, нима бўлганини тушунолмай аёл ҳам мен томонга ўгирилди. Тушунарли… Эркак унга нимадир деди, аёл шошиб кўзойнагини қайта тақди-да, эркакдан бўшалиб, ҳов нарироқда турган ҳаворанг «Волга» томон саросимали қадам ташлаб кета бошлади.

Мен уларни танидим. Улар «охиратнинг шотиси» Сафар Қораев билан… ўша, Куйдирги эди! Сира кутилмаган бу ҳолдан лол қолдим, негадир хижолат ҳам тортдим. Лекин шу тоб миямга обком хонасида бўлиб ўтган ўша зиддият чақиндай урилди…

Дўконча пештахтаси устида турган уч-тўрт шиша ҳам уларга тегишли экан. Шоти уларни апил-тапил қўлига олиб, аёл кетидан равон бўлувдики, аҳмоқчилик қилиб қўйдим:

— Ҳов Сафар ака, чойга марҳамат!

Шоти турган жойида туриб қолди. Ноилож шишаларни қайтадан пештахта устига қўйиб, юзидан кўзойнагини олди. Мени гўё энди кўриб таниётгандек олдимга илдам қадам ташлади:

— Ие, Собиржон, сизмисиз?! Бу ерларда нима қилиб юрибсиз?

Мен ҳам унга пешвоз юрдим.

— Меҳмонлар бор эди, айланиб келувдик, — дедим мен у билан қўл бериб сўрашиб. — Ўзингиз нима қилиб юрибсиз бу ерда?

— Менми? Мен… биз… кеннойингиз билан зиёратга келувдик…

Кўнгилда гина-кудурат сақлаш, кимдандир нима учундир ўч олиш каби одатлардан жуда олисдаман. Лекин ҳозир, умримда биринчи ва охирги марта бўлса керак, Оллоҳ ўзи кечирсин, ана шу бетавфиқ туфайли чеккан ўша азиятларим учун, уни ҳеч бўлмаса гап билан бир эзиб қўймоқчи бўлдим:

— Мен ўшанда… фоҳиша Куйдирги кеннойим эканлигини билмаган эканман, кечирасиз

Шотининг пешонасида тер ялтирагандек бўлди. Аччиқ ютиниб қўйди.

— Бопладинг… — У энди мени сенсиради. — Бандаси хом сут эмган… Сал таниш эди, олиб келувдим. Гап шу ерда қолсин, илтимос…

— Хавотир олманг, — дедим унга сал самимийроқ оҳангда. — Агар фурсат топсангиз, келинглар, ҳадемай ош тайёр бўлади.

— Раҳмат, кетишим керак, — у ер остидан «Волга» томон назар ташлаб қўйди. Машинанинг очиқ деразасидан Куйдирги бизни кузатиб ўтирарди. — Шаҳарда кўришармиз…

Индамадим. У бир замбар лой эди, машина томон оёғини оғир босиб борарди.

Ўша-ўша, мен уларни бошқа учратмадим. Куйдиргини кейинчалик бошқа ёққа кетиб қолган, дейишди. Шоти эса бора-бора қорасини кўрсатмай, охири партияси билан бирга батамом гумдон бўлди.

…Маълум муддат хаёлга чўмиб қолганимдан, бош муҳаррир ўзича «Сукут-аломати ризо» деган хулоса чиқарди чоғи.

— Тўғри, бир мунча таъб хираликлар билан амалга ошадиган иш бу. — Унинг анча енгил тортгани сезилди. — Қаҳрамонларингиз… беҳаё, шаллақи ва айёр одамлар тоифаси. Улар билан жиддий мулоқотга киришиш осон кечмайди, албатта. Фақат бир нарсани назардан қочирмайлик: Бизнинг асосий вазифамиз, кимларнингдир фоҳишалигини фош этиб, шов-шув кўтариш эмас, балки уларнинг нима учун ана шу ифлос кўчага кириб қолганлиги сабабларини, шу ўриндаги ижтимоий илдиз омилларини таҳлил қилиб беришда…

— Талъат ака, буёғи тушунарли, албатта. Бироқ… Мен ҳали бу ишга рози бўлганимча йўқку? — ҳайрон боқиб сўрадим ундан.

— Хўп, дейверинг, — гапни чўрт кесди бошлиқ. — Ҳеч иккиланманг, эндиликда обкомлар йўқ, дадил бўлаверинг.

Шу чоғ икковимизнинг ҳам кўз олдимиздан «Охиратнинг шотиси» шарпадек «лип» этиб ўтиб, бир-биримизга хиёл жилмайиб қўйдик.

II

— Менга… суюқоёқ қизлардан топиб берсангиз.

Милиция участкаси бошлиғи капитан Суннатов менинг бу илтимосимдан ҳайратга чўкди.

— Кечирасиз… бу ер мелисахона. Биз қўшмачилик билан шуғулланмаймиз, — чиндан ҳам таажубда ғўлдиради у. — Иккинчидан, сиз ўзингизга ярашмаган ишни қилмасангиз бўлармиди…

— Узр, узр. Лекин мен жиддий гапиряпман, ишонаверинг.

Капитан энди бошини бошимга яқинлаштириб, ҳузур билан қиқирлади: — Қани, ёрилинг, ўртоқ журналист, кеннойим уйдан кетиб қолганларми дейман?

— Кеннойингиз, худога шукур, уйда, — дедим унга жавобан, — мен ҳозир бошқа маънода сўраяпман.

Суннатов яна сергак тортди.

— Тушунмадим…

— Очиқроқ айтсам, редакция топшириғи шундай. Фоҳишалар ҳаётидан материал тайёрлашим керак. Сиздан ёрдам сўраб келдим. Рўйхатингизга тушган бирон нуқта бўлса, ишни ўшеттан бошласамми, дейман.

Капитан «ҳаммаси тушунарли» деган маънода бош қимирлатиб қўйди-да, ўрнидан вазминроқ туриб, хона ичида иягини қашиганича уёқ-буёққа ҳорғин юра бошлади. Энди унинг кайфияти бузилгандек эди. Сигарет тутатди. Кейин менга юзланиб, гапга чоғланган эдики, ногоҳ телефон жиринглаб қолди.

— Капитан Суннатов, эшитаман…

Қўнғироқ қилган одамнинг шанғиллаган овози эшитилди. Суннатов уни босиғлик билан бир дам тинглаб турди-да, кейин асабийроқ оҳангда жавоб қилди:

— Қўрқадиган жойимиз йўқ, жаноб. Сизни поездингиз жўнаб кетиб бўлган. Истиқлол қонунлари билан ҳисоблашишга тўғри келади энди. Ҳадемай кўрамиз, ким кимнинг думини тугиб қўяркин!

Капитан телефон гўшагини тарақлатиб жойига қўйди.

— Тинчликми, ака?

У саволимни жавобсиз қолдирди. Нималарнидир хаёлдан кечирганча, сигаретни буруқсатиб хона деразаси билан иш столи орасида сокин юра бошлади. Мен унинг эгнидаги оҳори тўкилиб бўлган пўримга, кийимдаги тугмаларни ҳолдан тойдириб турган йўғон гавдасига, силлиқ қилиб таралган сийрак оқ сочи-ю, ҳорғин қадам ташлашига зимдан назар ташлаб, жим ўтирибман. «Қарибди, кечаги Суннатов эмас… — хаёлдан ўтказаман ўзимча. — Яқиндаям қанақа эди-ю. Пошнасининг товуши юз метр жойдан эшитилиб турарди. Ҳалол одам. Ўзи шундай, яхшилар тез ишдан қолишади…»

Суннатов билан танишганимизга кўп бўлгани йўқ. Исми Турдимат ака. Милиция ҳаётидан материал лозим бўлганда унча-мунча ёрдами тегиб турарди. Газетани, газетачиларни хуш кўради. Ҳузурига мухбир кириб борса, худди генерал кириб келгандай, астойдил хизмат қилишига бормиз.

— Очиғи, сиз қизиқаётган фоҳишалардан гап очилса, қон босимим кўтариладиган бўлиб қолган, — қўлидаги сигаретини кулдонга босиброқ эзғилади у. — Яқинда ҳайфсан олдим… Йил охирида нафақага чиқадиган одамман. Юзингда кўзинг борми, дейишмайди. Нима эмиш, менинг мавзеимда чурраклар кўпайиб кетган эмиш!

Кулиб юборишдан ўзимни баъзўр тийиб қолдим. Чунки кекса ва ҳорғин, соддадил капитаннинг юзи янаям жиддий, бароқ қошларини чимириб, лабларини болаларча чўччайтириб олган эди.

— Хафа бўлманг, Турдимат ака, — унга тасалли бермоқчи бўлдим. — Раҳбарларни ҳам тушуниш керак. Бор, нима бўлсанг — бўлавер, дейиш билан иш битмайди-ку, ахир. Яқинда ҳокимиятда вилоят бош врачи ҳисобот берди. Сира кутилмаган гаплар чиққанидан бехабарсиз, шекилли. Фаҳш билан шуғулланувчилар, юқумли таносил касалликларини тарқатувчилар сони кескин кўпайиб кетибди. Айниқса, сиз ишлаётган мавзеда шароит оғирроққа ўхшайди.

— Шароитнинг оғирлиги ҳаммага аён, — гапимни бўлди у. — Бу шаҳарчада ҳар хил миллатга мансуб ўн мингдан ортиқ ишчи оила яшайди, уларнинг аксарияти Иттифоқ даврида турли ҳудудлардан келиб қолишган.

— Бу билан… шароитимиз носоз, демоқчимисиз?

— Нима десамикин… — капитан бир зум ўйга чўмиб қолди. — Халқимизда «Йиғлаб-йиғлаб ариқ очсанг, кулиб-кулиб сув ичасан» деган мақол бор. Гап йўқ, ҳадемай фароғатли кунлар кириб келади. Яна шунисиям борки, ишчи оила ўз нонини ҳалол меҳнати билан топиб ейишга ўрганган. Уларда орият ҳам кучлироқ. Фақат… муҳтожлик айрим иродасиз кишиларни маълум даражада сўнгги чораларга етакларкан.

— Эҳтимол шундайдир. Бироқ ориятли инсон учун энг сўнгги чора ўлимдир. Мен фаҳшни ожизлик, заифлик, енгил табиатлилик маҳсули, деб тушунаман.

— Ҳа, умуман олганда шундай. Бироқ типратикан тикансиз туғилади, тикани кейин пайдо бўлади. Одам боласи яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам ўзини ўраб турган муҳит ва шароитдан олиб ўсади.

— Бу гапларни қўйинг, Турдимат ака. Сиз, афтидан, энг ривожланган давлатларда, роҳат ва фароғатда яшаётган зодагон мавзеларда фоҳишабозлик кўпроқ авж олганидан бехабарсиз чоғи. Лекин бизни кўпроқ даҳшат ва ҳайратга солаётган нарса — ор-номусини, ҳаё ва иффатини, иймон ва диёнатини азал-азаллардан муқаддас билиб, ҳамма нарсадан устун қўйиб келган бизникилар орасида… ана шундай жирканч жароҳат газак олаётганидир… Буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг сўзларини эсланг: «Номуссиз хиёнатдан номусли ўлим афзал…».

— Ёки бўлмаса Зебунисони айтмайсизми! — жонланиб кетди капитан. — Мен унинг хотин-қизларимиздаги ҳаё тўғрисида ёзган байтини биламан:

Лайли зотидан эрсам-да дилда Мажнунча ҳаво,

Тоғу тош кезгим келур, лекин йўлим тўсгай ҳаё.

— Отангизга раҳмат, жудаям топиб айтдингиз! — уни қувватлаб қўйдим. — Энди яна бир нарса: илгарилари ўзимизда зино устида қўлга тушганларни тириклайин девор остига бостириб юборишаркан.

— Худди шундай, мен бу ҳақда жуда кўп эшитганман, — уям гапимни тасдиқлади.

Мен капитанга ён дафтаримда қайд этиб қўйилган бир нарсани ўқиб бердим.

— Эрига хиёнат қилганлиги учун Эрон ва Қурияда, Мавритания ва Суданда, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистонида, фоҳишалик учун Эронда, фоҳишахона очганлиги учун ёки қўшмачилик қилганлиги учун Хитойда ўлим жазоси берилади.

— Менинг кўнглимдагидек экан, — сўзимни илиб кетди у. — Хўш, бизда-чи? Фоҳишанинг фоҳиша эканлигини била туриб, сен фоҳишасан деб кўринг-чи. Бир дамда иштонини бўйнингизга илиб қўйиб, шармандангизни чиқаради. Чунки унинг қўрқадиган, ҳайиқадиган қонуни йўқ. «Сен мени аввал биронта билан ушлаб ол, ана ундан кейин гапир» дейди. Боринг ана, фоҳишани фоҳиша эканлигини исботлаб ҳам бердингиз дейлик, хўш, нима бўпти? У арзимаган жарима билан халос топади-да, кейин ўз йўлида кетаверади.

Суннатов ўрнидан турди. Олдимиздаги кулдонни олиб бориб, ёзув столи биқинидаги ахлат қутисига бўшатди-да, яна бир бор «Падарига минг лаънат» деб қўйди.

Сўнгра дераза ёнига бориб, бир дам ташқарига лоқайд назар ташлаб турди. Кейин яна менга ўгирилиб, босиқ оҳанг билан сўзида давом этди:

— Рости гап, ҳаммасидан чарчаганман. Тезроқ нафақага чиқиб кетсам, дейман. Кенжамни уйлантиришим керак. Шу йил кузакда бир амаллаб тўйини ўтказиб олсам бас, уёғига худо пошшо!

— Ўша кунларга етказсин. Қамишдан бел боғлаб, ғалвирда сув ташиб хизмат қиламиз, — унинг руҳини кўтармоқчи бўлдим.

— Раҳмат, ука. Дунё фақат яхшилар билан обод. — Суннатов шундай дея, ёзув столи ёнига ўтди. Тортмадан бир дафтар чиқариб варақларкан, ногоҳ кабинет эшиги зарб билан очилиб, ичкарига ўрта ёшлар чамасидаги йўғон-лўппи бир аёл ҳарсиллаганча отилиб кирди. Важоҳатидан от ҳуркигудек. Ёшига, биқиқ жуссасига ярашмаган мини юбкада, ҳандалаклар-у дўмбира-дўмбиралар бу дунёга сиғмаяпти…

У мен томонга ақаллан қараб ҳам қўймади, тўғри Суннатовга яқинлашиб, қаҳр билан сўради:

— Начайний сиз бўласизми?!

Кутилмаган ташрифдан бир дам анграйиб қолган кекса капитан дарҳол ўзини қўлга олиб, аёлга мулозамат кўрсатган бўлди:

— Қани, манави стулга ўлтириб, ўзингизни бир оз босиб олингчи…

— Мен сиздан сўраяпман, массивти начайниси ўзизми?! — Аёл тафтидан тушмайдиган кўринарди.

Шунда мен бошлиққа халақит бермайин, деган ўй билан «ташқарига чиқиб турсамми?» маъносида сохта йўталиб қўйдим. Капитан ишорамни тушунди ва мен томонга боқмаёқ қўли билан «ўтиравер» ишорасини қилди. Аёлга энди дадилроқ оҳангда деди:

— Сиз афтидан, қаерга кириб келганингизни унутяпсиз, хоним. Қани, ўтирасизми-йўқми?

Аёл капитан кўрсатган стулга жирканиброқ назар ташлаб олди-да, кейин омонатгина қўнган бўлди. Бироқ стул худди жонивордек нолали ғичирлаб қўювдики, аёл яна шашт билан ўрнидан турди:

— Мани бу ерда бемалол ўтиришга вақтим йўқ!

— Ундай бўлса, гап мундай: мен милиция участкаси бошлиғи капитан Суннатов бўламан. Сизчи?

— Мен Хонпошшоман! Дурманова Хонпошшо. Вилоят заготзерносида бош котиб бўлиб ишлайман.

Капитан «бай-бай-бай!» деган маънода хиёл жилмайганча бош чайқаб қўйди-да, кейин жойига бориб ўлтириб, қўлига қалам-қоғоз олди.

— Московда бош котиб Горбачёв эди. Заготзернода сиз экансизда? Яхши-яхши. Манави жойга Дурманова Хонпошшо, деб ёзиб қўямиз. Адресингиз?..

— Шаҳар марказида яшаймиз, Бойболаев кўчаси, 99 да. — Шу чоғ милиция капитани гўё акт тузаётган ревизорга ўхшаб кетдими, Хонпошшонинг пилиги энди сал пасайгандек бўлди. Стулга эҳтиёткорроқ бўлиб қайта ўлтирди.

— Шаҳар марказида яшасангиз, бу ерда нима қилиб юрибсиз?

Аёл энди менга бирров ўғринча назар ташлаб олди-да, кейин пастроқ овозда жавоб қилди:

— Ўн беш яшар қизим бор. Дурманова Ҳуснида. Еттинчи синфда ўқийди. Кеча кечқурун мана шу массивда яшовчи синфдошиникига туғилган кунга келса, Дангалов деган бир сиржантингиз давра қуриб ўтиришган ҳамма ёшлар қаторида мани қизимниям мелисахонага олиб келиб, актга қўшипти. Бундай қилишга нима ҳақларинг бор? Керак бўлса, биз прокуратурага арз қиламиз!

Капитан қўлидаги қаламни стол устига бир-икки тириқлатганча, «Ҳаммаси тушунарли» деган маънода бош қимирлатиб қўйди. Кейин босиқлик билан жавоб берди:

— Прокуратурага арз қилиш сизнинг ҳуқуқингиз, хоним. Нима ҳақларинг бор, деган саволингизга жавоб шуки, сержант Дангалов ўз хизмат бурчини бажарган. Бир гуруҳ маст-аласт ўсмир ёшлар ярим тунда кўчада бўмағур қилиқлар билан қийқиришиб жамоат тартибини бузишибди. Сизнинг қизингиз Дурманова ҳатто ёниб турган сигаретини Дангаловнинг лабига босиб, тан жароҳати етказган. Далолатнома тўғри тузилган. Шундан сўнг сержант навбатчи машинада ҳаммасини уйма-уй тарқатиб чиққан. Қизингизни эса, биз ҳали милицияга чақиртирамиз. Учётга қўямиз. Албатта, Дангалов мабода уни кечирган тақдирда. Бўлмаса…

— Бўлмаса, нима қилиб олардингиз?! — бошини масхараомуз ликиллатди аёл.

— Дело очамиз, судга оширамиз…

— Мана сизга дела, мана сизга суд! — Хонпошша энди бош бармоғини икки бармоғи орасидан нуқиб чиқарди. — Биз минан ҳазиллаша кўрманг, кейин пушаймонда қоласиз.

Суннатов қалам тутган қўли билан иягини қучганча, аёлни бефарқ кузатиб ўлтираркан, Хонпошшо яна ўрнидан туриб, бидирлай кетди:

— Замонадан орқада қолибсиз, ўртоқ начайний. Пора на пенсию! Не забудте, ҳозир мустақиллик! Ҳар ким ўзига хон, ўзига бек. Ичадими, чекадими, милиса билан ҳазиллашадими, кечалари кўчада бақириб-чақирадими — бу, уни иши! Вот так!

Суннатов ҳам энди тоқатсизланиб, ўрнидан турди. Вазмин юриб келиб, хона эшигини очди:

— Кечирасиз, хоним. Сиз билан развод, тўрт томонингиз қибла…

— Нима, мени бу ердан ҳайдамоқчимисиз? — кутилмаган «илтифот» га норозилик билдирди аёл.

— Кечирасиз, кабинетни шамоллатмоқчиман.

— Мен сиз билан бошқа жойда гаплашаман! — Хонпошшо шундай деганча қандай кириб келган бўлса, ўша важоҳатда чиқиб кетди!

Мен «миқ» этмай ўлтирибман. Энди ажабланарлиси шу бўлдики, Суннатов бўлиб ўтган бу ташриф билан боғлиқ ҳеч нима демади. Яна аввалги кайфиятда креслоси ёнига қайтиб, стол устида турган ҳалиги дафтарни қайта варақлай бошлади ва унинг қаеридадир тўхтади:

— Ёзиб олинг, ёки эслаб қолинг: Байналмилал кўчаси, 13. Квартираси ҳам 13. Хонадон бир кампирнинг номида. Уч хонали. Бу ерда ўша кампирнинг қизи яшайди. Исмиям, лақабиям кўп. Жойида танишиб оларсиз. Қўшмачи. Ўзиям ёмон эмас, дўмбоққина, лўмбиллаган… Сезишимча, аллақандай мафия гуруҳи билан алоқадор. Қўшни регионлардан турли маркалардаги автомашиналар келиб тураркан. Ҳозир четдан назорат олиб боряпмиз. Шояд сиз туфайли ишимиз тезлашиб кетиб, истеъфога чиқиш олдидан хайфсанимдан халос топсам.

— Умид қилаверинг, Турдимат ака. Худо хоҳласа, сиз ҳақингизда ўзим алоҳида очерк ёзиб, таърифингизни бутун республикага ёяман.

— Раҳмат, раҳмат, — болаларча қувониб деди соддадил капитан. — Энди бундай. Ўша жойга борсангиз, биз билан алоқадор эканлигингизни сираям сезишмасин. Эътибор беринг, бу квартира Воҳидов Абдусаттор деган кишиники эди. Такси ҳайдовчиси бўлган. Новча бўй, қотмадан келган, чўтир юз, аскиябоз. Лақаби Шўрбалиқ, ёши элликларда… Квартирани буларга бериб, Қаршига кўчиб кетган. Ўша одамни сўроқлаб борасиз, акахоним дейсиз… Эҳтиётроқ бўлинг, у ерга ҳар хил одамлар кириб боради. Мабодо лозим бўлиб қолсам, телефонларимни биласиз.

— Хотиржам бўлинг. Жанг майдонидан тирик қайтишга ҳаракат қиламан, — дедим унга ҳазил аралаш.

— Кечирасиз, мелисачилик… Эҳтиёткорлик қонимизга сингиб кетган, — деди Суннатов менинг жавобимдан завқланиб. — Албатта, сиздайин йигитлар ҳар қандай жангдан омон қайтиши аниқ. Фақат… жанг майдонида бирон касалга чалиниб, «госпитал» га тушиб қолишдан сақлансангиз бас…

Қисқагина сўз ўйинидан икковимиз ҳам мазза қилиб кулишиб олдик. Чиқиб кетарканман, Суннатов эшик бўсағасида мени яна тўхтатди:

— Айтмоқчи, у ерга кечки пайтроқ борсангиз маъқул. Иложи борича башангроқ кийининг. Қўлингизда дипломат бўлса, янаям яхши, бошқа шаҳарданман, дейсиз.

— Ҳаммасининг иложи бор, жаноб капитан. Фақат… келинингизга ниманидир баҳона қилиб уйдан чиқиб кетиш анча мушкулроқ, — дедим.

— Буёғига мен мутлақо хотиржамман, — Суннатов илжайганча яна бўш келмади. — Журналист халқи ёлғон учун ҳеч қачон бировнинг чўнтагига тушмаган.

III

Квартира қўнғироғини икки-уч марта босдим. Очишмайди. Ичкаридан телевизордами, магнитофондами, «Фарғонада биттагина» қўшиғи янграяпти.

Кимдир эшик ёнига келиб тўхтаганини сездим. Афтидан, кўздарчадан мени обдон кузатяпти. Ниҳоят, ўзимни тоқати тоқ бўлиб, қайтиб кетаётганга солувдимки, қулф «шилқ» этиб очилди:

— Хизмат, акажон?

Қаршимда… кўринишидан ёши қирқларга яқинлашган, тўладан келган, ўнг ёноғида нўхатдек қора холи бор, кўз остлари анча салқиб, ранглари сарғиш тортганини ҳисобга олмаганда, кўҳликкина бир жувон менга синовчан боқиб турарди. Эгнида хитойи халат, олди анча очиқлигидан дуркун сийналар оралиғи кўзга чандон ташланиб турипти.

Бу қиёфа менга бир оз танишдай туюлди. Уни қаердадир учратгандекман. Камалак қошлар, ўнг ёноғидаги нўхатдек қора хол… Эслолмайман, ўйланиб туришга эса фурсат йўқ.

Уй бекаси ҳам менга бир дам тикилиб қолди. Бироқ хаёлини менинг бўй-бастиму эгнимдаги оҳорли либос тортиб кетаётгани аниқ эди.

— Кечирасиз, менга Абдусаттор ака керак эдилар…

— Абдусаттор ака? Бу ерда унақа киши яшамайди-ку, — жувон узрли бир оҳанг ва назокатли қиёфада жавоб қилди.

— Нега яшамайди? Ахир… таксичи Воҳидов Абдусаттор аканинг уйи шуми?

— Э-э, Саттор шўрбалиқ денг! — У ўзича жилмайиб қўйди. — Ҳа, шу. Лекин яқинда менга сотиб, ўзлари кўчиб кетишган. Бирон хизмат бўлса…

— Мабодо телефон-пелефон қилиб қолсалар. Ўшдан Баҳодир деган бир укахонингиз келиб кетди деб қўярсиз. — Шундай дея, жўрттага кетишга чоғланган эдимки, у мени тўхтатди:

— Ие, ҳали меҳмонман денг?! Ундай бўлса, сизга жавоб йўқ, — у энди сира ийманмай, шошиб келиб тирсагимдан тутди. Димоғимга фаранги атирнинг ўткир ҳиди урилди. — Бир пиёла чой ичиб кетасиз. Ҳар ҳолда, ўзингиз учун қадрдон уй экан.

— Раҳмат. Кеч кирмай…

— Йўқ-йўқ. Ундай деманг. Қани, ичкарига марҳамат.

Ичкарига киришим биланоқ, эшик шарақлаб қулфланди. Этим сескангандек бўлиб, таъбим оз-моз хира тортди. Лекин сир бой бермадим.

Жувон ғалати мулозамат билан қўлимдан дипломатимни олди. Туфлимни шиппакка алиштириб, ортидан юрдим. Таклиф қилинган хонага бош суқарканман, кутилмаган ҳолдан лол қотиб қолдим. Тўрдаги оромкурсида… деярли қип-яланғоч, оловдай ёниб турган, 16—17 ёшлар чамасидаги бир қиз ўлтирарди. Тимқора, узун ва ёйиқ сочлари бир елкаси оша биқинигача чодра бўлиб тушган. Мармардек тиниқ бадан, шабнам еган амири нокдек куврак ва диркиллама сийналар…

Мен унга беихтиёр тикилиб қолдим. Лекин тезда ўзимни ўнглаб олдим. Хижолат тортгандай, ўхшовсиз йўталиб қўйдим.

— Тортинманг, сираям тортинманг, — далда беради уй бекаси. — Қани, юқорига марҳамат.

Ноилож, қиз олдидаги курси томон йўналдим. У эса жим, ўрнидан қимирлаб ҳам қўймайди. Менга хотиржам ва беписанд боқади.

— Салом… яхши қиз… — Ғўлдираб қўйдим.

Шундан кейин у менинг ночор аҳволимдан анча жонлангандек бўлди. Ёнидаги магнитофон овозини бир оз пасайтириб, чиройли жилмайиб қўйди:

— Окей, тоға! Намунча имиллайсиз, ўтирсангиз-чи!

Мен креслога ўнғайсиз чўкарканман, у қўлидаги сигарет қолдиғини кулдонга ташлаб, қўшиб қўйди:

— Терладингиз. Ёввойи пляжларда бўлмагансиз чоғи. Ё мени… яхши кўриб қолдингизми?

Қиз кутилмаганда қийқириб, мазза қилиб кулди.

— Бас қил, Тахмина. Тур, устингга бирор нима ташлаб чиқ, — унга беозор оҳангда буюрди уй бекаси. Кейин менга: — Парво қилманг, ҳозиргина ваннадан чиқувди… — деб қўйди.

Тахмина минг таманно билан ўрнидан турди. Бўйлари узун, сарвқомат. Бўлиқ ва оппоқ, силлиқ болдирлар сезилар-сезилмай жимирлаб турипти…

Ўз-ўзимча хўрлигим тутади: манаман деган бир йигитга вафоли ёр, умид ва орзулар ғунча очувчи покиза бир даргоҳга малика бўла оладиган шундайин паризот нималар қиляпти бу ерда?

Тахмина мен учун кутилмаган бир тарзда, ўз ёшига, ҳусну малоҳатига ярашмаган усулу қилиқлар билан ётоқхонага ўтди.

— Бу қиз… жияним бўлади, — уй бекаси Тахминанинг ўрнини эгалларкан, халат этакларини икки ёнига ташлаб, хушбичим оёқларини устма-уст алмаштирганча, «энди менга боқ» мазмунида кўз сузиб, эътиборимни ўзига қаратди: — Танишиб олайлик, Баҳодир ака. Менинг исмим Феруза…

Мен Ферузанинг бодом қовоқларига, қайрилма қошлари-ю, ёноғидаги чиройли холига ўғринча назар ташлаб қўяман. Аёл кишига хол деган нарса бунчалар ярашмаса! Болалигимда худди шунақа чиройли холи бор қизчани яхши кўриб қолувдим. Ҳечам эсимдан чиқмайди. Исми Холниса эди. Одатда холи бор қизларга шунақа исм қўйишади. Холниса, Холби, Холдона, Холида… Тўхта, тўхта, бу ахир ўша… Ҳа, худди ўша, «Шантаж» босилиб чиқиши арафасида прокурор Мирзаматов таништирган Холида… фамилияси эсимда йўқ, Куйдиргининг ўзи-ку?! Зап қизиқ бўлди-да, шу бугун капитан Суннатовнинг кабинетида эслагандим-а! Куни кеча редакцияда зиммамга фоҳишалар ҳаётидан, фоҳишабозлик иллатининг ижтимоий илдизлари ҳақида материал тайёрлаб бериш вазифаси юкланганда ҳам, мен Куйдиргини яна учратаман, у менга тағин керак бўлади, деб сира ўйламовдим. Энди буёғи қандай бўлди? Ишқилиб, таниб қолмаса гўрга, деб турибман.

Куйдирги, Куйдирги… Анча ўзгарибсан… Ёшинг эндигина ўттизлардан ошган бўлиши керак. Лекин тез сўла бошлабсан. Юзингдаги ўша тиниқлик ва тароватлар, вужудингдан уфуриб турган ўша шаддодлик оловлари энди қани?..

Эсимда, жуда яхши эсимда. Фоҳишалар шарбати тугаб, ўйиндан чиққач қўшмачилик қилиб, янаям кўпроқ пул топишади, деганинг. Лекин сен ҳали ўйиндан чиқмаган кўринасан. Унисиниям, бунисиниям қиляпсан чоғи.

Бугун энди Феруза… Капитан Суннатовнинг айтишича бор. Булар ўз номларини тез-тез ўзгартириб туришади. Шунча йил негадир кўринмай кетиб, мана, яна қаршимда ўлтирипти.

Бир дам ўй суриб, жимиб қолишим Куйдиргини шу ондаёқ безовта қилди:

— Тилингизда ширинлик. Лекин дилингизда бошқа нарсалар кечяпти.

— Ҳа, топқир экансиз, — дарҳол хушёр тортдим. — Бугун… сизлардек новвот қизлар ҳузурига тушиб қоламан, деб сираям ўйламаган эдим.

— Нима, новвот қизлардан чўчияпсизми?

— Наҳот энди шундай деб ўйласангиз…

— Ундай бўлса, гап нимада, Баҳодир ака?

— Ўзим шундай. Илгари бунақа жойларда бўлмаганим учунми…

Ниҳоят Куйдирги таскин топгандек бўлди. Ичкари томон юзланиб: «Тахмина, тезроқ бўл. Меҳмонга бирон нима олиб чиқ», деб қўйди. Кейин менга хотиржам ва хушнуд қиёфада боқиб:

— Ризқи улуғ йигит экансиз, — деди. — Жаннатга «топ» этиб осмондан тушиб қолдингиз.

— Бироқ жаннатда кўриш бору, ейиш йўқ деб тўғри айтишган чоғи.

— Тушунмадим. Нега ундай дейсиз?

— Ахир, вақт кеч бўляпти. Тезроқ шаҳарга чиқиб, бирон меҳмонхонадан жой топмасам, бугун кўчада қолишим аниқ-ку.

Куйдирги менга синовчан боқиб қўйди-да, кейин кинояли оҳангда:

— Ўзингизни гўлликка солманг, сиз кўчада қоладиган йигитларга ўхшамайсиз, — деди. — Ундан кейин… Меҳмонхонада сўппайи-иб, ёлғиз ётгандан кўра, ўша жойнинг ҳаққи-ю харажатларини биззи бўстонларга сарфлаб, кечани ҳузур-ҳаловат оғушида ўтказсангиз яхши эмасми?..

— Кошки эди. Йигит киши учун бундай илтифотдан қимматлироқ нарса бўлармиди. Лекин бу бўстонларнинг қоровули келгинди ўғрини тутиб олса, сазойи қилмайдими ишқилиб?..

Куйдирги энди менга завқланиб, яшнаб, эркаланиб боқади:

— Хотиржам бўлинг, Баҳодир ака. Сиз тунаган тунда бу бўстонлар беқоровул бўлади…

Ичкаридан Тахмина чиқди. У олдимизга бир шиша коньягу учта биллур қадаҳ келтириб қўяркан, менга кибр ва беписандлик билан қараб қўйиб, Куйдиргига деди:

— Менимча, меҳмонимиз бу кеча на бизникида, не меҳмонхонада тунай оладилар…

Шишани очиб, қадаҳларни тўлдира бошлаган Тахминага иккаламиз ҳам ажабланиб боқдик. Ичимга бир оз ғулғула тушди. Нимага шама қиляпти у?

— Бу нима деганинг, Тахмина? — тоқатсизланди Куйдирги.

— Гап шундаки… — Тахмина менга яна бир бор истеҳзоли боқиб қўйди. Нафасимни ютиб турувдимки, хайрият, гап мавзуси бошқа жойдан чиқиб қолди:

— Саттор шўрбалиққа ишониб келган ўшлик тоғамнинг чўнтагида қирғизнинг увада сомидан бўлак ҳемириям йўқдир. Демак, бу кишини ким ҳам қабул қиларди…

Кейин у коньяк тўлдирилган қадаҳлардан бирини менга узатаркан, қўшиб қўйди:

— Ичинг тоға, буниси бепул.

Мен ўзимни қўлга олдим. Ундан кўра юқорироқ пардада жавоб беришга тўғри келди:

— Қирғизнинг соми ўтмай қолганича йўқ ҳали. Ҳамма гап тарозининг иккинчи палласига босиладиган юкда…

— Окей, тоға! — кутилмаган қувноқлик билан қийқирди Тахмина. — Тарозининг иккинчи палласига мабодо мени боссангиз, неча кило қирғиз соми олишим мумкин?!

Кўз олдимда икки Тахмина, икки вужуд намоён эди. Бир ёндагиси номусдан, ҳаё ва иффатдан бенасиб, шаҳвату ишрат бозорининг жонли, чиройли, бироқ совуқ ва ҳиссиз қўғирчоғи бўлса, иккинчи ёнда тақдирининг қандай кечишидан батамом бехабар, буни англамаган, тушунмаган ҳолда разолат ва қабоҳат гирдобига тушиб қолган ғўр ва калтабин, гўзал ва худбин бир қиз турарди.

Ҳозир мен кўпроқ хаёлимдаги иккинчи Тахминани кўраётгандек, уни қидираётгандек, унга интилаётгандек эдим. Шу боис у билан ҳар қандай шароитда ҳам дағаллик қилолмаслигимни ҳис этиб турибман.

— Ундай эмас, Тахмина, — жавоб қайтараман унга. — Мен сенинг қадру қимматинг учун бўйинг баравар тилла тўккан бўлардим!

Куйдирги енгил қарсак чалиб қўяди:

— Браво! Зар қадрини заргар билар, деб шуни айтадилар-да! Қани, қадаҳларни кўтарайлик!

Зимдан кузатиб турибман, Тахминанинг чеҳраси ёришиб, кўзлари ишва билан яшнади. Қўлидаги қадаҳни бир кўтаришда сипқорди-да, шоколадли конфетдан жиндай газак қилиб олгач, мен жойлашган креслонинг суянчиғига келиб ўтирди. Димоғимга лорсиллаб турган куврак бадандан мастона бир ҳид урилди.

— Қани тоға, бўшатинг.

Ичдим. Столча устидаги конфетга қўл чўзмоқчийдимки, у менга энгашиб, ғунча лабларидан бўса ҳадя этмоқчи бўлади.

— Шошма, жоним, — дейман ундан беозор узоқлашиб, — сендан бўса олмоқ учун аввал жон куйдириш керак…

У сергак тортади. Юзи янаям ёришиб, бир қўли билан оқ аралаш сочларимни аста силаб қўяди. Кейин ширин табассум билан:

— Бир гап айтайми, — деб қолди. — Мана сизда кумуш билан олтин бор экан ҳисоб…

Кутилмаганда Куйдирги қиқирлаб қўяди:

— Бас қил, Тахмина. Меҳмонни уялтирма.

Гап нимадалигини тушунолмай, икковига ҳайрон боқаман. Лекин Тахмина гапидан қайтмайди, кўнглидагини айтиб қўя қолади:

— Биз учун… эркак зоти ёшми-қарими, хушрўйми-хунукми, совсем не фарқует. Бошида кумушу, чўнтагида олтини, тиззасида темири бўлса бас!

Учовлон мириқиб кулишиб оламиз. Бу «формула» учун яна биттадан қадаҳ бўшатамиз.

Ичимда ўз-ўзимдан ҳайратланаман. Турмуш чиғириқлари кимларни не йўлларга бошламайди, не кўйларга солмайди. Ҳаётнинг ўзи унисини ундай, бунисини бундай андозада, кимнидир анча барвақт, кимнидир анча кечроқ дурадгор уста қўлидаги оддий ёғочдек тарошлайди. Инсон ундан топган ўз тушунчаси ва тафаккури, идрок ва ақидаси билан ўралашиб, бу ёруғ дунёнинг мағзи ва мазмуни, бор-буди ва ниҳояси шундангина иборат, деб умр кечираверади…

Базми жамшидимиз тобора қизиётгани ёки бирон бир тамаддисиз қуруқ конфет билан газак қилинган уч-тўрт қадаҳнинг таъсириданми, ҳар қалай орамиздаги бегоналик пардалари анча кўтарилиб, гапларимиз қовушиб қолди.

Мен нишонга етиб бораётганимдан хурсанд эдим. Лекин ўз ўрнида, мени шу тоб масаланинг бошқа томонлари ташвишга солиб турарди. Аввало, Куйдиргининг ҳамон менга гоҳ-гоҳ тикилиброқ қўйишидан ҳадикдаман. Бундан ташқари, ҳалироқ ўртада «Меними ё уними?» деган савол туғилганда қандай йўл тутиш лозим? Мабодо лозим келиб қолса, ишора қилинаётган, уларни руҳлантираётган пулни мен қаердан олиб бераман?

Шундай қилиб, бу кечани шу ерда ўтказишга қарор қилганим хонадон маликаларига анча маъқул тушди. Куйдирги ҳам, Тахмина ҳам очилиб-сочилиб кетишди. Бирон-бир таом тайёрлаб, стол тузамоқчи ҳам бўлишди. Қорним очроқ бўлишига қарамай, кўнглим тортмади. Ортиқча машмашанинг ҳожати йўқ, суҳбатимиз совумасин, деган баҳонани қилдим. Шундан кейин столча устига Куйдирги келтириб қўйган озгина колбаса-ю уч-тўртта олма ва конфет билан кифояланган бўлдик.

Фақат… ҳамон ўша ҳолатда, бор-будини жўрттага кўз-кўз қилиб ўлтирган Тахминадан фикру хаёлимни узолмайман. Тобора қизиб, гулхан бўлиб кетишдан ўзимни баъзўр сақлаб ўлтирибман. Ахийри бўлмади, мен ундан эгнига халат ташлаб чиқишини илтимос қилдим. Тахмина қийқириб кулиб юборди:

— Тоғам ахийри чидамадилар!

Куйдирги ҳам унга қўшилишиб кулди-да, кейин менга далда берган бўлди:

— Ҳа энди, эркак киши эркаклигига боради-да. Тағинам Баҳодир ака анча сипо эканлар, бўлмаса аллақачон таъзирингни бериб қўярдилар…

— Ёмон кўрганим сиполик, — Тахмина тафтидан тушмайди. — Темирни қизиғида босмайдиган эркакларга дуч келсам, қиз бола бўлиб туғилганимга ўкинаман!

Бопладинг, дейман ўзимча. Эркак бўлиб туғилиб, бундайин ҳақоратга сираям дуч келмаганман. Бироқ наилож, сабрнинг косаси олтин, деганлар. Чидайман.

У мендан жўрттага аразлаган бўлиб, ғунча лабларини чиройли буриб яна саллона-саллона юриш билан ичкари хонага кириб кетди.

— Киринг. Орқасидан киринг…

Куйдирги менга синовчан қараб қўяди.

— Йўқ, — дейман чўрт кесиб. — Кирмайман.

— Нега энди? — ажабланади уй бекаси. — Нима, сиз бу ерда… фақат тунаш учун қолдингизми?

Мен шоша-пиша гапимни ўнглайман:

— Ундай эмас, албатта. Мен… сал кейинроқ, демоқчиман.

Орага жимлик чўкди. Тахмина ҳа деганда чиқавермади. Куйдирги ўртадаги ширин кайфиятни совутиб қўйишдан чўчиб, ичкари хона томон қичқирди:

— Бунча имилладинг?!

Унга жавобан Тахминанинг:

— Мен озгина чўзилиб оламан, қизиб кетяпман, — деган овози эшитилди.

— Бўпти, лекин ухлаб қолма. — Кейин менга юзланиб, илова қилади: — Маст ҳолда ухлаб қолган аёлни уйғотиб, ким ҳузур топибди…

Индамайман. Куйдирги негадир ўзича жилмайиб қўяди. Магнитофон тасмасини алмаштириб, Юлдузнинг «Сени осмонимга олиб кетаман»ини пастроқ овозда қўяркан, сўрайди:

— Баҳодир ака, қанақа жойга тушиб қолдим, деб ҳайрон бўлаётганингиз йўқми?

Сигарет тутатдим. Шу баҳонада ўй-хаёлларимни оз-моз жамлаб олган бўлдим.

— Нега энди, ҳаммасини тушуниб турибман…

— Қандай тушунсангиз ҳам, ёмон хаёлга борманг. Мен… ишлайман, касалхонада ҳамшираман…

У ёлғон тўқий бошлаганини сезиб турибман. Сендайлар маош оламан, деб ишлаб бўпти, деб қўяман ўзимча.

— Эрим офицер эди, Афғонистонда ҳалок бўлган, герой. Иккита норасидам бор, кампир онамнинг қўлларида…

Бу гапларни у менда бу хонадонга, ўзларига нисбатан ишонч туғдириш учун айтаётганини ҳам билиб турибман.

— Баъзан-баъзан бугунгидек кўнгилочарлик қилиб қоламиз. Сизга ўхшаган бамаъни улфатлар учраб қолса, занглаган, шўрлаган юракларни бир ювиб оламиз.

Шу пайт ногоҳ унинг эсига нимадир тушди чоғи, ўрнидан шошиброқ туриб бориб, дераза ёнида турган телефондан қаергадир қўнғироқ қилди.

— Алло, бу менман. Ҳа, яхши. Кимдан? Дарак йўқ ҳали. Бугун уй қулф, биз кампирникидамиз. Хайр.

У ўз жойига келиб ўлтираркан: «Бир дугонам келмоқчи эди, ўшани қайтардим», деб қўйди. Мен сигарет тутатиб, жимгина ўлтирибман. Ўзимни жўрттага уй бекасининг гапларига ишонаётгандай, хонадон маликаларига нисбатан ҳурмат билан қараётган одамдай кўрсатишга уринаман.

Куйдирги ўз ҳолича коньяк қуя бошлади.

— Мен бошқа ичмайман, — дедим. — Буёғи етарли бўлди.

— Ўргилдим сиздан, қанақа йигитсиз ўзи?! — У қадаҳлардан бирини қўлимга мажбурлаб тутқазди: — Ичиб қолинг, ўйнаб қолинг.

— Тўғрикуя, лекин…

— Нима лекин? — У менга ишвали боқади.

— Мен кўп ичолмайман, маст бўлиб қоламан.

— Аёлларни гапини қилманг, — қўл силтайди у. Кейин менга конфет очиб узатаркан, қўшиб қўяди: — Ичинг. Дўстлик тори узилмасин!

Хаёлим Тахминада. Ишқилиб ухлаб қолмасин-да. Кейин ундан гап олиш қийин бўлади. Ё тавба… зап ажойибига дуч келдим-ку. Ким бўлди бу қиз? Қайси гулшандан, қайси бахти қаро ота-онанинг арзандаси бўлсайкин? Куйдирги уни қаердан илаштирган? Бу даргоҳда яна қандай сиру синоатлар бор?

— Феруза, мумкинми сиздан бир нарсани сўрасам?

Куйдирги менга ажабланиб боқади.

— Сўранг, Баҳодир ака. Сираям ийманманг.

— Мен анави… Тахмина жияним бўлади, дедингиз. Анча ёш кўринади, эр-пери йўқми?

Куйдирги кутилмаганда хиринглаб қўяди.

— Э-э, унда эр нима қилсин. Ёш, гулғунча бўлгани билан кўпни кўрган, — Куйдирги шундай дея магнитофон овозини ўчириб, яна сўзида давом этади.– У мани жияниммас, жўрттага шундай дедим. Бу қиз… гастролда юрган қумрилардан. Тўғри, бундақаси камдан-кам учрайди, лекин кетворган, сволоч. Ўзимам уни бағримда олиб ётсам, дейман.

У хандон отиб кулади.

— Ўргилдим сиздан, Баҳодир ака. Шундай бахт қуши қўлингизга қўниб турган бўлса-ю, сиз бу ерда мен билан савол-жавоб қилиб ўлтирибсиз. Тўхтанг, тўхтанг, мумкинми мен ҳам сиздан бир нарсани сўрасам?

— Марҳамат…

— Ўшда ким бўлиб ишлайсиз?

— Менми? — ўзимни ўнглаб, фикрларимни жамлаб олиш ниятида гапни чўзмоқчи бўламан. — Мен… оддий шопирман. Такси ҳайдайман.

— Саттор шўрбалиқ билан шу боис таниш экансиз-да?

— Ҳа, худди шундай. — ногоҳ капитан Суннатовнинг нима учун менга «Воҳидов Абдусаттор, такси ҳайдовчиси, новча бўй, қотмадан келган, чўтир юз, аскиябоз, лақаби Шўрбалиқ, ёши элликларда» деб обдон таъкидлаб қўйганини энди англаб кетдим. Уй бекаси бу нарсаларни мени синаш мақсадида сўраб қолиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмаскан.

— Мен у киши билан эскидан танишман. Лекин нима учун лақабингиз Шўрбалиқ деб сўрасам, жаҳли чиқарди…

— Бунинг ҳеч қандай сири йўқ. Қуритилган шўрбалиқдай қотма, чўтирлиги учун. Лекин жаҳлдор эмас, ҳамиша куйдирилган калладай тиржайиб аскиябозлик қилиб юрадиган одам-ку… — мен Куйдиргидан қўшимча саволларни кутмаёқ, уни тинчлантириб қўя қолдим.

Уй бекаси менинг Саттор шўрбалиқ ҳақидаги тавсифимга анча эътибор берганини унинг юз-кўзларидан уқиб турардим. Бироқ буни сездирмасликка ҳаракат қилади.

— Ўзи хунук бўлсаям пули кўп эди, — у энди анча очилиб қолди. — Мана шу уйниям менга подарка қилган.

— Бундан чиқди, анча қалин экансизлар-да?

— Ҳа энди, официанткадан хотин, шопирдан эр чиқмайди, деган гап бор. Аёлларга суяги йўқ эди. Биз ҳам роса хизмат қилганмиз. Оғзи-қулоғидан чиқарганмиз. — Шундан кейин у қиқирлаб кулиб қўйди: — Шопирлар ҳам, мана, ҳар хил бўларкан…

Ўзим ҳам беихтиёр жилмайиб қўйдим.

— Биз ҳам устоздан қолишмаймиз, — дедим ўзимни жўрттага хижолат чекканга солиб. — Мени фақат бир нарса ўйлантириб турипти.

— Ие, қани гапиринг, Баҳодир ака.

— Мен бугун… бор пулимга запчаст олиб, Ўшга жўнатворувдим. Бундақа базм устидан чиқиб қолишни ўйламагандим…

Куйдирги бир нафас жимиб қолди. Хаёлидан нималарнидир ўтказгандек бўлди. Кейин тилло тишларини ялтиратиб, майин жилмайиб қўйди: — Бу ерда насияга товар берилмайди, албатта. Лекин сизга майли. Ўшдан янги танишлар қидирётувдик…

— Буёғига гап йўқ, Феруза. Қачон борсаларинг, мошин минан елиб-югуриб хизмат қиламиз.

— Келишдик, — Куйдирги ўрнидан туриб, мамнунлик билан менга қўл ташлайди. — Бизгаям, сизгаям яхши бўладиган ишларни бошлаб юборамиз.

У яна коньяк қуйди. Завқланиб кетди:

Арақти ҳаром дийлар

Муҳаммад умматина,

Ҳаром бўлса-да ичабиз

Сиз меҳмон ҳурматина!

Унинг кўнгли учун, яна энг муҳими, ишларим силлиқ кўчаётгани учун, ўзим истамаган ҳолда навбатдаги қадаҳдан ҳам бир қултум хўплашга мажбур бўлдим.

— Қани, энди Тахминани қўйнига марш!

У менинг ихтиёрсиз ҳолда бир оз иккиланиб қолганимни кўриб, яна қўшиб қўйди:

— Хотиржам бўлинг, сертификати мани қўлимда…

IV

Ичкарида яшил рангли электр чироқ сокин ва сеҳрли шуъла таратиб турипти. Икки кишилик хонтахлит каравотда Тахмина иккала қўлини боши остига олиб, шифтга термулганча ётарди. Сийнабандсиз…

— Ётдингми, Тахмина?..

У бир дам индамайди. Кейин менинг эшик олдида туриб қолганимни кўриб, илтижоли оҳангда оҳиста сўз қотади:

— Қон қилиб юбордингиз-ку… Келиб ётаверинг-да. Лекин айтиб қўяй, бир шартим бор.

Каравот бошида турган креслога бориб чўкарканман, Тахмина мен томон кескин бурилиб, ажабланган қиёфада сўрайди:

— Нима бало, сиз менга эртак айтиб бермоқчимисиз?

— Сен ҳали эртак эмас, алла ёшидасан, Тахмина…

Ҳамхонам чиндан ҳам ҳайратга тушди. Ногоҳ қандайдир фикрга келиб ёстиқдан бош кўтарди-да, чойшабни оёқ томондан устига тортиброқ олди.

— Айтинг аллангизни, — энди у хиёл жилмайиб қўйди. Кейин яна шифтга боққанча, афтидан мени «ёндириб» юбориш мақсадида, нозик қўллари билан мўъжаз сийналарни майин сийпалаган бўлади.

— Биласизми, тоға…

— Илтимос, мени тоға демасанг.

— Йигитча…

— Йигитча ҳам эмасман.

— Акажон…

— Аканг ҳам эмасман.

Тахмина қиқирлаб кулиб қўяди. Энди у мен томон батамом ўгирилиб олди:

— Қизиқ одам экансиз. Нима дейин бўлмаса?

— Гапинг бўлса шундоқ айтавер… — Мен ёнгинамизда турган тумба устидан сигарет олиб тутатдим. Лекин уни чекишга улгурмадим. Тахмина қўл чўзиб тортиб олди.

— Шартингни айтмадинг-ку? — сўрайман ундан.

У қўлидаги сигаретни икки-уч бор тортиброқ чекди-да, кейин уни яна менга тутқазиб, ёстиққа бош ташларкан, жавоб қилди:

— Эркаклар… ёввойи отга ўхшаб, тишланғич бўлишади. Айниқса, мендақа ёшроғи рўпара келса…

— Хўш, нима бўпти?

— Агар сизам тишласангиз, ўлдираман, — нозу фироғ қилиб қўйди у. — Бўлмаса, менам бирон жойингизни узиб олиб, шармандангизни чиқараман.

— Хотиржам бўл, мен ёввойи от эмасман.

Энди буёғига нима қилмоқ лозим, гапни нимадан бошлаш кераклигини билолмай бир дам ўй суриб қолувдимки, жимликни Тахминанинг ўзи бузди.

— Ўтираверасизми? Мени уйқу босиб кетяпти.

— Биласанми, Тахмина… Сен менга жудаям ёқиб қолдинг.

Унинг лабларига табассум югурди.

— Менга дуч келган бирон эркак йўқки, шундай демаган бўлса…

— Эҳтимол шундайдир. Лекин мен бошқа нарсани назарда тутяпман.

— Нимани?

— Билишимча, сен бу йўлларга… адашиб кириб қолганга ўхшайсан. Ўзинг ҳали анча ёш, жудаям гўзал, манаман деган ҳар қандай йигит уйланса арзийдиган…

— Яна… яна нималар? — у жўрттага эркаланиб, енгил тўлғониб қўйди.

— Нималар бўларди, фоҳишалик… қилма демоқчиман, — гапим қўполроқ чиққандай туюлиб, мен унга ҳадик билан боқиб қўйдим. Бироқ Тахминанинг авзойида унчалик ўзгариш сезилмади. Камон қошлар хиёл чимирилгандек, шарбат томиб турган дудоқлар сал титрагандек бўлди, холос.

— Мени… фоҳиша, деб ўйлаяпсизми ҳали? — энди жиддийроқ оҳангда сўраб қолди у. Бироқ саволига жавоб кутмай, кинояомуз қўшиб қўйди: — Кечирасиз. Мен… баланд дорман. Унча-мунчанинг бўйи етмайдиган дорман!

— Ундай бўлса, мени назарингга илганинг учун раҳмат…

— Бошқа одамлигингиз шундоқ кўриниб турипти. Хотинбозлар ғаркўз ва қитмир бўлишади.

Тахминанинг ўз ёшига хилоф равишда катталардек анча мулоҳазали, лўнда гапириши мени ҳамон ҳайратга соларди.

— Тахмина… Умрида бир мартагина бўлсаям ўз танини пулга сотган аёл фоҳиша қавмида кетади.

У бир дам жимиб қолди.

Ҳа, Тахминанинг ҳаракатларида ҳам, фикр юритиш ва гапиришларида ҳам, ҳатто қиёфаси-ю овозида ҳам жиловсиз бир ёввойилик ва ўзгарувчанликни, оз-моз болаларга хос соддалик ва софдилликни-ю ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб улгурган одамларга хос дағаллик ва муғомбирликни ҳам кўриш мумкин эди.

Ногоҳ ёнгинада турган телефон жиринглаб қолди. Тахмина қўнғироққа эътибор бермади. Биринчи хонадан Куйдиргининг овози эшитилди:

— Ҳа, менман. Бугун санитарни ден, бизни тинч қўйинглар!

Аста туриб бориб, эшикни ёпдим. Қайтиб келиб жойимга ўлтирдим.

— Тахмина, мен бу хонага сен билан ётмоқ учун кирганим йўқ…

У кутилмаганда чаққонлик билан чойшабни устидан олиб ташлаб, ёстиқдан бош кўтаради. Тиззаларини қучоқлаганча ўтирволиб, менга ҳайрат кўзи билан боқади:

— Мабода… мелиса эмасмисиз?

— Ундай дема, Тахмина. Мен… Гап шундаки… — энди бир оз очиғроқ гапиришга тўғри келиб қолди: — Сени бу ифлос хонадондан қутқариш учун келганман.

— Қизиқ… сиз мени кимим бўласизки, атайлаб Ўшдан мени қутқариш учун келаркансиз?

— Гапнинг рости… мен Ўшдан келган эмасман. Мен шу ерликман. Отим Собир, журналистман.

Ногоҳ Тахмина каравотдан отилиб тушади. Менга титраб-қақшаб, ғазаб билан дейди:

— Қани, бўлинг! Бу «ифлос хонадан» чиқиб кетинг. Сизни кўрарга кўзим йўқ!

Ўрнимдан туриб бориб, унинг қунишиб, қалтираб турган икки елкасидан тутаман:

— Ўзингни бос, Тахмина. Мен сенга яхшилик қилмоқчиман.

— Керак эмас. Чиқинг! Мени ўз ҳолимга қўйинг!

— Ундай дема. Сен… яхшилар орасида яшашинг керак.

Мен уни сал-пал зўрлаб бўлса-да каравот четига тортиб келиб ўтқаздим. У энди иккала қўли билан юзини чангаллаб ўлтирар, бор вужуди билан сезиларли даражада титраб туришидан, мен унинг ич-ичидан эзилиб йиғлаётганини сезиб турибман.

— Ишонмай турувдим-а… — у энди қўлларини юзидан олмаган ҳолда бошини бир оз сарак-сарак қилиб қўяди. — Ёпишмаган ямоқ бўлиб ўтиришингиздан юрагим сезиб турувди.

— Нима десанг, дейвер. Лекин бу уйдан иккаламиз бирга чиқиб кетамиз, — мен креслога баҳузур жойлашиб олиб, ўзим истамаган ҳолда сигарет олиб тутатаман. Ногоҳ Тахмина ўрнидан ҳорғин туради. Нарироқ бориб, шифонернинг ярим очиқ эшиги устига ташлаб қўйилган халатини олиб кияди, бел чилвириниям боғлаб олади. Кейин иккала қўлини кўкрагига чалиштирганича ғоз туриб, силлиқ овозда дейди:

— Илтимос, мени тинч қўйинг. Чиқиб кетинг, Феруза опага гапимиз қовушмади, деб қўя қолинг…

— Чиқмайман. Бир оз ўтир, кейин…

— Ундай бўлса, мен чиқиб кетаман, — у эшик томон йўналади.

— Тўхта, мени ёлғиз қолдирма.

— Феруза опани киритиб юбораман. Эртагингизни унга айтиб берасиз.

— Бас қил. Ўтир жойингга. Бугун сен меникисан, шунга келишилган, — энди сал дангалроқ бўлишга тўғри келди.

Тахминага бу гапим таъсир қилди шекилли, аввалига менга ўқрайиброқ қараб қўйди-да, кейин:

— Нима, тонг отгунча жамолингизга тикилиб ўтиришим керакми? — деди.

— Менинг жамолимга тикилиб ўтирмайсан. Мен сен билан дурустроқ танишиб олсам бас.

Тахмина турган жойида туриб қолди. Бир дам қандайдир хаёлга борди чоғи, яна каравоти четига қайтиб келиб ўлтираркан, юзимга дадил боққанча саволларни қалаштириб юборди:

— Нима дейсиз ўзи? Мени қаерга олиб бормоқчисиз? Мелисахонагами? Ёки уйингизгами? Ё бўлмаса… — ногоҳ у телбаларча хандон отиб кулиб юборди:

— Ё бўлмаса, биронта бўш уйингиз борми? Мени «любовница» қилиб олмоқчимисиз? Кучингиз етадими? — у бемаъни илжайганча кўзларини ишвали сузади.

«Қани, гапириб қол, ичингдагини тўк», деганча жим ўлтирибман. Тахмина яна давом этади: — Тавба, сираям тушунолмаяпман. Мени нимадан, нима учун қутқаришлари керак? Мени кимга оғирим тушипти?

Ҳамон жимман. Ниҳоят қўлимда тутаб турган сигаретни унга илтифот қиламан. Олади. Энди оёқларини чалкаштирганча ўлтирволиб, мен томон бепарво тутун қайтараркан, ундан «Яна ўн граммдан ичсак-чи?» деб сўрайман. «Ўзингиз олиб чиқинг, мени уришиб беради», дейди у хотиржам оҳангда.

Шундан сўнг ўрнимдан туриб, Куйдирги ётган хонага чиқдим. Бу ерда ҳам яшил рангли электр чироқ жонсиз шуъла сочиб турар, қанотлари туширилган диван каравотда Куйдирги чўзилиб ётипти. Мен уни ухлаб ётган гумон қилиб, ичимликлар териб қўйилган сервант ёнига оҳиста ўтарканман, Куйдирги гўё мени кутиб тургандай, дабдурустдан гап ташлайди: — Сиз унга эртак айтиб беряпсизми?

Мен турган жойимда туриб қолдим.

— Нима десамикин… Гапларимиз бир оз кўпайиб қолди.

— Гапни кўпайтирманг. Пули тўланган денг. Муддаога ўтинг.

Куйдирги чиройли тўлғаниб олди. Устидаги чойшабни жўрттага тушириброқ қўйди. Унинг кўкраклари энди намойишкорона очиқ турарди.

— Агар унга кўнглингиз чопмаётган бўлса, кирмай қўя қолинг. Мен ўзим сизни чинакам бўстонларга олиб кираман…

Ғалатироқ бўлиб кетаман. Бироқ ишнинг пачавасини чиқармаслик учун эҳтиёткорлик, айниқса, Куйдирги билан имкон қадар хуштакаллуф бўлмоқ лозим эди.

— Феруза… Сиз менга ёқиб қолдингиз. Фақат бугунча мен Тахминанинг ёнида бўлишим керак. Устимдан кулмасин, дейман.

— Сиз ҳали эртагаям қолмоқчимисиз? — У кўзлари юмуқ ҳолда жилмайиб қўяди. Кейин мендан аразлагандай, орқасига ўгирилиб олади. — Пошёл дальше!

Олиб кирган коньягим коньяклигича қолаверди. Уни эндигина очувдимки, яна ўз каравотида ёнбошлаб ётган Тахмина: «Менга қуйманг, ўзиз ичаверинг» деди. «Мениям ичгим йўқ. Сенга деб олиб чиқувдим», дедим. Тахмина хиёл жилмайиб қўйди. Унга мен ҳам қўшилишдим. Энди бир-биримизнинг кўнглимизни овлай бошлаганимизни икковимиз ҳам тушуниб турардик.

Сезиб турибман, Тахмина бугунги кутилмаган муносабатлардан ўзини харчанд хотиржам ва беписанд тутишга уринмасин, мен ундан нима истаётганим-у, бугунги учрашув натижаси нима билан тугаши уни анча қизиқтиряпти. Буни унинг юзимга ҳамон ҳадик билан ўғринча боқиб қўяётганидан сезиб турибман.

Мен ўзимни унчалик шошмасликка олаётганим ва бошимда аллақандай мушоҳадалар чарх ураётганини сезиб, Тахмина тоқатсизлик қилди:

— Келинг, Собир ака. Қолган гапларни гаплашайлик…

Менга унинг «Собир ака» дейиши маъқул тушади. Ўртамизда аллақандай илиқлик пайдо бўла бошлаганини ҳис этаман.

Албатта, бугунги кўтарилган қадаҳлар тафтидан хуррам Шайтон ҳам бир четда қўл қовуштириб тургани йўқ: «Сен ахир эркак кишисан-ку. Аввал униб турган мақсадга етгин-да, кейин уёғи бир гап бўлар…»

Бироқ Иймон кучлироқ келади. Шиддат билан ақлни чархлайди: «Кўзингни оч! Шаҳвоний ҳирс жиловини қўлдан чиқарма. Яна ахир, бахтиқаро гумроҳ гўдакку, бу».

Ўзимни Тахминанинг таклифига эътибор бермаганга соламан.

— Тахмина… Чиройли исминг бор экан.

— Чиройли бўлмай ўлсин, шуям от бўлди-ю!

— Нега энди. Аслида Тахмина эмас, Таҳмина бўлиши керак. Арабчада кучли, иродали деган маънони билдиради.

— Йўғ-е, бунисини энди эшитяпман.

— Ана шундай. Сен ҳам иродали, ўзингни қўлга ололадиган бўлишинг керак.

— Серавно, бу от менга ёқмайди. Ҳеч қатта йўқ от.

— Ундай дема. Масалан мен, Тахмина исмини сендан олдинам икки марта учратганман.

— Шундай денг? Ким экан улар?

— Уларми? Биринчисини буюк шоир Фирдавсий яратган. Самангон шоҳининг қизи, Рустами достоннинг хотини. Исми Таҳмина бўлган.

Тахмина бир дам жимиб қолади. Кейин болаларга хос ўкинчли бир оҳангда:

— Қани энди мен ҳам шоҳ қизи бўлсам, — деб қўяди.

— Агар шоҳ қизи бўлганингда нима қилардинг? — қизиқиб сўрайман ундан.

— Дадамга айтиб, ҳамма эркакларга қирон келтирардим, — қиқирлаб кулиб қўяди у. Кейин суҳбатимиз ногоҳ эсига тушиб, илова қилади: — Айтмоқчи, мени номимни яна қаерда эшитгансиз?

— Қўқонда. Бундан бир неча йил бурун, Собир ака деган бир адашим бўларди. Ўшани Тахмина деган қизалоғи бор эди.

— Мениям дадамни отлари Собир эди. Биз ҳам Қўқонда яшаганмиз, — дейди Тахмина хотиржам оҳангда. Бироқ бу сўзлар замирида алланечук дард, изтироб заҳри ётганини сезаман.

Ўртамизда бўлаётган гаплар пироварди нималарга бориб қадалишини мутлақо ўйламаган ва кутмаган ҳолда ўлтирибмиз. Ногоҳ миямга урилган бир фикрдан шамдек қотиб қолдим. Ҳамон ёнбошлаганча, ҳамон менга беписандлик билан боққанча, шунчаки бир эркак, яъни вақт ўтказиш учун, ва шу баҳонада, «айшу ишрат қадрига етмаган мендек шўрпешона ва гўл эркак»нинг ахийри қўлидан нима иш келишини кутишга қарор қилиб ётган Тахмина авзойимни кўриб, шашт билан қаддини ростлади-да, кўзлари чақнаб сўради:

— Сизга нима бўлди?!

Мен ундан юрагим ҳаприқиб, ҳаяжон билан сўрайман:

— Аянгни оти… Хуршида эмасми?

Тахмина холсизлангандек бўлади. Ранги қочиб, кўзларини беҳол юмганча сўрайди:

— Ҳа. Сиз бизни танийсизми?..

V

Қўқонда институтда ўқиб юрган кезларим эди. Келдиёров деган бир домламиз бўларди, исми ёдимда йўқ. Худосизлик илмидан дарс берарди. Асосий иш жойи шаҳар партия қўмитаси қошидаги Атеизм уйининг мудирлиги бўлиб, институтимизга ҳафтада бир-икки бор лекция ўқиш учун келиб-кетиб турарди. Жаҳли тез, бадқовоқ, кек сақлайдиган одам эди. Ранг-рўйининг совуқлиги кишида бир қарашдаёқ ҳадик ва нохушлик уйғотар, студентлар ундан анча ҳайиқишса-да, қош-киприк ва сочлари жудаям сийрак ва маллатоб бўлиб, гўё ниқоб тортиб олган кишидек кўринишидан уни пинҳона «Фантомас» дея мазах қилиб юришарди.

Келдиёров ўзини даҳрий ва жанговар атеист ҳисоблар, бироқ буни олаётган маошига яраша тушунтириб бероладиган, уни ҳимоя ва тарғиб қилоладиган ҳеч вақоси йўқ, саводсиз бир одам эди.

Ўша пайтлардаги кўплаб коммунистик мафкура жангчилари қатори диний таълимотлар ва эътиқодлар моҳиятини жон-жаҳди билан кўр-кўрона инкор қиларди. Тоату ибодатлар, қайта тирилиш-у жаннат ва дўзах тушунчаларини мавҳумлик қаршисидаги қуллик асорати, деб ҳисоблар, бу нарсалар аслида аср асрлар давомида ҳукмдор табақалар салтанати ва шонини асраб, бойитиб, кучайтириб бориш учун яратилган, муҳрлаб қўйилган қонунлар мажмуаси, дерди. Ақалли, ўз фойдаси учун, материалистик таълимотнинг барча нарсалар қадимий ва модда бирламчидир, уни ҳеч ким яратмаган, деган ақидасини ҳам чуқурроқ тушуниб ва ўзлаштириб ололмаган, лекция чоғларида нуқул «Динга ишонманглар, у инсон онгини заҳарлайди, кишини мутеликка чорлайди, тараққиётни бўғиб қўяди» қабилидаги қуруқ ва умумий гаплардан нарига ўтолмасди.

Маълумки, биз ёшлар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган Ислом дини эътиқодлари, унинг ахлоқий, умуминсоний қадриятлари ҳақидаги сабоқлардан, буюк аждодларимиз мерос қилиб қолдирган бебаҳо маънавий хазиналардан махрум ва бехабар эдик.

Оллоҳ ҳақида, иймон ва руҳ ҳақида илмий асосларни ўзлаштиришдан бебаҳра эдик. Биз уйда художўй кексаларимиздан, ота-оналаримиздан олаётган узуқ-юлуқ маънавий озиқ билан яшасак, ташқарида замона зайли билан қулоғимизга қўрғошин қилиб қуйилаётган баландпарвоз ғоялар таъсирида яшовчи шўрпешона болалар эдик. Шўрпешона болаларгина эмас, улкан ўйингоҳ майдонида исталганча имтиёз ва рағбатга эга бўлган иймонсиз даҳрийлар билан, улар томонидан ўлимга маҳкум этилган, беҳол ва бечора художўй кексаларимиз ўртасидаги беомон олишувни лоқайд кузатиб ўлтирган ғафлатдаги томошабинлар эдик.

Шунинг учун ҳам Келдиёровнинг лекцияларида биронтамиз ўрнимиздан дадил туриб: «Бизга фалон гапингизни илмий асослаб беринг», ёки бўлмаса «Бу масала ундай эмас, мана бундай» дегувчи эмасдик. Бундай дея олмасдик ҳам, чунки диний таълимотлар, атеистик муносабатлар қошида ўзимиз ҳам Келдиёровдек бесавод ва ожиз одамлар эдик. Домламиз учун ҳам, биз студентлар учун ҳам энг муҳими, вақтнинг ўтиши эди. Бу нарса Келдиёровга ҳар гал навбатдаги маош муддатини яқинлаштирса, биз учун тезроқ шу остоналардан халос бўлиш муддатини яқинлаштирувчи ягона восита ҳисобланарди.

Ана шу Келдиёров бир вақтлар Самарқандда ўқитувчилик касбини эгаллагач, бу ерга яқин бўлган Панжакентнинг тоғли қишлоқларидан бирига ишга жўнатилган экан. Болалар уйида униб-ўсган, табиатан қўрсроқ ва шу билан бирга айёру муғомбир, лекин ўз манфаати учун лозим келган тақдирда мулойимлик ва хуш табиатлиликка устамон, ҳали уйланмаган, кимсасиз ва мусофир бу йигитни у ерда яхши кутиб олишган. Яшаш учун бошпана, зарур бўлган тирикчилик анжомларини тахт қилиб беришади. Уни тезроқ оёққа туриб олсин, деган мақсадда мўлжалдагидан кўпроқ дарс ажратишади, кийим-кечаги, озиқ-овқати борасида ҳам ғамхўрлик кўрсатишади.

Бироқ Келдиёров ана шу нон-намак ва бошқа ғамхўрликларга жавобан… орадан беш-олти ой ўтиб-ўтмай, ўз қўлида ўқиётган ўнинчи синф ўқувчиси, қишлоқнинг Нилуфар исмли энг хушрўй ва манаман деган қизи билан бир кечада ғойиб бўлади.

Нилуфар тамакичилик билан чор-ночор яшаб турган бечораҳол оиладан бўлиб, онаси мастчоҳлик тожик аёл, отаси шу ерлик ўзбеклардан эди. Нилуфар бир варақ қоғозга «Муаллимимни яхши кўриб қолдим. Бизни қидирманглар. Ўз ихтиёрим билан кетдим», деб, унинг пастроғига эса Келдиёров: «Биз оила қуриб, кейинроқ қайтамиз. Ҳамма расм-русумларни бажо келтиришга сўз бераман», деб ёзиб қолдиришипти.

Ор-номусига чидамаган оила бу ердан кўчиб кетмоқчи бўлади, лекин маҳалла аҳли бунга йўл қўймайди. «Нилуфарни муаллим йўлдан урган, қизда гуноҳ йўқ», дея уларни бир амаллаб овунтиришади. Қочоқларни эса ҳеч ким қидирмай қўя қолади.

Дарҳақиқат, Келдиёров минг бир баҳона-ю алдов йўллари билан Нилуфарни ўз ётоқхонасига ўргатган ва у ерда унинг номусига тегиб қўйганди. «Энди бу ердан қочмасак, икковимизни ҳам ўлдиришади», дея қизни қўрқитган эди. Соддадил қизга у шунингдек, бахтли келажак ваъда қилган. «Болалик бўлгач, қайтиб келиб, узр сўраб қўямиз», деди. Ноилож қолган Нилуфар унга чиндан ҳам ишониб, биргаликда бош олиб кетишга мажбур бўлганди.

Келдиёров Нилуфар билан Қўқон томонлардан паноҳ топишди. Янги таниш-билишлар кўмагида оила қуришди. Ҳадемай қиз кўришди, унга Хуршида деб исм қўйишди…

Эр шаҳар четроғидаги мактаблардан бирида ўқитувчилик қилар, Нилуфар эса чақалоғи билан банд, бўш вақтларида каштадўзлик қилиб, тиккан нарсаларини қўшни дўппифуруш аёл орқали бозорга чиқартирарди. Тез орада рўзғорларини бут қилиб олишди, биров кўрса кулмагудек иморат ҳам солиб битиришди.

Яна орадан кунлар, ойлар ўтаверди. Нилуфар энди аста-секин ота-онасини, она юртини соғиниб, уларни тез-тез тилга оладиган, ўкинч ва изтироб билан эслайдиган, эрига тез-тез «Бир бориб келсак-чи, шояд кечиришар», дейдиган бўлиб қолди.

Бироқ Келдиёровнинг энди эшаги сувдан ўтиб, Нилуфар ва унинг ота-онаси олдидаги, ўз лафзи ва виждони олдидаги масъулиятни унута бошлаган эди. Бундан ташқари, Панжакентга боришга қўрқарди ҳам. Тоғли кишиларнинг қаҳри қаттиқлигини, тузларини еб тузлиқларига тупуриб келгани учун ҳеч қачон кечира олмасликларини, мабода у ерга кириб боргудек бўлса, омон топмаслигини яхши тушунарди.

Шунинг учун ҳам Нилуфарга ана-мана, дея вақтни ўтказаверди, кейинроқ эса «Хат жўнатдим, жавоб беришмаяпти, демак, сендан воз кечишган», дейишгача бориб етди. Шундан кейин сира кутилмаганда… Нилуфар «Итдан топган итваччасини» ташлаб, тасодифан Қўқон бозорига келиб қолган бир тожик йигит билан бувисининг юрти Мастчоҳга қочиб кетди!

Келдиёров икки яшар қизчаси билан қолаверди. Тақдирга тан бериб Нилуфарни қидирмадиям, суриштирмадиям. Тез орада, ўзи билан мактабда бирга ишлайдиган, у билан бир-икки бор дон олишиб ҳам улгурган Аниса исмли жувонга уйланиб олди.

Бу хотиндан у иккита қиз кўрди. Аниса ўтли-шудли, хушфеъл ва меҳрибон аёл бўлиб чиққанлигидан Келдиёров Нилуфарнинг ортидан унчалик кўп аза тутмади. Янги рўзғор ва болалари ташвишига тез ўралашиб кетди.

Олдинги эридан бола кўрмай ажралишган Аниса дастлабки кунларданоқ Хуршидани ўз фарзандидек иссиқ бағрига олди. Шундан кейин ҳам уни ўз болалари қатори оқ ювиб-оқ тараб ўстирди.

Бу орада Келдиёровнинг Асака тарафда яшовчи бир бечораҳол узоқ қариндоши вафот этиб, унинг болаларидан бирини — Хуршидадан икки-уч ёш каттароқ Собирни ҳам ўз тарбияларига олишга тўғри келди.

Келдиёровлар оиласидаги рўзғор тутими, таълим-тарбия, кийиниш, ҳатто гаплашиш ҳам русча эди. Болалар ҳам шунга кўра, рус мактабига қатнай бошладилар…

Ҳуршида Анисадан туғилган икки синглисидан фарқли равишда, табиатан тантиқроқ, инжиқ ва ўзбошимча, ўз яқинларига меҳрсизроқ, ҳарорат ва оқибатни, яхшиликни кўпроқ бошқалардан қидирадиган, бироқ қадди-қомати келишган, ҳусну жамоли онасиникига ўхшаб ловуллаб турган бир қиз бўлиб вояга етди.

У дадасининг ҳам, Анисанинг ҳам ҳар қанча уринишлари ва куйинишларига қарамай, мактабда дуруст ўқиёлмади, Хуршида кўпроқ ранго-ранг, чиройли кийиниб бошқалардан ажралиб туришни, янги-янги дугоналар орттириб, улар орасида ял-ял ёниб ўлтиришни, одамлар унинг ҳусну жамолига, гапларига маҳлиё бўлиб юришларини ёқтирарди. Оилада мабодо унинг истаклари оз-моз монеликка дуч келиб қолса борми, ҳафталаб мотамсаро бўлиб қоларди. Бутун иддаосини эндиликда «горком»да ишлаётган, топиш-тутиши анча яхши, шу билан бирга онасининг қисмати учун бир умр Хуршиданинг олдида тили қисиқ бўлган дадасига қиларди. Келдиёров эса, ўз ўрнида, кўпроқ унга ён босишга, айтганларини муҳайё этишга мажбур бўлар, бунинг учун баъзан Анисадан ва бошқа қизлардан узр сўраб: «Сизлар унга эътибор берманглар, ўз онасидан тирик етим ўсганлиги учун шундақа, ҳадемай куёвга чиқариб юборсак, қулоғимиз тинчиб қолади», деб қўярди.

Оиладаги ўғил — Собирнинг эса шаҳар шароитидаги, устига-устак, русча тутум, русча мактабга кўникиши анча қийин кечди. Бир амаллаб саккизни тамомлаб олди-ю, бир-икки танишларнинг маслаҳати билан ўзини қандолатпазлик ҳунарига урди.

У барваста гавдали, чеҳраси очиқ, хушфеъл ва соддадил, меҳнаткаш йигит бўлиб етишди. Қўқонга келиб қолганидан кейин орадан икки йилча ўтиб, касалманд онасиям вафот этганди. Собир энди бу ерда Келдиёров ва Анисани ўз ота-онасидек, уларнинг қизларини эса ўз туғишган сингилларидек билиб ўсиб-улғайди. Лекин барибир, у ўзини ҳеч қачон бу қизлар билан тенг ҳуқуқли ва бир хил имтиёзга эгаман, деб ҳисобламади. Бу ерда у нима берсалар еб, нима олиб берсалар кийиб, нимаики иш буюрсалар «лаббай» деб бажариб яшади.

Собир билан Хуршида Анисадан туғилган сингилларига нисбатан лоқайдроқ муносабатда эдилар. Бироқ икковлари бир-бирларига таянч, ғамхўр ва ҳимоячи, кўп ҳолларда сирдош ва маслаҳатчи ҳам бўлиб ўсишди. Фақат балоғат ёшига етиб, кибру ҳавоси анча баланд бўлиб қолгач, Хуршида Собирни унчалик менсимайдиган одат чиқарди. Негадир унга энди уйларидаги бир хизматкор сифатида қарар, ўз тасаввурида гўё бу йигит бир умрга унинг хизматини бажо келтириш, ҳимоя қилиш, маслаҳатчи ва йўл бошловчи бўлиш учун яратилган одам эди. У Собирсиз яшолмас, мабода йигит унинг бирон буйруғидан бўйин товласа ёки у тайинлаган бирон ишни бажаролмаса ёхуд бир-икки кун унинг кўзига кўринмай қолса борми, Хуршида жамики аламларини ундан олишга киришарди. Табиатан хушфеъл ва хоксор бўлган Собир бундай пайтлар индамайгина жилмайиб қўя қолар, Хуршиданинг бу инжиқликларидан сираям оғринмас, ўзига исбатан мақтов ва итоаткорликни хуш кўрувчи қизга «Бир қошиқ қонимдан ўтиб қўясиз, маликаи Турондот! Энди буёғига ҳушёр бўламиз», дея осонгина қутулиб кетаверарди. Аслида… Собир Хуршидани жондан азиз билар ва севарди. Бироқ икки нарса — аввало уларнинг ака-сингилдек ўсишгани бўлса, иккинчидан, Хуршидадек сулув ва ўзига ортиқча бино қўйворган қизнинг унга ҳеч қачон тегмаслигига ишончи комиллигидан дилидагини тилига чиқара олмасди.

Ҳадемай… Келдиёров оиласи ва авлоди учун сира кутилмаган нохуш воқеалар бошланиб кетди.

Ўша пайтлар Тошкентда Мумтоз деган машҳур қўшиқчи йигит чиққан эди. Ўзи йигирма бешларга бориб-бормаган, бироқ бағоят ширали ва қўнғироқ овози, беназир ижрочилик маҳорати ва дилларни сув қилувчи оҳанрабо, ўйноқи ашулалари билан чор атрофга кенг довруғ таратганди. Ҳофиз Мумтознинг овози ёзилган тасмалар «дунёни босиб кетгач», одамлар учун унинг концертида бўлиш ёки тўй қилиб, базмига уни олиб келиш буюк бир бахтдек ҳисобланарди. Мумтоз бўй-басти келишган, истарали, гапга чечан ва салобатли, шу билан бирга, калондимоғ ва айёр табиатли ҳам эди. У билан шахсан танишиш, бир даврада бўлиш ёшларнинг, айниқса, жигарсўхта аёллару шуҳратпараст қизларнинг бебаҳо орзусига айланиб қолганди.

Ана шу ҳофиз баъзан гастролгами ёки тўю ҳашамларгами Қўқон тарафларга келиб қолгудек бўлса, албатта шу ерда яшовчи кекса ва касалманд амакисиникига бирров қўниб ўтар, ҳар гал ҳам шинаванда амаки ва унинг қўни-қўшниларидан уч-тўрт жуфт қўшиғини дариғ тутмай, уларни хушнуд этиб кетарди.

Ана шу амакининг енгилоёқликда айбланиб, битта боласи билан эридан ажралиб келиб ўтириб қолган Сурайё исмли қизи бўлиб, у Хуршиданинг энг яқин, сирдош дугонаси эди.

Сурайё ҳофиз Мумтознинг Қўқондаги овунчоғи ва шу билан бирга, унинг бу ердаги бошқа кўнгилхушликларини ҳам сўзсиз ва бекаму кўст ташкил этиб турувчи ишончли одами ҳисобланар, бунинг эвазига у ҳофиздан катта-катта ҳадялар олиб турарди. Мумтоз кўпинча Сурайё орқали таклиф қилинган тўй-ҳашамларга келиб қолгудек бўлса, ўша пайтлар Дўндиқча деб ном чиқарган Сурайёнинг ўзи базмда раққосалик қилар ва бундай пайтларда Мумтоз кўпинча тўйдан тушган чорси-чорси пулларни ҳеч иккиланмай унга ташлаб кетарди. Мумтознинг гуруҳидаги йигитлар ҳам бунга кўникиб қолишган, Қўқонга тўйга келгудек бўлиб қолишса, ўзларича кулишиб: «Дўндиқчанинг худойисига келдик», деб қўйишарди.

Шундай қилиб, Мумтознинг Қўқонга қилган навбатдаги сафарларидан бирида, унинг кўйида ўртаниб юрган, «Мумтоздек ҳофиз билан ёнма-ён ўлтириш, унинг икки оғизгина ширин сўзига мушарраф бўлиш, бир жуфтгина қўшиғини ўзига қаратиб тинглаш»дек буюк онларни сабру тоқатсизлик билан кутаётган Хуршиданинг орзуси Сурайё орқали амалга ошди. Сурайё уларни ўз уйларида таништирди.

— Мени янги дугонам Хуршида… — деди у Мумтозга. — Сиззи қўшиқлариззи жону дилдан севади.

Мумтоз қаршисида ийманиброқ ўлтирган, икки бети тандирдан янги узилган кулчадек ловуллаб турган, кўкраклари дуркун, гулрў ва дилбар қизга суқланиброқ тикилди. Беихтиёр ютиниб, Сурайёга деди:

— Мен Қўқонда бунчалик чиройли қиз учрайди, деб ўйламовдим…

Хуршиданинг юраги гумириб кетди. Мумтоздек «довруғи дунёни тутган» йигитдан бундай таърифни эшитиш унинг учун сира кутилмаган бахт эди.

— Раҳмат. Менга биронта расмингизни ё бўлмаса дастхатингизни берсангиз… — қийналиброқ сўз қотди у. Кейин илова қилди: — Эсдаликка…

Мумтоз ўрнидан туриб, қимматбаҳо садафрез торини қўлга оларкан, Хуршидага жавоб қилди:

— Мен суратга тушишниям, дастхат беришниям ёқтирмайман. Лекин сизга атаб қўшиқ айтиб беришим мумкин, — шундай дея у торни секин чертиб, мулойим ва ёқимли овоз билан нола оҳангида хиргойи қила бошлади:

Хуршида, Хуршида, жону дилимсан,

Муҳаббат боғида танҳо гулимсан.

Рухсоринг ўтида куйган қулингман,

Бахтимни ёритган оташ нуримсан.

Хуршида, Хуршида…

Мумтознинг уддабуронлиги ва олғирлигига ўзича тан бериб, шу билан бирга уни Хуршидадан пинҳона рашк қилганча ич-ичидан эзилиб ўлтирган Сурайё сохта табассум билан қарсак чалди:

— Қойил, қойил! Мана, Ҳуршидага аталиб янги қўшиқ ҳам тайёр бўлди!

Хуршида бугунги кутилмаган учрашув ва танишувдан, кутилмаган эъзозу эҳтирослардан бағоят хушҳол ва сармаст ўлтирарди. У Мумтознинг бир зумдаёқ унга атаб қўшиқ тўқиганидан, қўшиқдаги «жону дилимсан, танҳо гулимсан» каби фараҳли сўзларидан лаззат оғушида эди.

Мумтоз ўша куниёқ Хуршидани обдон «ишлаб» қўйди. Уни қиёмига етказиб таърифу тавсифлаб, ҳусну жамолини кўкларга кўтариб мақтаб, қизни ўзига кўринмас чилвир билан маҳкам боғлади-олди. Эртаси куни тушликка эса уларни ўзи ётган шаҳар меҳмонхонасига таклиф қилди.

— Мен бу кеча энг яхши ашулаларимни алоҳида кассетага ёздириб қўяман, орасида ҳозирги «Хуршида»ям бўлади, — деди у қизларга. — Эртага борсаларинг, ҳадя қиламан. — Кейин Сурайёга қараб, қўшиб қўйди: — Ўзингиз яхши биласиз, мен кутишни ёмон кўраман.

— Хавотир олманг, борамиз, — деди Сурайё унга маъноли боқиб. — Айтганингиздай бўлади…

Эртасига Сурайё билан Хуршида ваъдага мувофиқ тайинланган вақтда Мумтознинг қабулида бўлишди. Меҳмонхонанинг хос хонасида яшаётган ҳофиз йигит зиёфатни қуюқ уюштирган эди. У қизларни чуқур тавозе билан ғоят ялтоқланиб қабул қилиб олди. Айниқса, Хуршидага нисбатан жудаям сертакаллуф бўлди, унга нуқул тилёғламалик қилар ва қизни кўпиртириш учун бисотидаги жамики ҳамду саноларни ишга соларди.

Хуршида ҳам бугун ўзини батамом қўйиб юборди. Мумтозни энди ўзига гўё эски танишдек ҳисоблай бошлади. Унинг тасаввурида ҳофиз йигит унга батамом боғланиб қолгандек, агар Хуршида истаса, Мумтоз ҳозир осмондаги ойни ҳам унга узиб олиб бериши мумкиндек туюларди. Бундан у беҳад лаззатланар, Мумтоз билан дон олишиб юрган дугонасини энди бир четга қисиб қўйганидан ҳам ўзича шодланар ва Мумтознинг қаршисида ўзини, Собир айтмоқчи, чиндан ҳам «маликаи Турондот» деб ҳис этарди. Айниқса, Мумтоз унга ичида «Хуршида»си бор ўз ашулалари ёзилган касетасини тақдим қилганда, назарида ҳофиз йигит ана шу кассетага қўшиб ўзини ҳам топширгандек туюлди. Қувончи ичига сиғмай, сираям ийманмасдан, ихтиёрсиз равишда Мумтознинг бўйнига осилиб, унинг юзидан ўпиб олди.

Ичкиликдан бундан илгари у ер-бу ердагина оз-моз тотиб юрган Хуршида бугун бу масалада ҳам ўзига жуда эрк бериб юборди. У Мумтоз илтифот қилган қадаҳларни ерда қолдирмади. Энди Ҳуршида бири биридан ширинроқ ва қайноқроқ туюлаётган алёрлару,

вужудларга ва эҳтиросларга олов пуркаётган ўйноқи ва серқитиқ яллалардан, Мумтознинг ажиб жозибали ва сеҳрли овозидан, унинг ўтли-ўтли нигоҳлари ва сеҳрли табассумидан симобдек эриб ўлтирарди. Ҳозир у ўзлари ўлтиришган мана шу хонадан ташқаридаги борлиқни батамом унутган, олам ҳозир унинг учун фақат ўзи-ю Мумтоздангина иборат бўлиб қолганди.

Хуршида шундан кейин бу ерда қанча ўлтиришганини, Сайёра қачон ва нима учун кетганини, ўзининг Мумтоз билан нима сабабдан танҳо қолганини эслолмайди.

Мумтоз уни обдон ечинтирганда ҳам у сеҳрлангандек карахт бўлиб тураверди. Фақат «Мен қиз боламан» деганда, Мумтознинг унга жавобан «қиз бола бўлсангиз янаям яхши, ўзим хотин қилиб оламан» дегани ғира-шира эсида холос.

Ярим кечада Мумтоз уни машинада уйларига қўйиб кетипти.

Эртасига у ҳеч қаёққа чиқмади. Кун бўйи ўз хонасида ўралиб ётди. Уйдагиларга бошим оғриб турипти, деган баҳонани қилди. Лекин Аниса Хуршиданинг уйга ярим тунда, маст ҳолда қайтганидан хабардор, уни суриштирган дадасига «Бир дугонасининг туғилган кунига бориб, кеч келишди», деб қўя қолган эди.

Аниса тушликка нордонгина карам шўрва қилиб, унинг хонасига кирди.

— Вставай, доченька, я тебе твой любимый борщ сварила.

Хуршида беҳол ётар, ҳатто кўз очишга бемажол эди.

— Не надо. Ничего не хочу, — баъзўр жавоб берди у.

— Ну хоть скажи мне, милая, что с тобой происходит? — Хуршиданинг пешонасини меҳр билан силади Аниса.

Қиз унинг қўлини пешонасидан суриб ташлади.

— Пожалуйста, оставь меня в покое.

Аниса «уф» тортганча аста қайтиб чиқиб кетди.

Кечга яқин Сурайё кириб келди. Бу вақт Хуршида анча ўзига келиб қолган, Собир келтириб берган бир лаган гилосдан паришон ҳолда чўқилаб ўлтирарди.

— Мумтоз сени сўраб қўйди… — деди Сурайё унга кинояли оҳангда.

Хуршида бир дам жимиб турди-да, кейин унга норози қиёфада деди:

— Ҳаммаси сен туфайли бўлди…

— Қизиқ экансан. Ахир мени ўзинг ҳайдаб юбординг-ку?

— Билмайман. Бўлар иш бўлди. Энди менга эслатма уни…

— Аксинча, мен сендан аразлашга ҳаққим бор. Сен мени йигитимни тортиб олдинг. Энди у сенга уйланмоқчи…

— Бас қил! — Хуршиданинг жаҳли қўзғади. — Мен кўчада қолганим йўқ, хотини, бола-чақаси бор одамга тегиб!

— Ахир…

— Ўчир овозингни, — Хуршида Сурайёни гапиртиргани қўймади. — Буёғини худога солдим. Виждонсиз экансизлар. Икковингизни ҳам маслаҳатингиз бир бўлган. Бор, энди чиқиб кет. — Кейин болиши остидан нима биландир атайлаб мажақланган ва ленталари чуваланиб ётган кассетани олиб узатди. — Тўхта, манавини сумкачангга солиб ол!

Шу-шу, Хуршида Мумтоз билан ҳам, Сурайё билан ҳам бошқа боғланмади. Мумтознинг ўзи ҳам ҳеч нима кўрмагандай зим-зиё бўлиб кетди, ҳатто ўша «Хуршида» ашуласи ҳам бошқа ҳеч қаерда, ҳеч қачон янграмади. Фақат орадан бир йилча ўтиб, қаердаям эшитиб қолди, сўзлари ўша-ўша, лекин Хуршидаси йўқ эди.

Санобар, Санобар, жону дилимсан,

Муҳаббат боғида танҳо гулимсан…

Шундай қилиб, Хуршида анча вақтгача ўз ёғида ўзи қовурилиб юраверди. У энди жудаям камгап, хаёлида фақат бир нарса — юз берган фалокат доғидан қандай халос топиш эди. Унинг ранг-рўйи тобора заъфарон тортиб, ўзиям озиб-тўзиб бораётганидан ташвишга тушган Келдиёров Анисага буюрди:

— Тут что-то кроется. Попробуй-ка уточнить…

Анисанинг бир неча кунлик уринишлари ниҳоят ҳақиқатни рўёбга чиқарди. Тобора ноилож ва қийин аҳволга кириб бораётган Хуршида ахийри унга ёрилишга мажбур бўлди. Фақат Мумтоз ҳақида гапирмади. Ўз дардини очди, холос:

— Меня обманули, мам…

Воқеадан воқиф бўлган Келдиёровнинг пайтавасига қурт тушиб қолди. Энди нима қилиш керак? Бу шармандаликдан халос топишнинг иложи борми ўзи? Нега энди Хуршида ўша номард йигитнинг кимлигини айтмаяпти? Ёки овоза бўлиб кетишдан қўрқяптими?

Шунда ногоҳ Келдиёровнинг эсига бундан бир неча йиллар бурунги Панжакентнинг тоғли қишлоғи ва худди шу Хуршиданинг ўзи бўлган соддадил Нилуфарни қандай қилиб алдов йўли билан номусини булғаб қўйгани тушди. Эсига тушди-ю, хаёлида гўё кимдир шунча йиллар унинг ортидан пойлаб юриб, энди ниҳоят Келдиёровдан ўша қилмиши учун ўз ҳақини олиб кетгандек бўлди-да, дами ичига тушиб, тил тишлаганча жим қолаверди.

Ўша кунларнинг бирида Хуршидадаги жиддий ўзгаришлардан ташвишланган Собир ундан сўраб қолди:

— Сенга нима бўляпти ўзи? Ёки биронтасини яхши кўриб қолдингми?

Хуршида қаршисида болаларча беғуборлик билан боқиб турган соддадил Собирга ҳазин жилмайиб жавоб қилди:

— Ҳа, яхши кўриб қолганман… Лекин у мени хаёлига ҳам келтирмай юрипти…

— Ундай бўлса, айтсанг-чи, ўзим ўртага тушайин.

— Йўқ, Собир ака. Ўртага бошқа одам тушиши керак…

Хуршиданинг кўнглидан кечган бу ният шунчаки бир ҳазилмиди ёки чинмиди, ҳар қалай фаришталар омин деб юборган экан шекилли, тез орада Собир учун ҳам, Хуршида учун ҳам сира кутилмаган ишлар бўлиб кетди. Айниқса, Келдиёровнинг «хоҳиши ва таклифи», шошилинч тазйиқи билан бу хонадонда икки ёш ўртасидаги ака-сингиллик муносабатлари қўпориб ташланди. Собирдан пинҳона равишда, бир таниш гинеколог ҳузурида Хуршида «махфий таъмир» дан ўтказилди…

Тез орада уларнинг никоҳ тўйи бўлиб ўтди. Келин-куёвга шаҳарнинг ишчилар яшайдиган мавзеидан битта уч хонали уй олиб беришгач, Келдиёровнинг гарданидан тоғ қулагандек бўлди. Тахмина юқорида ҳикоя қилинган ана шу Келдиёровнинг невараси, Собир билан Хуршиданинг фарзанди эди…

Мен Тахминага дадаси Собирни ҳам, ойиси Хуршидани ҳам яхши эслашимни айтдим. Биз уч-тўрт нафар талабалар уларга яқин жойда ижарада яшаганимиз, дадаси Собир биздан ёши бирмунча каттароқ бўлишига қарамай, у билан худди жўралардек муносабатда бўлганимиз, буваси Келдиёров эса бизга институтда дарс берганликларини ҳам ҳикоя қилиб бердим.

Тахмина кутилмаган бу учрашувдан нима қиларини, нима дейишини билолмай мени жимгина тинглаб ўлтирарди. Унинг хаёлидан нималар кеча бошлаганини билмайман, бироқ ҳар ҳолда «таниш ва уятли кишига дуч келиб қолгани»дан ноқулай аҳвол ва ҳадикка тушганини ҳис этиб турибман.

— Минг лаънат, тақдир бугун мени қаерданам сизга қўшиб қўйди… — у ёшига номуносиб оҳангда жеркинди.

— Ундай эмас, Тахмина. Учрашганимиз айни муддао бўлди, — дедим унга. Кейин яна гапни ўша хотиралар изнига бурдим. — Биз сизларникида бир-икки марта бўлганмиз ҳам. Даданг олиб кирувди. Сен ўшанда жажжигина қизалоқ эдинг…

— Эслолмайман, ҳаммаси тушдагидек ўтди-кетди. Қани энди бир юмалаб болалигимга қайтсам.

— Тахмина, мабодо мўъжиза рўй бериб, яна ўша пайтларга қайтиб қолсанг, нима қилган бўлардинг?

У бир дам жимиб қолди. Кейин менга ўйчан боқиб, хиёл титроқ овозда сўради:

— Дадамни… нима бўлганидан хабарингиз борми?

— Ҳа, эшитганман. Мен у пайтлар ўқишни тамомлаб, Фарғонада ишлардим.

— Мабодо сиз айтган мўъжиза рўй берганда, мен энг аввало дадамни асраб қолган бўлардим…

Менга уларнинг оиласи билан рўй берган фожиаларни қўқонлик дўстларим ҳикоя қилиб беришган. Собир ўшанда қандолат фабрикасида цех бошлиғи бўлиб ишлар, топиш-тутиши ёмон эмас, рўзғорлари бинойидек эди. Хуршидадан бир қиз, бир ўғил кўрган, ўғилчалари уч яшарлигида электр токи уриб нобуд бўлган ва энди танҳо қизчалари Тахмина билан қолишганди.

Бу оилада бошланиб кетган ва кейинроқ фожиаларга туташ нохушликлар негизи бир тарафдан Хуршида табиатидаги ҳамон барҳам топмаётган айрим инжиқликлар, унинг ҳануз ўзини Собирдан устун қўйиши, юрагининг туб-тубида эса аллақандай бир армоннинг тош қотиб қолгани-ю, унинг энди ҳеч қачон кўкармаслигидан аламзадалик ҳиссида бўлса, иккинчи тарафдан Собирнинг ана шу бедодликлар устига ўғилчаси бевосита Хуршиданинг эҳтиётсизлиги туфайли нобуд бўлганлигига, хотинининг бошқа туғмаётганлиги ёки туғишни истамаётганлигига ўчакишиб, аламини нуқул арақдан олаётганида ҳам эди.

Хуршида бир вақтлар яқинлашиб келаётган шармисорлик тўфонидан қандай қилиб қутулиб қолганини, Собирдек энг яқин, беғубор ва бегуноҳ бир йигит қаршисида бу дунёю у дунё қарздор эканлигини батамом унутган эди. У яна ўз «манман»лигини қайта тиклаб олган ва эрининг эр йигитлигидан, куч-қувватидан, топиш-тутишидан, меҳру-оқибатидан воз кечмаган ҳолда, унга сўз ҳам, рўйхушлик ҳам бермасди.

Бу орада Келдиёров тўсатдан ақлдан озиб, жиннихонага тушди ва у ерда бир ойларча ётиб-ётмай, оламдан кўз юмди. Хотини Аниса эса унинг йилини ҳам кутмай, ҳамон бефарзанд ва сўққабош яшаётган олдинги эри билан ярашиб олди. Энди Хуршида-ю Собирнинг тақдири билан қизиқадиган ҳеч ким қолмаган эди.

Шундай қилиб, буларнинг уйидан қуту барака ўча бошлади. Ичкиликбозликка ружу қўйиб, бошқа ҳамма нарсага бефарқ ва лоқайд бўлиб қолган Собирнинг иши ҳам чаппа кетди. Уни цех бошлиғи вазифасидан бўшатишиб, оддий ишчиликка қўйишган ва турган гапки, эндиги топаётгани ўзининг харжидан ортмас эди.

Ўз ўрнида, шу пайтгача ҳеч қаерда ишламаган, қўлини совуқ сувга урмаган, фақат пардоз-андозу ялтир-юлтирларга кўмилиб юрган Хуршида учун энди батамом руҳий тушкунликлар даври бошланади. Эгнидаги чиройли кийимлар оҳори тугаб бўлаёзди, кечагина қўғирчоқдек ясаниб юрадиган қизчалари Тахминани дурустроқ кийинтиришнинг ҳам иложи бўлмай қолади.

Оила бошлиғи ўз ўрнини, мавқеини, ҳукмини бой берган хонадондаги бу аҳвол шусиз ҳам енгилтабиат ва худбин, ишёқмас ва танноз хотинни энди бошқалардан нажот қидиришга ундайди. Ҳамон ўз ҳусни, келишган қадду қомати билан ажралиб турувчи бу нозанинни тез орада янги-янги дугоналар ва ишратпараст давлатмандлар қуршаб олишади.

Бироқ Хуршида Собирни энди батамом менсимай қўйганлиги, уни шунчаки қизчаси Тахминанинг отаси эканлигини эътироф этиш билангина чегараланиб қолганлигига қарамай, бу эркак унинг учун ҳали «Эринг борми, бор» маъносида иш беришини назардан қочирмасди. Шу боис Собирнинг бу даргоҳдан бош олиб чиқиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида гоҳ-гоҳида сохта ноз-фироқ ва табассум билан унга «бир чимдим майиз егизиб» қўйишни ҳам унутмасди. Бундан ташқари, хиёнат хиёбонидаги ҳар галги сайру гаштларни бағоят эҳтиёткорлик ва муғомбирлик билан амалга ошириб, уни эридан ва ён-атрофдагилардан мутлақо сир тутишга уринарди. Бу билан у, энг аввало, ишратпараст харидорлар наздида ўз мавқеини қўлдан чиқармасликни, «ёмон ном чиқариб қадру қиммати пастлаб кетиши»дан ўзини сақлаб туришни кўзлар эди.

Кимдир уни шаҳар универмагининг атир-упа бўлимига сотувчи қилиб ишга жойлаб қўйди. Бу ерда Хуршида номигагина кўзга кўриниб, арзимаган маош олса-да, у энди шаҳарлик бойвуччалардек башанг кийинадиган, зебу-зийнатларда ловуллаб юрадиган бўлиб қолди.

Бора-бора чет-четдаги, баъзи-баъзидаги пинҳона ўлтиришлар энди уни қониқтирмай қолди. Айниқса, дам олиш кунлари уларнинг хонадонларида ҳам ёғли ўлтиришлар, айшу ишрат давралари бўлиб ўтадиган бўлди. Собирнинг атрофида кейинги пайтлар унинг ўзи ўйламаган ва сезмаган ҳолда кўпроқ пайдо бўлишаётган янги-янги ҳозиру нозир жўралари ва Хуршиданинг ўзига ўхшаш башанг кийинган ҳурлиқо дугоналари жам бўлишар, базми жамшидлар куну тун авжига минарди. Ва, албатта, буларнинг барчаси Тахминанинг, катталар дунёсига олазарак боқиб, ниманинг нима эканлигини эндигина англай бошлаётган думбул қизчанинг иштирокида ва кўз ўнгида бўлиб ўтарди.

Бу оиланинг бундан кейинги қисматлари, айниқса, Собир қаердандир илаштириб келган, бироқ юриш-туриши бу атрофдагилар учун ўша пайтлар беҳад давлатмандлик андозаси ҳисобланган «Мистер Дони» лақабли кишига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлиб қолади. Унинг асл исми Дониёр бўлиб, новча бўй, хушбичим, сочларини бўяб, ғоят силлиқ ва ихчам тараб юрадиган, кўринишдан хуштабиат ва хушчақчақ, бироқ шу билан бирга, ўта эҳтиёткор ва муғомбир одам эди.

У Собирнинг ва унинг улфатларига қараганда ёши каттароқ бўлишига қарамай, даврадаги нозанинларни ўз мавқеи билан жуда тез ром қила бошлади. Бу мавқеи — унинг видеомагнитофон, «Тойота» автомашинаси борлиги, ҳамиша қимматбаҳо кийимларда кўриниши, пул ва совға-саломларга сахийлиги, ўлтиришлардаги сўзамоллиги ва одамохунлиги, рок-музикаларга моҳирлик билан ўйнай олишидан иборат эди.

VI

Донининг бу даврага кириб келиши ораларидан кимнингдир туғилган куни ёки бошқа муносабат биланми, ресторанда ўтиришганда юз берди.

— Менинг янги дўстим мистер Дони билан танишинглар! — деди у билан бирга кириб келган Собир ўлтирганларга. — Даврамизнинг супер жентельмени!

Дони ўлтирганларга тавозе билан бош эгади. Кейин йигитлар билан қўл бериб танишишади. Қизларнинг эса нозик қўлларига устамонлик билан бирма-бир лаб қўйиб чиқади. Айниқса, навбат Хуршидага келганда, у ўзини бир дам йўқотиб қўйгандек бўлади.

— Дугоналарингиз само қўйнини яшнатиб турган энг чароғон юлдузлар экан, — дейди у Хуршиданинг қўлини кафтидан чиқармай туриб. — Лекин сиз улар орасида чиндан ҳам Хуршид, яъни қуёш экансиз. Мен бунчалик мунаввар чеҳрани умримда учратмаганман…

Бу ҳамду сано Хуршиданинг юрагига чўғ ташлаб ўтади.

Доимо ширакайф ва аламзада юрувчи Собир шунда Донининг мақтовига қўл силтайди:

— Очкони оширманг, меҳмон. Хоним қуёш бўлмасаям кўксимиз куйишиб юрипти ўзи…

Ҳозиргина вужудига олов югуриб турган Хуршида бирданига музлади-қолди. Унинг ранги оқариб, лаблари пирпирай бошлаганини кўрган дугоналаридан бири эпчиллик қилди:

— Вой Хуршида, эрингни рашки бор экан!

Фалокат шамоли безиён ўтиб кетди. Хуршида ўзини қўлга олди ва Собирнинг гапини эътиборсиз қолдириб, Донига айёрона табассум билан жавоб қайтарди:

— Сиз, назаримда, қуёшгаям қўли етадиган йигит кўринасиз…

Ўша кунги ўтиришда гап кўпроқ пул ҳақида, пул топиш йўллари, обихесчилар, базаларда ва чайқовчилар қўлида пайдо бўлаётган ажойиб хорижий матолар, кийим-кечаклар, заргарлик мағозаларидаги қимматбаҳо тақинчоқлар ҳақида кетди. Кўпроқ Дони гапирди.

Даврадагиларнинг ўзлари ҳам «осмондан тушиб қолган бу давлатманд ва донишманд» меҳмонга маҳлиё бўлиб қолишганди. Унинг босиқ ва мулойим овозда чиройли, мантиқли сўзлаши, гап орасида баъзан ишқу муҳаббат, ёр васли, шаробу бўса ҳақида жиндай-жиндай шеър ҳамда эҳтиросларни қитиқловчи яланғоч латифаларни ҳам қистириб ўтишидан ҳузур қилиб ўтиришарди. Нозанинлардан бири ундан «Дяд Доник, сиз мабодо шоир-поир эмасмисиз», деб сўраб ҳам кўрди.

— Мен шоирлик даъво қилмайман, — деди Дони унга жавобан тилло тишлари ним ярқираётган ҳолда табассум билан. — Лекин бу дунёда сизлардек паривашлар зоти бор эканми, шоир бўлиб ёниб яшамаган эркакни эркак демайман!

Ўлтирганлар завқ билан қарсак чалишди, давра нозанинлари қарсаги ўз шиддати ва овози билан устунроқ чиқди. Навбатдаги қадаҳни мистер Донининг саломатлиги ва омади кори учун кўтаришмоқчи эдики, у эътироз билдирди:

— Келинглар, яхшиси, даврамизни чароғон этиб турган хуршед-у юлдузлар учун ичайлик!

Шундай қилиб, бир зумдаёқ Дони бу давранинг эскидан таниш, яқин одамидек бўлиб қолди. Ўлтирганлар, албатта, унинг қаерда ва ким бўлиб ишлашини билиб олишга қизиқишар, бироқ Собирнинг аллақачон кайфи ошиб, боши саланглаб қолган, Донининг ўзи эса бу ҳақда чурқ этмай, «буёғини ўзинг топвол» қабилида иш тутди. Рақсга тушган нозанинларга пулни аямай қистирди, ҳатто навбат Хуршидага келганда, ҳамманинг кўз ўнгида унинг сийнабандига бир даста йирик пул тиқиб қўйди.

Хуршиданинг энди Собир билан мутлақо иши бўлмай қолди. Даврадаги дугоналарининг ҳавас ва ҳасадини келтираётган давлатманд меҳмонни батамом эгаллаб олди. У Донининг ёнида бир дунё бўлиб очилиб-сочилиб, унга ёпишиброқ ўлтирарди. Дони гапирса нуқул хохолаб куларди, ичса-ичади, еса-ейди, ўйнаб беринг, деса, ғинг демай ўйнаб беради. Хуллас, нимаики деса, йўқ дейиш йўқ.

Дони ҳам бундан беҳад хурсанд, у бутун кеча давомида Хуршидадан ўз эътиборини ва илтифотини канда қилмади. Икковиям қадаҳларни худди эски қадрдонлардек жаранглатиб уриштириб ичишар, бора-бора «меҳмон амаки» қолган андишаларни ҳам бир четга суриб қўйиб, ҳар қадаҳдан сўнг Хуршиданинг лаб чеккасидан ўпиб қўядиган бўлди.

Бир вақт залда жинси кўйлак-шим кийиб, енгларини шимариб олган норғул-норғул икки йигит кўриниш беришади. Дони уларни ёнларига имлади. Икковиям шошиб келишиб, унинг икки четида соқчилардек туриб қолишди.

— Булар менинг навкарларим, — деб қўйди Дони ифтихорли оҳангда даврадагиларга. Кейин иккала йигитга бошини стол четига қўйганча хуррак отаётган Собирни ишора қилди: — Манави акангларни олиб чиқиб менинг машинамга ётқизиб қўйинглар. Биз бирон соатлардан кейин чиқамиз.

Йигитлар Собирнинг қўлтиғидан даст кўтаришиб, уни ташқарига беозор олиб чиқиб кетишаркан, Хуршида расмиятчилик учун хижолат чеккан бўлди:

— Бу тўнғиз ҳаммага дардисар бўлди…

Дони унга қисилиб турган кўзлари билан чуқурроқ қадаларкан, Хуршиданинг алвон дудоқлари устига бармоғини олиб бориб босди:

— Тс… с, ундай деманг, Собир менинг дўстим бўлади-я…

Кейин у официант аёлни ёнига чақиртириб: «Бугунги зиёфат харажатлари менинг ҳисобимдан. Ҳозир яна коньяк, арақ, шампан келтиринг. Қизларимизни энг қимматбаҳо шоколадлар билан сийланг!» — деди.

Давра иштирокчилари унинг илтифотига монелик билдиришмади. Янаям завқланишиб, ўйин-кулги суръатига зўр беришди.

Дони ўзида йўқ хурсанд эди. Бугун у мана, ўз ниятига етди, ҳисоб. Унга Хуршида билан қуюқроқ танишиб олиш, анчадан бери ишратпараст давлатмандлар орасида ҳавас билан тилга олинаётган бу маҳлиқони ўз қўлига қўндириш учун унча-мунча жон куйдиришга тўғри келди. Тўғри, пул бўлса — чангалда шўрва, деганларидек, Дони учун Хуршида сингарилар билан маишат уюштириш, ҳатто ундан кўра ўн чандон чиройлироқ ва ширинроқ нозанинлар билан ҳамсуҳбат бўлиш ҳеч гап эмас. Бироқ, айнан шу Хуршидани қўлга киритишга у қатъий аҳд қилган эди. Савдо бошқармасида ишловчи, мол-дунёси билан доимо карандалик ва каттазанглик қилиб, уни менсимайдиган, Хуршидани кўз-кўз қилиб юрган бир рақибига ўчакишиб, ана шу ишга киришганди. Бунинг учун у осонгина йўл қидириб топди. Қўли қисқа, бироқ ичкиликбозни хуш кўрадиган, пул-у маишат бор жойда бошқа нарсаларга қўл силтайдиган Собир билан жўра бўлиб олди…

Дони мистер Донилигида эмас, балки бундан бир неча йиллар бурун фақирликда, бироқ ҳамиша сабру қаноат билан оллоҳга шукур қилиб яшовчи Муҳиддин қори деганнинг ўғли Дониёрлик вақтида анча бошқача бўлган. У болаликдан поклик ва ҳалоллик, мулойимлилик, меҳру-шафқат руҳида тарбияланганди. Ўрта мактабда ҳам яхши ўқиган, айниқса, шеъриятни севар, келгусида шоир бўлиш орзуси ҳам йўқ эмасди. Шунинг учун ҳам атайлаб институтнинг ўзбек тили ва адабиёти факультетига ўқишга кирган. Бироқ уни тамомлай олмади. Иккинчи курсдалигида янги йил арафасидаги ичкиликбозликдан келиб чиққан бир жиноятга беихтиёр қўшилиб қолди. Икки нафар курсдош ўртоғи маст-аласт ҳолда уларнинг ётоқхонасида ётиб қолган бир қизнинг номусини булғаб қўйишди. Дониёр жиноий ишда қатнашмаганлиги ва гуноҳкор йигитларнинг ўзлари ҳам буни эътироф этишганига қарамай, у ўша машъум кечани шу хонада ўтказганлиги ва даъвогар қизнинг эса «зўрлаганлар орасида Дониёр ҳам бор эди», деб туриб олганлиги оқибатида асосий айбдорлар қаторида беш йилга қамалиб кетаверди. Яна бир алам қиладиган жойи шу бўлдики, олти-етти йилдан муддат олишган ўша жинояткор шерикларининг ота-оналари бадавлат ва бообрў одамлар бўлишгани учун ҳам улар узоғи билан икки йилча ўлтиришиб, кейин дабдурустдан озод бўлиб кетишди. Мўмин-мусулмонларнинг худо йўлидаги хайру эҳсонлари билангина кун кечирувчи бечораҳол Муҳиддин қорининг ўғли Дониёр эса «ейилмаган сомса» учун қўнғироқдан қўнғироққача ўтириб чиқишга мажбур бўлди.

Қамоқхона ҳаёти табиатан мулойим, ҳали анча ғўр, зўравонлик ва шафқатсизлик олдида ожиз ва қўрқоқроқ, иродасизроқ Дониёрни батамом ўзгартириб юборди.

У қамоқдалиги вақтида отаси оламдан ўтиб, онаси ундан кейинги иккита укаси билан амакисига, Муҳиддин қорининг Нуриддин шилпиқ деган носфуруш укасига тегиб олганини эшитиб, озод бўлгандан кейин ўз қишлоғига қайтмади. Онасининг бу қилмиши энди, Дониёрни батамом ваҳшийлаштириб юборди. Унинг аламзада дилида аёл зотига нисбатан ўчмас нафрат ва қасос ҳисси пайдо бўлди. У уйланмади, дуч келган гул борки, уни ҳар қандай йўл билан ҳам узиб ва ҳидлаб, кейин уни шафқатсизларча топтаб, эзғилаб кетишдан роҳатланадиган одат чиқарди.

Дониёр қамоқхонада танишган ва унга тегишли йўл-йўриқ ҳамда сабоқларни бериб устозлик қилишган айрим «амаки»ларнинг тавсияси билан шаҳардаги бир гуруҳ мафиозлар даврасидан паноҳ топди. У ўз ҳомийларига чинакам садоқат ва ҳалол хизматлар кўрсатиб, бунинг эвазига ёғли-ёғли жойларда ишлаш имконига эга бўлди. Кейинги пайтларда у бензин бўйига бизнесмен бўлиб танилган, анча катта ҳудудларда айтгани-айтган, дегани-деган, пойи-патаклар энди уни эркалашиб, хушомад билан Дони, мистер Дони деб атайдиган бўлишганди.

Бугун мана, мистер Дони учун одат тусига кирган ҳаловатли ва фараҳбахш кечаларнинг навбатдагиси. У айниқса гулбадан Хуршиданинг биринчи учрашувдаёқ қафасга «лоп» этиб кириб, энди унинг ўнг кифтига осилганча ишваланиб, ялтоқланиб ўлтиришидан лаззатланяпти.

— Мистер Дони, пожалуйста… Биттигина шеър ўқиб берсангиз-чи… — Шу тоб у Донига, бир маҳаллар ҳофиз Мумтоз тўқиб куйлаган «Хуршида»ни эслаб қолиб, илтижо қилади. — Мне очень нравится, когда о нас поют или стихи читают…

— Неужели?! С огромным удовольствием, — Дони ғурур билан ўрнидан тураркан, даврадагилар ҳам бу таклифни маъқуллашиб, қарсак чалишди. — Сизлар учун жон тасаддуқ!

Кейин у томоқ қириб, оз-моз хаёл суриб олгач, шоирларга хос салобат ва салмоқ билан машҳур бир драмадан монолог ўқий бошлади.

Косани тўлдиринг, айтинг алёрни,

Шу пулнинг, шу қулнинг соғлиғи учун.

Айш қилиб ўлтирган йигитлар билан,

Майлисда қизларнинг борлиги учун.

Ичайлик шу пулнинг салобатига,

Пул кўп зўр, азамат, паҳлавон бир куч.

Агар пул бўлмаса бутун дунёда

Одам йўқ, турмуш йўқ, ҳатто яшаш пуч.

Пул бўлса, пул бериб базм оласан.

Пул бўлса, пул бериб имон оласан,

Пул бўлса, пул бериб виждон оласан,

Пул бўлса, пул бериб хотин оласан.

Диёнат, қошу кўз, ширин сўз ҳам пул,

Ҳаттоки муҳаббат, юраклар ҳам пул..

Билмадим, худонинг ўзи дунёни,

Яратса, пулни ҳам ўйлаганмиди?

Шу пулнинг ўзидан кучли эканин,

Худонинг ўзи ҳам билганми эди?

Ўша кеча Хуршида кетма-кет кўтарилган қадаҳларнинг ҳароратидан эмас, кўпроқ узоқ йиллардан бери орзиқиб кутилган Шаҳзоданинг ниҳоят унинг ҳаётига кириб келганидан, назарида мистер Дони энди батамом уники-ю, бундан кейинги турмуши жудаям чиройли бўлиб кетишига ўзида ҳосил қилган умид ва ишонч лаззатидан маст-аласт эди.

Дони ўз «Тойота»сида уларни уйларига элтиб қўяди. Ёнидаги икки йигитга Собирни «биздан кейин олиб чиқасизлар», деб тайинлаб, Хуршидани қўлтиқлаганча олдин ўзи кўтарилади.

Эшикни узоқ қўнғироқдан сўнг, ичкарида ухлаб ётган Тахмина очади.

— Менинг қизим Тахмина…

Ёши 12–13 ларда бўлишига қарамай бўйи анча чўзилиб қолган, юпқагина оқ шойи ичкўйлакда кўкраклари, хипчагина бел-у, бўлиққина болдирлари кўзга ташланиб, ҳусну жамолиям оташдек парпираб турган Тахминага мистер Дони суқланиб қолади.

— Қизингиз жудаям ширин экан, — дейди у Хуршидага. — Ҳадемай ўрнингизни босади. Балким сиздан ўзиб кетар…

Уй бекаси унинг бу мақтовидан ийиб, ўринсиз ҳиринглаб қўяди. Бироқ бу гапнинг замирида қандай маъно ётганлигига аҳамият бермайди, зеро бунинг учун ҳозир унда қурб ҳам, уқув ҳам етмасди.

Мистер Дони уларнинг уйларига, тақдирларига ана шу тарзда кириб келган эди.

…Тахмина мўъжиза рўй бериб, қайтадан болаликка қайтиб қолган тақдирида дадаси Собирни кимлардан, нималардан асраб қолиши мумкин эди? Ундан буни сўрамоқчиям бўлдим-у, бироқ юрагидаги бирон-бир жароҳатга озор етказиб қўйишдан чўчиб, бу фикримдан қайтдим. Тахминанинг айни пайтдаги руҳий ҳолати мендан имкон қадар мулоҳазакорликни талаб қиларди. Ёш боши билан кўпдан-кўп савдоларга дуч келган дайди қизнинг армон тўла ҳасрат дафтарини бевосита уни ўзи варақлаб беришини кутмоқ ва бунинг учун унга беозор кўмаклашиш ҳам лозимлигини тушуниб турибман.

— Ҳа, даданг раҳматли яхши йигит эди, — дедим унга тасалли бермоқ ниятида. — Бироқ на чора…

Тахмина индамади. Хаёлга чўмганча тек ўлтираверди. Яна қўшимча қилдим:

— Аянг Хуршида… қаерда ҳозир?

У бир дам қўллари билан пешонасини асабий эзғилаганича жимиб қолди. Кейин менга ўксик қиёфада жавоб берди:

— Аям… Аям ҳам… — Тахминанинг аччиқ ютиниб қўйганини, кўзларида ёш ҳалқаланганини сездим.

— Ҳаммаси… ташлаб кетишди… Сарсон-саргардонликка ташлаб кетишди, номардлар…

Тахмина шундай дея иккала қўли билан юзларини тўсиб, бош эгганча ўлтириб қолди. Ўрнимдан туриб, унинг ёнига ўлтирдим. Қўлимни аста елкасига қўйдим:

— Ўзингни бос, Тахмина…

У зарда билан қўлимни елкасидан силтаб ташлади:

— Кетинг, Собир ака. Кетинг бу ердан. Мени тинч қўйинг, ярамни янгиламанг.

VII

…Мен мистер Донининг Тахминалар хонадонига серқатнов бўлиб қолганидан кейинги воқеалардан деярли хабардор эмасман. Фақат шуниси аён эдики, ойиси Хуршида «одамлари ёмон экан» деган баҳонада универмагдаги ишини ташлаган, уларникига илгари келиб-кетувчиларнинг ҳам энди оёғи бу ердан тинган эди. Бироқ зиёфатлар, маишатлар бу уйда ҳамон бўлиб турар, меҳмонлар эса Дони ва унинг гуруҳидаги йигитлар-у ён-атрофлардан келиб-кетиб турувчи, Тахмина учун таниш-нотаниш бўлган бири-биридан чиройли, ёш-ёш жувонлардан иборат эди.

Одатдагидек, маишатга керакли нарсаларни уларникига доимо Дони олиб келарди. Дадаси кейинги пайтлар ичкиликка янаям берилиб кетиб, унинг ранги-рўйи ҳам бир аҳволга тушиб қолган эди. Вақт ўтган сари унинг қадру қиммати йўқ бўлиб қолди. Энди у ишлаяптими йўқми, бу нарса ҳеч кимни қизиқтирмас эди. Собир оилада шунчаки бир ғимирлаб юрган, зиёфат кунлари эса текин ичкилик эвазига ошхона ахлатини тез-тез ташқарига чиқариб туриш учун зарур одам эди, холос.

Бора-бора рўзғор ташвишлари учун бутун масъулият ўз-ўзидан Донининг зиммасига кўчиб ўтади. Озиқ-овқат, Хуршида ҳамда Тахминанинг кийим-кечаги ва бошқа сарфлар ҳам…

— Биз қиёматли ака-укамиз, — деб қўяркан Дони баъзан Собирнинг елкасига қўл ташлаб, — демак, мен ҳам шу оиланинг тенг ҳуқуқли аъзосиман.

Даврадаги аёлларга тез-тез қимматбаҳо буюмлар тортиқ қилинаркан. Лекин Хуршида ва Тахминага Дони ҳар сафар бошқаларнинг ҳавас ва ҳасадини қўзғатадиган ноёб нарсаларни топиб келтираркан. Қизиқ, бу ҳамхўрликларнинг барчаси нима учун? Ёш Тахмина ҳали буни тушунмас ва тушунишга қизиқиб ҳам кўрмаган. Эсиз Собир…

…Ўша куни дадаси уйга ярим тунда қайтади. Жудаям маст, уст-боши лойга беланган, таниб бўлмас даражада. Эшикни Тахмина очади. Дадасини бир амаллаб ваннахонага судраб кириб, уёқ-буёғини тозалаётганда, олдида ойиси пайдо бўлади.

— Чўчқани уйга олиб кирмайдилар, қизим, — дейди у титраб-қақшаб. — Бугунча уни айвонга чиқариб қўй, ўша ерда ётсин. Эртага бошқа жой топиб берамиз…

Собирнинг тили калимага келмас, оёқда зўрға турарди.

У алланима дея ғулдирайди-да, кейин бор кучини йиғиштириб, шашт билан Хуршиданинг юзига туфлайди:

— Хоин! Ғар!

Тахмина қичқириб йиғлаб юборади. Ойисининг ҳақоратлангани учун эмас, балки дадасининг, бадбахт ва чорасиз, нимжон инсоннинг бошига тушадиган муштдан қўрқиб йиғлайди.

Хуршида қизини тушунади. Ғазабини бир амаллаб ичига ютади. Юзини кафти билан артган бўлади-да, индамай ичкари хонага ўтиб кетади.

Айвон ҳам озода ва баҳаво эди. Тахмина йиғма каравотга яхшилаб ўрин солиб, дадасини бир амаллаб ётқизиб чиқади.

Тонг саҳарда фаррош кампирнинг эшикни зўр бериб тақиллатиши ва қичқириғи билан уйғонишади.

— Войдод, тезроқ очинглар! Пастда Собир ўлиб ётипти!!!

Тахмина жон талвасасида айвон томон отилади. Дадаси жойида йўқ, дераза қанотлари ланг очиқ эди. У пастда, бетонли майдончада қонга беланганча тўртинчи қаватдаги ўша, касофати айвонга жонсиз тикилиб ётарди…

Мен Тахминанинг аяси ана шу фожиани қандай қабул қилгани-ю, мистер Дони ҳақида ва унинг Хуршида билан бундан кейинги алоқалари ҳақида сўзлаб беришини истардим. Бироқ уни чўчитиб қўймаслик учун бу тўғрида сўрамадим, шусиз ҳам у ҳозир ўша машъум воқеалар асоратида эзилиб ўлтирарди.

— Тахмина, марҳум даданг билан менинг ўша эски муносабатларимиз ҳурмати… мендан ўзингни олиб қочма.

— Нима қил, дейсиз?

— Мендан ҳеч нарсани яширма. Ўз дардларингни сўзлаб бер. Одамнинг тафтини одам кўтаради, дейишади. Биз ахир, ҳар ҳолда бир-биримизга таниш чиқиб қолдик-ку…

— Майли, фақат бошқа сафар. Насиб қўшилса, яна учрашиб қолармиз. Фақат… менга ростини айтинг, бу ерга қандай ниятда келгансиз?

— Сендан яширмайман. Мен бу ерга чиндан ҳам Саттор шўрбалиқни қидириб келувдим. Келиб, мана, тасодифан сен билан учрашиб қолдим.

— Барибир, сир тутяпсиз. Лекин мен ҳеч нарсадан қўрқмайман.

— Бундай гапларни қўй, Тахмина. Аксинча, мен сенга кўмаклашай деяпман. Юрагингда армон бўлиб турган нарсаларни яширмасанг бас.

— Қўйинг. Бу ҳақда бошқа гапирманг, Собир ака.

Орага сукут чўкди. Аста ўрнимдан туриб, сигарет тутатдим. Унга ҳам узатдим. Кейин Тахминадан эҳтиёткорлик билан «дядя Доник» ҳақида сўрадим:

— Яқин одам эди… Лекин ҳамма касофатларни уйимизга ўша бошлаб келди…

— Тушунмаяпман. Қандай қилиб яқин одамларинг?

— Ҳа, шунақаси ҳам бўларкан. Уйимизда рўй берган воқеаларни сўзлаб беришга тилим ожизлик қилади. Айниқса, дадамнинг ўлимидан кейин…

— Дадангни тўртинчи қаватдан ўзини ташлаб юборганидан хабардорман. Ўша кеча маст-аласт келгани-ю, аянг билан жанжаллашиб қолгани, кейин ўша айвонга олиб чиқиб ётқизганингни ҳам эшитганман. Фақат… бу фожиа қандай содир бўлганини билмайман.

— Бунисини ўзимиз ҳам билолмасдик. Лекин дераза илгакларини солиб қўйганим аниқ эсимда. Яна ким билади, дейсиз. Қисмат шу экан.

— Ўшанда… сени энг яқин одамингдан ажралиб қолиб, қандай аҳволга тушганингни тасаввур қилолмайман, Тахмина.

— Бунисини асти қўйинг. Ўша кунлар ёдимга тушса, ҳали-ҳали бу дунёга сиғмай кетаман. Нега шундай бўлди? Бу кўргиликлар биз учун қаердан келиб қолди? Мен бу саволларга ҳозиргача жавоб қидираман.

— Ҳа, Тахмина. Сен бу саволларга албатта жавоб топишинг керак. Бундан ўзинг тегишли хулосани чиқариб оласан.

— Хулоса… Мен учун энди ҳаммаси кеч бўлган, Собир ака.

— Ундай дема. Сен ҳали… ўн гулингдан бир гулинг ҳам очилмаган ёш ниҳолсан.

Тахмина юзимга истеҳзоли нигоҳ ташлаб қўяди.

— Қўйинг бу гапларни. Сиз мен ҳақимда ҳали ҳеч нарса билмайсиз.

Мен унга «Билишни ҳам истамайман. Кел, яхшиси, ўтган гапларга саловат дейлик-да, энди буёғини ўйлайлик» демоқчи ҳам бўлдим-у, бироқ ўзимни тийдим.

Мен ҳозир қаршимда ўлтирган, кутилмаган тасодиф туфайли дуч келиб қолган таниш Тахмина ҳақида, «Мен учун ҳам энди ҳаммаси кеч бўлган» деб турган ана шу ёшгина инсон ҳақида кўпроқ нарсани билмоқ иштиёғида эдим.

— Эҳтимол шундайдир. Лекин ҳамма нарсага қўл силтаб, кўр-кўрона умр ўтказиш билан иш битмайди, Тахмина.

— Билмадим. Бир кам дунё, деган гап ҳам бор-ку ахир. Худо ўзи уни ундай, буни бундай қилиб яратипти. Насиб этганига шукур қилиб яшашдан бошқа чора йўқ, Собир ака.

— Фикрингга қўшилмайман, Тахмина. Биз яшаб турган дунё аслида комил дунёдир. Аммо уни ўзимиз емириб, кемириб кемтик қилиб қўямиз-да, кейин уни бир кам дунё экан, деб ўтираверамиз. Ваҳоланки, ҳеч ким осмондан донишманд ёки жаллод, тақводор ёки… фоҳиша бўлиб тушмаган. Бу дунёда ҳар ким ўз йўлини ўзи белгилайди. Кимдир Раҳмонга эргашади, кимдир Шайтонга…

Тахмина жимиб қолди. Бир дам хаёлга чўмгандек бўлди. Кейин мендан ўйчан ҳолда сўради:

— Шайтондан хабарим бор. Лекин Раҳмон деганингиз нимаси, Собир ака?

— Сен менга аввал ўзинг билган Шайтон ҳақида гапириб бер-чи…

— Шайтонми… У менинг кўзга кўринмас дўстим. Мени ёлғиз қолдирмайди. Доим эргашиб, қўриқлаб юради. Кўчадаям, уйдаям. Ҳатто ётганимда ҳам. У мен билан ҳазиллашади, қитиқлашади. Ғалати-ғалати, қизиқ-қизиқ нарсаларга йўл бошлайди, маслаҳат беради. Мен ана шу дўстим туфайли ғам-ғуссаларимни унутаман, тўрт кунлик умримни хурсандчиликда ўтказаман.

Тахмина шундай дея, «Энди сиз жавоб беринг» маъносида қараб қўйди.

— Худо одамлар билан бирга ҳайвонларни ҳам яратиб қўйипти. Ҳайвонлар ҳам одамлар каби ётиб туради, эшитади, ҳис қилади, овқатланади, лаззатланади, кўпаяди… Одамлар ҳам худди шундай. Лекин ҳайвонлардан энг катта фарқимиз шундаки, худо бизга шунингдек, ақлу фаросат, ўйлаш, фикрлаш, яратиш қобилиятини ҳам қўшиб бериб қўйиптики, бундан улуғроқ бахт бўлмаса керак. Шу фикримга қўшиласанми, Тахмина?

— Ҳа…

— Баракалла. Шунинг учун ҳам инсон ётиш-туриш, ейиш-ичиш, лаззатланиш, кўпайиш билан бирга, ана шу нарсалар устида фикр ҳам юритади. Оқ билан қорани, яхши билан ёмонни ажратишга, ўзини пок сақлашга интилади. Ана шу интилиш пайдо бўлган жойда мен сенга айтган Раҳмон ва Иймон туғилади. Иймонга эга бўлган одам эса, шайтондан халос топади. Бу дунёнинг неъматларини ҳам, ташвиш-у изтиробларини ҳам ақл тарозисига қўйиб яшайдиган бўлади…

Ногоҳ Тахмина нимадир эсига тушибми, ёки бошқа нарсагами, аста жилмайиб қўйди. Индамадим.

— Мени кечиринг, Собир ака. Бир воқеа эсимга тушиб қолди, — деди у ўзини ўнглаб. — Ўтган йили бўлувди. Самад деган бир савдогар йигит мени кечаси ресторандаги маишатимиздан олиб қочиб кетди. «Сен учун у қилвораман, бу қилвораман», деб тилло тоғларни ваъда қилувди, ишондим. Қаёққаям обориб, бировни эшигини тақиллатди. Соқол қўйган кексагина бир одам чиқди. Ўша йигитни танишими, нимасиям бўларкан, данғиллама ҳовлида бир ўзи яшаркан. Ичкарига кирдик. Самад ҳалиги одамга: «Амаки, мен мана шу қизни яхши кўриб қолдим, унга уйланмоқчиман», деди. Уйди эгаси унга қовоғини солди. «Ҳеч тинч юрмадинг-юрмадинг. Ахир бинойидек хотининг, қўчқордек ўғилчанг бор-ку?» деди. Ўзи эса менга ўғринча тикилиб, ютиниб-ютиниб қўяди. Назаримда, қани энди еб қўйсам, дейди ер ютгур. Самад бўлса: «Гап битта. Мен хотинимдан ажралиб, шу қизга уйланаман. Бугунча жой бериб, икковимизга хутба ўқиб қўшиб қўйсангиз бас», дейди. Кейин чолди олдига бир даста пул ташловдики, ўшандан кейин уни дами ичига тушиб қолди.

Бир зумдаёқ уй эгаси Самад иккаламиззи никоҳ қилиб қўйди. Ўзимча кулиб ўтириппан. «Бунақа никоҳларди қанчасини кўрдим-у. Мени совунимга ҳали кир ювмапсанлар», деб қўяман ичимда.

Шундай қилиб, ҳалиги одам денг, ўз ҳолича домла экан. Ўшетдаги ароқ дўконида қоровул бўлиб ишларкан. Узундан-узоқ «қироат» ҳам қилди. Кейин Самад олиб борган пакетидан майда-чуйдаларни чиқарди. Маишат қилдик. Чолгаям икки юз граммча коньяк ичкизвордик. Маст бўлмайди қурғур. Ичишга ичиб ўтирипти-ю, нуқул мусулмончиликдан гапиради. Ҳаромхариш юрманглар. Шайтонга сўз берманглар, Иймонли бўлинглар, дейвериб энсамни қотирди. Ичмасаям гўрга эди, ачиб-сасиб ўлтирипти, нуқул сонимга қараб қўяди. Менам жўрттага битта оёғимни унга томон узатиб, ўлтирдим. Пичоқсиз сўйдим сволочни!

Ўша кеча алламаҳалда қўйнимдан Самад чиқиб кетди. Уйдан пул олиб келаман, эрталабданоқ янги рўзғор учун жой ҳозирлаймиз, у-бу сотиб оламиз, деди. Рози бўлдим. Мен учун энг зарури пул эди. Уйни эгасиям уни «Бўпти, бўпти, буёғидан хотиржам бўл», деб чиқарворди.

Бир вақт нима бўлди денг, ётган жойимга оқ иштон-у майкачанг бўлиб ҳалиги чол кириб келса борми! Шундай бўлишиям кўнглимга келувди.

Гапни қисқаси, у мени нариги хонага олиб ўтиб, битта қутичани очиб кўрсатди. Қарасам, ҳазилакам пул эмас, «Керагича ол, фақат бу кеча меники бўлсанг бас», дейди. Бўпти, дедим.

Тахмина ўзича мириқиб кулиб олди. Кейин «Кечиринг, Собир ака, энди буёғини эшитинг» деб қўйди. Мен Тахминанинг ҳикоясини эмас, шундай бир ёш ва гўзал нарсанинг ана шу воқеани ҳеч бир ийманмай, ҳузур билан нақл қилиб бераётганидан ҳайратланиб, ўй суриб ўлтирардим.

— Чолга яна қолган коньягимиздан бир стаканча ичкизвордим. Ичига ўзим билан олиб юрган уйқу доридан ҳам қўшдим. Жони қаттиқ экан, ҳолдан тойдириш анча қийин бўлди. Бечора нуқул «Эҳ» дейди, «дод» дейди, жиннига ўхшаб йиғлайди. Мен жўрттага қочаман, у қувлайди. Мушук-сичқон ўйнаймиз. Тутиб олса, мени қучоқлайди, рўпара келган жойимни тишламоқчи бўлади. Охири бориб мен уни от қилиб устига миниб олдим. Ўпкаси шишиб, эмаклаганча мени бу хонадан у хонага, у хонадан бу хонага олиб ўтади. Сал секинлагудай бўлса, «Чуҳ!» деб кетига шапатилайман.

Ахийри ўлгудай чарчаб, уйқу дориям таъсир қилди шекилли, «шилқ» этиб ётиб қолди. Қутичадаги пулларни ҳаммасини олдим. Ўзини атайлаб ана шу ҳолида, яланғоч қолдирдим. Самад кириб келса, ўз кўзи билан кўрсин, дедим. Дарвозаниям бекитмай чиқдим. Саҳарги поездга ўлтириб, бошқа шаҳарга ўтиб кетдим…

Мен шу пайт бир вақтлар ўзим учун таниш бўлган ўша Собир учун, унинг емирилиб кетган оиласи учун, қолаверса, Тахминанинг ўзи учун ҳам ич-ичимдан ачиниб, эзилиб ўлтирардим.

— Чакки эмассан… — деб қўйдим ўз ҳикоясини тугатиб, мендан нима гап чиқишини кутиб ўлтирган Тахминага. — Лекин… бу нарсани нима учун эслаб қолганингни билмоқчийдим.

У ғунча лабларини хиёл қимтиб, табассум қилиб қўйди.

— Бошқа хаёлга борманг, Собир ака. Мен сизни… тайёр ошни еёлмаган ўша одамга ўхшатмоқчи эмасман. Асло. Сиз ҳали йигитсиз. Чиройли, ақлли, бақувват…

— Гапни калтароқ қил.

— Мен шунчаки… сиз айтган Иймон тўғрисида насиҳат қилиб ўлтириб, кейин ўзи шундай ишларга борган ўша чолни эслаб қолдим, холос.

— Бу гапингга ишонаман. Сиз ҳам ўша чолдек насиҳат қиласиз-у, лекин ўзингиз қаерда ва нима қилиб ўлтирганингизни ўйламаяпсиз, демоқчисан. Шундайми?

— Қандай тушунсангиз тушунаверинг. Мне от этого не холодно, и не жарко…

— Мен сенга насиҳат қилганимча йўқ. Саволингга жавоб бердим, холос. Бу ёғига қандай иш тутишинг ўзингга ҳавола. Мне тоже от этого не холодно, и не жарко…

Иккаламиз беихтиёр кулишиб олдик. Тахмина бир оз очилиб, руҳи енгил тортгандек бўлди.

— Собир ака, келинг, ўн граммдан ичайлик.

— Йўқ. Назаримда мени ҳам от қилиб минмоқчисан, шекилли? — дедим ҳазил аралаш, орамизда пайдо бўлган илиқликка далда бериш ниятида. Бироқ, Тахмина ўз одатига кўра, бу гапдан сўнг соз мурватини яна аввалги пардаларга кўчирмоқчи бўлди:

— Кошки эди миндирсангиз…

Ўзимни жўрттага гўлликка оламан:

— Қўйсанг-чи, мен қўпол отман. Тагимда қолиб кетиб, бирон жойинг лат емасин, дейман.

— Ҳов ҳали олдимга кирганингизда, мен от эмасман, девдингиз…

— Мен унда ёввойи от эмасман, дегандим.

— Ёввойи бўлмасангиз, демак, авайлаб миндирарсиз ахир?..

Ҳа, у гапга анча чечан, кишини эҳтиросли сўзлар билан ўзига бир зумдаёқ боғлаб олиш қобилиятига эга эди.

— Тахмина, менга… аниқ яшаш жойингни айтарсан?

— Яшаш жойимни?… — У энди бир оз хомуш тортиб қолди. — Фоҳишаларнинг яшаш жойи бўлармиди, Собир ака…

— Мен шунчаки… Қўқондаги уйларинг…

— Қўқондагиси… дадамдан кейин… буёққа кўчган эдик. Мени болалигим, болалик орзуларим ҳаммаси тошга айланиб, кўкармас армон бўлиб ўш ерда қолиб кетди.

— Мактабинг-чи? Ўқишниям ташлаб юборгансан чоғи?

— Мен у вақтларни ўйласам… хўрлигим тутиб кетади. Мактабимни, синфдошларимни, муаллимларимни баъзи-баъзида эслаб қоламан. Шундай пайтлар биров билмас аччиқ-аччиқ йиғлаб оламан. Ахир мениям дадам бор эди-ку. Мен ҳам бошқалар қатори мактабга қатнардим, бошқалар қатори қувнардим, ўйнардим. Яқин-яқин дугоналарим билан олис-олис, ширин-ширин орзуларга берилардик..

— Наҳотки, ўша яқин дугоналаринг билан ҳам алоқанг узилиб кетган бўлса?

— Мен улардан баъзиларини кўча-кўйда учратиб тураман. Улар ўқишади. Кимдир ўқитувчиликка, кимдир врачликка, дегандай. Лекин мен улардан ўзимни олиб қочаман…

Орага жимлик чўкди. Тахмина мендан сигарет узатишимни сўради. Лекин мен унинг илтимосини бажармадим. Ўз хаёлим билан банд бўлиб, жим ўлтиравердим. У менга ажаблангандек қараб қўйди-да, кейин чекиш фикридан қайтиб, ўзича «бўпти» деди. Бир дамдан сўнг аста савол берди:

— Собир ака, болаларингиз борми?

— Ҳа, — мен унга ажабланиб боқдим. — Бир ўғил, икки қизим бор. Нима эди?

— Сиз уларни яхши кўрасизми?

— Бўлмасам-чи, жондан ортиқ.

— Хотинингизни-чи?

— Униям.

— Уям сизни жондан ортиқ севадими?

— Мен унга ишонаман.

— Ҳамма гап шунда. Менимча, энг катта бахт ҳам шунда.

— Гапинг тўғри, Тахмина. Сен буни тўғри тушунибсан.

— Чунки мен буни ўз кўзим билан кўриб хулоса чиқарганман. Бизникидаги ҳамма бало ана шу ишонч, деган нарсанинг йўқолишидан бошланган…

— Чамамда, аянг билан даданг бир-бирларини севиб турмуш қуришган-ку? — синовчан савол ташладим унга.

— Мен севгига ишонмайман. Ҳаммаси пуч гап. Масалан, олдимизга келадиган эркакларнинг ярмидан кўпи хотинига сени севаман, деб яшаса керак. Лекин улар оиласининг, бола-чақасининг ризқини қийиб, топган-тутганини кўтарганча фоҳишага чопишади. Бизга нима, ўлиб кетишмайдими…

— Бу билан марҳум дадам ҳам ана шунақа эркаклар хилидан эди, демоқчи эмасмисан ишқилиб?

— Мени дадам… У бизни жудаям яхши кўрарди. Аямниям, мениям, укамниям… Аям ишламас эди. Рўзғорни дадам ўзи тебратарди. Ишига каллайи саҳарлаб чиқиб кетганича қоронғи тушганда ҳориб-толиб кириб келарди. Лекин чарчаганини ёки кайфияти бузуқлигини бизга сездирмасликка ҳаракат қиларди. Авваллари топиб-тутиши яхши эди шекилли, маза қилиб яшардик. Дадам тўйгунимизча музқаймоқ билан, кабоб билан сийларди…

Рости гап, аямнинг юраги тор, инжиқроқ аёл бўлган. Ўзингиз ҳам эсларсиз, у қадди-қомати келишган, ғоят чиройли эди. Шунга яраша кибру ҳавосиям баланд, унча-мунча нарсани ўз ўрнида кўрмасди, писанд қилавермасди. Дадам бечора уни хафа қилиб қўймайин, бирон нимага зориқмасин, деб жони ҳалак эди. Чунки у аямга ишонарди. Аям ҳар қанча инжиқлик қилмасин, ўша ишонч ҳурмати, уни кечириб кетаверарди. Мен фақат бир нарсани тушунолмасдим. Баъзи-баъзида дугоналаримникига бориб қолсам, уларникида тамоман бошқача тартибни кўриб ажабланардим.

Мен шу пайт беихтиёр Тахминанинг ҳалигина «Нега шундай бўлди? Бу кўргиликлар биз учун қаердан келиб қолди? Мен бу саволларга ҳозиргача жавоб қидираман», деган сўзларини эсладим.

Эҳтимол, у қидираётган жавоблар дугоналариникидаги ана шу «бошқача тартиб»ларга ҳам маълум даражада боғлиқ бўлгандир? Шу боис ҳам Тахминанинг худди ана шу нарса устида очиқроқ тўхталишини истаб, сўрадим:

— Қанақа тартиб экан у?

— Мен буни сизга тушунтиролмасам керак. Масалан… уларнинг аялари қандайдир хушфеъл, мулойим, меҳрибон, синиқ туюларди назаримда. У уйларда энг катта хўжайин деймизми, бошлиғи деймизми, дадалари эканлигини, эркак кишининг ўрнини, салобатини

ҳар қадамда кўриб, сезиб турасиз… Бизникида эса бунинг акси эди. Ҳар қандай масалада аямнинг айтгани айтган, дегани деган, дадам эса буйруқни ижро этувчи эди, холос. Бирон нима кўнгилдагидек бажарилмаса борми, уйимизда ҳафталаб мотам бошланарди.

Нима учун шундай бўлган, бунисини англаб улгурмадим. Бўлмаса, мени дадам ҳам ҳар томонлама аямдан устунроқ, қатъиятли, ориятли эркак эди. Эҳтимол у аямни ортиқча яхши кўрганлигиданми ёки бошқа сабабларга кўрами, ҳамма нарсага муроса билан яшади. Яшашга яшади-ю, лекин рўзғоридан, оиласидан рўшнолик кўрмай жувонмарг бўлиб кетди.

Тахмина чуқур «оҳ» тортиб қўйди, халат чўнтагидан рўмолча чиқариб намли кўзларига босди. Мен унга индамадим. Хаёлимда унинг дадасини, ўша Собир билан бирга бўлган пайтларимизни жонлантиришга уриниб кўрдим.

VIII

…Бир куни квартирамизга Марҳаматдан меҳмон келиб қолди. Мен билан бирга турувчи Аъзам деган курсдош ўртоғимнинг буваси, Олим ота деган киши. Чол бечора букилиб-сукилиб бир дунё нарсани кўтариб келипти. Чўнғолой девзираси-ю гўшт-ёғ, туршаку кулча-нон, анору беҳи дегандай…

Уйимиз бир зумда тўйга айланиб кетди. Олим ота, Аъзам, яна Турғун ва Акрам деган ўртоғларим. Газплитада беҳили палов ясадик. Ўшанда бир қизиқ ҳангома бўлган. Олим ота намоз ўқимоқчи бўлиб «Қиблаларинг қайси тарафда?» деб сўраб қолдилар. Биз йигитлар бир-биримизга қарашиб, нима деб жавоб беришимизни билолмай қолдик. Росаям хижолат тортдик. Чоли тушмагур индамай кутиб турипти. Уни тушундик. Аъзам шоша-пиша биронтадан уйимизнинг қибласини сўраб келгани ташқарига отилди.

Олим отаям буни сездилар чоғи, биздан офтоб қайси томонга ботишини сўраб қолдилар. Кейин белбоғини ёзиб, намозини ўқишга киришдилар. Биз шундагина намоз кунботар томонга қараб ўқилишини билиб олгандик.

Аъзам бечора намоз ўқиб бўлингандан кейин ҳаллослаб кириб келди. Пешонаси терга ботган, ўпкасини чангаллаб, ҳансираб: «Анави томонга! Анави томонга экан, опоқи!» деб кунботар томонга ишора қилди. Ҳаммамиз кулиб юбордик. Олим отаям қоқсуяк елкаларини қоққанча мириқиб кулиб олдилар-да, кейин бошларини сарак-сарак қилиб: «Эҳ, болаларим, болаларим. Қандай кунларга қолдиларинг?» — деб қўйдилар.

Ўша куни энди паловни сузар пайтимизда ширакайф ҳолда Собир кириб келди. «Келинг, келинг» қилдик. Олим ота икковини таништирдик. Чол уни ўз ёнига ўтқазди, оғзидан гупиллаб арақ ҳиди келиб турганига эътибор бермади.

Шу пайт денг, биз учун сира кутилмаган ҳолда Собир чўнтагидан бир шиша арақ чиқариб, стол устига тарақ эткизиб қўйса бўладими! Ҳаммамиз тош қотиб қолдик. Олим ота қандайдир андишаларга бориб, бир дам жим турдилар-да, кейин Собирнинг елкасига бир қўлини беозор қўйиб, мулойимлик билан:

— Бунингизни чўнтагингизга солиб қўйинг, болам. Уйга бориб ичарсиз, — дедилар. Кейин бизга юзланиб сўрадилар: — Ё сизлар ичасизларми?

Биз шоша-пиша:

— Йўғ-е, — дедик. — Биз бу нарсани умуман оғизга олмаймиз…

Шундан кейин Собир ширакайф кўзлари билан ҳаммамизга бирма-бир сузилиб қараб чиққач, арақни жимгина қайтариб олиб чўнтагига солди:

— К… кечиринг отахон, кечиринг… — деди у чолга. — Бу ерда ҳеч ким ичмайди. Тўғри. Мен ичаман. Ишда. Уйдамас. Булар мени укаларим. Ҳали ёш. Студент! Ничего, ҳаммаси ўтади-кетади…

У оз-моз чайқалиб ўрнидан турди. Кетаман, деди. Сезиб турибман, Олим ота хижолат чекди. Мени гапимдан ичи оғринди, деган хаёлда мулзам тортгандай бўлди.

— Ўтиринг, болам, ўтиринг, — деди у Собирнинг тирсагидан тутиб. — Мана, ҳозир паловни сузишади. Яхши меҳмон ош устига, деганлар. Қайнонангиз суяр экан…

Собир турган жойида Олим отага чайқалиб боқиб:

«Қайнонам йўқ. Ўлган. Эрга тегиб кеткан», деди. Бечора мўйсафид ҳеч нимани тушунолмай, бизга ҳайрон боқиб қўйди.

Хуллас, уни қайта ўтқаздик. Бундан Олим ота енгил тортгандай бўлди. Паловни сузиб келтирдик. Собир ундан тўрт-беш марта чўқилагандек бўлди, холос.

Лекин бостириб-бостириб аччиқ кўк чой ичирдик. Шундан кейингина пешонасида тер ялтираб, анча ўзига келди.

Ўтириш давомида биз Олим отага бу акахонимиз рўпарадаги «дом»да яшашини, қаерда ва ким бўлиб ишлашидан тортиб, баъзан-баъзан бизнинг аҳволимиздан хабар олиши, у-бу нарсадан ёрдам бериб туришини айтиб бердик. Чол бундан хурсанд бўлди.

— Олижаноб йигит экансиз, — деди у Собирга. — Фақат сизга насиҳатим шуки, анави… ичкилик деган нарсадан сақланинг. Яхшиликка олиб бормайди.

Собир бир нафас иккала тирсагини стол устига қўйганича бошини чангаллаб ўтирди-да, кейин Олим отага жавоб қайтарди:

— Эҳ, отахон, отахон… Мен буни ҳавасга ичмайман. Ичларим зардобга тўлиб кетган. Ана шу зардобларни ювиб ташлаш учун, дориликка ичаман…

Ўртамизга жимлик чўкди. Олим ота беихтиёр томоқ қириб қўйди. Кейин қўлидаги пиёладан бир-икки бор чой ҳўплаб олиб, Собирга юзланди:

— Зардобнинг дориси арақ эмас, болам. Акс ҳолда, одамзот уммонларни арақ қилиб ичиб юборган бўларди. Агар сир бўлмаса, айтинг… Ёш бошингиз билан зардобларни қаердан тўпладингиз?

— Сиздан яширмайман. Оилам нотинч… Пешонам шўр экан, хотиним аҳмоқроқ чиққан…

— Мабодо… сиз ўзингиз ноҳақ бўлсангиз-чи? — босиқлик билан сўради Олим ота.

— Мен етимликда ўсганман. Мутеликка, муҳтожликка, ноҳақликка болаликдан кўникканман. Меҳнатим билан, фақат ҳалол меҳнатим билан, ҳамиша бош эгиб, «лаббай» деб кун кечириб келган йигитман. Ана шу аҳволимга денг… Худо менга жуда кўп йигитларнинг қўли етмайдиган баландликдан бир лолани насиб этдики, мен энди бир умр унинг пойида елиб-югураман. Лекин у мени тушунмайди. Қадримга етмайди, хўрлайди…

— Болалар…

— Бир қиз, бир ўғлим бор эди. Хотинимнинг касофатидан ўғилчамни ток уриб ўлиб кетди. Ёруғ дунёга бергусиз бир қизчам қолган энди. Мен усиз яшолмайман, ана шу қизчамни деб ҳар қанча уқубатларга чидашга тайёрман.

— Агар ҳақиқатдан ҳам шудай бўлса, энг катта айб яна ўзингизда.

Собир Олим отага ҳайрон боқиб қолди.

— Ҳа, худди шундай, — деди чол ўз фикрини таъкидлаб. — Оиланинг тинчлиги-ю нотинчлигиям, хотин кишининг эри билан яхши-ёмон муомаласиям ҳаммаси энг аввало эркак кишининг ўзига боғлиқ. Буни унутманг, болам.

— Ҳа, энди… бу гаплардан мениям оз-моз хабарим бор, — мужмалланди Собир. — Лекин гап бошқа-ю ҳаёт, тақдир бошқа экан…

— Тақдирга тан бериб яшайверганингиздан ана шу аҳволга тушиб қолибсиз, — унинг сўзини бўлди Олим ота. — Оллоҳ ўз бандаларини эркагу аёл қилиб яратиптими, бас, эркак ўз ўрнида, аёл ўз ўрнидан жилмайроқ турсин. Эркак киши эркаклик бурчини, аёл киши аёллик бурчини бажариши лозим. «Ҳа деганда аёлларнинг ишини қилиб кетаверадиган эркакларга, ҳа деганда эркакларнинг ишини қилиб кетаверадиган аёлларга яқинлашмангки, гуноҳ орттирасиз. Улар эркаклик билан аёллик ўртасида вужуд топиб қолган ожиз табиатли бандалардир» дейилган ҳадис бор. Айтмоқчиманки, соғлом эркак гапирса — овози, қадам босса оёғининг гурсиллаши анча жойдан эшитилиб турсин. Рўзғорнинг, оиланинг бошлиғи, подшоси — эркак киши. Подшо бир четда қолиб, унинг тожини хотини бошига илиб юрса, бундан ортиқроқ шармандалик йўқ.

Аёл эса оиланинг хазинабони, фарзандларнинг онаси, эркак кишининг умрига, мартабасига, молу дунёсига барака киритувчи фариштадир. Аёл агар чиндан ҳам мўътабар, муқаддас аёл номига муносиб бўлса, у болаликданоқ ана шу руҳда тарбияланиб келган бўлса, бундай жуфти ҳалолни ҳар қанча қадрласангиз шунча камдир. Аммо у аёллик шаънига иснод келтирса, оилада ўз ҳукмини ўтказмоқчи бўлиб, эркаклик вазифасига даъво қилгудек бўлса, рўзғорнинг, тирикчиликнинг иссиқ-совуқларига бардош беролмай инжиқликлар зоҳир этса, бундай аёлни ўз вақтида жазолаб, лозим келганда хипчин билан савалаб ҳам туриши керак. Лекин ҳар қандай шароитда ҳам рўзғорни бузиб юборишга шошилманг. Токим сиз дуч келган балога бошқалар дуч келмасин. Отадан ёки онадан тирик етим яшаётган болалар сони кўпаймасин.

Биз Олим отанинг ўгитларини худди эртакчи донишманд олдидаги болалардек «миқ» этмай тинглаб ўлтирардик. Собир ҳам жим, у дераза ёнига ўтволиб чуқур-чуқур сигарет тортарди.

— Кўпроқ гапириб юбордим, маъзур тутасиз, — деди отахон қўлтиғидан энликкина оқ чит рўмолча чиқариб юз-бўйинларини аста артиб оларкан. — Лекин айтиб қўяй, мен фақат сизди оилангизни назарда тутиб гапирганим йўқ. Чунки ҳар кишининг бегонага айтолмайдиган оилавий сирлари ҳам бўладики, четдан туриб хулоса чиқариш ҳамиша ҳам ҳақиқатга тўғри келавермайди. Баъзан яна шундай ҳоллар ҳам дуч келадики, ҳар томонлама яхши фазилатлар насиб этган оқила аёлга ношуд ёки ишёқмас, қўлидан фақат бола туғдиришгина келадиган тўнка эркак учраб қолади. Натижада, аёл киши рўзғорни тебратишга, эркаклик вазифасини ўз қўлига олишга мажбур бўлади.

Шу пайт ҳазилкаш ўртоғим Аъзам опоқисидан сўраб қолди:

— Бундай ҳолларда, ўша тўнка эркакни аёл ҳам хипчин билан савалаб турса бўлаверадими?

— Бўлаверади, — деди Олим ота хиёл жилмайиб.

Кейин яна қўшиб қўйди: — Лекин иложи борича қўлга хипчин олмаслик керак. Инсоннинг феъли-атвори қандай шаклланган бўлмасин, барибир бу ёруғ дунёнинг мўъжизасидир…

Собир қўлидаги сигаретни чекиб тугатиб, яна жойига келиб ўтирди.

Пиёла тўла совиб турган чойини симириб олиб, кейин Олим отага гап қотди:

— Сиз ҳақсиз, жудаям ҳақсиз. Лекин менинг дардларим кўп. Жудаям кўп, отахон…

Ҳозир беихтиёр қулоғим остида Собирнинг ўша гаплари янгради.

— Эсимда бор, — дедим Тахминага, — даданг кўпроқ ичкилик билан овунадиган бўлиб қолувди. Баъзи-баъзида бизнинг олдимизга кириб қоларди. Биз билан ҳасратлашмоқчи эканлигини сезардик, лекин дардларини очиқ айтишга журъат қилолмай чиқиб кетарди.

— Дадамнинг юрагини кемириб тамом қилган нарсалардан оз-моз хабарим бор… — деди Тахмина ғамгинлик билан. — Лекин ўз дардларини бировга ёришга журъат қилолмагани билан кўплар гап нимада эканлигини сезиб қолишганди. Чунки аям ўз гуноҳларини яширишга қанчалик уринмасин, барибир, фойдасиз эди. Ахир касални яширсанг иситмаси ошкор қилади, деган гап бор-ку. Дадам бечора ҳам зардобларни ичига ютаверган, ютаверган. Аламига чидолмай ичаверган, ичаверган. Бўлмаса, бир пайтлар у ичкилик деган нарсани хуш кўрмас, ундан ўзини олиб қочадиган йигит эди.

Эсимдан чиқмайди. Бир куни уйимизда ана шу ичкилик устидан жанжал чиқиб кетиб, дадам билан аям анча сану манга бориб қолишди. Ўшанда, ўн ёшга тўлган куним эди… Ўрнимиздан тонг саҳардаёқ турдик. Ўзимда йўқ хурсандман. Дадам ҳам, аям ҳам мени қучоқлашиб, ўпишиб табриклашди. Дадам менга магнитофон, аям эса бўйи яқин бўйимдек келадиган қўғирчоқ ўғил бола ҳадя этишди. Музикани бор овозича қўйиб юбордим. Назаримда, дунёдаги ҳамма қўшиқлар, дунёдаги жамики гуллар, жамики ширинликлар бизнинг уйимизга кириб келгандек эди. Деразани ланг очиб қўйганман. Бизникида янграётган музикага гўё ташқаридаги қушлар ҳам, одамлар ҳам, машиналар ҳам жўр бўлиб ўйнашаётгандек эди. Қушдек енгилман, қанот чиқариб деразадан учиб чиқиб кетгудекман. Осмонларда чарх урсам, ҳув анави парқув булутларга бош қўйсам, олис-олисларга термулиб, ширин-ширин хаёлларга чўмсам, дейман.

Аям мени ювиб-тараб, энг чиройли кийимларимни кийдирди. Қўш қанотли ойна олдида иккаламиз тик туриб қолдик, ойнадан мен аямга, аям менга қувониб боқишамиз. У менинг ниҳолдек бўйларимга, қўнғироқ-қўнғироқ бўлиб елкамни қоплаб турган сочларимга, ҳусну жамолимга тикилиб, кўзларига ёш олди:

— Сени ёмон кўзлардан худо ўзи асрасин, болам…

— Сизниям ёмон кўзлардан худо ўзи асрасин, ая, — дейман бу сўзларнинг маъносига етиб-етмаган ҳолда.

Аям бу гапларимга майин жилмайиб қўйди.

— Эҳ, болам, болам, — дейди мени орқамдан туриб бағрига олганича, — аянг энди ёмон кўзлардан қўрқмайдиган бўлиб қолган…

Мен уни яна тушунмайман…

— Аяжон, ёмон кўзлар жудаям кўпми?

— Кўп. Жудаям кўп, болам.

— Ёмон кўзлар одамни нима қилади, ая?

— Ёмон кўзлар одамни… ухлаб ётганида еб кетишади.

— Сиз ахир тириксиз-ку?

— Улар одамни ўзини емайдилар. Юрагидан меҳригиёсини сўриб кетишади. Шунинг учун ҳам сени улардан худонинг ўзи асрасин, деяпман.

Ўшанда бу гапларнинг мағзини барибир чақолмаганман. Орадан икки-уч йил ўтиб, кейин тушунганман. Кечирасиз, Собир ака. Айтмоқчи бўлган гапим хаёлимдан кўтарилиб қолди.

— Ичкилик устидан жанжал чиқиб…

— Ҳа. Ўша куни якшанба эди шекилли, мактабга бормаганман. Дадам бозордан бир дунё майда-чуйда харид қилиб келди. Дастурхон безадик. Тушга яқин ўзим билан бирга ўқийдиган болалар, қизлар келиб кетишди. Музика қўйиб, ўйин-кулги қилдик. Анча яйрашдик. Дадам қаергаям чиқиб кетувди. Аям ҳаммамизга бир бокалдан шампан ҳам ичирворди. «Мени Тахминам „современний“ қиз. Сизлар ҳам шундай бўлинглар!» деди у меҳмонларимга. Мен ўшанда бу гапдан ғурурланиб, умримда биринчи марта беришган ҳалиги шампан аллақачон бошимни чалғитаётган бўлса-да, бу нарсани гўё кўпдан бери ичиб юрган одамдек ўзимни беписанд тутишга уринганман.

Болалар чиқиб кетишгач, уйни қайтадан йиғиштириб, қайтадан дастурхон безай бошладик. Энди кечга яқин катталар тўпланиши керак эди. Биринчи бўлиб, аямнинг энг яқин дугоналаридан Сурайё деганлари кириб келди. Мен уни илгари учратмаганман. Кейинги уч-тўрт ой ичида пайдо бўлиб қолган, эндиликда аямни тез-тез йўқлаб, уни ўзи билан бирга баъзан меҳмондорчиликларга ҳам олиб кетарди. Ялтир-юлтир кийимларда, қўш-қўш тилла тағинчоқларда ловуллаб турган бу жувон мени тўшига чунонам тортиб босдики, кўкракларим жизиллагандай, вужудимни аям эрталаб айтган «ёмон кўз ўғрилар» гўё сўриб олаётгандай туюлиб, аллақандай бўлиб кетдим. Бундан икки ҳафтача бурун мактабимиз спорт залининг ечиниш хонасида худди шундай бўлувди. Ҳали уйланмаган ёш йигит, жисмоний тарбия ўқитувчимиз мени росаям эзғилаб, қучоқлаб, лабларимни, бетларимни, кўкракларимни сўриб-сўриб олганда, худди ҳозиргидек сесканиб, типирчилаб қолганим ёдимга тушди…

Шу пайт менинг ҳам кўз олдимдан институтда ўқиб юрган кезларим рўй берган бир аянчли воқеа «лип» этиб ўтиб қолди.

Шаҳар яқинидаги йирик қишлоқ мактабларидан бирига амалий машғулотлар ўтиш учун борган эдик. Худди ўша мактабга биз билан бир вақтнинг ўзида физкультура институтидан ҳам практикантлар келишган экан. Ҳаммамиз йигирмаларга кириб-кирмаган, кўзи қонга тўлиб юрган бўйдоқ йигитлармиз…

Ёдингизда тургандир, шўро мактабларида ҳам мажбурий ўрта таълим жорий этилган, қайси ота-она ўз фарзандини ўн йилликни тугалламагунча мактабдан қолдирадиган бўлса, ҳеч сўзсиз жиноий жавобгарликка тортилар эдилар. Бу Иттифоқ бўйича чиқарилган ягона қонун бўлиб, у ўрису ўзбек учун ҳам, латишу тожик учун ҳам, грузину чукча учун ҳам бир хил кучга эга эди. Бу қонун олдида Шимол нима-ю Жануб нима, христиан мазҳаби нима-ю мусулмон мазҳаби нима — бу нарсаларнинг бир чақалик аҳамияти йўқ. Иттифоқнинг барча мактабларида ягона тизим, ягона тартиб-интизом. Ўртага қўйилган мақсад ҳам ягона: янги авлодни марксча-ленинча ғоялар билан қуроллантириш, унинг қон-қонига рус андозасидаги таълим-тарбияни, коммунистик ахлоқ асослари деб аталмиш ғайриинсоний хислатлар; ўз миллатига, маданияти ва тарихига, миллий қадриятларига, миллий ор-номусига бефарқ қилиб қўювчи руҳий ақидаларни сингдириб юбориш…

Ўзингиздан қолар гап йўқ, биздаги қизлар эртароқ бўй етиб қолишади. Ўғиллар-ку ўқишса-ўқийверсин, лекин қиз болани… уни турмушга чиқаришга шошилмаган тақдирингда ҳам, битта синфда, давангирдай-давангирдай бўйдоқ йигитлар билан ёнма-ён ўтқазиб, ўқитиш… Буни ориятли, ҳамиятли қайси мусулмон инсон ўзига сингдира олсин?

Буниси ҳали ҳолва. Яна бир қоида жорий қилинган: физкультура дарсларида, қизмиди-ўғилмиди ҳар бир ўқувчи спорт формасида бўлиши шарт!

Эсингизда бордир, у пайтлар ҳозиргидақа спорт костюмлари қаёқда дейсиз. Онда-сонда учраб қолсаям, уни катталарнинг болалари олиб кийишлари мумкин. Баҳоси ўша даврлар учун осмони фалак ҳисобланади. Кўз кўрганимиз магазинларнинг пештахталарида тахланиб ётувчи арзонгина юпқа майка, матоси шалпиллама кўкиш «спортивка»лар. Муаллим ҳам ўшандан олиб кияверади, қизлар ҳам, ўғил болалар ҳам. Дарс чоғлари ана ўшандан кийиниб чиқиб сарф тортишганда кўрсангиз, уятларга ўласиз…

Улкан Ўруссиянинг мактабларида ёхуд кўчаларида қизлар худди ана шундай «спортивка»ларни таранг тортиб кийиниб чиқишса, ота-оналари уларга қараб туриб: «Қандай ажойиб фигурали қизларимиз бор!» — деб фахрланиб қўйсалар ажаб эмас. Бироқ биз тарафларда бу нарса учун маҳаллий қизлар шармандаи шармисорликка қолишлари мумкинлигини қонун чиқарувчи Москов қаёқдан ҳис этсин эди!

Яна бир нарса: жисмоний тарбий олийгоҳини битирган ўқитувчи мактабга ишга келди, дейлик. Ана энди унинг айниқса, юқори синф ўқувчилари билан ҳалиги кийимларда машғулот ўтказишини тасаввур қилинг. Ўнинчи синфда ўқиётган қизлар 17–18 ёшларда бўлса, ўқитувчи йигит атиги 21–22 ёшларда… Тўғри, айниқса, қишлоқ мактабларида маҳаллий қизлар учун жисмоний тарбия соатлари, хусусан спорт формаларида машғулот ўтказилиши жиддий қаршиликларга учраб турди. Лекин ўша қишлоқ жойларидаги айрим «Намунали ўрта мактаблар»да ҳам, шаҳар шароитидаги барча мактабларда ҳам ҳар қандай қаршиликка қарамай, бу тартиб-қоида сўзсиз амалга оширилиб келинар эди. Хуллас, гапнинг қисқаси, ўша биз борган мактабда бир куни жиддий нохушлик юз берди. Мен дарсда эдим. Бир вақт ташқарида одамларнинг шовқин-сурони, ўқувчи қизларнинг чинқириши, деразаларнинг шақирлаши эшитилиб қолди. Беихтиёр ташқарига отилдик. Чиқиб қарасак, уч нафар норғил бегона йигит (кейинроқ билсам, шу қишлоқнинг одамлари экан) енг шимариб олишган, ғазабдан кўзлари ўт пуркайди, мактаб биқинида қурилиб яқинда ишга туширилган «намунали спорт зали»ни остин-устун қилиб юборишибди. Деразалар чилпарчин бўлган, кираверишдаги қўш табақали эшикнинг бир қаноти қийшайиб, осилиб ётибди. Спорт формасидаги бир гуруҳ ўнинчи синф қизлари қўрқувдан нима қиларини билмай бўридан қочган қўйлардек бир бурчакда ғуж бўлишиб, бир-бирларининг пинжиларига тиқилиб туришибди. Ўғил болалардан беш-олтитаси, улар ҳам спорт формасида, ҳалиги йигитларни тинчлантирмоқ ниятида ҳалак. Лекин уларга яқинлаша олишмади. Афтидан, бир-иккитаси аллақачон бир-икки мушт ҳам еб улгуришган.

Энг ачинарлиси шунда эдики, машғулот ўтказаётган физкультурачи йигитнинг оғзи-бурни қонга беланган, эгнидаги юпқа кийими дабдала қилиниб, шармандаси чиқай деб қолган. Ҳалиги йигитлар унинг орқасидан қувиб юришиб рўпара келган жойига мушт туширишяпти, тепкилашяпти. Бир зумдаёқ кўпчилик бўлиб кетиб, муаллим йигитни бир амаллаб қутқазиб олдик. Бу орада бошини чангаллаб, ажратувчилар атрофида пизиллаб турган мешқорин мактаб директорининг ҳам лунжига бир мушт тушди.

Телефон қилинган экан, тез орада мелиса ҳам етиб келди. Лекин муштумзўр йигитларни тинчлантириш осон бўлмади, осмонга бир-иккита ўқ узилгандан кейингина ҳаммаёқ сув сепгандай бўлиб қолди. Физкултурачини дўхтурхонага, жанжалкашларни мелисахонага олиб кетишди.

Шундан кейин гап нимадалигини билсак… Ҳалиги йигитлардан иккитаси анави қизлардан Ҳанифа деганининг акалари, учинчиси эса ана шу қиз унаштириб қўйилган йигит экан. Бозор томондан оз-моз кайф билан қайтишаётган пайтларида, мактабнинг Патти писмиқ деган қоровул чоли уларни кўчадан имлаб чақирипти. Кейин спортзалга ишора қилипти, томоша қилинглар, депти. Йигитлар Патти писмиқ кўпинча мўралаб ўлтирадиган пинҳона туйнукдан ичкарига боқишса, келиб-келиб ўша Ҳанифа деганни физкультурачи йигит уёқ-буёғидан ушлаб, арқонга осилтираётган пайт экан…

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ўша мактабнинг ўзида суд бўлиб ўтди. «Гуруҳ тарзида безорилик қилиб ўқитувчига тан жароҳати етказилгани ҳамда мактаб учун маълум миқдорда моддий зарар келтирганликлари учун» йигитлар беш йилданга қамалиб кетди.

— Эҳтимол ўша… Сурайё деганинг аёл ниқобида келган эркак киши бўлгандир? — ҳазиллашдим Тахминага.

— Йўқ. Бир марта у бизникида душга тушганида, мен унга янги сочиқ тутганман, — болаларча соддадиллик билан жавоб қайтарди у.

— Хўш, кейин нима бўлди? Гапинг яна чала қолиб кетди-ку.

— Кечирасиз. Бугун нормани оширвордим чоғи. Бошим чайқалиб кетяпти. Ўшандаям худди шунақа аҳволда эдим. Ичганим атиги бир бокал шампан бўлгани билан, ҳали бола эдим-да! Шундай қилиб денг, Сурайё мени ўз оғушидан ноилож бўшатди-да, кейин бармоғидаги узуклардан бирини чиқарди:

— Кел, қўлингни тут. Ўзим тақиб қўяй. Мендан сенга эсдалик, туғилган кунингда. Илойим бахтингни, умрингни берсин.

Мен аямга қарадим. Аям менга «олавер» маъносида бош қимирлатиб қўйди. Шундай қилиб, мен ўн ёшимда биринчи марта шампан вино, ўн ёшимда бармоғимга қўнғиздек келадиган тилло узук таққанман. Менга ўзи нима бўлди, яна асосий гапдан чалғияпман…

— Бемалол гапиравер, Тахмина. Мен учун ҳаммаси қизиқарли.

— Узукни таққанимдан кейин аям дугонаси билан ўзига коньяк, менга эса ярим бокал шампан қуйди. Ичдик. Сурайё закускага яна мени ўпиб олди. Яна этим жимирлаб кетди.

Ўз хонамга ўтиб, оз-моз ухлаб олмоқчи бўлдим. Лекин аям унамади.

— Бугундан бошлаб энди болалигинг орқада қолди, — деди менга. — Ўзингни катталардай тутишни, ўзингдан катталар билан муомала қилишни ўрган. Одамлар сени кўришиб лол қолишсин. Фалончининг қизи шунақаям чиройли, шунақаям бунақа, деб ҳавас қилишсин.

Шундан кейин мен аямнинг гапи билан ўзимни катталардай тутадиган, тез-тез катталарга тақлид қиладиган одат чиқардим.

Ўша куни кечгача яна уч-тўрт бокал шампан ичвордим. Униси-буниси кириб қолиб, турли-туман совғалар билан табриклашганда, аям мени ёши катталар қаторига қўшиб, оз-оздан ичириб турди. Бир вақт чиндан ҳам маст бўлиб қолдим. Оёғим чалишиб кетаверди. Ҳалиги Сурайё деганлари кўзимга тўртта бўлиб кўринганда, қўрқиб кетиб ўзимни каравотга ташладим.

Бошқа ҳеч нимани эслолмайман. Ўша ётганимча эрталаб, дадам билан аямнинг ўзаро шовқинидан уйғондим. Лекин туролмадим. Бошим арининг уясидек гувилларди. Кўз очмасдан индамай ётавердим.

— Кеча меҳмонларди олдида индолмадим, — дерди дадам. — Қайси ақлу-фаросат билан ёш болага, ўз фарзандингизга заҳар бериб ўтирибсиз?!

Гап нима устида бораётганлиги аямга маълум эди шекилли, у ҳам бўш келмади:

— Ичган бўлса, ҳаммаси бўлиб икки бокал шампан ичгандир. Шунгаям ота гўри қозихонами? Энди, ақлу-фаросатдан гап кетгудек бўлса, сиз бир чеккага чиқиб турсангиз бўлармиди…

— Тўғри айтасан, — дадам энди уни сансирай бошлади, — ақлу-фаросатим етарли бўлганда мен сени аллақачон таъзирингни бериб қўярдим.

— Нима, нима?! Сен мени таъзиримни бериб қўядиган бўлдингми ҳали?! — Аям ҳам сенсирашга ўтди. — Тушингни бориб сувга айт. Асакадан олиб келган картон жомадонингни қўлингга тутқазиб, жавобингни ўзим бериб турмайин тағин!

— Сендақа боғичи йўқ қуруқ сумкадан кўра, ўша эски картон жомадон минг марта афзал.

— Мен қуруқ сумка бўлсам, сен қуруқ тўнкасан!

— Қуруқ тўнка бўлиб чеккада ётганим йўқ. Иккита болани бинойидек туғдириб қўйганим эсингдан чиқмасин.

— Итдан бўлган қурбонликка ярамапти! Сен ҳали булардан нима кўрасан-у, нима йўқ, буёғини худо билади.

— Сендақа оналарни тағинам ер кўтариб турганига ҳайронман.

— Сендақа жинни кетти эркак билан яшагандан кўра ер тагида қолиб кетган яхши.

Ўрнимдан туриб бориб уларни ажратай десам, беҳол ётибман. ёстиқдан бош кўтаролмайман. Дамимни ичимга ютиб, росаям йиғлаганман ўшанда. Ёстиқларим кўз ёшимдан жиққа ҳўл бўлган.

Дадам билан аям ўша воқеадан кейин бутун ҳафта давомида гаплашишмади. Навбатдаги дам олиш куни уйимизда уларнинг улфатлари тўпланиб қолишиб, қўярда-қўймай яраштириб кетишди.

Лекин дадам менга ўша кунлари: «Иккинчи марта ичкиликни оғзингга оладиган бўлсанг, қаттиқ хафа қиламан», деб танбеҳ берди. Танбеҳ беришга берди-ю, аммо ўшандан кейин ўзи билан ўзи бўлиб кетиб, менга унчалик эътибор бермайдиган бўлиб қолди.

— Эҳтимол, бунинг учун бирон жиддийроқ нарса сабаб бўлгандир?

— Ўша Сурайё бир куни уйимизга келиб, аямга қаёққаям бориб келамиз, деди. Аям кўнди. Бир зумда ёқ пардоз-андозини жойига қўйди. Чиқиб кетатуриб аям менга: «Даданг сўраса, Сурайё билан бешик тўйига кетишган, дейсан», деб тайинлади. Мен энди унча-бунча нарсанинг фарқига етадиган бўлиб қолганман. Аям мабодо бирон жойга индамай кетиб, у ердан кеч ва ширакайф қайтадиган бўлса, дадамнинг ўти чиқиб, ўртада жанжал кўтарилишини яхши биламан. Шунинг учун ҳам бунинг олдини олиш пайидан бўлардим. Айб кўпинча аямда бўлгани учун, мен уни хаспўшлашга, аямнинг ёмонини яшириб, яхшисини оширишга мажбур эдим…

Аямнинг яна бир одати бор эди. У мен билан худди катталардек муомала қиларди. Мени ёшимдаги қиз болаларга айтиб бўлмайдиган, аёлларга алоқадор жиддий гаплардан ҳам хабардор қилиб турар, «Сен менинг ёлғизимсан. Зарур нарсаларни қанчалик эртароқ билиб олсанг, шунчалик яхши бўлади», деб турарди.

Иккаламиз худди сирдош дугона ҳам эдик ва шу боис, ҳақми-ноҳақми, мен унга барибир ён босардим, ҳимоя қилардим.

Ўша куни дадам ишдан одатдагидек кеч қайтди, лекин аямдан дарак бўлавермади. Овқатимиз стол устида қолиб кетди. Дадам туз тотмади. Айвонга чиқиб олиб, сигарет тутатишдан бўшамади. Менинг ўзим ҳам бўғилиб кетдим. Лекин сир бой бермасликка ҳаракат қиламан. Дадамни ловуллатиб, аямга таҳдид солиб турган нохушликни кучайтириб юборишдан чўчийман. Ўзимни хотиржам тутиб, дадамни юмшатишга уринаман.

— Дадажон… Ичкарига кириб, бирга овқатланайлик… — дейман унга суйкалиб, эркаланиб. — Мен жудаям оч қолдим… Дадам менга мулойим боқиб, бошларимни силайди.

— Ширин қизим, асал қизим… Оч қолган бўлсанг, овқатланиб олақол. Менинг кўнглимга ҳеч нима сиғмай турипти…

— Нега ундай дейсиз, дада? Аям уйда бўлмасалар, ахир мен борман-ку?

— Ҳа, онажоним. Сен борлигинг учун мен ҳам борман. Аянгга қолар кунни худо бошимга солмасин.

— Аямдан хафа бўлманг. У ўзи шунақа, лекин сизни жудаям яхши кўрадилар… Менга ўзлари шундай деганлар.

— Ҳа, аянг мениям, сениям, яна жуда кўпчиликни яхши кўради…

Мен дадамни тушунолмайман. Яна эркаланиб, уни қўлларидан ичкарига беозор тортқилайман.

— Хўп, она қизим, хўп, — дейди дадам шундан сўнг менга болаларча бўйсуниб.

Ичкарига кирамиз. Бир-биримизнинг кўнглимиз учун овқат чўқилаган бўламиз. Кейин бир-икки пиёла чой эрмак қилиб, телевизор томоша қиламиз. Вақт ўтказамиз. Икковимиз ҳам жим, лекин дадам ҳам, мен ҳам ўз ўйларимиз билан банд. Мен ҳадикдаман. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин, дейман ичимда.

Ўша кеча соат ҳў-ў ўн иккиларда қайтипти аям. Курсида ўлтириб кўзим кетиб қолган экан, шовқиндан сапчиб туриб кетдим. Аямнинг кайфи баланд, икки бети ловуллаб турипти.

— Шу пайтгача олиб ўтирган одам ётиб қолишга жой топиб беролмапти-да?! — дейди дадам титраб-қақшаб.

— Ётиб қоламан десам жон дейишарди! — бўш келмайди аям. — Лекин улар мени бошқаларникига ўхшаган одам башара эри бордир, деб андиша қилишди!

Шунда дадамни, биринчи ва охирги марта кўришим эди, аямга тарсаки тортиб юборган. Агар мен ўртага ташланиб, уларни жон-жаҳдим билан ажратмаганимда, йиғлаб-ёлвормаганимда, жанжал жудаям катта бўлиб кетарди. Икковларини бир амаллаб тинчитганман.

— Бу тарсакинг учун мен сени ҳеч қачон кечирмайман, — деди аям.

Дадам ҳам ўз ўрнида, кўнглидагни очиқ айтган ўшанда:

— Сен битта тарсакини кечиролмаган жойингда, мен ифлос хиёнатни кечиришим керакми?!

Мен кейинроқ ана шу «ифлос хиёнат» деган сўзнинг маъносини, ва бу нарса кечирим учун мутлақо нолойиқ эканлигини билганман. Дадам уйимиздан кетиб қолмаганини ва совуқроқ бўлса-да, ҳар қалай аям билан яшайверганини ҳисобга олсак… ё дадам бу нарсани аямнинг бўйнига қўёлмаган, ё бўлмаса, ичкиликдан, муҳтожликдан у ўз ориятини қўлдан бой берган одам эди. Мен билиб қолганман. Аям чиндан ҳам…

Бир куни мен унга астойдил:

— Ая нега шундай қиласиз? Мен сизни ёмон кўриб қоляпман, — дедим.

Шунда у ўз ҳасратини тўкиб, ўзини оқлаган бўлди:

— Бу хиёнат эмас, қизим. Даданг мен билан истаса яшасин, истамаса уйдан бош олиб чиқиб кетсин. Яширмайман, у яхши инсон. Лекин мен уни барибир сева олмадим. Ахир мен ҳам инсонман-ку, мен ҳам оламга бир марта яшаш учун келганман. Мен юз йил умр кўрган чоғимда ҳам ўз муҳаббатимни қидираман. Истаган жойимга бораман, кўнглим тортган эркак билан ҳамсуҳбат бўламан. Бу менинг ишим, менинг шахсий ишим. Сен ҳам мени ёмон кўриб қолишинг мумкин. Лекин бунинг учун мен сендан ранжимайман. Сен ҳам энди ўз эркинг, ўз фикрларинг билан яшашга ҳақлисан, қизим.

— Барибир сизни тушунмаяпман. Ахир, ҳамма сизга ўхшаб хоҳлаган ишини қилиб юраверса… уйлар бузилиб кетиб, дадалар қаерга боришади? Болалар қаерга боришади?

— Сен ҳамманиям мендақа бахтиқаро, деб ўйлама, қизим, — кечагидек кўз олдимда турипти, аям шундай дея чуқур оҳ тортди, рўмолчаси билан шашқатор кўз ёшларини артди. — Бу дунё ўзи шундай экан. Ҳеч ким бўйи бўйига тенг, чиройи чиройига тенг одамни тополмаган, дейишади. Лекин мен бунисига чидолмайман. Худо мени чиройли қилиб, арзанда қилиб яратиптими, бас, мен шунга яраша чиройли кийинишим, чиройли еб-ичишим, арзанда бўлиб яшашим керак. Даданг эса мен учун бу шароитни икки дунёда ҳам яратиб беролмайди!

Рости гап, аям авваллари бунчалик аламзада эмас эди. Дадамни ҳар қалай ҳурмат қиларди. Топиб-тутиб келганига шукур қилиб яшарди. Ўшандаям ишламас эди, лекин кийинишда, юриш-туришда бошқалардан кам жойи йўқ эди. Нимаям бўлиб, бирданига шу кўйга тушиб қолди. Айниқса, Сурайё пайдо бўлгандан кейин…

Яна Сурайё… Хуршида ҳофиз Мумтоз билан боғлиқ ўша воқеадан кейин ундан батамом юз ўгирган эди-ку? Сурайё яна қаердан пайдо бўлиб қолди?

— Тахмина, ўша… сенга тилло узук ҳадя этган Сурайё аянг билан жудаям қалинмиди?

— Ҳа. Ҳали айтдим-ку, тез-тез келиб турарди деб. Аммо у уйимизга биринчи марта кириб келганда жудаям ғалати бўлган. Аям уни ичкарига қўйгиси йўқ эди.

— Нега?

— Аввалига тушунолмадим. Икковлари остонада бир-бирларига тикилишиб, жим қолишди. Кейин Сурайё «Сенга нима бўлди, Хуршида? Мени танимаяпсанми?» — деди. «Сени танимай бўлармиди? Лекин… нега келдинг? Мен сени унутиб юборувдим», деди аям авзойи алланечук ўзгариб. «Қўйсанг-чи, у гапларга минг йил бўлди. Ўртоқчилигимиз йўқолмасин деб, мана, сени қидириб келдим», деди Сурайё аям томон қучоқ очиб яқинлашаркан. Шундан кейин аям у билан ноилож кўришди. Сурайё мени худди узоқдан келган қариндошидай бағрига олиб босиб, ўпиб эркалади.

Ўшанда аям икковлари ичкарида анча ўлтириб қолишди. Ораларида нима гап ўтганидан бехабарман. Менинг қулоғимга қуйилиб қолгани фақат шу бўлганки, Сурайё Тошкентга кетиб қолган экан. Ўшетта раққоса бўлиб ишлапти. Яқинда яна Қўқонга қайтиб келипти. Ҳозир бекорчи эмиш.

Кейинроқ аям менга Сурайё ҳақида гапириб берган. «У билан бир вақтлар қалин дугона эдик. Кейин икковимиз ҳам тошкентлик бир йигитни яхши кўриб қолиб, бир-биримиз билан юз кўришмас бўлиб кетувдик. Сурайё, билмадим, ростми-ёлғонми, ўша йигитга турмушга чиққан экан, орадан ўн йилча ўтиб, ажралишипти», деди.

— Ўшанда… Ўша йигит нега сизни танламаган? — деб сўрадим аямдан.

— Мен дугонам Сурайёнинг бахтини деб, у йигитдан воз кечганман…

— Дадамни-чи? Дадамниям яхши кўриб текканмисиз? — сўраганман ундан.

— Дадангга… Даданг иккаламиз болаликдан бир жойда ўсганмиз. Бир-биримизни яхши билардик. Яхши кўриш-кўрмаслик, деган нарсага ҳожат йўқ эди. Осонгина иккаламиз турмуш қуриб қўя қолдик.

Мен шунда бундан анча олдин, аям «бешик тўйи» баҳона уйга кеч қайтиб, дадам икковлари уришиб қолган куни айтган гапларини эсладим: «Мен уни барибир сева олмадим».

— Тахмина… сендан яна бир нарсани сўрамоқчиман.

У менга ажабланиш назари билан қараб қўйди.

— Нима бало, Собир ака, сиз мени «допрос» қилаётганингиз йўқми?

— Нималар деяпсан. Биз ахир, энди қалинлашиб қолдик-ку?

— Қалинлашиб? — Тахмина одатдагидек чиройли жилмайиб қўйди. — Қалинлашиб деган нарсани нотўғри тушунаркансиз.

— Нега энди? Биз бир-биримизга эски таниш чиқиб қолганимиз, бир-биримизга юрагимизни бемалол ёзиб ўлтирганимиз ҳисоб эмасми?

— Йўқ. Ҳисоб эмас, — деди Тахмина менга яна хиёл синовчан назар билан, ҳамон ширин табассумда боқиб. — Бизда қалинлашиш, деган гап бошқача маъно беради.

— Тушунмадим… — ўзимни яна жўрттага гўлликка соламан.

Бироқ Тахмина мени яхши тушуниб турипти.

Ўртамизда бўлаётган гапларнинг ҳаммасини элакдан ўтказиб турганлигимни ҳам, бироқ унга билдираётган муносабатимнинг чиндан ҳам самимий эканлигини, мен унга қандайдир яхшилик истаётганим, Хуршида ва Собирга, ўзига оид саволларим эса ана шу яхшилик учун зарурлигини ҳам билиб турибди.

Фақат ундаги ёввойи табиат, одамга, ҳаётга нисбатан қон-қонига сингиб кетган ишончсизлик, дағаллик ва андишасизлик хислатлари, қолаверса, кетма-кет бўшатилган қадаҳларнинг ҳамон эҳтирослар торини чертиб турганлиги уни беихтиёр чалғитиб қўймоқда.

— Сиз ўзингизни гўлликка солманг, — хотиржам жавоб берди у. — Юрагингиз гумириб турибди, мени билмайди дейсизми…

— Бу гапни қўй, Тахмина.

— Йўқ. Сиз ким бўлсангиз ҳам, барибир эркак кишисиз. Ёш эркаксиз. Томирларингизда эркаклик қони оқаётган бўлса… — у энди қиқирлаб кулиб қўйди.

— Сен ўзингча ҳақсан, албатта. Лекин мен ўз эҳтиросларимни жиловлаб олган эркакман.

— Тавба, мен бунақасини энди кўришим, — Тахмина шундай дея ёстиққа бош қўйиб оёқларини баҳузур узатиб юборди. Шунда халат этаклари бир-мунча йиғиштирилиб қолиб… мўъжиза гўзаллик яна манаман дея кўзга ташланди. — Сиз мендан нимадир сўрамоқчи эдингиз…

— Сен ҳали уйимизга ҳамма касофатларни дяд Доник бошлаб келди дединг…

— У дўзахини тилга олмаган яхши, — сўзимни бўлди Тахмина. — Қўйнимизга илон бўлиб кирган экан у.

Мен уни қўшимча савол билан чалғитиб қўйишдан чўчиб, сукут сақладим.

IX

— Дони дастлаб кириб келган куни ҳозир ҳам ёдимда, — сўзида давом этди чалқанча тушиб ётган Тахмина энди мен томонга ёнбошлаб. Шу аснода у очиқ қолган сонларини халатининг пеши билан ёпиброқ қўйди. — Ярим кечада аям иккаласи жудаям маст дадамни кўтар-кўтар қилиб олиб келишди. Ўзлариям маст, оёқда зўрға туришибди. Аям уни менга «дяд Доник» деб таништирди. У одам мени жудаям ширин қиз экан деб мақтади. Чўнтагидан битта бели букилмаган юз сўмлик чиқариб, қўлимга тутқазди (дадамнинг бир ойлик иш ҳақи!) Нима қиларимни билмай турувдим, аям. — «Бери, бери. Отныне дяд Доник наш близкий друг, не надо стесняться», деди.

Шундан кейин аям унга шу ерда тунаб қолишни таклиф қилди. Лекин дяд Доник рози бўлмади.

— Бугун эмас. Келгуси сафар албатта қоламан, — деди у менга зимдан кўз қирини ташлаб қўяркан. — Собир жўрамни эҳтиёт қилинглар. Эртага ўзим ундан хабар оламан.

Янги танишимиз қайтиб чиқиб кетаркан, аям унга яна эргашди:

— Сизни кузатиб қўяман.

— Йўқ, йўқ, сиз энди дам олинг, Хуршида, — эътироз билдирди дяд Доник.

Бироқ аям кўнмади, «ташқаригача холос» деб туриб олди. Чиқиб кетишди. Мен шошиб айвонга ўтдим. Кўчада машина кутиб турарди. Мени ҳайрон қилган нарса шу бўлдики, улар тўртинчи қаватдан пастга тушиб кўрингунларича орадан бир дунё вақт ўтиб кетди…

Ростдан ҳам дяд Доник ўша кундан бошлаб биз учун энг яқин, энг меҳрибон, энг ғамхўр киши бўлиб қолди. Менинг назаримда у гўё осмондан тушиб қолгандек эди. Дяд Доник бошқаларга сираям ўхшамайдиган, доимо кулиб турадиган, фақатгина яхшилик келтирадиган, у пайдо бўлган жойдан ёмонлик деган нарса қўрқиб қочиб кетадиган, дунёда энг бой, энг сахий, чўнтаклари ҳамиша совға-саломларга тўлиб-тошиб юрадиган бошқача бир одам эди. Шундай одамни яхши кўрмай бўладими, шундай одамга ишонмай бўлармиди?

Дяд Доник туфайли аямнинг дадам билан муносабатларида илиқлик пайдо бўла бошлади. Аям энди уни ҳуда-беҳудага жеркимайдиган, топиш-тутиши билан қизиқмайдиган, унча-мунча нарсага ундан ранжимайдиган бўлиб қолди. Уйимизда бўладиган зиёфатлар чоғида ҳатто «менинг беминнат дастёрим» деб ўз ҳолича уни эркалаб қўядиган одат ҳам чиқарди.

Дяд Доник айниқса, менга ўзини жудаям меҳрибон қилиб кўрсатарди. Икки-уч кун кўришмай қолсак борми, уйимизга албатта мен учун аталган совға-саломлар билан кириб келар эди. Белимдан тутиб даст кўтарарди-да, икки бетимдан ўпиб-ўпиб: «Менинг Тахминочкам, сени жудаям соғиниб кетдим!» — деб эркаларди. Баъзан-баъзан мактабимизга ўз машинасида олиб бориб, олиб келадиган ҳам бўлди. Йўл йўлакай дўконларга олиб кирарди. Истаган нарсамни олиб берарди. Мен ҳам энди унга кўникиб, уни ўз дадамдай яхши кўриб қолувдим. Аямга ўхшаб мен ҳам ундан ийманмайдиган, қўнглимдаги нарсани очиқ айтаверадиган бўлгандим. Аям универмагда упа-элик сотарди. Дяд Доникдан аввалги танишлари уни шу ерга жойлаштириб қўйишган эди. Бир куни менинг иштирокимда дяд Доник аям билан ана шу масалада гап юритди.

— Хуршида, сиз шу ишингизни йиғиштириб қўйсангиз қандай бўларкин?

— Қўйсангиз-чи Доник, шунча йилдан бери Собирингизга уй чўриси бўлиб келганим етар. Бетон қафасда ўтиравериб рангларим заъфарон тортиб кетди. Ҳозир энди ана шу иш баҳона тоза ҳавода уни-буни кўриб кўнглим ёзилиб юрипти…

— Мен сизга тоза ҳавода кўпроқ юрадиган бошқа иш топиб бераман. Тагингизда машина, шопири минан, ёнингизга энг яқин дугонангиз Сурайёни олволасиз.

— Вой, қандай яхши! — қувониб кетди аям. — Даромадиям ёмон эмасдир?

— Уёғини ўзим ҳал қиламан. Так что, давайте, эртагаёқ ишдан расчёт қилиб, Сурайё икковларинг олдимга ўтинглар.

— Бўпти. Лекин нима иш қилишимизни айтмадингизку?

— Буниси кейин. Қулоққа айтилади… — дяд Доник шундай дея менга қараб қўйди-да, яна қўшимча қилди: — Тахминадан хавотир олманг. Уйда ёлғиз қолиб зериккудек бўлса, уни ўзим билан бирга олиб юраман. Менинг жўрам Собир билан эса ишларинг бўлмасин. У ҳозир Машраб қаландар, қаерда ва нима билан овуниб юрса-юраверсин. Унга ҳам ўзим кўз-қулоқ бўлиб тураман.

Шундай қилиб, аям универмагдаги ишини йиғиштирди. Ростдан ҳам Сурайё икковлари шахсий «Жигули»да юрадиган бўлишди. Шопирлари Мелиқўзи деган бир йигит эди, икки гапнинг бирида «аканг қоқиндиқ» деб туриши ҳечам эсимдан чиқмайди.

Аямнинг дадамгаям, менгаям тушунтиришича, Сурайё икковларини дяд Доник ўз ишхонасига назоратчи қилиб олипти. Булар «точкама-точка» юришиб қанча бензин пулга, қанча бензин талонга сотиляпти, ўғирлик бўляптими-йўқми, шуларни текширишармиш.

Мен эҳтимол шундайдир, деб ўйлайман. Лекин дяд Доник «қулоққа айтилади» деган асосий ишлари нимадан иборатлигини билолмай қолавердим. Дадам эса, аямни яна Сурайё билан бирга юриб, бирга ишлашини эшитгандаёқ жаҳли қўзғаб: «Бу иш яхшиликка олиб бормайди», деди. Лекин дяд Доникка индолмади, аламини ичига ютди.

Биз учун сезиларли янгилик шу бўлдики, аям бензинфурушларга «назоратчи»ликка ўтганидан кейин пулимиз кўпайиб қолди. Аям энди катта-катта харид қиладиган, ўзигаям, менгаям қимматбаҳо кийим-кечаклар сотиб оладиган бўлди. Ҳатто дадамга Австрия пальтоси билан бошига норка телпак олиб берди. Лекин дадам бу нарсаларни бир мартагина кўчага кийиб чиқиб, маст ҳолда йўқотиб келганидан кейин, аям унга тамоман қарамайдиган бўлиб қолди.

Шанба-якшанба кунлари бизникида «праздник» бўлиб кетарди. Уйимизда янги-янги, бир-биридан чиройли, ёш-ёш қиз-жувонлар тўпланадиган бўлиб қолди. Улар кўпинча «аканг қоқиндиқ»нинг машинасида келиб кетишарди. Кечқурунга бориб дяд Доник ўзининг бир-иккита катталари билан кириб келишар ва ҳалигилар билан тонготар маишатлар бошланиб кетарди.

Мен уларнинг атрофида ўралашиб юраверардим. Кўнглим тусаганда ҳатто вино ёки шампан ичишим, Ғалати-ғалати видеофильмларни, эркагу аёлларнинг бир-бирларига ёпишиб ўйинга тушишларини истаганимча томоша қилишим мумкин эди. Дадам бечора жуда тез маст бўлиб қолар, уни дарров айвонга олиб чиқиб ётқизишиб қўйишарди.

— Нега энди ётоқхонага эмас? — жўрттага сўрайман Тахминадан.

— Аям билан дадам ётадиган каравот… меҳмонлар учун ажратиларди. У ерга тез-тез кириб-чиқиб туришарди.

— Ишқилиб сен ётадиган хонага киришмасмиди?..

— Нималар деяпсиз, Собир ака? Мен бунга йўл қўярмидим, — жиддий жавоб қайтарди Тахмина. — Аям ҳам ҳар қандай шароитда бўлмасин, менга кўз-қулоқ бўлиб турарди. Менинг олдимга фақат дяд Доник кириши мумкин эди. «Мендан сираям уялма, бемалол ечиниб ётавер», дерди у. Устимни ёпиб, сочларимни силаб, пешонамдан ўпиб-эркалатиб, кейин чиқиб кетарди.

Аям мени ана шундай тонготар маишатларга, бу ўлтиришларда эркагу аёллар ўртасида юз берадиган муносабатларга бефарқ бўлишни ўргатди. Бу нарсалардан ўзимга тегишли хулоса чиқаришим, яшашни, яшагандаям чиройли яшашни ўрганишим лозимлигини қайта-қайта таъкидларди. «Дяд Доникни эса сен тўғри тушунишинг, унинг қилиқларига ҳайрон бўлмаслигинг керак, — дерди аям. — Унинг ишиям, бунчалик катта пул топишининг ўзиям жуда оғир. У азбарои ҳордиқ чиқариш, чарчоғини ёзиш учун шундақа ўлтиришларни ёқтиради. Бу унинг шахсий иши, бунинг бизга сираям алоқаси йўқ. Дяд Доник бизнинг энг яқин одамимиз. Биз ҳамиша дяд Доникни деймиз. Агар у бўлмаганда, дадангни бу аҳволи билан икковимиз кўчага чиқиб, гадойчилик қилиб юрган бўлардик».

Аямнинг бу гаплари менинг қон-қонимга, онгимга сингиб кетган эди. Лекин фақат бир нарса менда ўз-ўзидан савол туғдирарди: аям билан дяд Доник ўртасидаги шахсий муносабатлар чегараси қаердан ўтаркин? Аям мабодо уни яхши кўрган ва у билан энг яқин алоқаларда бўлган тақдирда, нега дяд Доникни бошқалардан рашк қилмайди? Нима учун ҳар ҳафта унинг қўлтиғига янги-янги аёлларни тиқиб қўйяпти?

Бу саволимга, ниҳоят бир куни улар ўртасидаги пинҳона гап-сўз тасодифан қулоғимга чалиниб қолиб, ишонарли жавоб топганман:

— Доник, сиз тобора ҳаддингиздан ошяпсиз.

— Нималар деяпсиз, жоним, гуноҳим бўлса айтаверинг, айтган нархингизга сотиб оламан.

— Ўзингиз биласиз-ку, ахир, сизни яхши кўраман…

— Бунга шубҳам йўқ. Мен ҳам сизни яхши кўраман…

— Ундай бўлса, нега мени унутиб қўйяпсиз? Сизни рашк қилавериб, ўлиб бўляпман.

— Хуршида, мени десангиз, рашк деган нарсани унутинг. Хизматимни қилаверинг, кам бўлмайсиз.

— Менга энди мол-дунё керак эмас. Ўзингиз кераксиз.

— Бўпти, бўпти. Келаётган ҳафта меҳмон чақирманг. Икковимиз шаҳардан ташқарига чиқиб кетамиз.

— Ана шундай, Собир ака. Бунисидан ҳам хабар топганман…

Тахмина шундай дея жимиб қолди. Яна чалқанча тушиб, қўлларини боши устига олгунча, кўзларини мулойим юмди. Мен ҳам энди бир дам ўз хаёлларимга берилдим. Кўча томондан автомашиналарнинг гувиллаб ўтиши ҳам тингандек эди. Қаердандир кетмакет узилган иккита ўқ овози эшитилди. Бир пайтдан кейин сигнал бериб ё тез ёрдам, ё милиция машинаси ўтиб кетди. Унинг кетидан эса уй ертўласидами, ё том тарафданми мов бўлган мушукларнинг гўдак ноласидек чўзиқ, бироқ нохуш чинқиришлари чиқиб қолди.

— Мен учун дунёда шундан хунукроқ овоз бўлмаса керак, — дедим ўзимча.

Тахмина кўзларини очган ҳолда майин жилмайди:

— Эҳтимол, улар учун дунёда энг лаззатли нола шу бўлса-чи?..

Унинг бу гапидан ичимда беихтиёр кулиб қўйдим.

Лекин индамадим. Яна ўйларимни Тахминанинг Дони ҳақидаги ҳикояси банд этди.

«У дўзахини тилга олмаган яхши. Қўйнимизга илон бўлиб кирган экан у». Тахмина ҳали шундай деганда яна нималарни назарда тутган эди? Унинг гўё анордек эзғиланган, шарбати сўриб олиниб, қонталаш қилинган юрагида яна қандай жароҳатлар пинҳон турипти?

Ногоҳ Тахмина яна ёстиқдан бош кўтарди.

— Собир ака, мен сизга ишонаман. Ўртамиздаги гаплар шу ерда қолиб кетсин. Умримда биринчи марта сизга ёриляпман…

— Мендан кўнглинг тўқ бўлсин, Тахмина. Агар чиндан ҳам менга ўз ҳасратларингни ёзиб, бундан озмоз енгиллик тортаётган бўлсанг, мен учун шунинг ўзи бас…

— Мен… Бу ҳақда гапиришга тилим ожизлик қилади.

— Тахмина ўз ҳикоясида давом этди. — Лекин пешонамга битилганини кўрмасдан иложим йўқ экан. Охири шундай бўлиб чиқиши кимнинг хаёлига ҳам келипти дейсиз? Ҳали айтдим-ку, дяд Доник мен учун дунёдаги энг яхши инсон бўлиб туюлган эди. Мен уни ўз дадамдек, баъзан эса ҳатто ундан ортиқроқ кўрардим. Кўнглимдаги нимаики гапим бўлса, нимаики орзуим бўлса, нимаики хоҳиш-истагим бўлса, ундан ҳечам ийманмай айтаверардим. Чунки мен унга ўз дадамга ишонгандай ишонардим. Дадамнинг қўлидан келмайдиган ишлар дяд Доникнинг қўлидан келиши аниқлигидан мен унга ҳатто кўпроқ ишонардим. Уни кўпроқ ҳурмат қилардим, кўпроқ севардим. Шу боис мен унга аям билан ўзаро алоқалари ҳақида бирон нима дейишга, дейиш эмас, ҳатто ўйлашга, хаёлга келтиришга чўчирдим, қўрқардим. Бунга ҳатто ишонгим ҳам келмас эди…

Дяд Доник уйимизга биринчи марта кириб келган ўша кундан кейин орадан икки йилдан ортиқроқ вақт ўтди. Ана шу вақт ичида у мени худди қўлга ўргатилиб, қўлтиққа солиб юриладиган қушдек қилиб олган экан, буни ўзим ҳам сезмай қолибман. Кейин билсам, у мисоли афсунгардек иш тутган. Мени жуда эҳтиёткорлик билан, аста-секинлик билан авраб-алдаб ўзига ром қилиб борган.

Баъзан-баъзан у билан бирга ўтказилган вақтларим ёдимга тушади. Шунда унинг мен учун кўрсатилган ғалати-ғалати илтифотлари, мен учун у пайтлар аллақандай ёқимли, лекин тушунилиши қийин бўлган гап-сўзлари, қилиқлари устида бош қотириб қоламан. Кейинроқ юз берган фожианинг қандай қилиб етилганини тасаввур қилишга уринаман…

Дадамнинг ўлимидан кейин аям билан дяд Доник ўзаро маслаҳатлашиб, Қўқондан Фарғонага кўчиб ўтадиган бўлиб қолдик. Мактабимиз яхшилигини, бу ерлик дугоналаримдан ажралишимни истамаслигимни баҳона қилиб, аямдан нега энди кўчишимиз зарур бўлиб қолганини сўрадим. Шунда аям:

— Сени ҳали кўп нарсага ақлинг етмайди, болам. Биз тўғримизда майда-чуйда гаплар кўпайиб кетяпти… Ҳаммасининг юзи қурсин. Бизни кўришолмайди, — деди. Кейин яна қўшиб қўйди: — Дяд Доникнинг катта ишхонаси ҳам Фарғонада. У кўпроқ вақтини ўша ерда ўтказади. Кейин мениям бир ишга «оформит» қилдириб қўйди…

— Сурайё ҳам сиз билан бирга борадими? — қизиғиб сўрадим ундан.

— Йўқ, — деди аям, — Сурайё энди ишламайдиган бўлди. Лекин бизникига бориб-келиб туради.

Шундай қилиб, биз энди фарғоналик бўлиб қолдик. Бу ердаям дяд Доник бизникига худди ўз уйидагидек келиб-кетадиган бўлди. Яна худди аввалгидек, тирикчилигимиз асосан унинг бўйнида эди. Аям эса номигагина уч-тўрт соатга қаергаям бориб келар, унинг маоши ёки даромади тўғрисида умуман оғиз очилмасди. Мени эса мактабга бошқа юбормай қўйишди. «Саккизни битирдинг, бас. Кейинроқ ўзим аттестат тўғрилаб бераман, истаган институтингда ўқийсан» деб ваъда берди дяд Доник. Бу таклиф ўзимгаям жуда маъқул тушди. Энди бегона мактабда ўқишга юрагим дов бермай турувди ўзи.

Бу ердаги уйимизда ҳам худди Қўқондаги сингари тез-тез меҳмонлар тўпланадиган, тонготар зиёфатлар, маишатлар ташкил қилинадиган бўлиб қолди. Шанба кириб келди дегунча бўлмай, машинасини қизларга тўлдириб «аканг қоқиндиқ» кириб келарди.

Мени энди уйимизда нималар бўлаётгани қизиқтирмай қўйди. Секс фильмлар ҳам, маст-аласт эркак аёлларнинг ҳар хил қилиқлари ҳам, аям ким билан нима иш қиляпти-ю, дяд Доник ким билан нима иш қиляпти ёки ҳатто улар иккаласи ётоққа бирга кириб кетишсаям — бу нарсаларнинг ҳаммасига бефарқ бўлиб қолган эдим.

Менинг қиладиган ишим энди соатлаб ойна олдида ўтирволиб, ўзимга оро беришдан, айниқса, дяд Доник олиб берган бир-биридан чиройли кийимларимни кийиб олиб, ўзимни-ўзим томоша қилишдан, ширин-ширин ўй-хаёллар суришдан иборат эди, холос.

Уйимиздаги зиёфат чоғларида баъзан росаям шинам кийиниб, меҳмонлар олдига чиқадиган бўлсам, ҳамманинг кўзи ҳасад ўтидан ёниб кетарди. «Хуршида, эҳтиёт бўл, Тахминанг бу дунёнинг қизи эмас», деб қўйишарди. Шунда мен ҳамма-ҳаммаси учун миннатдорчилик маъносида тўрида менинг ҳусну жамолимга, қадду бастимга маҳлиё бўлиб ўлтирган дяд Доникнинг олдига борар эдим, унинг бўйнига осилиб юз-кўзларидан ўпиб-ўпиб олардим. Дяд Доник ҳам менинг юзларимдан, бўйниларимдан ҳидлаб-ҳидлаб, ўпиб-ўпиб оларди. Аям эса бизни ҳавас билан, ифтихор билан кузатиб ўлтирар, баъзан эса ҳаяжонини яширолмай қарсак чалиб қўярди.

Дяд Доник тез-тез Тошкентга қатнаб турар эди. У ерда нима иш қилишидан хабарим йўқ. Биз учун энг муҳими, ёз ойлари машина билан боргудек бўлса, мени, аямни ва Сурайёни ҳам ўзи билан бирга олиб кетарди. Лекин биз Тошкентгача бормасдик, йўлда қолар эдик.

— Бу нима деганинг? — ажабланиб сўрайман ундан.

— Оҳангаронга ўтишдаги катта довон бор-ку, ўшеттаги тоғли қишлоқлардан бирида дяд Доникнинг Ато деган тожик ўртоғи бўларди. Тахмина шундай дея хиёл жилмайиб қўйди. — Худди айиқнинг ўзи дейсиз. Бир марта кўкрагининг жунини кўриб қолиб, лабларимга учуқ тошиб кетган, олдига пўстак ёпиштириб олганми-ей… Дяд Доник бизни ана шу тожик ўртоғиникида қолдириб, ўзи Тошкентга ўтиб кетарди. У ердан қайтганидан кейин ҳам, ўша ерда бир-икки кун дам олардик. Эҳтимол биларсиз, у жойнинг ҳавосидан тўйиб нафас олмаган, ёзда тишни зирқиратадиган булоқ сувларидан қониб ичмаган одам бу дунё-ю у дунё армонда қолади. Қайси тарафга қараманг, осмонларга туташиб кетган тоғлар, ям-яшил дарахтзорлар, булбуллар тиним билмай сайраб туради.

Машинада довондан ўтиб бораётиб пастга томон қараганмисиз? Юрагингиз ваҳима олади. Худо кўрсатмасин, ўша тепаликдан мабодо қулаб кетсангиз борми… Мен бу даҳшатни кўз олдимга келтиролмайман. Ҳар сафар ўша жойлардан ўтадиган бўлсак, аям раҳматли шопиримиз Мелиқўзининг елкасидан чангаллаб оларди. «Секинроқ ҳайданг, секинроқ», деявериб, жиғимизга тегарди. Шунда дяд Доник: «Хотиржам бўлинг. Бизнинг „Тойота“ ҳеч вақт подводить қилмайди», дерди. Кейин пастликларга, дарахтларга кўмилиб элас-элас кўринаётган ҳаккам-дуккам уйларга, ўртада симобдай оқариб илонизи бўлиб оқаётган дарёга ишора қилиб, «Атонинг подшолигига ҳам яқинлашиб қолдик», деб қўярди.

Ато ўша ердаги ўрмон хўжалигининг қўриқчиси экан. Девори тошдан кўтарилган уч хонали уйда бир ўзи яшаркан. Дастлаб борганимизда «Хотинингиз, бола-чақаларингиз қаерда?» — деб сўраб қўйиб, хижолатларга қолганмиз. «Менга чидайдиган хотин бу дунёда йўқ. Ўлдириб қўйиб, қамалиб кетишдан қўрқаман», деган. Лекин Сурайё ҳам кейин уни боплади. У билан ўнта қўйга шартлашиб, ютиб чиқди. Ато тожикни икки кундаёқ пўстлоқ қилиб арчиб ташлади. Қайтишимизда Сурайё қўйларинг керак эмас, деди, ҳаммасини бозор нархида ҳисоблаб, пулини қуртдек санаб олди. Ўша-ўша, қачон Сурайё билан бирга бормайлик, Атонинг оғзи қулоғида, бизни ўтқазгани жой тополмай қолади. Ҳали қўй сўйиб кетаётган, ҳали каклик ёки бедана гўштидан кабоб қилаётган…

Бир сафар борганимизда, аям эрталабдан истималаб қолди. Кечқурун дарё бўйида бўлувдик, дяд Доник икковлари мастлик билан муздек сувда чўмилишган эди.

Ато аллақандай ўтлардан чой дамлаб бериб, аямни ўзи даволайдиган, Сурайё ҳам улар билан қоладиган бўлди. Эртасига саҳар йўлга чиқишимиз лозим эди. Мелиқўзи машинани бугун ювиб-нетиб, йўлга ҳозирлайман, деди. Биз эса, дяд Доник иккимиз дарёдан хонбалиқ тутиб келтирадиган бўлдик.

Ов учун керакли нарсаларнинг ҳаммасини дяд Доникнинг ўзи ҳозирлади. Ҳатто магнитофон ҳам олволдик. Чиройли спорт кийимларимизни кийиб чиқиб кетдик. «Биздан хавотир олманглар, кечга яқин қайтамиз», деди дяд Доник қолаётганларга.

Балиқ кўпроқ бўладиган жой олис экан, дарё ёқалаб бир соатларча йўл юрдик. Тошлоқ, баланд-пастлик ва бутазорлардан ўтиб бордик. Бир сайхонликда дарё анча тинчланиб ўтар экан, ўша ерда тўхтадик.

Чор атроф қуюқ чангалзор, худди одамзод оёғи етмаган жойларга ўхшайди. Қушларнинг сайраши шунақаям авжидаки, овоз чиқарсангиз ютиб юборгудек. Дяд Доник бир четга адёл тўшади, сумкадан нон, яхна гўшт, коньяк ва шоколадлар чиқариб, устини сочиқ билан ёпиб қўйди.

— Ов ҳам ўз ўрнида, маишат ҳам ўз ўрнида, — деди у. — Худо хоҳласа, бугун шундай дам олайликки, бир умр эсингда қолсин, Тахминочка! — Кейин тоғ чўққилари устидан ошиб ўтиб, чарақлаб турган офтобга ишора қилди: — Мана, ҳавоям исиб боряпти. Спортивкангни ечиб қўйсанг ҳам бўлаверади…

Дяд Доник ўзи ҳам ечиниб, битта плавкада қолди. Шунда унинг анча бўғриқиб турганини сездим-у, лекин эътибор бермадим. Бундай нарсаларни видеоларда кўравериб кўзим қотиб қолган. «У ахир эркак киши-да», деб қўйдим ўзимча. Кейин мен ҳам ҳеч қандай ўй-хаёлга бормаган ҳолда ечина қолдим. Дяд Доник менинг жуссамни чўмилиш кийимида биринчи марта кўриши эди. Сонларимга, белим, кўкракларимга тикилганча шам қотиб қолди.

— Тахминочка, зап чиройлисан-да! — деди у ўзини тутолмай. — Бу сенинг бахтинг. Худо берган бахтинг.

Мен унга жавобан кулиб қўя қолдим. Кейин қармоқларни тахтлаб, балиқ тутишга киришдик.

Балиқ овиям осон иш эмас экан. Сув кечавериб, сувга тикилавериб қон бўлиб кетдим. Дяд Доник буни сезиб турипти, лекин «яна озгина сабр қил, Тахминочка. Ҳолдан тойсанг, кейин мириқиб дам оласан», деб қўяди. Икки-уч соатча уриниб, ўнтагина бодрингдай-бодрингдай балиқ илинтирибмиз.

— Бас, шуниси етарли, — деди бир вақт дяд Доник. — Энди музикангни қўйвор. Қоринлар ҳам оч қолди…

Ҳали айтдим-ку, дяд Доник биз учун кимлигини.

У аямнинг ҳам, менинг ҳам бирон-бир илтимосимизни, бирон-бир истагимизни ерда қолдирмай, сўзсиз бажариб келган одам. Дяд Доник учун «Йўқ. Бу нарсани иложини қилолмайман», деган гап тамоман бегона эди. Шунга кўра, биз учун ҳам унинг гапи-гап, унинг раъйига, хоҳишига қарши иш тутиб, дилини оғритиб қўйишдан чўчир эдик.

Ҳозир ҳам, мен уни астойдил яхши кўриб, ҳурмат қилишимдан, унга энг яқин одамимдек ишонганимдан ўзимни бемалол қўйвориб, эркин қушдек яйраб ўлтирибман. Адёлнинг икки четида оёқларни бемалол узатиб ёнбошлаб олганмиз. Дяд Доник менга бошдан оёқ зимдан назар ташлаб қўяди. Буни сезиб турибман. Лекин ишим йўқ. Ўртада ноз-неъматлар, магнитофонда Шерали «Дунёни қизғанма мендан» деб жон куйдириб ётипти.

— Афсус, афсус, сенга шампан олволиш эсдан чиқипти-я, — дейди дяд Доник коньякни очаркан. — Ҳа, майли, оз-моз шунисидан қуйиб бераман…

— Дяд Доник, мен ичмасам-чи? — дейман унга беозор оҳангда. — Ўзингиз биласиз-ку, менга бунақа нарсалар мумкин эмас…

— Ким айтди, мумкинмас, деб? Дуппа-дуруст ичятувдинг-ку?

— Ҳа энди, баъзан вино…

— Винони алкашлар ичади. Унга ўрганма. Ичсанг, оз-моз коньяк ич. Қизларга шуниси ярашади.

— Йўқ, дяд Доник. Хафа бўлманг…

— Гапимни қайтарма. Маст бўлиб қолсанг, ўзим кўтариб кетаман. Буёғидан хотиржам бўл.

Шундай қилиб, дяд Доникнинг раъйини қайтара олмадим. Икки марта тортиниброқ, чўчиброқ ичганимдан кейин, уёғи силлиқлашиб кетипти. Ўзимда йўқ хурсандман. Атоникида иситмалаб ётган аям ҳам хаёлимдан кўтарилган, ҳозир дунёда гўё дяд Доник икковимиздан бўлак ҳеч ким йўқдек эди.

Бир вақт у ўрнидан туриб музикани алмаштирди. Танцага тушадиганини қўйди. Кейин менинг қўлимдан беозор тортиб, ўрнимдан турғазди. «Йўқ, дяд Доник, мен мастман, йиқилиб тушаман», десам ҳам кўнмайди. Белимдан маҳкам қучоқлаб олди, мен эса беихтиёр қўлларимни унинг бўйнига занжир қилиб олишга мажбур бўлдим. Шунда…

Ҳаётимда биринчи марта вужудимга эркак кишининг тошдек бадани эҳтирос билан ботганини ҳис этиб, беихтиёр чўчиб кетдимми, ёниб кетдимми, билолмайман. Ҳар қалай типирчилаб, ўзимни унинг кўксидан бўшатишга уриниб қолдим.

— Қўйворинг, дяд Доник. Мен… мен қўрқяпман!

— Қўрқма, Тахминочка, қўрқма, — у энди мени ўз кўксига маҳкамроқ қисиб олади. — Бирпас ўйнаб олайлик, кейин қўйвораман.

— Йўқ, йўқ. Қўйворинг.

— Жим бўл. Мен сени еб қўймайман-ку, ахир, — у энди жудаям бўғриқиб, қизишиб, саросималик билан менинг лабларимдан, бўйним ва кўкрагимдан ўпа бошлади. — Шошма, асалим, шошма. Сен энди ёш бола эмассан. Катта бўлиб қолдинг. Ҳаммасини билишинг, ўрганишинг керак…

Мен унга ортиқча қаршилик кўрсатолмайман. Мастман. Беҳолман. Тобора кўзим тиниб, атроф чарх уриб боряпти. Ноилож унга бўйсунаман, кўзларимни чирт юмиб кўксига бош қўяман.

— Майли. Ўйнаймиз. Лекин… — тилим бундан ортиқ калимага бормайди.

У ҳам гапирмайди. Гапни йиғиштириб қўйган. Жон алфозда ўпишдан бўшамайди. Мен энди буни билиб, тушуниб турибман. Лекин калламни ишлатолмийман. «Бўлар иш бўлди, қўрқма, бу ахир бегона одам эмас, дяд Доник-ку. У менга ёмонлик қилмайди», — шу фикргина ўтади хаёлимдан.

Шундан кейин мен ўзимни йўқотиб қўйдим…

Ухлаб қолибман. Бир вақт кўзимни очсам, қуёш тиккада турибди. Ҳалиги жойимда, қуруқ адёл устида ётибман. Кийинтириб қўйибди. Ўртадаги дастурхон ҳам йиғиштирилган. Уям ўз ўрнида донг қотиб ухлаб ётибди.

Ба] зўр ўрнимдан туриб бориб, дарё бўйида ювиндим. Қайтиб келиб жойимда чўнқайиб ўлтирганча, юм-юм йиғладим…

У уйғониб кетди, ўрнидан даст бошини кўтариб ёнимга сурилди. Елкамни, бошимни силаган бўлди.

— Ўзингни бос, Тахминочка, — деди у. — Шу ишни билмай қилиб қўйибман. Иккаламиз ҳам маст эканмиз. Мени кечир. Буёғидан хотиржам бўл, ҳаммасига ўзим жавоб бераман. Сен фақат… ўзингни қўлга ол. Аянгга сираям билдира кўрма. Мен билан бамаслаҳат иш тут.

Атоникига зўрға етиб бордим. Ранг-рўйим бир аҳволда, бутун вужудим зирқираб оғрийди, кўнглим хуфтон эди. Аям анча ўзига келган, чой ичиб ўлтиришган экан.

— Сенга нима бўлди?! — хавотирланиб сўради аям авзойимни кўриб.

— Ўзим шундай… — дедим. — Мен бир пас дам олмасам бўлмайди.

Доник дарров гапни тўғрилаб қўйди:

— Биз борган жойда дам олиш учун шаҳарликлар келишган экан. Мен балиқ ушлаш билан овора, эътибор бермабман. Тахмина янги дугоналар орттириб, кўпроқ коньяк ичиб қўйибди…

Сездим. Аям енгил тортгандек бўлди.

— Тахмина, нега бундай қилдинг? — сўради у мени тергаган бўлиб. — Мен сени Доникка ишониб жўнатувдим. Сен бўлса ўзбошимчалик қилиб, мана…

Мен унга қўл силтаб, ичкарига кириб кетдим. Орқадан Атонинг: «Ҳозир бир коса каклик шўрва ичкизворсак, яна аввалгидек диркиллаб қолади», дегани эшитилди.

Шаҳарга қайтиб келганимдан кейин ҳам Дони мени ҳа деганда тинч қўявермади. У энди уйимизга аямнинг борлигида ҳафтада бир марта, аям эрталаб ишга чиқиб кетгач, эса, деярли ҳар куни кириб келадиган бўлиб қолди.

У мен учун кўпроқ, янаям ноёброқ ва қимматроқ нарсалардан келтирадиган бўлди. Аям бу нарсаларни кўриб ажабланса, Дони унга: «Тахмина энди кўзга кўриниб қолди, сепини ҳозирдан тайёрлаб бормасак, кейин шошилиб қоламиз», деб қўярди. Мен эса жим, дардим ичимда. Ўртада шубҳа пайдо бўлмаслиги учун аямнинг олдида худди аввалги пайтлардагидек эркалаб, беғубор муносабатда бўлар эдим.

X

Мен Дони билан ўртамиздаги яқинликка бора-бора кўникиб, унга ўрганиб ҳам қолдим. У мени еру кўкка ишонмас, ҳатто жонини фидо қилиб юборишга ҳам тайёрдек эди. Эсимда, ўн беш ёшга тўлган кунимни ресторанда нишонладик. Ўша куни у менга бриллиант кўзли тилла тағинчоқлар комплектини ҳадя қилди. Бу нарса заргарлик магазинида ўша пайтлар ўн минг доллар турар, бу пулга худди ўзиникидақа «Тойота» автомашинасини сотиб олиш мумкин эди.

Кейинроқ билишимча, ўша кунги дабдабали зиёфат аслида менинг туғилган куним муносабати билангина эмас, балки, Дони икковимизнинг… «Никоҳ кечамиз» шарафига ҳам уюштирилган экан. Ўтиришга нима учун бу қадар кўп меҳмонлар-у, зўр-зўр ашулачилар ҳам таклиф қилинганлигига на мен, на аям, на бошқа яқинларимиз — ҳеч ким эътибор бермаган. Чунки Дони ташаббускор бўлган ҳар бир тантана кутилмаган даражада дабдабали ўтишига кўникиб қолувдик-да!

Ресторанга худди маликалардек кийиниб, ўша тақинчоқлар билан кириб борганимда, бутун зал оёққа турган. Одамлар менинг ҳусну жамолимни иложи борича яқинроқ келиб томоша қилишга интилар эдилар. Зиёфатга таклиф қилинган миллионер бойваччалар ёниб кетишгани аниқ. Улар агар имкон топсалар мен билан бир қур рақсга тушиш, ҳеч бўлмаганда менинг қўлларимдан бир бор ўпиб қўйиш учун ҳар нарсага тайёр эканликларини ҳис этиб турганман. Лекин ёнимда Дони бошини ғоз тутиб, керилиб қадам ташлаб борар, атрофдаги қизғин олқишларга беписандлик билан бош қимирлатиб қўярди, холос. У бутун ўлтириш давомида мени ўзидан бўшатмади. Атиги уч марта рақсга тушган бўлсам, учаласидаям ўртага ўзи биргаликда чиққан.

Фақат, биздан кейин уч-тўрт нафар кўзлари олзарак йигитлар қуршовида кириб келиб, ярим соатларча ўлтириб, чиқиб кетган Истам ака деган кишигагина илтифот кўрсатди, холос.

Бу одамни қаердаям хўжайин, шаҳардаги энг бой кишилардан бири, дейишди. Донини устози экан, уни сенсираб, буйруқ оҳангда гапиришиданоқ пайқаганман. Ранг-рўйи истарали, лекин неча ёшларда, билиб бўлмасди. Маишат билан юрган одам-да…

— Сен чиндан ҳам бахти чопган йигит экансан, чунки Ҳумо қуши ҳар кимнинг ҳам елкасига келиб қўнавермайди, — деди Донига у ўшанда қадаҳ кўтариб. Кейин менга юзланди: — Сенга бахт тилайман, малика Тахмина. Бундан кейин фақат шу бугунгидек маишатли дамларда юз кўришайлик…

Дони шундан кейин ана шу одам ёнимга келиб, бетларимдан ҳирс билан бир жуфт ўпич олганда нима учун тек, илжайиб турганини кўриб, ичимда ажабланиб қўювдим.

Ҳа, аям ҳам, мен ҳам Дони туфайли бахтли эдик, ўзимизни чиндан ҳам бахтли ҳисоблардик. Айниқса, мен ёш бошим билан шунчалик иззат-икромларга эга эканлигимдан, ўзимни бутун Фарғонанинг энг гўзал, энг бой, ягона маликасидек ҳис этаётганимдан беҳад бахтиёр эдим. Бахтиёр эдим-у, лекин Дони билан ҳануз давом этаётган яқинликларимиз кўз олдимдан ўтиб қолса, ўзимни энг бахтсиз, кимсасиз бир ғариб деб, айниқса аямнинг олдида дунёдаги энг ифлос ва пасткаш одамман, деб ҳисоблардим. Бундай пайтлар дунёга сиғмай кетардим. Аламимни аччиқ-аччиқ йиғидан олардим. Ўзимни ўзим ўлдириб қўйсамми, деган ўйларга ҳам борардим. Лекин яна аямни, шусиз ҳам танҳоликда яшаётган аямни ўйлаб, ўзимча тавба келтирардим.

Бир куни аям мендан сўраб қолди:

— Тахмина, бирон жойинг оғриётгани йўқми?

— Қаердан олдингиз бу гапни ая? Мен соппа-соғман, — дедим ўзимни хотиржам тутишга уриниб.

— Билмадим. Лекин менимча… ранг-рўйингни тобора олдириб қўйяпсан…

Ёнимизда Сурайё ҳам ўлтирувди, тарафимни олди:

— Кўп ваҳима қилаверма, Хуршида. Қизинг энди балоғатга етиб қолди, буёғига тез-тез ўзгариб туради…

Аям шундан кейин фолбинга бориб менга фол очтирипти. «Қизингизга ёмон кўз теккан, фалон қасидахондан қайтарма қилдириб ичкизинг», депти. Аям ўша қасидахонга бориб, атайлаб қайтарма билан тумор қилдириб келган экан, уни жеркиб бердим. Мен билан ишингиз бўлмасин, дедим. Лекин ичимга чироқ ёқса ёришмайди, вужудимни аллақандай жирканч бир маҳлуқ кун сайин кемириб бораётгандек эди. Ўшанда аям билан бир вақтлар ўтган гап эсимга тушди…

— Аяжон, ёмон кўзлар жудаям кўпми?

— Кўп. Жудаям кўп, болам.

— Ёмон кўзлар одамни нима қилади, ая?

— Ёмон кўзлар одамни… ухлаб ётганида еб кетишади…

— Сиз ахир тириксиз-ку? Сизни еб кетишмаяптику?

— Улар одамни ўзини емайдилар, юрагидан меҳригиёсини сўриб кетишади…

Ҳа, фолбин ҳақ эди. Менга ёмон кўз теккан, юрагимнинг меҳригиёсини шафқатсизлик билан сўриб кетганди. Буни энди аямга айтишдан сираям фойда йўқ, у меҳригиёни энди ўз жойига келтириб қўйиш ҳеч кимнинг қўлидан келмасди.

Бўлар иш бўлди, деб юравериш билан иш битмайди. Бир кунга бориб, аҳволим вазминлашиб қолаётганини сездим. Ўша куни ўрнимдан анча лоҳас турдим. Бошим айланиб кўнглим беҳузур бўла бошлади. Аям ишга кетган экан, Донига телефон қилдим. Бир зумда етиб келди. Нималар бўлаётганини айтдим, у мени тушунди.

— Энди нима қиламиз? — қўрқув ичида қалтираб сўрадим ундан.

— Қўрқма асалим, қўрқма. Мен буёғини ҳам ўйлаб қўйганман, — деди у менга тасалли бериб. — Ҳозир бундай қиламиз…

У мени машинасига ўтқазиб, қаёққаям олиб кетди. Бир гинеколог таниш дўхтури бор экан. Лайлакдароз, савачўпга ўхшаган ориққина ўрис аёл. Ўшанинг ишхонасига кириб бордик. Дўхтур мени обдон текшириб кўрганидан кейин бош чайқади:

— Ҳомиласи катталашиб қолган, олиб ташлаш мумкин эмас. Бир-икки ой олдинроқ келиш керак эди.

Мен янаям қўрқиб кетдим, йиғига тушдим. Дони дўхтурга баландроқ келди:

— Сен, Света, одамига қараб муомала қилишни ўрган. Мумкин, мумкинмас, деган гапларинг менга кетмайди. Яхшиси, бизнинг ишимизни кўнгилдагидек ҳал қилиб бергин-да, кейин қандингни ур. Бўлмаса…

«Бўлмаса…» ўша дўхтурни нималар кутишини билмасдим албатта. Лекин бечора гинекологнинг оқпар ранги янаям хиралашиб кетди. «ғинг» демасдан битта қоғозга ниманидир ёзиб, Донига узатди:

— Мана шу адресга боринглар. Нисор хола деган бир яҳудий кампир бор. Пул эмас, олтин узатсангиз, йўқ демайди…

Нисор кампирга Дони бармоғидан бриллиант кўзли олтин узугини чиқариб берди. Кампир узукни қўлига олиб, уёқ-буёғини синчиклаб кўздан кечираркан, Донининг ғазаби қўзғади:

— Мен сен ўйлаган одамлардан эмас. Тезроқ ишга кириш, бўлмаса каллангни олиб ташлайман!

Нисор кампир кутилмаган бу дағдағадан қўрқиб кетди.

— Бўпти, бўпти, — деди қўлидаги узукни шоша пиша ранги тўзиб кетган қора вилюр камзулининг ички чўнтагига соларкан. — Лекин бу иш тезда битмайди. Қизингни бугун меникида қолдириб кетасан. Эртага тушдан кейин жавоб бераман.

— Қизим эмас, хотиним бўлади, — тўнғиллайди Дони. — Оғзингга келган гапни гапираверасанми…

Кампир иккаламизга бирма-бир анграйиб қараб қўйди-да, кейин инс-жинсни ҳайдаётгандек қўлини биз томонга кетма-кет силтаб қўйди. Унинг бу қилиғи Донининг яна жаҳлини қўзғади:

— Мияси суюлган кампир, бу нима қилиғинг?!

Нисор ўзининг ноўрин ҳаракатини дарҳол тушуниб етиб, шоша-пиша кескинликка сув пуркади:

— Мен сизларга кўз тегмасин, деяпман…

Мени энди яна ташвишга солаётган нарса мабодо бу ерда қолгудек бўлсам, эртага аямга нима деб жавоб беришимда эди. Бироқ Дони унисигаям йўл топди.

— Сен ҳозир шу ерда қоласан. Мен тезроқ уйларингга боришим керак. Аянг ишдан қайтмай туриб, записка ёзиб қолдираман. Мени срочно Тошкентга чақириб қолишди, Тахминани ҳам бирга олиб кетдим. Эртага кечқурун қайтамиз, дейман. Сендан ўзим ҳалироқ хабар оламан. Агар манави алвасти рози бўлса, бугун шу ерда ётиб ҳам қоламан.

Бизни аллақандай ҳадик ва зуғум билан кутиб турган Нисор кампир бу гапга ортиқ чидолмади:

— Мен алибасти йўқ, сен алибаст, сенга бунда каравот ҳам йўқ! Қўшнилар пис-пис қилади, уйида эркак қолди, Нисорни ўйнаши бор, дейди. Бу номус, биласанми, номус!

Мен ўшанда… Ишонасизми, Собир ака, Нисор кампирнинг бу гапидан ўлиб бўлганман. Ёши саксонларга бориб қолган, бели букри, бетлари нақд шафтолиқоқининг ўзи, чалпакка ўраб ташласангиз ҳатто дайди ит емайдиган оддий яҳудий кампир номус деган нарсадан қанчалик чўчияпти! Ҳали қирчиллама ёшдаги келишимли Донининг шу ерда қолишидан номус қиляпти! Мен эса… ана шу кампир номус қилаётган эркакдан ҳомилам борлиги учун келиб ўлтирибман бу ерга.

Ўртамизга яна бир зум жимлик чўкди. Тахминанинг сўнгги сўзларидан мен шу нарсага амин бўлдимки, орият ва ориятсизлик, номус ва номуссизлик каби тушунчаларни у яхши фарқ қила олади. Фарқ қила олади-ю, бироқ бу тушунчаларни ўзи учун сингдиролмайди. Сингдиришни истамайди ҳам.

XI

— Хўш, уёғи нима бўлди? Сир бўлмаса айтарсан? — мен Тахминани ўша аччиқ хотиралардан ўзини олиб қочмасликка ундадим.

— Нима бўларди… Ойни этак билан ёпиб бўлмас, деганлари рост экан. Ишимиз барибир силлиқ кўчмади.

Нисор кампирникида анча азоб чекишга тўғри келди. Бунисиям майли эди. Азоб чекканга яраша шу ташвишлардан қутулиб олсам гўрга эди, дегандим. Йўқ, бундай бўлиб чиқмади. Мен учун энг даҳшатли, энг фожиалиси шунда эдики, кейинроқ маълум бўлиши ча, мен энди бир умрга фарзанд кўриш бахтидан, оналик бахтидан маҳрум бўлган эканман.

Шу ерга келганда, Тахмина менга қараб ғамгин жилмайиб қўйди:

— Ана шундай, Собир ака. Ўзим танҳо фарзанд эдим, энди мен билан Келдиёровлар авлоди батамом йўқолиб кетадиган бўлди…

Мен ўзимни унинг бу гапига эътибор бермаганга солдим.

— Аянг… барибир шубҳага тушгандир? — вазминлик билан сўрадим ундан.

— Аям… Эртасига кечки пайт Дони мени уйга элтиб қўйди. Тошкентдан қайтган одамлардек, қўлимизда оз-моз совға-саломлар билан… Рангимда қон йўқ, бемажол қадам босаётганимни кўриб, аям хавотирга тушиб қолди. Нима бўлганини сўровди, мендан олдин Дони жавоб қайтарди:

— Тошкент иссиқлик қилдими, ёки бирон нима ботмадими… ишқилиб йўлда кўнгли беҳузур бўлиб қайтди.

— Сиз-ку иш билан юрган одамсиз, — дейди аям куйикиб. — Нега энди бу сизга бунчалик илашиб олди?

— Илашса, илашар. Мен ўзим олиб кетдим. Тошкандни морожнийсини соғиндим, дегани учун.

— Тушунарли. Ичини музлатиб қўйган, қизи тушмагур.

— Гапингизда жон бор. Кела-келгунча қорнини чангаллаб келди.

— Ундай бўлса ўтиб кетар. Ҳозир сут қайнатиб бераман.

Ҳа, аям унга бу сафар ҳам ишонди. Мен индамай ўз жойимга кириб ётдим. Эшик очиқ қолди. Дони билан аямнинг ғўнғир-ғўнғири қулоғимга чалинади:

— Ишлар қандай боряпти, Хуршида?

— Ёмон эмас. Кеча Мелиқўзи билан Бешариқда бўлдик. Исфаралик ошнангиз Муқимжонни кўриб қолдим. Хотини билан бозор айланиб юришган экан. Яна янгисига уйланипти. Сабоҳатхон деган жувонга, кўрсангиз суқингиз киради, бирам чиройли, бирам чиройли…

— Ишдан гапиргин.

— Беш тонна спирт ҳозирлапти. Бугун кечаси Атоникига жўнатмоқчиман, деди. Ўтган сафаргиси билан Тошкент ҳалиям орани очиқ қилмапти. Мен мистер Донига ишонаман, лекин жўраларига тайинласин, ўйин ҳалол бўлиши керак, деди.

— Ўпкасини боссин. Мани жўраларим уч-тўрт миллионни деб юзини шувит қилмайди. Тошкент масаласи ҳал бўлган. Олтиариқдан ўтказилган бензин билан ора очиқ. Ўзим телефон қиламан. Яна қандай гаплар?

— Сатангга учрашдим. Доникка зўр подаркам бор, шанба куни шопирим олиб боради, деди. Онаси ўпмаганидан эмиш…

— Керак эмас. Айтмадингми, мистер Дони энди законни уйланмоқчи, бу ишларни йиғиштириб қўйди, деб?

— Айтдим. Хўжайин анча ўзгариб қолган. Кейинги пайтлар ўзим билан ҳам қизиқмай қўйган, дедим. Ер юткур бу гапимдан бошқача хулоса чиқарди…

— Нима хулоса экан?

— Ўратепада эркакларни даволайдиган дуохон бор. Келсин, ўзим олиб бориб, отдай қилдириб келаман, деди.

— Ҳали шундай дегин? Сатангга телефон қил, подаркасини шахсан ўзи олиб келсин. Икковиниям жонини бўғзига келтириб жўнатмасам, Дони отимни бошқа қўяман!

— Ҳай-ҳай, оғир бўлинг, хўжайин. Ўзингиз билган ҳазили-да бу.

Дони индамай чиқиб кетди, эшикни шарақлаб ёпилгани эшитилди. Шундан кейин аям ёнимга кирди.

— Қалайсан, Тахмина?

— Яхшиман…

— Ҳозир сут қайнатиб бераман.

— Йўқ. Энди оғримай қолди, — дейман девор томон ўгирилиб олиб. — Мени тинч қўйинг. Уйқум келяпти…

Лекин аям кетмади. Бош томонимда турган стулга ўлтирди. Устимдаги чойшабни тузатиброқ қўяди. Кейин пешонамни, бошимни майин-майин силаркан, мен унинг пиқиллаб йиғлаётганини сезаман. Дарҳол унга томон ўгириламан. Кўзларида дув-дув ёш, лабларини маҳкам қимтиб олган.

— Аяжон, сизга нима бўлди? Нега йиғлаяпсиз? — ёстиқдан бошимни кўтариб сўрайман ундан.

— Билмадим, болам, билмадим. Ўзим шундай… Йиғлагим келиб қолди.

— Йиғламанг, ая. Ўзингизни босинг, — мен унинг кўз ёшларини кафтларим билан артаман. — Сиз йиғласангиз, мен ҳам йиғлайман. Мен ҳам ўзим зўрға турибман…

Бироқ аям ўзини тўхтатиб ололмайди. Бошимни кўксига олиб, бағрига маҳкам босганича, сочларимни силаб-сийпаб, ич-ичидан изтироб билан йиғлайди. Мен буни аямнинг титраб-қақшаётганидан, юрагининг беором ураётганидан сезиб турибман. Бироқ бошимни унинг кўксидан олишга, унинг юзларига, кўзларига тик боқишга ботинолмайман.

— Болагинам, сен астиям касал бўлмагин…

— Бўпти, ая, мен бошқа касал бўлмайман. Айтганингизни қиламан. Фақат йиғламасангиз бас.

— Бу дунёда икковимиз танҳо қолганмиз, қизим. Мени сендан, сени мендан бўлак ҳеч кимимиз йўқ. Сен мабодо «уҳ» дегудек бўлсанг, ўша куни мени ўлиб бўлганим шу. Сен менинг бу ёруғ оламдаги якка-ю ягона ишончим, умидим, кўзларимни меҳри гиёсисан, болам. Мен буни даданг борлигида тушунмас эдим. Энди сенга суяниб қолдим. Сенсиз яшолмийман. Мен сендан олдин кетсам-кетайин-у, лекин сен яшаб қолишинг керак. Сен турмушга чиқишинг, бахтингни топишинг керак. Биз… кўпайишимиз керак, Тахмина.

— Бўпти, аяжон, бўпти, — шундай дейман-у, энди ўзимнинг ҳам халқумимга нимадир тиқилгандай бўлади, вужудимга аччиқ титроқ киради, кўзларимга қуйилиб ёш келади. «Оҳ, аяжон! Бу танҳоликларга, бу бахтсизликларга бизни ким дучор этди?! — дейман ўзимча. — Бу кўргиликлар, бу шармандаликлар кимдан, нимадан, қачон бошланган?

Сиз ҳам бир вақтлар она эдингиз. Бошқалар қатори сиз ҳам оналик бахтига эга эдингиз. Сиз ҳам фарзандларингизга бош-қош бўлишга, бизни тарбиялаб ўстиришга, биздан ўз орзу-ҳавасларингизни кўриб яшашга бошқалар қатори ҳақли эдингиз. Бу ҳақ-ҳуқуқларингиз нима учун барбод бўлиб кетди, бу ҳақ-ҳуқуқларни сизнинг қўлингиздан кимлар, нималар тортиб олди?

Мен ҳам бу ёруғ оламга инсон фарзанди бўлиб туғилганман. Бу ёруғ дунёнинг ҳалол неъматларидан ўз насибамни териб яшашга ҳақли эдим. Мен ҳам бошқалар қатори ақлу фаросатга, ҳаё ва иффатга, яхши хулқу ахлоққа ҳақли эдим. Мени булардан нега маҳрум этдиларинг? Бошқалар қатори, менинг ҳам кўзларим фақат покликка, гўзалликларга, яхшиликларга кўникиши, булардан қувониши, яйраши керак эди-ку? Мени бу неъматлардан ким маҳрум этди? Мени ёш бошим билан разолат ботқоғига, жаҳаннам тубига чўктирган ким бўлди?

Аяжон! Биз иккаламиз танҳо қолганмиз, дедингиз. Лекин ҳатто ўша танҳоликнинг ўзидан ҳам маҳрум бўлганингизни ҳали билмайсиз!

Биз иккаламиз бир-биримизга суяниб қолганмиз, дедингиз. Лекин бир-биримизга суяниб қолиш эмас, балки бир-биримиз учун бу дунё-ю у дунё юз кўришмас бахтиқаро кундошлар бўлиб қолганимиздан, сиз ўша яккаю ягона фарзандингиздан, кўзингизни меҳригиёсидан аллақачон маҳрум бўлганлигингиздан ҳали бехабарсиз.

Сиз ўша якка-ю ягона фарзандим, кўзларимни меҳригиёси деб билган бегуноҳ Тахминангиз бу ёруғ дунёдаги энг охирги кишиси — ўз онасидан аллақачонлар жудо бўлганлигидан ҳали бехабарсиз.

Энди буёғига бардам бўлинг, бошга тушганни кўз кўрар, деганлар. Сизни ҳам, мени ҳам олдинда не-не жафолар, не-не синовлар кутиб турипти…»

Тахминанинг кўзларида яна жиққа ёш… Мен унинг ўша аччиқ дамларни, ўша аччиқ кечинмаларни дард билан, изтироб билан эслаётганини ва ўз ўрнида, онаси Хуршида-ю ўзи билан юз берган ўша бахтсизликлар моҳиятига тўғри муносабат билдираётганини ҳам ажабланиш, ҳам маъюслик билан кузатиб ўлтирибман. Ўша кезлар ҳали анча ғўр, бироқ маккорлик ва қабоҳатнинг, жирканч шаҳватнинг қурбонига айланиб, энди ночорлик ва хўрликка, танҳолик ва бахтсизликка ҳукм қилинган Тахминанинг мажруҳ дилидан кечган, кечаётган, худди ўзи каби танҳо ва бахтиқаро онасига айтолган, айтолмаган сўзларини мен унинг шу пайтдаги руҳий ҳолатидан, аччиқ-аччиқ титраб-қақшашидан, юзларидан, кўзларидан бемалол уқиб турибман.

— Ўшандан кейин орадан унча кўп вақт ўтмади. Бир куни кечки пайт уйимизга Доникириб келди. Ҳар қачонгидек башанг кийинган. Ширакайф.

Аям билан ҳам, мен билан ҳам қучоқлашиб, ўпишиб кўришди. «Менинг Хуршидам! Бутун дунёни ёритиб, чароғон қилиб турган Хуршидам!» деб эркалади аямни. «Менинг Тахминочкам! Бу оламдаги энг гўзал, энг асал Тахминочкам! Принцесса мира всего!» деб мени эркалади. Кейин чўнтагидан аям учун битта олтин билагузук ва тасмаси ҳам, ўзи ҳам олтиндан ишланган аёллар соатчасини менга ҳадя этиб, ўзи бирма-бир тақиб қўйди.

— Вай, қандай яхши! Бу совғалар қайси муносабат билан?! — деди аям қувониб-яшнаб.

— Узумини енг-у, боғини суриштирманг. Мистер Донининг совғалари ҳеч вақт муносабат қидирмайди!

Аям иккаламиз унинг юзидан ўпиб, миннатдорчилик билдирдик. Кейин «обмойка»сига бир рюмкадан коньяк ичилгач, Дони:

— Энди гап бундай, — деди аямга. — Сиз ҳозир срочно пардоз-андозингизни қилинг. Ташқарида Мелиқўзи кутиб турипти. Икковларинг Исфарага жўнайсизлар. Муқимжонникига бориб, бу кеча ўша ерда дам оласизларда, эртага эрталаб яна изларингга қайтасизлар.

— Мен сизни тушунмаяпман, — дейди аям унга ҳайрон боқиб. — Исфарага фақат ётиб келиш учун борамизми?

— Спокойно, милая. Бердисини айтгунча, худойсини эшитиб туринг, — Доникўйлак чўнтагидан муҳрланган битта конверт чиқарди. — Мана шуни шахсан Муқимжоннинг қўлига ўзингиз топширасиз. Кейин манавини ҳам… у энди шимининг орқа чўнтагидан қадоқланган бир даста доллар чиқарди. — Айтиладиган ҳамма гаплар конвертда. Лекин хатдан ҳам, пулдан ҳам «аканг қоқиндиқ» бехабар. Сезиб қолмасин. Нима иш экан, деб кавлагудек бўлса, фирмамиз билан олди-берди масаласи, дейсиз.

Мен жим ўлтирибман. Хаёлимда бошқа нарса. Ҳозир аям Исфарага жўнаб кетса, Дони мени туни билан тинч қўймайди…

Шундай кейин аям шошилинч тарзда йўлга ҳозирланаркан, мендан сўради:

— Ўзинг ёлғиз қўрқмайсанми, Тахмина?

— Нимадан қўрқай, биринчи сафар эмас-ку, ахир…

— Қўрқмайди. Ёш бола эмас. Хотиржам бориб келаверинг, — гапга қўшилди Дони. — Мен ҳам ҳозир сиздан кейин такси чақиртираман. Мелиқўзини машинасида келувдим.

— Ундай бўлса, бирга юраверинг. Биз сизни ташлаб ўтиб кетсак-чи? — дейди аям очиқ кўнгиллилик билан.

— Йўқ. Йўлларимиз тескари. Мен ҳозир Қувасой томонга кетаман. Кокилонда тўй бор.

— Бўпти. Яхши қолинглар, — аям пул билан конвертни стол устидан олиб қўлидаги сумкачасига соларкан, Дони уни тўхтатди:

— Бундай эмас, хоним, бундай эмас, — у шундай дея пулниям, конвертниям ўзи қўлига олиб, менинг кўз олдимда аямнинг… кўкракларига яхшилаб жойлаб қўйди. Ғашим келди, лекин сездирмадим.

Аям уйдан чиқиб кетар пайти, мен унга совуққина: «Калитингизни олволинг. Эрталаб шаҳар-паҳарга чиқиб кетгудек бўлсам, уйга киролмай ўтирманг», деб қўйдим. «Калитим сумкамда, — деди аям. — Биз ҳам вақтлироқ қайтишга ҳаракат қиламиз. Эшикни қулфлаб олишни унутма. Ҳеч қандай қўнғироқ-пўнғироққа оча кўрма».

Худди ўзим кутгандек бўлди. Аям чиқиб кетиши биланоқ, Дони мени ўз оғушига тортди:

— Жоним, асалим… Умр бўйи қидириб топган ягона афсонам менинг.

Мен унга беозор қаршилик кўрсатмоқчи бўламан:

— Не надо, дяд Дон. Аям қайтиб кириб қолиши мумкин.

— Кирмайди. Жўнаб кетишди. Мен сени жудаям соғиниб кетдим.

— Дарров-а? Кеча эрта минан келувдингиз-ку?…

— Сендан бир соат ҳам ажрамасам дейман, — у мени оғушидан бўшатмаган ҳолда даст кўтариб ётоққа олиб кириб кетди…

Икки-уч марталаб столга ўлтириб, коньяк ичдик, тамадди қилдик, музика қўйиб танцага тушдик. Билмадим, соат уч-тўртлар эдимикин, ётиб, тошдек қотиб ухлаб қолибмиз. Яхшиямки, ҳар куни эрталаб уйимизнинг олдига сут сотадиган машина келиб узундан-узоқ сигнал чалади. Ана ўшангача ухлаб ётаверибмиз.

Шоша-пиша ўрнимиздан турдик. Дони апил-тапил ювиниб-кийиниб, мен билан хайрлашди. Уни эндигина кузатмоқчи бўлувдимки, иккаламиз ҳам бир нарсадан ҳайратга тушиб, турган жойимизда туриб қолдик: уй эшиги қулфланмаган, қия очиқ турарди!

— Эшикни қулфловдингми ўзи? — саросималик билан сўрайди Дони.

— Қулфловдим чоғи. Яна ким билади, дейсиз…

Уй ичида анжомларга бирма-бир қараб қўямиз, ҳамма нарса ўз жойида. Дони ҳеч нарсани тушунолмай елка қисади, кейин нимагадир қўл силтаб чиқиб кетади. Мен ҳам ҳайронлигимча қолавераман. Демак, эшик очиқ қолган экан, деган ўйга бораман.

Кейинроқ, анча кейинроқ Мелиқўзидан билишимча, улар эрта тонгдаёқ сафардан қайтишган экан. «Исфарада ётиб қолмадим. Муқимжон саҳар соат олтида Душанбага учиб кетиши керак экан. Шунинг учун ҳам ярим соатча ўтириб-ўтирмай орқамизга қайтавердик. Мен ҳам уйимдан илҳақ эдим, хотиним кўз ёрадиган бўлиб турувди…» — деди Мелиқўзи.

Демак, у аямни уйимизнинг олдига ташлаб ўтиб кетган. Аям мени безовта қилмаслик ниятида эшикни оҳиста очиб кириб, ётоққа ўтган. Кўрсаки биз… тарашадек қотиб ётибмиз. Билмадим, аям ўшанда қандай аҳволга тушган — билолмадим, ҳар ҳолда индамай қайтиб чиқиб кетган. Эшик ҳам очиқлигича қолаверган…

Аям менга ҳеч нимани сездирмади. «Яхши бориб келдиларингми?» деб сўрасам, «Ҳа», деб қўя қолди. Мен ҳам ўзимча унга ҳеч нимани сездирмасликка ҳаракат қилдим.

Аям ўша кунлари батамом ўзгариб кетди. Жудаям камгап, ғамгин бўлиб қолди. Кўзлари киртайган, ранг-рўйи бир аҳволда… Ўша воқеа рўй берган куни ўзиёқ мен унинг сочларига оқ оралаб қолганини кўриб қўрқиб кетдим.

— Нима бўлди сизга, аяжон?! Сочларингиз оқариб қолипти!

Аям бу нарсадан мутлақо ажабланмади.

— Ўзим шундай… — Ғамгин жавоб берди у. — Бир кун келиб сеникиям оқариб қолса, ана ўшанда тушунарсан…

Уйимизга Сурайё келиб, аямнинг аҳволи ва авзойидан у ҳам ҳайратга тушди:

— Сенга нима бўлди, Хуршида? Намунча хароб бўлиб кетибсан? Касал-пасал эмасмисан?

— Билмадим… — дейди аям хасталик билан. — Икки-уч кундан бери юрагимга қил сиғмайди, уйқудан қолганман.

Мен ҳам ич-этимни еб юрибман. Бўлган ишдан ҳали бехабарман. Аямга нима бўлди ўзи? Чиндан ҳам касалмикин? Ёки… менинг Дони билан алоқамни сезиб қолган бўлса-чи? Унда нима қилиш керак? Кўз ўнгимда бир кунмас-бир кун юз бериши лозим бўлган даҳшатли воқеалар гавдалана бошлайди…

Дони уйимизга ўша чиқиб кетганича учинчими, ёки тўртинчи куни кечқурун кириб келди. Одатдагидек чиройли кийинган. Яна ширакайф. Аям билан ҳам, мен билан ҳам ўпишиб, қуюқ кўришди. Қаергаям бир иш билан кетган экан. Ҳозир қайтишим, тўғри сизларникига кириб келдим, деди. Кейин аямдан Исфара масаласини сўради.

— Яхши бориб келдик, топшириғингиз бажарилди, — деди аям хотиржамлик билан. — Ўртоғингиз салом айтди. Операция амалга ошгач, ўзим ўтиб бораман, деди. Бошқа гап бўлмади…

Мени ажаблантирган, икки-уч кундан бери юрагимга ғашлик солиб, ич-ичимни кемираётган шубҳаларни оз-моз ҳайдаган нарса шу бўлдики, аям Донини бу сафар ҳам одатдагидек хушҳол қарши олди. Ўзидаги хасталик ва маъюсликни, пажмурда кайфиятни

сездирмаган бўлди. Бироқ Дони унга бир лаҳза жиддий ва синовчан назар ташлаб қўйганини пайқадам.

— Кўзимга бетоброқ кўриняпсиз, Хуршида, — деди у менинг ёнимга яқинроқ турган креслога келиб ўлтираркан. — Қани айтинг-чи, сизни қайси чивин чақиб қўйди?

— Йўғ-е, мен соппа-соғман, — шошиброқ жавоб берди аям. — Ўзи бугун ҳаво анча қиздирганидан…

— Мени алдаманг. Ёлғонни ёқтирмайман. Ҳаво иссиқлик қилаётган бўлса, давоси кондиционер. Йигитларга буюраман, эртагаёқ ўрнатиб беришади. Лекин сизники ҳаводан эмас. Кўзларингиз чўккан, рангингиз сўлғин, юзингизда маъюслик. Гапларингиз сохта — худди телеграмма учун тузилгандек қисқа ва қуруқ…

Касални иситмаси ошкора қилади, деганлари шуда. Аям таслим бўлди.

— Ҳа… Негадир юрагим қисяпти, нафас олишим ҳам оғир, — деди у маъюс оҳангда. — Бир ёқларга бош олиб чиқиб кетсам, дейман…

— Ундай деманг. Сиз бир ёқларга кетиб қолсангиз, биз бу ерда қолиб нима қиламиз?.. — хиёл жилмайиб деди Дони. — Тахмина иккаламиз қаерларга бош уриб борамиз…

— Сиз мени мазах қиляпсиз, — хўрсингандек бўлди аям. — Лекин мен чиндан ҳам…

— Кечиринг, Хуршида, — унинг сўзини бўлди Дони. — Гапнинг қисқаси, эртага дўхтирга олиб бораман сизни. Битта зўр кардиолог ошнам бор, кўриб қўяди.

— Йўқ, мен дўхтурга бормайман. Фалончи барвақт қариб бўпти, юрагини даволатяпти, деган гап чиқади.

— Ундай бўлса, уч-тўрт кун уйдан чиқмай, дам олинг. Яхшилаб парвариш қилайлик.

— Дони, агар хўп десангиз, мени Атоникига олиб бориб қўйсангиз. Тоғ ҳавосига бир тўйсам, дейман…

— Манави идея! — хурсанд бўлиб кетди Дони. — Эртагаёқ Мелиқўзи билан жўнанглар. Биз сиздан шанба куни хабар оламиз. Тўғрими, Тахмина? — У шундай дея менга қараб қўйди.

— Тахминани ҳам ўзим билан олиб кетай десам, у ерда зерикиб қолади, — деди аям. — Майли, у қола қолсин. Сиз хабардор бўлиб турасиз, ҳар ҳолда қиз бола, уйда ёлғиз қолмасин.

— Буёғидан хотиржам бўлинг, — деди Дони. — Мен уни ёлғиз қўймайман. Демак, шундай қилиб, маслаҳат пишди-а?

— Яна бир илтимос, — деди аям. — Мени Мелиқўзи билан бирга… Ундан кейин, кеча хотини туққан. Ўзиниям ҳозир уйдан чиққиси йўқдир.

Дони бир дам ўйланиб қолди. Кейин яна менга беихтиёр назар ташлаб қўйиб, деди:

— Бўпти, эрталаб соат 10–11ларга тайёр бўлиб туринглар. Мен бирров идорага ўтиб қўйиб, кейин келаман.

— Тахмина бормайди, — деди аям шунда уни чўрт кесиб. — Бирон марта иккаламиз ҳам танҳо йўлга чиқайлик…

— Хорошо. Буёғини ўзларинг ҳал қилинглар.

Ўшанда аям нима учун атайлаб Атоникига боришни ўйлаб топганлиги, нима учун Мелиқўзи билан боришни рад этганлиги ва ниҳоят, нима учун менинг ҳам Дони билан бирга бориб келишимни рад этиши сабабларини кейинроқ тушундим.

Эртасига эрталаб Дони икковлари жўнаб кетишаётганида, аям менга бир дам тикилганча тўхтаб қолди. Мен унинг кўзлари жиққа ёш эканлигидан ҳайрон бўлдим. У аста келиб менинг пешонамдан ўпди-да, жудаям қийналиб ютиниб, ҳазин товушда деди:

— Мен сендан розиман…

Ўшанда ҳам мен ҳали анча ёш эканман, аямдан нега бундай деганлигини сўрамабман, бу сўзнинг маънисини тушунмабман. Индамай қараб қолаверибман. Дони эса ўша пайт машинанинг ичида магнитофон билан овора, бироқ менимча, бу ердан тезроқ жўнаб кетиш, аямни тоққа тезроқ элтиб қўйиб, менинг ёнимга тезроқ қайтиб келиш хаёли билан банд эди.

Мен аям билан, Дони билан ана шундай қилиб хайрлашганман. Бир умрга…

Ўша куни Дони уйимизга келмади. Айниқса, кечга бориб, юрагим негадир ғаш торта бошлади. Айвонга чиқиб олиб, бир маҳалгача кўчага термулиб ўтирдим. Дарак бўлмади. Эҳтимол, аям уни бугун олиб қолгандир, дегудек бўлсам, сираям ишонгим келмайди. Чунки Дони ўлиб қолган тақдирдаям бир илож қилиб менинг ёнимга жўнавориши аниқ. Ё аям жиддийроқ касал бўлиб қолдими? Ўйлаб ўйимга етолмадим. Ахийри ухлаб қолибман.

Эртасигаям Донидан дарак бўлмади. Кун бўйи кўнглим ғаш, юрагим сиқилганча ташқарига чиқаман — уйга кираман, ташқарига чиқаман — уйга кираман, ана шу аҳволда кунни кеч қилдим. Ҳо-ов бир вақт кўз қорайиб қолай деганда уйимизга… Ато кириб келди!

Полвоннинг кўзлари йиғидан қизариб, қовоқлари ишиб кетган, тили калимага келмайди. Бирон нохуш воқеа рўй берганини тушуниб қолиб, йиғи аралаш жон-жаҳдим билан унинг елкасидан силкийман. «Қани, қани улар?! Аям қани?!» — деб чинқираман. Ахийри, «Улар энди йўқ. Улар ҳалок бўлишган», дея ғўлдираб тушунтира олди у.

Маълум бўлишича… улар ўша довоннинг энг учига етишганда, аям ҳамиша юрагини чангаллаб ўтадиган ўша баландликдан машиналари пастга томон қулаб кетипти. «Машинанинг ўз-ўзидан издан чиқиб кетиши»га ақл боқар қилмайди, чунки ҳаво қуруқ, йўли текис», — дейди Ато.

Машина неча-неча марталаб ағанаб бориб, пастликка етганда портлаб кетипти. Ўша ерликлар бу машина-ю, унинг ичидагилар Ато тожикникига келиб тургувчи эди, дейишгач, мелиса уни қидириб топтирипти. Хуллас, марҳумлардан деярли ҳеч нима қолмаган, менга уларнинг жасадларини кўрсатишмади. Шундай қилиб, ўша хайрлашганимиз хайрлашган бўлиб қолаверди…

Тахмина шу жойга келганда оғир тин олди. Иккала қўли билан кўзларини ишқалаб, аста ўрнидан турди. Бориб, кўча томон деразасининг иккала қанотини ҳам ланг очиб юборди. Ичкарига этни жунжиктирувчи намхуш ҳаво урилди.

— Бугун мана, уйқунгиз ҳам ҳаромга чиқиб кетди, Собир ака.

— Ҳечқиси йўқ. Сени чарчатганим қолди, холос…

— Мен бунга кўникканман, — жавоб берди Тахмина қайтиб келиб, яна каравоти чеккасига қўнаркан.

— Зато, кундузлари керагича ухлаб оламан.

Шу пайт сира кутилмаганда, эшик олдида… Куйдирги пайдо бўлди.

— Ия, ғўнғир-ғўнғир қилавериб уйқуни белига тепдиларинг-ку! Нима гап ўзи!

Тахмина аллақачон эпчиллик билан чойшаб остига кириб кетган, жим.

— Бу қизингиз жудаям ёввойи экан, — тилимга келгани шу бўлди.

— Тахмина, нима гап бўлди? — сўрайди Куйдирги бир-икки қадам илгарига ташлаб.

Тахмина ётган жойида жаҳл билан жавоб қайтарди:

— Чўнтагида хемириси йўқ, шопир тоғани.

— Бас қил, пулини менга тўлаган.

— Тўлаган бўлса, уже расчет! Олиб чиқиб кетинг, ҳаммаёқни бензин ҳиди босиб кетди.

Куйдирги менга ҳайрон боқиб қўювдики, ўзимни оқлаган бўлдим:

— Шопир одамдан бензин ҳиди келмай…

— Эркак кишидан эркак ҳиди келиб турсин! — Куйдирги иккала қўлини икки белига тираб олганича, менга ўдағайлаган бўлди. — Сиз бўлса, аммамни бузоғидек лаллайиб ўлтирибсиз.

Куйдирги шундай дея эшикни энди зичроқ ёпиб чиқиб кетаркан, Тахмина унинг орқасидан масхараомуз тил чиқариб, уч-тўрт марта «ғинг, ғинг» деб қўйди. Иккаламиз ҳам кулишиб олдик. Ҳалиги оғир руҳият ўртадан оз-моз кўтарилгандек бўлди.

— Собир ака, сиз рости билан унга пул бердингизми? — ногоҳ сўраб қолди Тахмина.

— Чўнтагида хемириси йўқ шопир пулни қаердан берсин…

Тахмина ширин жилмайиб қўйди. Яна каравотдан бош кўтариб, менга юзма-юз бўлиб ўлтираркан, саволига қўшимча қилди:

— Унда Феруза опани қандай қилиб эритдингиз?

— Бу кечамиз насияга келишилди, — жиддий қиёфада жавоб бердим унга. Тахмина аввалига ажабланиш билан боқиб қўйди. Кейин афтидан, ҳазиллашяпти, деган фикрга келиб, қувлик билан қўшимча қилди:

— Насияга мумкин бўлса, мен Тахминани бир йўла сотиб ола қолай демадингизми?

— Айтдим. Лекин…

Мендан яна бирон қизиқроқ гап чиқишини кутиб, у кўзларимга бир дам қадалиб турди.

— Тахмина бир йўла сотилмайди. Биз уни майдалаб пуллаймиз, деди, — қўшимча қилдим яна жиддий қиёфада.

Менинг бу гапларим нечоғлиқ рост ёки ҳазил, буни фарқ қилиб ўлтиришни у лозим билмаган ҳолда, «Ҳа, улар мени ҳали кўп соғадилар», деб қўйди.

— Улар деганинг кимлар, Тахмина?

— Кимлар бўларди… Шундай бир яширин гуруҳ бор. Фақат сиздан илтимос, Собир ака, бу гаплар шу ерда қолсин. Бунинг учун мени ўлдириб юборишлари ҳеч гапмас.

— Мен сени тушунаман, Тахмина. Менга ишон.

— Буларнинг ҳамма жойда одамлари бор, — деди у пастроқ товушда, олдин эшик томон бир назар ташлаб қўйгач. — Тошкентдаям, Бишкекдаям, Алматидаям. Буёғи Бухоро-ю Самарқанд, Душанба-ю Ашхободда. Улар ҳатто Россиядан, Кавказдан ҳам қизларни таклиф қилиб туришади.

Тахмина шундай дея бир зум тўхтаб қолди. Чамамда, бу маълумотни чакки айтиб қўйганидан пушаймон егандек, менга олазарак боқиб қўйди. Мен ўзимни мутлақо бепарво тутиб ўлтирганимни кўргач, гапнинг давомини силлиқлаб кетди:

— Ана шундай, Собир ака. Биз бир жойда узоқ туриб қолмаймиз. Сал танилиб қолдикми, бас. Дарров бошқа шаҳарга оширишади. Бизни худди қимор картасидек тез-тез алмаштириб туришади.

— Демак, бундан чиқдики, сен ҳам яқин орада…

— Ҳа, кетишим керак. Лекин қаёққа, бунисини билмайман.

— Ҳали Ферузанг «Ўшдан янги танишлар қидиряпмиз», дегандек бўлувди.

— Шуни ўзидан тушуниб олаверинг. Лекин булар фақат қизлар билангина савдо қилишмайди. Уларга ўғринчи йўллар билан наша, қора дори келиб туради…

— Гуруҳ чакки эмас, — дедим мен ҳайратимни босолмай. — Бир бутун «подшоликка» ўхшайди-ку…

— Топиб айтдингиз.

— Ферузалар-чи? Булар ким бўлиб ҳисобланади?

— Булар қўшмачи югурдаклар. Бунақалардан ҳар бир шаҳарда бор. Улар ҳар ҳафталик даромадни йиғиб, керакли жойга топшириб туришади.

— Сен билан… ҳисоб-китоб қандай бўлади?

— Бизга… Ҳар ойнинг охирида бир марта, маошга ўхшатиб беришади.

— Катта тўлашадими?

— Одамига қараб…

Мени энди Тахминанинг кейинги саргузаштлари қизиқтирар, қандай қилиб у ана шу ифлос ва даҳшатли гирдобга тушиб қолганини билмоқ истардим.

— Тахмина, аянгдан кейин… ўзинг танҳо яшайвердингми?

— Йўқ. Мени ҳеч қачон танҳо яшашга қўймадилар. Ўша мотам кунлари Сурайё билан Ато бир ҳафтагача бизникида туриб қолишди. Мени ҳайрон қолдирган нарса шу бўлдики, Дони билан аямнинг ишхонасидан бирон киши ўрмаламади. Гўё улар илгариям бўлмагандек, ҳеч қаерда ишламагандек.

Биз-ку ҳар ҳолда аям учун йиғи чиқариб, керакли расм-русумларни бажо келтирдик. Лекин Дони итдек ўлиб кетаверди. Мелиқўзининг айтишича, унинг ҳатто энг яқин жўралари ҳам ўша кунлари ўзларини панага тортиб қолишган. Негалигини тушунолмадим.

Аямнинг дафн маросимидан кейин, эртасига эди шекилли, сира кутилмаганда уйимизга қора «Мерседес «да… Ўша… ресторанда кўрганим Истам ака кириб келди. У анча вазминлик билан, кўпни кўрган донишманд одам қиёфасида мени овунтирган, анча тасалли берган бўлди. «Ўлим савдоси ҳамманинг бошида бор. Ўзингни қўлга ол. Ёлғиз қолдим, деб қўрқма. Мистер Донининг хотираси ҳурмати, мен сени ёлғиз қолдирмайман. Сен бундан кейин илгаридан кўра ўн чандон яхшироқ яшайсан». Кейин Сурайёдан «Харажатлар масаласи қандай бўляпти?» деб сўради.

— Хуршиданинг йиғиб қўйгани бор экан, ўшандан… — мужмалланди Сурайё.

— Гап бундай, — деди Истам ака ҳамон жиддий қиёфада. — Марҳумнинг то йилигача ҳамма маросимларни менинг йигитларим ўтказиб беришади. Яна қўшимча қанчаки пул лозим бўлса, буёғидан ҳам хотиржам бўлинглар. Ўзим тез-тез хабар олиб тураман.

— Раҳмат амаки, сиз ташвиш қилманг, биз ўзимиз бир амаллаб… — дедим мен оз-моз хижолат тортиб.

— Ундай дема, Тахмина, — сўзимни бўлди у. — Бундан кейин сен менга қулоқ солишинг керак. Бўлмаса, одамлар ёмон, замон ёмон, хароб бўласан.

— Ҳа, ҳа, гапингиз тўғри, — шоша-пиша уни маъқуллади Сурайё. — Одамлар ёмон. Тахмина энди сизнинг этагингиздан тутиши керак.

— Баракалла, сени калланг ишларкан, — мамнун бўлди Истам ака. — Бундан кейин ҳам сен шу ерда қоласан, Тахминага оналик қиласан. Ўзим ойлик тўлайман сенга… — кейин Атога юзланди: — Сен биродар, қишлоғингга қайт. Ўрмонингга ўт тушиб кетмасин.

Шу-шу, индамай қолавердим. Сурайё мен билан яшай бошлади. Ато яна икки-уч кун тургач, Оҳангаронга қайтиб кетди. «Яна хабар оларман. Ўзларинг ҳам бориб туринглар», деди. Ўшандан кейин… яна ғалати ишлар бўлиб кетди, — ҳикоясида давом этди Тахмина. — Сурайёнинг мендан бир-икки ёш каттароқ Акмал деган ўғли бор экан. Анча келишимли, мулойимгина йигитча. Болаликданоқ бувасининг қўлида ўсиб-улғайган, ҳозир ҳам улар билан бирга яшаркан. Сурайё бу ерда мен билан туриб қолгач, уни суриштириб келди. Мени кўрди-ю, пайтавасига қурт тушиб қолди…

Ўзим ҳам унга нисбатан қандайдир илиқлик ҳис қилдим. Менга унинг беғуборлиги, уятчанлиги, мени кўрганда беихтиёр қизариб-ёниб кетиши, лекин мени гапиртириш, кулдириш учун баъзан хаёлимда йўқ гапларни, нарсаларни ўйлаб топиши анча маъқул тушиб қолди. Бора-бора мен унга кўникиб, у билангина овунадиган бўлиб қолдим. Мен эндигина ўз умримда биринчи марта ҳаётимга беғубор ва беғараз бир дўст кириб келаётганини сеза бошлаган эдим. Лекин…

Акмалнинг бизникига серқатнов бўлиб қолганлиги, иккаламизнинг тобора иноқлашиб бораётганлигимиз Сурайёга хуш тушмади. Бунинг сабаблари маълум эди, албатта. У ўғлига: «Бу ерга кўпам келаверма ёки Тахминага унчалик суйкалаверма», дейишга ботинолмасди. Қўрқарди ҳам. Бир томондан, яккаю ягона фарзанди. Шусиз ҳам унинг олдида оналик бурчини бажаролмай, ҳамиша қаерлардадир санқиб юриб, ўз бурдини йўқотган. Орага тушган совуқликлар энди мен баҳона ўртадан кўтарилиб, ўғли унинг ҳузурига тез-тез келадиган, чор-ночор унга яхши гапирадиган пайтлар етиб келганда, унга қандай қилиб, бу ерга бошқа келма, деёлсин. Иккинчидан… Менинг кимлигим, келиб чиқиш тарихим кўпчиликка маълум (Дони билан ўртамизда бўлиб ўтган ишлар ҳали бир четда турсин), улар икки дунёда ҳам мени келинликка олишмайди. Боз устига, Сурайё яхши тушунади, менинг атрофимни ўраб турган кишилар муроса деган нарсани билишмайди.

Шунинг учун ҳам Акмал иккаламизнинг узоқроқ ёлғиз қолишимизга йўл қўймас, доим орамизга суқулиб гурунгимизни бузиб юборар, Акмал яна Қўқонга қайтиб кетгунича юрагини ҳовучлаб турарди.

Истам ака ҳам ўз ваъдасига мувофиқ бизни тез-тез йўқлаб турадиган бўлиб қолди. Тирикчилигимиз энди батамом унинг гарданига ўтди. У ҳам худди Дони сингари мени қимматбаҳо совғалар билан сийлайдиган, менинг кўнглимни овлайдиган бўлди. Мен уни аввал «амаки» дердим, кейин-кейин «Истам ака» га ўтиб олдим. Бунга мени Сурайё мажбур қилди. «Бир бегона одам сенга шунчалик яхшилик қиляптими, уни ўзингга яқин ол», деди. Бироқ бу яхшиликлар ниманинг эвазига бўляпти, бу ҳақда ўйламайман. Истам ака мен билан ҳар гал кўришганда, бир вақтлар ўша, ресторанда бўлганидек, бетларимдан яланиб ўпиб қўярди. «Сен ҳали шошмай тур, аянгни маросимлари ўтиб сал тинчиб олганингдан кейин сени ўзим узоқ-узоқларга саёҳатларга олиб бориб, айлантириб келаман», деганда ҳам, менинг кўнглимга ҳеч нима келмаган.

Истам ака икки марта уйимизга Акмал билан бирга ўлтирганимизда кириб келди. Бундан унинг авзойи ўзгариб, Акмал билан совуқ-қуруқ саломлашиб қўя қолди. Мени эса унинг кўзи олдида, худди сафардан қайтган ота ўз қизи билан кўришгандек бағрига олиб, юз-кўзларимдан қайта-қайта ўпиб қўйди. Чиндан ҳам қўй эканман ўшанда…

— Энди сираям қўйга ўхшамайсан, — сўз қўшдим мен.

— Ҳа. Энди тулкиман, десам бўлаверар, — жилмайиб қўйди Тахмина. — Лекин сизга тулкилик қилаётганим йўқ, Собир ака…

— Ишонаман. Аммо тулкилик баъзан қизларга ярашади ҳам.

— Эҳтимол. Лекин Истам акага ўхшаганлар олдида ҳар қандай тулкилик ҳам иш бермасди. У ер тагида илон қимирласа сезгувчи эди. Учинчи марта ҳам уйимизда Акмални учратиб қолиб, ғазабдан ранги оқариб кетди. Унинг ўзига-ку менинг олдимда чурқ этмади, лекин ошхонага Сурайёни олиб ўтиб, унга танбеҳ бераётганини бемалол эшитиб турдим:

— Бу йигитча бундан кейин кўзимга кўринмасин!

— У ахир менинг ўғлим-ку. Мени кўргани келяпти.

— Сен ўзинг бориб уни кўриб кел. Қачон десанг, майли, машина ҳам бераман. Бир йўла бемор отангни ҳам зиёрат қилиб қайтасан.

Сурайё унга бошқа ҳеч нима деёлмади. Чунки бу одамларнинг гапини икки қилиш яхшиликка олиб бормаслигини у яхши биларди.

Акмал ошхонадан эшитилиб турган бу гаплардан мулзам тортиб, жимиб қолди. Мен ҳам хижолатга тушдим. Шу пайт биринчи марта Истам акадан дилим оғриди. Акмалнинг унга нима оғирлиги тушдики, уни бу ердан ҳайдамоқчи бўляпти? Буёғини тушунмабман: у мени рашк қилаётганини сезмабман.

— Акмал, сен бу гапларга эътибор берма, — дедим мен унга. — Қачон истасанг бемалол келавер. Бу уй меники. Мен Истам акага ўзим тушунтираман, у менинг айтганимни қилади.

— Йўқ. Бу одамнинг турқини ўзим ҳам кўрмасам дейман. Мен туфайли сизларга зарар етмасин, Тахмина. Майли, унинг айтганича бўла қолсин. Ҳозирча телефонлашиб турамиз. Кейин…

Ўша куни жавоб бермадим, олиб қолдим. Кечқурун бир вақтгача гурунглашиб-яйрашиб ўлтирдик. Кўнглим анча ёзилгандек эди-ю, бироқ кўз олдимга Истам ака келиб қолса, унинг мен учун ягона маъқул одамимни уйимдан, қалбимдан ҳайдамоқчи, узоқлаштирмоқчи бўлаётгани эсимга тушиб қолса, юрагим ачишиб, дилимга қоронғулик чўкаётгандек бўлаверди.

Ўша тун кўзимга уйқу илашмади. Дадамни эслаб, аямни эслаб, бу дунёда энди ёш бошим билан бир ўзим, ёлғиз қолганлигимдан хўрлигим тутиб, юм-юм йиғладим. Бунинг устига… қизлик шаънига эга эмаслигим, яна келиб-келиб отам қатори, ҳатто ундан каттароқ одамнинг, яна энг даҳшатлиси — ўз онам билан алоқада бўлган бир кимсанинг қўлида ҳидланган, эзғиланган гул эканимни ўйлаб, янаям аянчлироқ изтиробга, даҳшатга тушдим. Мен бу дардларимни ҳеч кимга ёзолмайман. Менинг бу дардларимга ҳеч ким дардкаш бўлолмайди. Юрагимга озгина қувват, озгина ёруғлик олиб кираётган Акмални ҳам йўлдан қайтармоқчи бўлишяпти. Менинг хўрлик ва танҳолик, бадбахтлик чангалидан қутулиб чиқиб кетишимга йўл беришмаяпти. Хўш, булар кимлар? Улар менинг ёшлигимни, шарбатимни, қонимни сўриб олмоқчи бўлаётган зулуклар эди.

Мен энди биринчи марта бу ҳақиқатни англай бошладим. Истам аканинг ҳам менга кўрсатаётган илтифотлари бежиз эмаслигини, бугунмас-эрта у ҳам қўйнимга илондек кириб келиши мумкинлигини ҳис қилиб қолдим.

Хўш, энди нима қилиш керак? Бирон ёқларга бош олиб қочиб кетсамми? Лекин ким билан, қаерга? Менга ишонадиган, мени тушунадиган, менга кўмак қўлини чўзадиган одамлар учрармикан йўлимда?

Тонг саҳарда хонамнинг эшигини кимдир четди. Акмал экан, овози эшитилди:

— Тахмина, мен кетяпман…

— Шошма, — дедим апил-тапил ўрнимдан туриб.

— Мен ҳозир.

Сурайё бозорчага тушиб кетган экан. Акмал икковимиз ёлғиз гаплашиб қолдик. У мендан: «Қовоқларинг ишган, сенга нима бўлди?» — деб сўровди, туни билан чеккан изтиробларимни яна хўрлигим тутиб, узуқ-юлуқ айтиб бердим: «Мен бу ерда ортиқ туролмайман, бош олиб кетаман», дедим. Шунда Акмал мен учун сира кутилмаганда: «Тахмина, агар хўп десанг, мен сен билан бирга кетаман», деб қолди.

Ҳа, мен ундан бундай журъатни кутмагандим. Ишимиз энди юришиб кетадигандек, бошқа ҳеч нимани ўйламаган ҳолда, унинг бу таклифига рози бўла қолдим. Ёшлик шунақа бўларкан, кўпинча ўйламай иш тутаркансан, кўнглингга тушган истак йўлида ҳеч балодан қўрқмай кетавераркансан…

Сурайё уйга кириб келгунча бўлмай, шоша-пиша йўлга тахт бўлдик. Битта дипломатга аямдан қолган олтин тағинчоқлар-у пул, ўзимнинг ҳам кўзга кўринган нарсаларимдан у-буларни жойлаб, уйдан чиқиб кетдик.

Шаҳарнинг овлоқроқ бир кўчасига ўтиб олгач, иккаламиз ҳам бош қотириб қолдик: «Хўш, қаерга борамиз?»

— Ҳозир биронта такси олиб, биз томонга жўнаймиз, — деб қолди Акмал. — Учкўприкда Содиқжон деган бир жонажон ўртоғим бор. Кампир энаси билан яшайди, ҳовлилари катта. Кампир жудаям ажойиб, мени ўз неварасидек яхши кўради. Мана кўрасан, улар бизга йўл кўрсатишади, ёрдам беришади.

Учкўприкка бордик ҳам. Лекин омадимиз юришмади. Ҳовли эшиги қулф. Акмалнинг жўраси кампир энасини Чимёнга сувга олиб кетган экан. Яна уч-тўрт кунларда келиб қолишар, деди қўшниси.

Ноилож катта кўчага чиқдик. Бошимиз қотиб қолди. Энди қаерга борсак экан? Ҳадемай қош қорайиб қолса, кимнинг уйидан паноҳ топамиз? Иккаламизда бирон-бир ҳужжат ҳам йўқки, меҳмонхонадан жой сўрасак. Яна шунисиям борки, қўлида дипломат тутган нотаниш бир йигит билан бир қизнинг Учкўприк марказидек мўъжазгина қўрғонда бошпана қидириб юриши дарров кўзга чалинади ва албатта, бу нарса айниқса, милицияни қизиқтириб қолиши турган гап эди.

Ўйлай-ўйлай, ниҳоят бир фикр «лоп» этиб миямга урилди. Оҳангаронга, Атоникига борсак-чи? Аям билан Донининг ҳурмати, қолаверса… Сурайё учун ҳам у бизга жон деб ёрдамлашиши мумкин. У яшаётган жойга четдан одам бормайди ҳисоб, ундан кейин милицияси ҳам йўқ. Бу томонда ҳамма гаплар босди-босди бўлгунча у бизни яшириб турса, кейин бирон четроққа чиқиб кетармиз.

XII

Шундай қилиб, Атоникига боришни лозим топдик. Катта йўл бошига чиқиб, йўловчи машиналарга қўл кўтариб турувдикки, бир қора «Волга» келиб ёнимизда тўхтади. Ичида шопирдан бўлак ҳеч ким йўқ. Рулда ўлтирган одам бизга тамом бегона, лекин кўзимга ўтдай кўринди. Ёши — 40–45 ларда, кўзлари кулиб турган, истарали эркак. Эгнидаги кийимлари ҳам жойида, диди баланд эканлиги шундоқ кўриниб турипти. «Ёшлар, йўл бўлсин?» — деб сўраганди, «Оҳангаронга», дедик. «Чиқинглар, мен Тошкентга кетяпман», деди. Акмал беихтиёр: «Қанча оласиз?» — деб сўровди, у мийиғида кулиб қўйди: «Машина ўзимники. Икковларинг йўлда ўнтадан йигирматта латифа айтиб берсаларинг бас, пулларинг керакмас».

Акмал унинг ёнига, мен орқага ўлтириб олдик. Мен ўшанда бизни машинасида олиб кетган ана шу кишини ҳамон эслашимнинг ўз сабаблари бор. Ўзингизга тушунарлидир. Менинг одамлардан юрак олдириб қўйганлигим, айниқса, катта ёшдаги эркакларга ишончим йўқолиб, улардан чўчиб қолганлигим, бу дунёдаги ҳар бир яхшилик, ҳаттоки икки оғиз ширин сўз ҳам бекорга эмас, деган фикрда бўлганлигим учун алланечук ҳадикда, хавотирда эдим. Акмал ҳам ҳали ўзим каби ёш ва ғўр, ким билсин, бу кишиям менга суқланиб қолиб бизни яна бирон балога гирифтор этмаса гўрга эди, деб ичимда қўрқиб ҳам турардим.

Йўқ, шубҳаларим бир дамда ўз-ўзидан кўтарилиб кетди. Мен ўз умримда илк марта яхши одамлар ҳам борлигини, бу дунёда ҳамма ҳам маккор ва ёвуз ниятли эмаслигини, оддийлик ва самимийлик, ойдинлик ва беғаразлик деган нарсалар ҳам борлигини ҳис эта бошладим. Ўшанда мен телевизордами, қаердадир эшитгандим — дунё ҳўкизнинг шохида эмас, балки яхши инсонлар кифтида туради, деган гапни эсладим.

Абдухалил ака, у ўзини бизга ана шундай деб таништирди, хушчақчақ, ҳазилкаш ва шу билан бирга, маънодор гапирадиган донишманд киши экан. У бизнинг кимлигимизни, нима иш билан юрганимизни сўрамадиям. Аксинча, йўл-йўлакай кўнглимизга ёққан ашулаларни қўйиб берди, латифалар айтишдик. Дарвоқе, унинг шарти бўйича, биз ўнтадан йигирматта латифа айтиб беришимиз лозим эди. Лекин Акмал тўрттагина айтолди, холос, қолган ўн олтитасига ўзим туриб бердим.

— Менимча, Тахминахоннинг уйларида тез-тез хушчақчақ меҳмонлар тўпланиб туришади, — деди Абдухалил ака мен томон пештоқда турган ойначадан кулимсираб боқиб. Мен унга буни қаердан билдингиз, демадим. «Ҳа, топдингиз», деб қўя қолдим.

Гапнинг қисқаси, хуш кайфиятда Оҳангарон довони этагига қандай қилиб етиб борганимизни сезмай қолибмиз. Илонизи йўллар билан юқорига кўтарила бошладикки, дамим ичимга тушиб кетди. Кўз олдимда аям билан Дони биргаликда намоён бўлишди. Улар шундоққина қаршимда, гўёки телевизор экранидан қараб туришгандек эди. Аямнинг сочлари оппоқ, тўзиган, юзлари тирналган, қонталаш, кўзларидан ёш қуйилиб турипти. Донининг афт-ангорини дурустроқ илғаб ололмайман, у аста-секин хиралашиб, кўз олдимдан узоқлашади. Аям ҳам унинг кетидан кетаётгандек, лекин мендан кўз узолмайди. Мен томон тез-тез ўгирилиб, юзларимга илтижоли боқади. Менга нимадир демоқчи бўлади, лекин мен уни эшитолмайман, тушунолмайман.

Кўзларимни чирт юмиб олганча, дамим ичимда кетяпман. Юрагим дукиллаб уриб боряпти. Бир-бирлари билан ҳамон гурунглашиб кетаётган шерикларим афтидан мени ухлаб қолганга чиқаришган. Машинамиз энг юқорига, аям ҳамиша юрагини чангаллаб ўтадиган ўша баландликларга кўтарилганда кўзларимни хиёл очаман. Беихтиёр машина деразаси томон яқинроқ бош эгиб, туби қоронғулашиб кетган жаҳаннам қаърига қўрқув ва даҳшат ичида қиё назар ташлаб қўяман. Энди аямни кўролмайман, фақат унинг ўша жарликлар ичидан, узоқ-узоқлардан «Тахмина-а!» деган фарёдини эшитаман.

Ўзимни тутолмай, ҳўнграб йиғлаб юборибман. Абдухалил ака шоша-пиша машинани четроққа олиб тўхтатди. Акмал ҳам саросимада, у гап нимадалигини сал-пал англаётган бўлса-да, Абдухалил акага ҳеч нима деёлмайди. Унга қўшилиб: «Сенга нима бўлди, ўзингни бос», дейишдан нарига ўтолмайди.

Абдухалил ака мажбур қилиб бир-икки қултум сув ичкизгач, юрагим андак босилгандек бўлди. Йиғидан тўхтаб, уларга тикилганча сўзсиз беҳол ўлтириб қолдим. «Ҳечқиси йўқ, ҳозироқ ўтади-кетади. Ё баландлик ҳавоси ёқмади, ё… бирон нохуш воқеа кўз олдингизга келди». Абдухалил аканинг шундай дегани қулоғимга чалинади.

— Мени кечиринг, Абдухалил ака. Сизни ташвишга солиб қўйдим, — дедим ниҳоят ўзимни бир мунча босиб олгач. — Сиз ҳақсиз. Бир даҳшатли воқеа эсимга тушиб кетиб, ўзимни босолмадим…

Абдухалил ака индамади. Машинани қайта юргизаркан: «Бу жойларнинг ўз сиру асрори бордек. Кўп нохушлик худди шу ерда юз бериб туради», деб қўйди. Кейин яна юз метрларча нарироқ боргач, вазминлик билан қўшимча қилди:

— Яқинда худди шу жойда… Тошкентдан қайтаётувдим. Куппа-кундузи қаршимдан келаётган бир «Тойота» шундоқ кўз олдимда пастга қулаб кетди. Мен бу машинадаги одамни танирдим. Мистер Дони ном чиқарган корчаллон эди, раҳматли…

Бесплатный фрагмент закончился.

Купите книгу, чтобы продолжить чтение.