МУНДAРИЖA
КИРИШ
I БОБ. ЗАМОНАВИЙ МЕДИАМАКОНДАГИ АХБОРОТ-ПСИХОЛОГИК КУРАШ ШАРОИТИДА ЎЗБЕКИСТОНДА МЕДИАТАЪЛИМ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ АСОСИЙ ОМИЛЛАРИ
1.1§ Замонавий медиамакондаги ахборий-психологик курашнинг дунё ахборий харитасида акс этиши
1.2§ Ўзбекистонда ахборий ва киберхавфсизликка таҳдидлардан ҳимояланишда медиатаълимни жорий этиш зарурати, қонуний асослари, шарт-шароитлари
1.3§ Медиатаълимнинг полисемик талқини ва таснифи, мақсад ва вазифалари
II БОБ. МЕДИАТАЪЛИМНИНГ ТАРИХИЙ, ИЛМИЙ-НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ: МИЛЛИЙ ВА ХАЛҚАРО ТАЖРИБА
2.1§ Медиатаълимнинг дастлабки тарихий кўринишлари, ривожланиш босқичлари, тараққиёт тамойиллари
2.2§ Ахборий саводхонлик, факт чекингга оид миллий дидактик қарашлар
2.3§ Медиатаълим: халқаро тажриба, оптимал моделлар, етакчи назариялар
III БОБ. МЕДИАТАЪЛИМНИНГ «ЎЗБЕК МОДЕЛИ”НИ ЯРАТИШ ВА ЖОРИЙ ЭТИШНИНГ АМАЛИЙ МАСАЛАЛАРИ
3.1§ Рақамли муҳитда шаклланган янги медиасаводхонликнинг таянч компетенциялари
3.2§ Ўзбекистонлик ёшларнинг медиа истеъмоли ва медиасаводхонлик кўрсаткичи (социологик тадқиқот натижалари)
3.3§ Медиатаълимни миллий таълим тизимига жорий этиш шакли, босқичлари, фанларга интеграциялаш масалалари
ХУЛОСA
ФОЙДAЛAНИЛГAН AДAБИЁТЛAР РЎЙХAТИ
КИРИШ
Диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурати. Жаҳон медиаполисида кечаётган глобаллашув, рақамлашув тенденциялари, сиёсий, иқтисодий, мафкуравий манфаатлар тўқнашуви медианинг ахборот-психологик таъсирини оширди, инсонлар онгу шуури учун кураш жараёнини кучайтирди. Ахборот супермагистралидаги шиддатли ахборот оқими, рақамли тенгсизлик, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик муаммосининг долзарблашуви, ахборотнинг товар сифатидаги тижорий функциялари кўпайиши, ахборий муҳитнинг ифлосланиши, унда турли номақбул ахборот шаклларининг пайдо бўлиши, оммавий коммуникация жараёнида адоват ва нафрат тилининг, эмоционал резонанс, ахборий блокада, медиага қарамлик, фейк ахборот ва манипулятив таъсирнинг кенгайиши миллий манфаатлар устуворлиги ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аҳолининг медиамаҳсулот истеъмолини чуқур тадқиқ этиш, медиатаълим инструментидан фойдаланган ҳолда омма онгида ахборот оламини тартибга солиш, ахборот ва рақамли саломатлигини сақлаш, ахборот билан муомала қилишнинг янги усулларини ишлаб чиқиш, аҳолининг, хусусан, ёшларнинг ахборот маданиятини шакллантиришни тақозо этмоқда.
Дунёнинг ривожланган мамлакатларида бу борадаги ҳаракатлар ўтган асрда бошланган ва бугун кўплаб давлатларда медиатаълим умумий таълимнинг мажбурий, доимий компонентига айланди. Ўзбекистонда медиатаълимни ривожлантириш, болалар, ўсмирлар ва ёшларнинг ахборот саводхонлиги шакллантириш ҳамда онлайн муҳитдаги хавфсизлигини таъминлаш масаласи кун тартибида турибди. Шу нуқтаи назардан, замонавий медиамакондаги реал вазият, ахборот-психологик курашлар контекстида медиатаълимнинг пайдо бўлиш тарихи ва шаклланиш босқичлари, илмий-назарий, амалий, методологик асослари ва концепциялари, илғор хорижий тажрибани ўрганишга зарурат сезилмоқда. Шу билан бирга, хорижий мамлакатлар тажрибасини тўғридан-тўғри кўчирмасдан, илмий тадқиқотлар орқали миллий истиқлол ғоясига асосланган, миллий таълим тизими, менталитетдаги ўзига хосликларни, шарқона тарихий, маънавий негизларни инобатга олган ҳолда медиатаълимнинг «ўзбек модели”ни яратиш долзарб аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М.Мирзиёев 2021 йил 26 июндаги матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табригида «Бугун авлодлар, ижодий мактаблар, анъаналар, тушунча ва тасаввурлар янгиланмоқда. Интернет замони ўз талаб ва қоидаларини илгари сурмоқда. Ана шундай мураккаб ўтиш даврида миллий журналистикамиз илгари кузатилмаган турли синов ва қийинчиликларга ҳам дуч келаётганини эътироф этиш ва уларни биргаликда бартараф қилиш ҳақида ўйлашимиз лозим» деган фикрлари орқали замонавий медиамакондаги ҳозирги вазиятга баҳо берди. Янги Ўзбекистонда мамлакатни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳасини либераллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, сўз эркинлигини таъминлаш, рақамли иқтисодиётни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода, мазкур тадқиқот «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»нинг 71- ва 89-мақсадларида белгиланган оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда холис ахборотни ўз вақтида бериб бориш орқали ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олиш, фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш, шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш, кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини яратиш билан боғлиқ устувор вазифалар ижроси доирасида амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида», «Киберхавфсизлик тўғрисида», «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида», «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида», «Тижорат сири тўғрисида», «Реклама тўғрисида», «Ахборотлаштириш тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида», «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги, 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сон «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2019 йил 2 февралдаги ПФ-5653-сон «Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сон «Бутунжаҳон интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва мазкур фаолиятга тегишли бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишда ушбу диссертация тадқиқоти муайян даражада хизмат қилади.
Тадқиқотнинг республика фан ва технологиялари ривожланишининг устувор йўналишларига мослиги. Мазкур тадқиқот республика фан ва технологиялар ривожланишининг: I. «Ахборотлашган жамият ва демократик давлатни ижтимоий, ҳуқуқий, иқтисодий, маданий, маънавий-маърифий ривожлантиришда инновацион ғоялар тизимини шакллантириш ва уларни амалга ошириш йўллари”нинг устувор йўналишига мувофиқ бажарилган.
Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Ўзбекистонда медиатаълим, ахборотнинг аудиторияга таъсири масалалари Ф. Мўминов, Н. Муратова, Х. Дўстмуҳамедов, Ё. Маматова, С. Сулаймонова, Н. Тошпўлатова, Г. Алимова, С. Бабаджановнинг қўлланмалари, илмий мақолаларида акс этган.
Медиатаълим, медиасаводхонликнинг назарий асослари бўйича тадқиқотлар МДҲ давлатларида А.В.Федоров, А.А.Новикова, В.Л.Колесниченко, И.А.Каруна, Е.И.Кузьмин, Е.А.Воронина, Э. Токтогулова, Э. Кайыпов, Г. Асанбаева, Н. Гендина, А.В.Паршакова, А.В.Шариков, И.В.Жилавская ва бошқа олимларнинг илмий тадқиқотлари, ўқув қўлланмаларида ўз ифодасини топган. О.Б.Шергованинг «Журналистика ва медитаълим (коммуникатив ва лингвистик компонентлар) ” мавзусидаги тадқиқоти оммавий ахборот воситалари билан тўйинган дунёда яшаётган жамият талабларига жавобан пайдо бўлган янги фанлараро йўналиш — медиатаълимнинг журналистика ихтисослигида ўрганилишини асослаб бергани билан аҳамиятли.
Медиа-ахборий саводхонликнинг замонавий талқини бўйича D. Oberg, S.Ingvaldsen, M. Leaning, A.Grizzle, P.Moore, M.Dezuanni, S.Asthana, C. Wilson, F.Banda, Ch. Onumah, J.Singh, P.Kerr, E. Hamburger, A.Silverblatt, J. Ferry, B.Finan, N.Stevenson сингари хорижлик мутахассислар изланиш олиб борган. М. Маклюэн ва Э. Тоффлер каби хорижлик олимларнинг медиани тушуниш, медиа таъсири масалаларига бағишланган мумтоз қарашлари мавзуни чуқурроқ тадқиқ этишда муҳим аҳамият касб этди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, биз назарий ва қисман эмпирик база сифатида чет эл тадқиқотчиларининг илмий журналлардаги мақолаларидан ҳам фойдаландик. Бу борада ЮНЕСКО томонидан ўтказилган халқаро конференциялар материаллари, «Медиаобразование», «International Journal of Media and Information Literacy» журналларидаги мақолалар муҳим манба ҳисобланади. Уларда медиатаълим, медиасаводхонликнинг замонавий жамиятдаги ўрни, ҳар бир мамлакатдаги тараққиёти, ўзига хослиги ва медиамаҳсулот истеъмолидаги ўзгаришлар ҳақида сўз кетган.
Шунга қарамай, ахборий-психологик кураш шароитида медиатаълимнинг заруратини асослаш, медиа-ахборий саводхонлик компетенциясини миллий таълим тизими контекстида ўрганиш, медиатаълимни жорий этишдаги ўзига хосликларни илмий асослаш бўйича изланишларга эҳтиёж катта.
Тадқиқот мавзусининг диссертация бажарилган олий таълим муассасаси илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертация тадқиқоти Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг «Халқаро журналистика назарияси ва амалиётининг долзарб масалалари» мавзусида олиб борилаётган истиқболли илмий-тадқиқот ишлари доирасида бажарилган.
Тадқиқотнинг мақсади илғор хорижий тажриба, тарихий маънавий негизларга таяниб, ахборот-психологик кураш хавфи, миллий таълим тизими ўзига хослигини инобатга олган ҳолда медиатаълимнинг «ўзбек модели”ни яратиш ва амалиётга жорий этиш истиқболларини асослашдан иборат.
Тадқиқотнинг вазифалари:
дунёнинг мураккаб ва кўп қиррали ахборий харитасида акс этаётган ахборий-психологик кураш шароитида медиа-ахборий саводхонлик заруратини таҳлил қилиш;
медиатаълим ва ахборий саводхонликнинг миллий, маънавий, тарихий асосларини тадқиқ этиш;
медиатаълим бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, мақбул назария ва моделларни ажратиш;
Ўзбекистонлик ёшларнинг медиамаҳсулот истеъмоли ва медиасаводхонлик даражасини аниқлаш асосида таълим тизимининг медиасаводхонликни ошириш функциясини такомиллаштириш;
медиатаълимнинг «ўзбек модели”ни амалиётга татбиқ этиш шакли ва механизмлари, малака талаблари, жорий этиш босқичлари, таълим мазмунини белгилашга доир тавсиялар ишлаб чиқиш.
Тадқиқотнинг объекти сифатида медиа изоляциясидаги ахборот истеъмолчиларининг рақамли оламга тўғри мослашишига кўмаклашиш, медиасаводхонлик, танқидий тафаккурни ошириш функциясини ўзида мужассамлаштираётган хорижий ва миллий таълим тизими олинган.
Тадқиқотнинг предмети ахборий ва кибер хавф мавжуд бўлган глобал ахборий-психологик маконда мураккаб ва кескин вазият, медиамаҳсулот истеъмолидаги ўзгаришлар фонида долзарблашиб бораётган медиатаълим, медиасаводхонлик ҳисобланади.
Тадқиқотнинг усуллари. Тадқиқотда мавзуни адекват ҳолатда ўрганишни таъминлашга қаратилган қуйидаги назарий ва эмпирик методлар мажмуи қўлланди: назарий (тaҳлилий-синтетик, тaрихий-қиёсий, тaркибий-типологик), таҳлил (анализ, синтез, индукция, дедукция, конкретлаштириш, аналогия, моделлаштириш); социологик (ҳужжатларни ўрганиш, кузатув, анкета сўрови, контент таҳлил), диагностик (лойиҳалаштириш), прогностик (фикрий эксперимент, мустақил баҳоларни умумлаштириш ва бошқ.), математик статистика усуллари.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
мамлакатда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш, ахборот экологияси мусаффолигига эришишда омманинг жамоатчилик фикрини манфаатли шакллантиришга интилаётган сиёсий ва молиявий тузилмалар таъсиридан чиқиши, онгли тарзда ишончли ва тўлиқ ахборот олиш ҳуқуқини амалга оширишда медиатаълимнинг долзарблиги ва зарурати асосланган;
тарихий манбалардан медиатаълим, медиасаводхонлик, фактчекинг тушунчаларининг Шарқдаги қадимий кўринишларига оид мисоллар топилган, аллома ва мутафаккирларнинг мавзуга оид қарашлари очиб берилиб, ўрта асрларда мадрасаларда ўқитилган, услуб жиҳатидан медиатаълимга ўхшаш бўлган фанлар аниқланган;
ёшларнинг медиа истеъмолига доир хусусиятлари, медиасаводхонлик кўрсаткичлари аниқланиб, амалдаги таълим тизими таҳсил олувчиларни ахборий жамиятга тайёрлаб бормаслиги, умумий ўрта, олий таълим, малака ошириш курсларига медиатаълимни жорий этишнинг муҳимлиги исботланган;
медиатаълимнинг «ўзбек модели» ишлаб чиқилиб, унга илмий асосда таъриф берилган, уни амалиётга жорий этиш босқичлари, шакллари, малака талаблари, механизмлари, медиатаълим дастурлари мазмунига доир талаблар, медиасаводхонликнинг трансчегаравий компетенциялари, таркибий компонентлари далилланган.
Тадқиқотнинг амалий натижалари қуйидагилардан иборат:
медиатаълимнинг тарихий шаклланиш ва ривожланиш босқичлари, хорижий мамлакатлардаги илғор тажрибаларнинг ўзига хосликлари кўрсатиб ўтилган;
медиа истеъмолидаги тадрижий ўзгаришлар, медианинг инсонларга ҳиссий, ақлий, жисмоний таъсирида юзага келаётган медиақарамлик, фаббинг, FOMO sapiens каби муаммолар таҳлил этилиб, ечимлар таклиф қилинган;
медиамакондаги ҳар қандай ахборий хуружларга қарамай, миллий истиқлол ғояларига содиқ, фаол фуқаролик позициясига эга ахборот истеъмолчиларини тарбияловчи, ахборот одоби, маданияти, маънавиятини шакллантирувчи медиатаълимнинг «ўзбек модели» ишлаб чиқилган;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2022 йил 16 мартдаги 11-PA 2/1-547-сонли топшириғига мувофиқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ахборот маконида медиасаводхонлик ва онлайн хавфсизликни таъминлаш бўйича 2022–2024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси, Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим марказининг Медиамаконда болалар, ўсмирлар ва ёшларнинг ахборот саводхонлиги ва онлайн хавфсизлигини таъминлаш бўйича 2022–2024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этилган;
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти кўмаги билан республиканинг барча ҳудудидан 7827 нафар респондент иштирокида ёшларнинг медиасаводхонлик кўрсаткичи ва медиамаҳсулот истеъмоли хусусиятларини аниқлашга қаратилган сўровнома ўтказилган;
Республика олий таълим муассасалари бакалавриат босқичи талабалари учун «Медиатаълим» фани бўйича фан дастури, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети бакалавриат босқичи талабалари учун «Медиатаълим ва ахборот хавфсизлиги», «Журналистикада медиасаводхонлик ва факт чекинг» ҳамда «Медиатаълим ва медиасаводхонлик» фанлари, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети учун «Медиатаълим асослари» фани бўйича фан ва ишчи дастурлар ишлаб чиқилган, маъруза матнлари, тақдимот ва видеоматериаллар тайёрланган.
Тадқиқот натижаларининг ишончлилиги ишда фойдаланилган назарий маълумотлар учун илмий адабиётлар, жумладан, тан олинган нуфузли илмий базаларда ҳаволаланган журналлардаги энг сўнгги илмий материалларга мурожаат этилгани, амалий характердаги маълумотларнинг мунтазам социологик кузатув ва 7827 нафар респондент иштирокидаги социологик сўров орқали олингани, ишончли интернет манбалари, тасдиқланган статистик маълумотлардан фойдаланилгани, сайтларга мурожаат вақти берилиши, таҳлиллар, илмий-амалий характердаги хулосаларнинг қиёсий методлар билан асослангани, моделлаштиришда фикрий эксперимент ва чоғиштириш методи қўллангани ҳамда илмий фикр ва таклифлардан амалиётда фойдаланилгани, уларнинг тегишли ташкилотлар томонидан тасдиқлангани билан ифодаланади.
Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти. Тадқиқот натижаларининг илмий аҳамияти Ўзбекистонда медиатаълим ва медиасаводхонлик, медиани тушуниш ва ахборотни баҳолаш йўналишидаги илмий қарашларнинг миқёси кенгайтирилганлиги, ахборий саводхонлик, медиасаводхонлик, рақамли саводхонлик тушунчаларининг мазмун-моҳияти миллий нуқтаи назардан таърифлангани, талқин этилган ҳамда ўзбекистонлик ёшларнинг медиамаҳсулот истеъмоли, ахборотнинг ошиб бораётган таъсири илмий таҳлил қилинганлиги, янги тадқиқотларга йўл очгани билан изоҳланади.
Тадқиқот натижаларининг амалий аҳамияти Ўзбекистонда медиатаълимни жорий этишга қаратилган чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилгани, фан дастурларининг яратилгани билан изоҳланади, таклиф этилаётган модел медиамаконда миллий манфаатлар ҳимоясидан шахсий маълумотлар хавфсизлини таъминлашгача хизмат қилади.
Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Медиатаълимнинг «ўзбек модели”ни яратиш ва амалиётга жорий этиш истиқболларини тадқиқ қилиш юзасидан ишлаб чиқилган хулоса ва амалий таклифлар асосида:
мамлакатда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш, ахборот экологияси мусаффолигига эришишда омманинг жамоатчилик фикрини манфаатли шакллантиришга интилаётган сиёсий ва молиявий тузилмалар таъсиридан чиқиши, фуқароларнинг онгли тарзда ишончли ва тўлиқ ахборот олиш ҳуқуқини амалга оширишда медиатаълимни умумий ўрта таълим тизимига интеграциялашган ҳолда, олий таълим тизимида алоҳида фан сифатида жорий этиш зарурати бўйича таклифлардан Ўзбекистон Журналистлар уюшмасида Ахборот маконида медиасаводхонлик ва онлайн хавфсизликни таъминлаш бўйича 2022–2024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, олий таълим тизимига медиатаълимни босқичма-босқич жорий этиш, ёшларга медиамаконда хавфсиз хулқ-атвор қоидаларини ўргатиш, интернетга қарамликнинг олдини олиш бўйича ахборот материалларини ишлаб чиқиш, уюшма билан ҳамкорликда барча таълим йўналишларига мўлжалланган «Медиатаълим» ўқув дастури, журналистика таълим йўналишлари учун «Медиатаълим ва ахборот хавфсизлиги», «Журналистикада медиасаводхонлик ва фактчекинг» ҳамда «Медиатаълим ва медиасаводхонлик» фан дастурларини ишлаб чиқишда жорий қилинган (Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг 2022 йил 19 октябрдаги 01/18-517-сон маълумотномаси). Натижада «Медиатаълим» ўқув дастури асосида фан яратилган ва унинг ўқув-услубий мажмуасини яратишда муҳим манба бўлиб хизмат қилган;
тарихий манбалардан медиатаълим, медиасаводхонлик, фактчекинг тушунчаларининг Шарқдаги қадимий кўринишларига оид топилган мисоллар, аллома ва мутафаккирларнинг мавзуга тегишли қарашларидан медиатаълимни жорий этишда миллий дидактик асос сифатида фойдаланиш бўйича таклифлардан мактаб дарсликларига медиатаълимни интеграциялаш, она тили, тарбия, информатика каби фанларда медиасаводхонлик инструментини қўллашда фойдаланилган (Республика таълим марказининг 2022 йил 30 сентябрдаги 01/11—01/10-1564-сон маълумотномаси). Натижада 2022—2023 ўқув йилидан умумий ўрта таълим тизимига медиатаълимни интеграциялашган ҳолда жорий этиш, фанлар мазмунига медиасаводхонликни сингдириш, ўқув жараёнини материаллар билан таъминлашда муҳим манба вазифасини бажарган;
ўзбекистонлик ёшларнинг медиа истеъмолига доир хусусиятлар, медиасаводхонлик кўрсаткичларидан, амалдаги таълим тизими таҳсил олувчиларни ахборий жамиятга тайёрлаб бормаслиги, умумий ўрта, олий таълим, малака ошириш курсларига медиатаълимни жорий этишнинг муҳимлиги бўйича таклифлардан дунёнинг мафкуравий манзарасини ўрганиш, замонавий шароитда маънавий-маърифий, тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, мамлакатдаги ижтимоий-маънавий муҳит ҳолатини тадқиқ қилиш, медиатаълимнинг самарали ва таъсирчан технология ҳамда усулларини ишлаб чиқиш, аҳолининг ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш, интернет тармоғидан фойдаланиш маданиятини оширишда фойдаланилган (Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий маънавий тадқиқотлар институтининг 2022 йил 26 майдаги 111-сон маълумотномаси). Натижада тадқиқот замонавий медиамуҳитда маънавий ишлар самарадорлигини оширишнинг илмий асосларини чуқурроқ ўрганишга ёрдам берган;
ишлаб чиқилган медиатаълимнинг «ўзбек модели”дан, уни амалиётга жорий этиш босқичлари, шакллари, малака талаблари, механизмлари, медиатаълим дастурлари мазмунига доир талаблар, медиасаводхонликнинг трансчегаравий компетенциялари, таркибий компонентларини белгилаш бўйича таклифлардан Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтида Медиа ва ахборот саводхонлиги бўйича мактаб ўқитувчиларининг билим, кўникма ва малакаларини ошириш ўқув дастурига кўра ташкил этилган курснинг «Медиатаълим ва медиасаводхонлик. Асосий тушунча ва атамалар», «Замонавий медиамуҳит ва ахборий тартибсизликлар», «Ахборот истеъмолида танқидий тафаккур. Танқидий тафаккурни шакллантириш усуллари» модуллари бўйича видеодарс, маъруза, тест, глоссарий каби ўқув материалларини яратишда фойдаланилган (Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтининг 2022 йил 1 июндаги 01/09-671-сон маълумотномаси). Натижада тадқиқот малака ошириш курсларини ўқув материаллари билан таъминлашга ёрдам берган.
Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Мазкур тадқиқот натижалари 9 та, жумладан, 4 та халқаро ва 5 та республика илмий-амалий анжуманларида муҳокамадан ўтказилган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича жами 10 та илмий иш, шундан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг докторлик диссертацияларининг асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия қилинган илмий нашрларида 8 та мақола, жумладан, 5 таси республика ва 3 таси хорижий журналларда нашр этилган.
Тадқиқотнинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация кириш, уч боб, хулоса ва фойдаланилган адабиётлар рўйхати ва иловалардан иборат. Диссертациянинг ҳажми 147 саҳифани ташкил этади.
I БОБ. ЗАМОНАВИЙ МЕДИАМАКОНДАГИ АХБОРОТ-ПСИХОЛОГИК КУРАШ ШАРОИТИДА ЎЗБЕКИСТОНДА МЕДИАТАЪЛИМ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ АСОСИЙ ОМИЛЛАРИ
1.1§ Замонавий медиамакондаги ахборий-психологик курашнинг дунё ахборий харитасида акс этиши
Ижтимоий, геосиёсий, маданий, иқтисодий жараёнлар глобаллашуви, ахборотлашуви, рақамлашуви натижасида оммавий коммуникация барча соҳаларга интеграциялашди ҳамда замонавий медиамаконни пайдо қилди. Замонавий медиамакон коммуникация воситалари ёрдамида шаклланган, одамлар ёки гуруҳлар бир вақтнинг ўзида фойдаланиши мумкин бўлган яхлит ва умумий, мураккаб ва чалкаш платформа бўлиб, ҳажми, таъсир имкониятларини ўлчаш ундаги кўрсаткичлар ўзгариб туриши, миқёс катталиги, чегараларни белгилаш қийинлиги сабабли имконсиз. Ҳар бир инсон унинг 4 фоизидан фойдалана олади. Замонавий медиамуҳит ахборий-психологик курашда платформа вазифасини ўтайди.
Медиамакон фанда уни назарийлаштиришга қаратилган тадқиқотларда қуйидаги ёндашувлар бўйича ўрганилган: матнмарказли ёндашув — медиамаконга барча медиаматнларнинг мажмуи, «дискурсив» макон сифатида қаралади; тузилмавий ёндашув — медиамакон институционал соҳа, ижтимоий майдон, оммавий коммуникация воситалари тизими сифатида тушунилади; ҳудудий (бозор) ёндашуви — медиамакон медиабозор ҳудуди (мамлакат, шаҳар) ёки ахборий саноат сифатида характерланади; технологик ёндашув — медимаконга моддий технологиялар билан қўллаб-қувватланадиган «виртуал реаллик» мақоми берилади; экологик ёндашув — медиамаконга инсон фаолиятининг барча соҳаларини қамраб оладиган глобал яшаш жойи сифатида қаралади. Ҳар қандай ёндашувда ахборот воситасида инсонлар онгу шуурига таъсир, интерпретация масаласи марказда туради.
Медиамакон умумий маънода ахборий макон, тор специфик мазмунда кибермакон билан ёндош келади. Медиамакон ахборот истеъмолчилари сонининг динамик ўсиши, коммуникациянинг кенг қулоч ёйиши билан боғлиқ равишда кенгайиб бормоқда. 2021 йил бошидаги ҳолатга кўра, дунёда 4.66 миллиард киши интернетдан фойдаланади. «We Are Social» ва «Hootsuite» ташкилотлари ҳисоботига кўра, бу дунё аҳолисининг 59,5 фоизини ташкил қилади. Ижтимоий тармоқлардан 4,2 миллиард киши ёки аҳолининг 53,6 фоизи фойдаланади. Мобиль қурилма фойдаланувчилари катта қисмни ташкил қилади. Рақамли оммавий ахборот воситалари сони, ахборот супермагистралидаги ҳаракатлар шиддати ошмоқда — глобал тармоқда 1,7 миллиард веб сайт мавжуд, ҳар соатда 7 миллион веб саҳифа онлайнда пайдо бўлади, телефон қўнғироғи ва шахсий ёзишмаларни ҳисоблаш имконсиз. Инсонлар диққат-эътиборини жалб этиш учун кураш тарғибот, ташвиқот, манипуляция, ишонтириш, таъсир ўтказиш усулларидан кенг фойдаланиш, брендлаштириш, реклама, шов-шувли янгиликларнинг кўпайиши, интернетдаги реклама учун сарфланган маблағларнинг ошиши каби кўринишларда юз бермоқда. Медиамаконга хос хусусиятлардан яна бири ахборотдан баҳрамандлик борасида рақамли тенгсизликнинг, ахборот олиш очиқлиги имкониятидаги фарқнинг мавжудлигидир. Интернет билан таъминланганлик кўрсаткичлари ўртасидаги тафовут дунё мамлакатларида 10 фоиздан 90 фоизгача бўлган оралиқдадир. Ахборотга, янгиликка ташналикнинг кучайиши қидирув тизимларида сўровга берилган мавзуларнинг 15 фоизи янгилиги билан изоҳланади.
«Медиамакон» тушунчаси ўз ичига ҳозирги ахборий жамиятдаги, оммавий ахборот воситалари фаолиятидаги мураккаб жараён ва ҳодисаларни қамраб олади. Замонавий жамиятдаги ҳеч бир ҳолат медиамакондан айро ёки ундан ташқарида эмас. Шу қатори иқтисодий, сиёсий манфаатлар тўқнашувлари ҳам. Уни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш халқаро миқёсда амал қилувчи ҳуқуқий меъёрлар ишлаб чиқилмагани ва техник жиҳатдан амалга ошириш имконсизлиги, сўз ва фикр эркинлиги масаласи мавжудлиги сабабли мураккабдир.
Медиамакон турли даврларда, турли мамлакатларда турлича шаклланади, намоён бўлади, мақсад ва вазифаларини ўзгартириб туради. Масалан, МДҲ мамлакатларида, хусусан, Ўзбекистонда ОАВ, кино собиқ иттифоқ даврида мафкуравий қурол бўлган, партия тизимининг тарғибот воситаси вазифасини бажарган. ХХ асрнинг 90-йилларидан кейин цензуранинг бекор қилиниши билан боғлиқликда медиабозор қоидаларига кўра ишлай бошлади, эмпирик равишда истеъмоли енгил ва осон форматлардан фойдаланилди, кўнгилочар, шов-шувли моделлар трендга чиқди, буюртма, реклама материаллари кўпайди, тижорий функциялар ишга тушди. Ўзбекистонда эса бу ҳолат бироз бошқача кечди, ички цензура сақланиб қолиши натижасида аудитория учун сиёсий таъсири кам бўлди, тижорий мақсадлар ҳам устуворлик касб этмади, медиамакон ёпиқ ва барқарор хусусиятларни намоён этди. 2016 йилдан кейин ахборот ва сўз эркинлиги устуворлиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти шаффофлиги таъминланиши натижасида медиамаконда демократлашув, либераллашув кучайди.
XXI асрда медиамаконни илмий тадқиқ қилишнинг фанлараро табиати унинг турли соҳаларга интеграцияси натижасида пайдо бўлди. Бироқ медианинг омма онгига таъсир, шахсга йўналтирилган ёндашув, самарали коммуникацияни таъминлашга қаратилган медиациялашув, стереотипларни шакллантириш билан боғлиқ хусусиятлари барча даврларда ва барча шаклларда сақланиб қолган.
Медиамакон формати ва типологиясини ўрганишдан кўра унда юз бераётган ҳодисалар, хусусан, сиёсатшунослик, конфликтшунослик, журналистика ва оммавий коммуникация, психология каби фанларда аҳамиятли бўлган ахборот-психологик кураш шароитида ахборот истеъмолчиларининг ахборий маданиятини шакллантириш зарурати ва усулларини ўрганиш долзарб аҳамият касб этади. Ахборот-психологик кураш тушунчаси қарама-қарши томонларга психологик таъсир ўтказиш билан боғланган. Тарихда душманнинг руҳиятини синдириш, тартибсизликлар келтириб чиқаришга қаратилган психологик таъсир кичик бўлган ва ҳал қилувчи аҳамият касб этмаган. Босма маҳсулотларнинг пайдо бўлиши билан вазият ўзгарди. Газета ва журналлар тарғибот олиб бораётган мамлакат учун кўзланган натижага эришиш мақсадида омманинг фикри, ҳиссиётлари ва хатти-ҳаракатларига мақсадли таъсир ўтказиш учун кенг имкониятлар очди. Телевидение, радио, матбуот ХХ асрда кучли қурол сифатида ҳисобга олина бошлади.
«Ахборот уруши» атамасини биринчи марта 1976 йилда Т. Рона «Boing» компанияси учун тайёрланган ҳужжатда қўллаган. 1992 йилдан бошлаб, «ахборот уруши» атамаси АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан расмий равишда ишлатилган. Ахборий-психологик кураш, кибер урушни ўрганувчи илмий ёндашувларнинг хилма-хиллиги ҳодисага нисбатан ягона қараш йўқлигини кўрсатади. Бугунги кунда илмий соҳада қуйидаги асосий ёндашувлар аниқланган: геосиёсий, психологик, коммуникатив, конфликтологик.
Геосиёсий ёндашувга кўра, ахборот уруши бу — давлатлараро қарама-қаршилик. Унга кўра, давлатлар ахборот орқали бошқа давлатларга таъсир ўтказиб, стратегик соҳаларда устунликка эришишга ҳаракат қилади. Психологик ёндашув тарафдорлари фикрича, ахборот уруши моҳияти ахборот орқали оммавий равишда инсонлар онгига яширин таъсир кўрсатишдир. В.А.Лисичкин фикрича, тафаккурни манипуляция қилиш ахборот таъсирини интеллектуал-психологик ва ижтимоий-маданий жараёнларни бошқариш мақсадида объектлар буни сезмайдиган ҳолда яширин амалга оширишдир. Коммуникатив йўналишда ахборот уруши бу қарама-қарши тарафларнинг разведка ва сиёсий ва психологик ҳаракатлар амалга ошириладиган алоқа технологияси сифатида талқин этилади. Конфликтологик ёндашув ахборот уруши, қарама-қаршиликларни нафақат давлатлараро, балки гуруҳ, шахслараро зиддиятларни ҳам ҳарбий, ҳам сиёсий призма чиғириғи орқали кўриб чиқишга имкон беради.
Ахборот уруши ўз мақсади, мазмун-моҳиятига кўра, махфий ёки ошкора, аҳамияти кам ёки радикал таъсирли сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий-психологик, тижорий, ҳарбий ҳодиса бўлиши мумкин. «Ахборот уруши» ва «ахборий кураш» тушунчалари фарқланади. Ахборий-психологик кураш тушунчаси нейтрал маъно англатиб, салбий мазмунда ахборий уруш, психологик уруш, кибер уруш шаклларида ҳам қўлланади. Бугунги кунда ахборот-психологик уруш жанговар операцияларни таъминлашдан ташқари ўзи алоҳида мустақил уруш турига айланди ва геосиёсий даражадаги стратегик вазифаларни ҳал қилишга қодир ҳодиса ҳисобланади. Шу билан бирга, агрессив ахборот ва психологик курашнинг ўзи уруш ва қуролли тўқнашувларни келтириб чиқаради. Ахборот ва психологик қуролларнинг хавфи улардан фойдаланишдаги шахссиз хусусиятидадир, бу ҳужум ҳаракатларини, ҳатто уруш эълон қилмасдан ҳам номаълум ҳолда амалга оширишга имкон беради. Бундан ташқари, ахборий қуролларни ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланишни тақиқлаш деярли мумкин эмас (масалан, кимёвий ёки бактериологик қуролларга нисбатан тақиқ ўрнатилган). Ахборий уруш шахс, жамият, тузилма ва давлатлар ўртасида манфаатлар тўқнашуви, қарама-қаршилик юз берган ҳолатларда устунликка эришиш, бирор сиёсий, иқтисодий ёки бошқа мақсад йўлида маълумот олиш, қайта ишлаш ва етказиш, сиёсий ва ҳарбий мақсадларга эришиш, ахлоқий ва психологик таъсир кўрсатиш мақсадидаги курашдир. Ахборот уруши компютерлар, дастурий таъминотга ҳужум қиладиган ва ахборий тизимларни издан чиқарадиган кибер урушлардан фарқ қилади. Ахборот уруши муайян мақсад йўлида маълумотларни манипуляция қилиш, қайсидир шахс, гуруҳ, тузилма ёки давлатнинг манфаатларига қарши, лекин бошқа томон учун манфаатли бўлган, ахборий босимга асосланган ҳаракат ҳисобланади. Ахборот уруши қачон бошланиши, тугаши ва унинг қанчалик кучли ёки ҳалокатли эканлиги аниқ эмас. Ахборот уруши тактик маълумотларни тўплаш, ўз манфаатларига йўналтирилган ахборотларни тарқатиш, ташвиқот, дезинформация кампанияси, деморализация (маънавий, ахлоқий таназзул) ёки манипуляция қилишни ўз ичига олиши мумкин. Ахборот уруши психологик уруш билан чамбарчас боғланган. Ахборий, психологик, кибер урушлар умумийлаштирилиб, «ахборот операциялари» атамасидан фойдаланган ҳолда ҳам ифодаланади. Бунда технологиялар билан бир қаторда ахборотдан фойдаланишнинг инсон билан боғлиқ жиҳатларига, жумладан, ижтимоий тармоқ таҳлили ва инсонни ахборот орқали бошқаришга эътибор қаратилади. Кибермаконда кураш C4ISR (Command, Control, Communications, Computers, Intelligence, Surveillance and Reconnaissance), яъни бошқарув, назорат, коммуникация, компьютерлар, интеллект, кузатув ва разведкага асосланган шаклда олиб борилади.
Киберҳужум ва кибер потенциали юқори киберкучлар АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Россия, Норвегия ва Польша каби давлатларда мавжуд. Ҳозирги вақтда ушбу тузилмалардаги кибер жангчилар сони бир неча ўн минглаб ҳарбий ва фуқаролик ходимларидан ошади. АҚШ кибер қўмондонлиги (USCYBERCOM) — 64 мингдан ортиқ, Германиянинг кибер тузилмалари 14,5 минг ва Франция — мос равишда 4 минг. Кибер қўшинлар сони психологик операцияларни ўтказиш учун қуролли кучларнинг махсус тузилмаларининг ҳарбий хизматчиларини ўз ичига олмайди. Бельгия ахборот операциялари гуруҳи 60 дан ортиқ, Нидерландия кибер операциялар қўмондонлиги 250, Норвегия кибер қўмондонлиги 1230, Польша кибер мудофаа кучлари қўмондонлиги 2000 ва кибер операциялар маркази 500, Чехия киберкучлар ва ахборот операциялари қўмондонлиги 500 ходимга эга. АҚШ Мудофаа вазирлиги операциялари орасида ахборий-психологик операциялар мавжуд.
Ахборий-психологик, кибер урушлар бир неча шаклларда амалга оширилиши мумкин:
— матбуот, телевидение, радио, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали ўз мақсадига йўналтирилган ахборотларни узатиш;
— дезинформация кампанияси;
— алоқа ва коммуникация тармоқлари ўчирилиши;
— алоқа тармоқлари сохта бўлиши;
— рақамли аралашув билан махфий маълумотларни ошкор қилиш ёки дезинформацияни жойлаштириш орқали саботаж;
— дронлар ва бошқа кузатув роботлари ёки веб камералардан фойдаланиш;
— коммуникацияни бошқариш;
— синтетик воситалар;
— онгни манипуляция қилиш;
— вандализм, яъни хакерлар томонидан веб саҳифаларга зарар етказиш, мазмунни алмаштириш;
— ахборот йиғиш, махфий маълумотларни тўплаш, сохта маълумотлар жойлаштириш учун шахсий саҳифалар ёки серверларни бузиш ва ҳоказо.
Сунъий йўлдош телевидениеси ва интернет каби рақамли тараққиёт намуналари манипуляторларга анъанавий ОАВдан кўра одамлар онги ва ҳаракатларини бошқаришда янги, илгари ишлатилмаган самарали воситаларни берди. Замонавий ахборот истеъмолчиси оммавий ахборот воситаларидан маълумот олганда, уларни «дўстларига улашиши» мумкин ва 99 фоиз ҳолатда унинг тўғрилигини текшириши, таъсирини таҳлил қилиши мумкин эмас. Манипуляция муваффақиятининг асосий сабаби шундаки, аксарият ҳолларда одам ўзига берилган хабарларни текшириш учун вақтини ҳам, ақлини ҳам сарфлашни хоҳламайди. Ахборотни зарур талқинда узатиш учун жамиятда обрўга эга одамлар — академиклар, шоирлар, санъаткорлар, чиройли қизлар ёлланади. Маълумотлар турли манбалар орқали такрор ва такрор, кичик дозаларда тақдим этилади. Шундай қилиб, одамлар мустақил фикрламай қўяди. Онг остига таъсирни кучайтириш учун инсон ҳиссиётларидан фойдаланилади ва уларнинг энг кучлиси қўрқувдир. Бунда сенсацион (шов-шувли) озиқлантириш технологияси кенг қўлланади. Қўрқув билан таъсир кўрсатувчи ёлғон визуал тасвир билан берилади. Онг ва онгостига таъсир ҳақида психологик нуқтаи назардан узоқ таҳлил олиб бориш мумкин. Бизга ҳозирги ҳолатда ахборий-психологик кураш шароитида ундан фойдаланиш масаласи аҳамиятли. Уни қуйидаги сценарий орқали кўриш мумкин:
1. Оммавий ахборот воситалари ахборий уруш уюштираётган мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги хабарлар билан тўлади. Ҳукумат жиноятчи, порахўр, диктатор қилиб кўрсатилади.
2. Мафкура яратилади, шиорлар олға сурилади, махсус яратилган оммавий ахборот воситалари ахборот каналларини эгаллайди.
3. Мухолифат тарбияланади, қўллаб-қувватланади. У пул билан таъминланади, ижобий ва демократик, халқ ҳаётини яхшилаш учун «фақат тинч воситалар”дан фойдаланишга ваъда беради.
4. Мухолифатнинг жангарилари тайёрланади. Бошқа мамлакатлардан инструкторлар ва ёлланма аскарлар жалб қилинади.
5. Оммавий норозилик намойишлари бошланади ва митинглар уюштирилади. Бундай ҳаракатлар иштирокчилари тартибсизликлар келтириб чиқаради. Бу ҳолат керакли пайтда жангарилар ҳаракатга келиши, улар ҳокимиятни қўлга олиб, буни уюштирган ва манфаатдор томонга топшириши керак бўлади.
Бундай сценарийлар Болқон, Ироқ, Миср, Ливия ёки рангли инқилоб шаклида Украина, Грузия, Қирғизистонда кузатилди. 2022 йилда Қозоғистонда, Қорақалпоғистонда юз берган ҳодисалар ҳам уюштирилган ахборий хуружларнинг натижасидир.
В. Алешченконинг тадқиқотида қуролли тўқнашувлар пайтида ахборот-психологик таъсир масалалари, тенденциялари акс этган бўлиб, АҚШ, Германия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Россия каби мамлакатлардаги ҳарбий ҳаракатларда ахборот ва психологик таркибий қисм ва қуролли кучлар ахборотига юклатилган асосий вазифалар кўриб чиқилади. Қуролли ҳаракатлар жараёнида ахборот-психологик таъсирга қарши курашишнинг айрим устувор йўналишлари таклиф этилади.
Шиддатли геосиёсий рақобат шароитида ахборот компоненти ҳар қандай давлатнинг ташқи ва ички сиёсий фаолиятида тобора муҳим роль ўйнамоқда. Бу эса дунёнинг кўпқиррали ахборот манзараси, ахборот харитасини пайдо қилмоқда. Яъни ҳар бир мамлакатдаги ОАВ сони, ахборот узатиш каналлари, коммуникация тизимлари, интернет тезлиги, ахборотни олишга имконияти, аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжи, сўз эркинлиги кўрсаткичи, мамлакатга қаратилган сиёсий, иқтисодий, маънавий, ҳарбий ва бошқа турдаги ахборий ҳуружлар, ахборот хавфсизлиги таъминланганлиги ҳолати, истеъмол қилинаётган ахборотларнинг мазмуни, рақамли иқтисодиётнинг жорий этилиш ҳолати турлича. Бу эса ҳар бир мамлакатда турли ахборий манзарани ҳосил қилади ва буни ахборий харита шаклида, яшил — ахборий ҳолат аъло, сариқ — ахборий ҳолат ўртача, қизил –ахборий ҳолат хавфли шаклида кўрсатиш имконини беради. Дунёнинг ахборий манзараси фавқулодда ҳолатларда ўзгариши, ҳар бир мавзу, жараён, ахборий-психологик кураш ҳолати бўйича алоҳида ахборий харита яратилиши мақсадга мувофиқ.
Бугун айнан дунёнинг ахборий харитаси дейилмаса-да, унинг компонентларини ўзида жамловчи бир қатор хариталар, индекслар яратилган, юритиб борилмоқда. Масалан, сўз эркинлиги индекси (1.1-расмга қаранг), ахборотнинг ижобий кўрсаткичи (индекси) — компания, бренд ёки шахс ёки бирор воқеа-ҳодиса ҳақидаги ахборий вазиятни баҳолаш кўрсаткичи, интернет тезлиги рейтинги ва ҳоказо.
1.1-расм. Матбуот эркинлиги индексининг 2022 йилги ҳолати. Яхши вазият қониқарли вазият сезиларли муаммолар оғир вазият жуда жиддий вазият таснифланмаган / маълумотлар йўқ.
1.2-расмда С. Хантингтон яратган концепцияга кўра, тамаддуннинг этномаданий бўлиниши, Ғарб маданияти (тўқ кўк), Лотин Америкаси маданияти (бинафшаранг), япон маданияти (оч қизил), Син маданияти (тўқ қизил), ҳинд маданияти (тўқ сариқ), ислом маданияти (яшил), православ маданияти (ферузаранг), будда маданияти (сариқ), Африка маданияти (жигарранг).
Замонавий медиамакондаги ахборий-психологик курашнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий сабаб ва оқибатлари турлича. Ахборий-психологик кураш давлат хавфсизлигига дахл қилади, халқаро тинчликка таҳдид солади, жамиятда хаос келтириб чиқаради, маданиятлар емирилишига сабаб бўлади, носоғлом рақобат муҳитини вужудга келтиради, инсонлар маънавияти ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатади. Бу жараёнда асосий қурол, таъсир воситаси ахборот ҳисобланади. Шу боис журналистика ва оммавий коммуникация йўналишида ахборий-психологик курашнинг ахборий муҳитга таъсири масаласи, хусусан, ахборот-психологик кураш шароитида ахборот истеъмолига таъсири ва медиа истеъмолида келтириб чиқараётган муаммоларини ўрганиш долзарбдир. Ахборот-психологик курашнинг таъсирини 2 та йўналишда ўрганиш мумкин: комплекс ва индивидуал таъсир. Комплекс таъсир давлат, жамият, гуруҳга таъсир ўрганилса, индивидуал таъсирда инсонга, унинг тафаккури, руҳияти, саломатлигига қаратилган бўлади.
Ахборий кураш ахборий жамиятдаги ахборий муҳитнинг «ифлосланиши», ахборот экологиясининг бузилишига сабаб бўлади. Қарама-қарши томонларнинг бир-бирини обрўсизлантириши, ўз манфаатларига хизмат қилувчи ахборотлар тарқатиши сабаб бирёқлама ва ёлғон ахборотлар кўпайиб боради. Бундай ахборотларнинг инсонга таъсирини қуйидаги бир неча йўналишларда ўрганиш мумкин.
Сиёсий йўналишда, манипуляция таъсирида шахсда бирор сиёсий масала тўғрисида асосланмаган ижтимоий фикр шаклланади, қайсидир масалага қарши, қўллаб-қувватловчи ёки бетараф фикр билдира бошлайди. Бунда фейклар, сохта уюштирилган митинглар, троллар фабрикалари таъсирида оммавий ғайриихтиёрий онг, жамоавий интеллект юзага келади. Аудитория сиёсий масалада, можаролар бир куни ўз ечимини топишини, ҳақиқат нимадан иборатлигини билмаган ҳолда қарор қабул қилади, фикр билдиради, сиёсий жараёнларда иштирок этади. Бу фаол фуқаролик позицияси эмас, кўр-кўрона эргашишдир. Бунда қатлам ёки гуруҳ ўз сиёсий қарашига эга бўлмайди, манфаатдор томонлар яратган концепцияга кўра фикрлайди.
Иқтисодий таъсир давлатлар мисолидагина эмас, рақобатчи бизнес объектлари ўртасида юз беради. Иқтисодий ахборот реклама кўринишида бўлиб, унда ишонтиришнинг ассоциация, ностальгия, чиройли қиёфалар, эфемизм, экстраполяция, аналогия, чалғитиш, гуруҳ динамикаси, юмор, қўрқув каби усулларидан, сотувчи медиамаҳсулот яратишнинг AIDA, PPPP каби формулалари, таъсир усулларидан фаол фойдаланилади, ахборот таъсири ва қамровини ошириш SEO ва SMM технологиялари орқали амалга оширилади. Натижада ахборот истеъмолчиларининг харид жараёнидаги танлови реклама, бренд маҳсулотлар орқали бошқарилади. Натижада, айниқса, болалар ва ўсмирлар реклама қилинган маҳсулотни тановул қилиш, бренддаги кийимни кийишга интилади.
Маданий. Америкалик таниқли сиёсатшунос Самюэль Хантингтон Учинчи жаҳон уруши ҳақида шундай ёзган эди: «Менинг фикримча, янги шаклланаётган дунёда ихтилофлар манбаи мафкура ҳам, иқтисод ҳам бўлмайди. Инсониятни ажратиб турган қалтис чегара ва асосий ихтилоф манбаи маданият бўлиб қолади. Миллий давлатлар халқаро муносабатларда бош иштирокчи мақомида қолса-да, глобал сиёсатнинг энг йирик ихтилофлари турли миллат ва тамаддунга мансуб гуруҳлар ўртасида юз беради. Ушбу тамаддунларни ажратиб турувчи чизиқлар келажакда фронт чизиқлари бўлади». Глобаллашув жараёнида давлат ва халқлар ўртасидаги интеграция ва ҳамкорлик алоқалари кучаймоқда, натижада «супер этнос», «глобал инсон» пайдо бўлмоқда. Маданиятлараро коммуникация (инг. cross-cultural communication, intercultural communication) ёки маданиятларнинг ўзаро таъсири деганда дунё халқларининг турли маданиятлари вакиллари ўртасидаги турли шакллар (тил, нутқ, ёзма, электрон ва бошқа коммуникация турлари) даги бевосита ва билвосита коммуникация, мулоқот жараёни тушунилади.
Маданиятлараро коммуникация жараёнида ахборот асосий хомашё, товар, мулоқот ва муносабатларни таъминлаб берувчи омилдир. Кўплаб одамлар кўнгилли ёки мажбурий равишда у ёки бу ижтимоий гуруҳлар таркибига киради. Бу гуруҳлар ўз маданий хусусиятларига эга бўлиб, тузилмавий нуқтаи назардан улар микромаданият (субмаданият) деб аталади ва макромаданиятнинг таркибий қисми ҳисобланади. Ҳар бир микромаданият ўзининг оназамин маданияти билан ўхшашлик ва тафовутларга эга бўлади. Айни пайтда оназамин маданияти микромаданиятдан этник ва диний мансублик, географик жойлашув, иқтисодий аҳвол, шахснинг жинси ва ёши, оилавий аҳволи ва аъзоларининг мақоми жиҳатидан фарқланади ва бу ҳолат зиддиятларни келтириб чиқаради.
«Маданиятшунос олимларнинг фикрича, „одамлар қанча бўлса, фикрлар ҳам шунча“, одамларнинг фикрлари бир-бирига доимо қарама-қарши бўлади, айрим ҳолларда можарони келтириб чиқаради. Маданиятшуносликда можарога маданиятлараро муомалада тўқнашув ёки рақобат сифатида эмас, балки коммуникациянинг бузилиши сифатида қаралади».
Ғарб олими К. Делхес «Маданият назарияси» китобида коммуникациявий можароларнинг учта асосий сабабини кўрсатади, коммуникантларнинг шахсий хусусиятлари, ижтимоий (шахслараро) муносабатлар ва ташкилий муносабатлар. Можароларни бартараф қилиш кўринишлари унинг иштирокчилари маданиятларининг хусусиятлари билан белгиланади. Диний ва этник зиддиятлар ўта мураккаб халқаро муаммоларга айланиб бораётган ҳозирги даврда маданиятлараро, конфессиялараро ва миллатлараро ҳамкорлик, мулоқот турли негатив стереотипларга қарши, зиддиятларни бартараф этишда турли маданий ва диний бирликлар ва уюшмалар ўртасидаги ҳамкорликни шакллантиришда муҳим восита ҳисобланади. Медиамаданият ташувчи восита сифатида атроф-оламни ноадекват қабул қилиш, коммуникатив хатоликлар ва маданиятлараро тушунмовчиликларга йўл қўйиш, келгусида ўзаро конфликтларга олиб келиши мумкин бўлган нотурғун вазиятларни юзага келтириши мумкин.
Маънавий. Ахлоқий таназзул, ахлоқий оғишлар, ғайриинсоний хатти-харакатларга ундаш сабаб маънавиятнинг емирилиши.
Жисмоний (ёки соғлиққа таъсир). Бунда индивидуал таъсир устуворлик қилади. Медиақарамликнинг инсоннинг жисмоний ҳолати, саломатлигига салбий таъсири — кўриш қобилияти сусайиши, умуртқа поғонаси қийшайиши (медиа истеъмолида «Lean back» (орқага суяниш) моделидан «Lean forward» (олдинга энгашиш) га ўтиш сабабли), болаларнинг ривожланишдан ортда қолиши, диққат етишмаслиги, ирода бузилиши, руҳий саломатликда стресс, депрессия, хотира сусайиши кабилар, шунингдек, ахборот таъсирида ўз танасига зарар етказиш кузатилади.
Ахборот-психологик курашнинг бу ва бошқа салбий таъсир ҳамда оқибатларидан ҳимояланиш муҳим вазифа. Ахборотни узатиш каналлари ва воситаларини назорат қилиш имконсизлиги туфайли медиа истеъмолчиларида зарур малакани шакллантириш тақозо этилади. Ахборотдан баҳрамандлик, ахборотдан тўғри фойдаланиш, тўғрини нотўғридан ажрата олиш, репрезентация ва реалликнинг фарқини англаш учун ахборот истеъмолчиларини ахборий жамиятга тайёрлашга қаратилган мазкур вазифани замонавий медиамаконда медиатаълим бажармоқда.
1.2§ Ўзбекистонда ахборий ва киберхавфсизликка таҳдидлардан ҳимояланишда медиатаълимни жорий этиш зарурати, қонуний асослари, шарт-шароитлари
Назарий жиҳатдан олганда, оммавий ахборот воситаларининг монологик табиати ва медиамаҳсулотнинг жамоавий муаллифлиги унинг универсаллиги ва бетарафлигини таъминлайди. Бироқ аудитория аъзолари уни индивидуал қабул қилиш, талқинлар турличалиги, қонун ва ахлоқ меъёрлари, умуминсоний тамойилларга амал қилмайдиган ОАВ ёки ОАВ мақомида бўлмаган ахборот тарқатувчи каналлар мавжудлиги ахборот маданияти заруратини долзарблаштиради.
Медиатаълимни жорий этиш зарурати, аввало, ахборот кўплиги, унда ёлғон ва зарарли ахборотлар борлиги, яъни ахборий муҳитнинг ифлосланиши сабаблидир. Буни Ўзбекистон мисолида таҳлил этамиз. 2019 йил ҳолатига кўра, UZ доменида рўйхатдан ўтган фаол доменлар сони 71 мингдан ошган. 2021 йилнинг декабрь ҳолатига кўра, миллий домен маконидаги 289 та веб-сайтда порнография, 91 та веб-сайтда эса беҳаёлик ва маънавий бузуқлик тарғиботига хизмат қилиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланган бўлиб, 2097 та қонунбузарлик ҳолати қайд этилган. Бузғунчилик, зўравонлик, экстремизм ва терроризмни тарғиб қилувчи веб-сайтлар сони 10 000 тадан зиёд. Мутахассислар маълумотига кўра, интернет орқали тарқатиладиган ахборотнинг 49 фоизи сезиларли даражада зўравонлик ва ёвузликнинг, 57 фоизи ахлоқсизликнинг бевосита ва билвосита тарғиботига хизмат қилади. 25 фоиз ахборот эса ёлғон, тўқима, 31 фоиз маълумот ҳақиқатга тўла мос эмас. Бу ҳолат ёшлар онгу шуурига кучли таъсир этувчи бузғунчи ғоялар, миллий менталитетга зид, зарарли одат ва кўникмалар, текширилмаган ахборотга ҳам бирдек тааллуқлидир. Бу кўрсаткичлар ахборот хавфсизлигига таҳдидлар мавжудлигини кўрсатади. Шунинг учун тарқатилаётган бу каби ахборотларни ёшларнинг тўғридан-тўғри қабул қилаётгани ва унинг оқибатларини илмий асосда ўрганиш ва ечимлар топиш зарур.
Шунингдек, коммуникациянинг шакли ўзгариши, яъни мулоқотнинг виртуаллашиб бориши ҳам долзарб масала. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда энг кўп фойдаланиладиган ижтимоий тармоқ «Telegram» мессенжери бўлиб, 18 миллиондан кўп инсон ундан фойдаланади. Ёшлар ахборотни фаол қабул қилувчи сегмент. Уларнинг ахборотни танқидий таҳлил этиб қабул қилишига эришиш таълим олдидаги долзарб вазифа. Сабаби, бир қатор замонавий тадқиқотларда, масалан, П. Макгинниснинг FOMO sapiens (ингл. Fear of missing out — бой берилган фойда синдроми) авлод хусусиятлари борасидаги қарашлари, шунингдек, X. Zhang, ва Z. Zhong кабиларнинг медиақарамликнинг назарий асослари, T.T.Thomas ва бошқаларнинг фаббинг (ингл. phubbing; phone — мулоқотдан қочиш) нинг шахсий ҳаётга таъсири, X. Wu ва бошқаларнинг бегонашувни келтириб чиқариши, Ł.Tomczyk, ва E.S.Lizdeнинг номофобия (ингл. Nomophobia — телефонсиз қолишдан қўрқув) нинг оиладаги фаровонликка таъсирига бағишланган тадқиқотларида ахборот истеъмолидаги муаммолар, коммуникациядаги руҳий ҳолат ва ижтимоий ҳаётга таъсир масалалари ўрганилмоқда. Бу муаммолар ўзбекистонлик ёшлар учун ҳам тегишли бўлиб, муаммонинг ечимини қидириш топиш, натижаларни амалиётга жорий этиш оммавий коммуникация фани олдидаги актуал вазифадир.
Давлат ва жамият хавфсизлигига ахборот, психологик ва кибертаҳдидларнинг мавжудлиги. 2022 йил июль ойининг бошида провакация натижасида Қорақалпоғистонда юз берган воқеалар аҳолига медиаахборий саводхонлик, ахборотларни текшириб қабул қилиш малакаси заруратини кўрсатди. Қорақалпоғистондаги воқеаларда оммавий митинг, тартибсизлик, ички ишлар ходимларининг қуролларини тортиб олиш, давлат идораларига ҳужум ва бошқа ҳаракатлар ижтимоий тармоқларда тарқатилган ахборотлар орқали аҳолини ҳаракатга келтириш, ахборотларни нотўғри талқин қилиш, фактларга эмас, ҳиссиётларга, шахсий фикрга таяниш, ҳақиқий ахборот манбалари билан сохта аккаунт хабарларини ажрата олмаслик, тролларни англамаслик, ўзаро муносабатда ҳурмат принципига амал қилмаслик, танқидий тафаккур қилмаслик, шошиб қарор чиқариш, ахборотларга оқилона баҳо, рационал ёндашув етишмаслиги натижасида юз берган. Медиатаълим бу муаммоларга ечим бўла олади.
Киберхавфсизликни таъминлашда ҳам кибермакон фойдаланувчиларининг ахборий саводхонликнинг муҳим компоненти бўлган рақамли саводхонликка эга бўлиши талаб этилади. Маълумки, киберхавфсизлик ахборот хавфсизлигининг бир кўриниши бўлиб, ахборотларни мазмунига кўра саралаб олишга хизмат қилувчи юксак маънавиятдан ўзгачароқ тушунча. У кўпроқ техник жараёнларга оид бўлиб, оддий фойдаланувчи учун почта, ижтимоий тармоқлар, тўлов тизимларида ишончли ва мустаҳкам паролларни ўрнатиш, ўз шахсий компьютери ва смарфонини вируслардан ҳимоялаш, шахсий маълумотлари дахлсизлигини таъминлай олишни англатади. Кенгроқ маънода эса киберхавфсизлик рақамли маълумотлар хавфсизлиги, тармоқлар, мобил иловалар ва қурилмаларнинг хакерлик ҳужумларидан ҳимоясига қаратилган чора-тадбирлар мажмуидир. Бу маълумотлар конфиденциаллигини сақлаш, уларнинг бутунлигини ҳимоялаш, у ёки бу сайт, илова, дастурнинг ишончли ва тўлақонли ишлашини англатади.
Рақамли оламга реал оламда барча жараёнлар — таълим, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, мулоқот, ҳамён билан бирга, турли таҳдид, хавф-хатар ва жиноятлар ҳам кўчди. Киберҳужум, кибержиноят, кибертаъқиблар, криптовалюталар бўйича яширин фаолиятнинг ортиши, тролл (сохта аккаунт), спам, ботлар фаолияти кенгайиши киберхавфсизлик масаласини Ўзбекистонда ҳам кун тартибига олиб чиқди. Барча тизим ва жараёнлар рақамлашар, ахборотлашар экан, уларнинг техник жиҳатдан мукаммал ва бехато ишлашини, хавфсизлигини таъминлаш муҳим мақсад ҳисобланади.
«2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси»нинг 89-мақсадида белгиланган фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш, шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш, кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини яратиш билан боғлиқ устувор вазифалар шу мақсадга қаратилган. Ўзбекистон Республикасининг «Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонуни қабул қилингани янги Ўзбекистонда хавфсиз ахборот сиёсатини олиб бориш, киберхавфсизликка доир меъёрларнинг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши юзасидан зарур воқеа бўлди. Рақамли олам ҳали ҳуқуқий жиҳатдан ўз мақомини аниқ белгилай олгани йўқ. Таҳдидларнинг янги тур ва шакллари пайдо бўлмоқда. Уларни қонунчиликда акс эттириш зарур. Бу миллий кибермаконда жиноятчиликка қарши қурашиш соҳасидаги фаолиятни тартибга солади. Зотан, виртуал оламдаги жиноятчиликнинг зарари ва хавфи реал оламдагидан кам эмас.
«Киберхавфсизлик маркази» ДУКнинг йиллик ҳисоботида келтирилишича, 2021 йил ҳолатига кўра, интернетнинг миллий сегментида 100 мингдан зиёд домен рўйхатга олинган бўлиб, улардан 38 мингга яқини фаолдир. Улардан фақат 14 мингдан зиёди хавфсиз, яъни «SSL» хавфсизлик сертификатига эга. Бошқаларида сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган ёки сертификат мавжуд эмас. «SSL» хавфсизлик сертификати сайт манзилида «https» шаклида ифодаланиб, «http» эса сертификат йўқлигини англатади. «SSL» хавфсизлик сертификатига эга бўлган сайтлар ишончли сайтлар ҳисобланади.
2021 йилда интернет тармоғининг миллий сегментида 17 097 478 та зарарли ва шубҳали тармоқ фаоллиги ҳолати аниқланган. Уларнинг 76 фоизи бот-тармоқ иштирокчиларига тегишли. Эътиборлиси, тармоқ аномалиялари ва аниқланган киберхавфсизлик заифликларга чоралар кўришни мувофиқлаштириш орқали 2021 йил 2020 йилнинг шу даврига нисбатан кибертаҳдидлар сони 20 фоиз камайган.
1.4-расм. «Киберхавфсизлик маркази» ДУКнинг веб иловаларни ҳимоя қилиш тизими ёрдамида интернет тармоғининг миллий сегментининг веб сайтларига қилинган 1 354 106 та киберҳужум аниқланган ва бартараф этилган.
«Uz» доменидаги веб сайтларда 444 та инцидент қайд этилган бўлиб, улардан энг кўпини рухсатсиз контентни юклаб олиш (341 та) ва асосий саҳифага рухсатсиз ўзгартиришлар киритиш (Deface) (89 та) ташкил этган. Инцидентлар таҳлили шуни кўрсатдики, давлат секторининг веб сайтлари хусусий секторга нисбатан уч баравар камроқ ҳужумга учраган.
1.5-расм. Манзил майдонлардан киберҳужумлар амалга оширилган мамлакатлар.
Таҳлил натижасида «Wordpress», «Joomla», «Open Journal Systems» ва «Drupal» контентни бошқариш тизимларида ишлаб чиқилган веб сайтлар энг заиф экани аниқланган. Веб иловаларда заифликларнинг мавжудлиги, ўз вақтида янгиланмагани, заиф пароллардан фойдаланиш хакерларнинг бузғунчи фаолиятига йўл очиб бермоқда. 2021 йилда Ўзбекистонда ахборот тизимлари ва ресурслари, шунингдек, улардан фойдаланувчиларнинг киберхавфсизлигига таҳдид соладиган 6635 та зарарли файл ва скрипт аниқланган. Бундай вазиятнинг юзага келиши миллий ахборот тизимлари ва ресурслари эгалари ҳамда маъмурларининг ахборот ва киберхавфсизлик талабларига эътиборсизлик билан муносабатда бўлиши билан боғлиқ бўлиб, бу эса уларнинг ишига рухсатсиз аралашиш хавфини сезиларли даражада оширади. Медиатаълим касбга йўналтириш вазифасини ҳам бажариб, ахборий ва киберхавфсизлик долзарблигни тушунадиган, буни ўз фаолиятида қўллай оладиган мутахассислар етишиб чиқишига хизмат қилади.
Мавжуд вазият муаммога эътибор қаратиш, ахборот муҳитида рақамли экологияни, инсонларнинг рақамли саломатлигини сақлашнинг долзарблигини кўрсатади. Рақамли оламда медиасаводхонлик киберхавфсизликни таъминловчи муҳим категория вазифасини бажаради. Маълумки, рақамли саводхонлик медиасаводхонликнинг муҳим компоненти бўлиб, медиасаводхон инсон шахсий маълумотлари дахлсизлигини таъминлай олади, сунъий интеллект бўйича билимга эга бўлади, троллар ҳаракатини, бот билан мулоқотга киришганини илғайди, сохта видео, фейк суратларни метадата маълумотлари, илк манбаларга кўра аниқлай олади.
Медитаълим шакллантирадиган махсус билим ва кўникмалар ахборот маконида кибертаҳдид, кибержиноятчилардан ҳимояланишда асосий вазифани бажаради. Рақамли олам аъзоларининг ахборот-коммуникация технологиялари ва ахборот хавфсизлиги соҳасидаги малакаси ва билимини мунтазам ошириб бориш орқали киберхавфсизликка таҳдидлар ва оқибатларни бартараф мумкин.
Энг муҳими, медиасаводхонлик динлараро бағрикенглик, маданиятлараро ҳамжиҳатлик, тенглик, ижтимоий интеграция, мослашувчанлик, тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга ҳисса қўшади. Бу кўпмиллатли Ўзбекистонда тинчлик, ҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим.
Янги Ўзбекистоннинг ахборот сиёсатида очиқлик, танқидий таҳлилга катта ўрин берилгани медиатаълимни жорий этишга шароит яратади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ–60-сон фармонига кўра тасдиқланган Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси 71-мақсадида «оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда холис ахборотларни ўз вақтида бериб бориш орқали ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олиш” белгиланган. Бу борадаги маънавий жиҳатдан соғлом ахборот маконини шакллантириш, оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда холис ахборотларнинг ўз вақтида бериб борилишини таъминлаш, ёлғон ва деструктив маълумотлар тарқатилишининг олдини олиш каби амалий чора-тадбирлар акс этган бўлиб, вазифа ижроси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат марказига юкланган. 89-мақсадда эса фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш, ахборот соҳасини тартибга солувчи ягона тизимлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш, фуқароларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш, шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш, кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини яратиш кўзда тутилган.
Фуқароларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш йўналишида турли ёш тоифаси учун мўлжалланган ўқув курслари ҳамда онлайн дастурларни оммалаштириш, халқ таълими ва профессионал таълим тизимининг тегишли дарсликларига медиасаводхонлик бўйича мавзуларни жорий қилиш белгиланган. Ахборот майдонидаги киберҳужум ва таҳдидларни мониторинг қилиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор вазифалар орасида ҳар йили талаба ва ўқувчилар орасида киберҳужумларни аниқлаш бўйича республика миқёсида конкурслар ўтказиш назарда тутилгани медиатаълимнинг мақсад ва вазифаларига мос келади.
2021 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 10 ёшгача бўлган 7,5 миллиондан ортиқ бола яшайди. 6-жадвалда эса 2022 йилдаги аҳолининг ёш таркибига кўра тақсимланишида болаларнинг сони қуйидагича.
1.1-жадвал. Аҳолининг ёш таркибига кўра тақсимланиши.
Замонавий медиа институти (MOMRI) экспертлари болаларнинг медиа истеъмолини тадқиқ этиб, ТВ, интернет ва мессенжерлар болалар ўртасида оммабоп эканлигини таъкидлаган. 10—12 ёшли аудиториянинг 60 фоизи мессенжерлардан, 47 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланади. Шу билан бирга телевидение ўзининг оммабоплигини сақлаб турибди: 2—12 ёш оралиғидаги экрансеварларнинг фоиз кўрсаткичи 73 га тенг. 4—9 ёшдаги болаларнинг 59 фоизи ҳеч бўлмаса, кунига бир марта телевизор кўрса, 89 фоизи ҳафтасига бир маротаба, 99 фоизи ойига бир марта бўлса ҳам телевизор кўради. Улар кунига ўртача 2 соат мультсериал, сериал, мультфильмлар томоша қилади. Реклама ўз самарадорлиги ва таъсирчанлигини кўрсатмоқда. Болаларнинг 79 фоизи ота-онасидан реклама қилинаётган маҳсулотларни олиб беришни сўрайди.
Интернет ўсмирлар ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Интернет орқали видео кўриш, ўйин ўйнаш, айниқса, ўғил болаларга қизиқарли. Улар, шунингдек, таълим жараёни учун муҳим ахборотларни ҳам излашади. Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, респондентлар ҳар куни интернетда минимум 3 соат вақт ўтказишади. Интернетга кириш воситаси шахсий смартфон. Улар кирадиган базалар ичида таълимий, кўнгилочар ва ҳаваскорлик гуруҳлари мавжуд. Болалар ва ўсмирларнинг интернет билан ўтказадиган вақтининг асосий қисмини YouTube эгаллайди. Бу видеоресурснинг болалар ва ўсмирлар қизиқишига мослаша олиши, унда тавсия этиладиган видеолар қисми борлиги қизиқишни янада оширади. Улар орасида аудитория эътиборини тортишда блогерлар катта ўрин тутади. Айниқса, «приколлар», «челленжлар», «бьюти» (қизлар учун), видеоўйинлар ва саёҳатлар қизиқарли. Фильмлар, сериаллар фаол томоша қилинади, ўғил болаларни кўпроқ ўйинли мавзулар қизиқтиради. Босма оммавий ахборот воситаларининг ҳам болалар учун мўлжалланган контенти фаол ишлаб турибди.
Ўзбекистонда болалар ва ёшлар аҳолининг катта қисмини ташкил этиши, уларнинг медиамаҳсулотларни фаол истеъмол қилаётганлиги медиа, ахборот билан муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини яратишни тақозо этди. Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни болаларнинг ахборот билан муносабати, медиа истеъмолини тартибга солади. Миллий медиамаконда ҳам, глобал интернет тармоғида ҳам болаларнинг руҳий ва жисмоний жиҳатдан меъёрий, соғлом ўсишига салбий таъсир кўрсатувчи, ҳатто тўғри мақсадда, масалан, таълим учун мурожаат қилганда уларни чалғитувчи ахборотлар кўп. Бу ўз жонига қасд қилишга чорловчи ўйинлар, инсонларга ва жониворларга шафқатсизлик акс этган видеолар, ҳаёсиз суратлар, қимор, спиртли ичимликлар ичиш ва тамаки чекишга чорловчи ахборотлар, терроризм тарғиботи ва ҳоказолар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, болаларнинг ёшига мос бўлмаган ахборотлар ҳам мавжуд. «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни туфайли ахборот маҳсулотларини ёшга доир таснифлашни амалга ошириш тизими жорий этилди. Ёшни таснифлаш бўйича хорижда тан олинган таснифларга кўра, ахборотни қабул қилувчилар бешта асосий тоифага бўлинади:
— 7 ёшгача бўлган болалар.
— 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар.
— 12—16 ёшли ўсмирлар.
— 16—18 ёшли ёшлар.
— 18 ёшдан катта бўлган тоифалар.
«Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ахборот маҳсулотларини ёш тоифаси бўйича таснифлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш пайтида тегишли ёш тоифасини (0+, 7+, 12+, 16+, 18+) жойлаштирган ҳолда тарқатиш тартибини белгилаб берди. Муайян ёш тоифаларидаги болалар ўртасида тарқатилиши чекланган ахборот маҳсулотларига:
«шафқатсизлик, жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонлик, жиноят ёки жамиятга қарши бошқа хатти-ҳаракатлар тасвири ёки баёни тарзида тақдим этиладиган;
болаларда қўрқув, ваҳима ёки саросима уйғотадиган, жумладан, куч ишлатилмаган ўлимни, касалликни, ўз жонига қасд қилишни, бахтсиз ҳодисани, аварияни ёки фалокатни ва (ёки) уларнинг оқибатларини инсон қадр-қимматини камситадиган шаклда тасвирлаш ёки баён этиш тарзида тақдим этиладиган;
жинсий муносабатларни тасвирлаш ёки баён этиш тарзида тақдим этиладиган;
уятли сўзлар жумласига кирмайдиган ҳақоратли сўзлар ва ибораларни ўз ичига олган ахборот маҳсулотлари киради».
Экспертиза жараёнида ахборотларда эзгулик ёвузликнинг устидан ғалаба қозониши, раҳм-шафқат ифода этилиши, жиноят содир этишга ундамаслиги, дайдилик ва тиланчилик билан шуғулланишга чақирмаслиги, оилавий қадриятларни инкор этмаслиги, ахлоқсизликни тарғиб қилмаслиги ва бошқа белгиланган талабларга эътибор қаратилади.
Қонуннинг 3-моддасининг 2-қисмида «Ушбу Қонуннинг амал қилиши илмий, илмий-техникавий, статистик ахборотни ўз ичига олган ёки жамият учун тарихий, бадиий ёхуд ўзгача маданий қимматга эга бўлган ахборот маҳсулотининг айланиши соҳасидаги муносабатларга татбиқ этилмайди” дейилади. Яъни бадиий, илмий, статистик ахборотларнинг болаларга зарари борлиги борасида чеклов таснифи қўйилмайди.
Ахборот маҳсулотининг айланиши, яъни ахборот маҳсулотини тарқатиш, жумладан, уни сотиш, обуна бўйича тарқатиш, ижарага бериш, ахборот-кутубхона муассасалари фондларидан тарқатиш, бериш, оммавий намойиш қилиш, эфир ёки кабель узатуви, томошабоп тадбирлар воситасида оммавий ижро этиш, телекоммуникация тармоқларига, шунингдек, интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштиришга доир талаблар ва хусусиятлар қонуннинг 18-19-моддаларида белгилаб берилган: «Болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан болаларни ҳимоя қилишни таъминлашнинг маъмурий ва ташкилий чора-тадбирларини, дастурий-аппарат ва техника воситаларини кўлламай туриб, ушбу ахборотнинг жамоат жойларида айланишига йўл қўйилмайди».
Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлашнинг интернет тармоғи, теле ва радиоузатиш, мобил алоқа тармоқлари орқали тарқатиладиган ахборотдан фойдаланиш имкониятини тақдим этишда қўлланадиган дастурий-аппарат ва техник воситаларига қуйидагилар киради:
— «интернет тармоғидаги сайтларда жойлаштирилган болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборотдан фойдаланишни чеклаш воситалари;
— болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ҳамда теле ва радиоузатиш, мобил алоқа воситалари орқали тарқатиладиган ахборот маҳсулотидан фойдаланишни чекловчи декодлайдиган техник воситалар;
— фойдаланишни блоклаш воситалари, фойдаланишни чеклаш воситалари, контентни фильтрлаш воситалари, фойдаланишни назорат қилиш воситалари, шунингдек, ахборотдан фойдаланиш имкониятини тақдим этишда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлайдиган бошқа дастурий ва техник воситалар.
— интернет, телевидение ва радиоэшиттиришлар, уяли алоқа тармоқлари орқали тарқатиладиган ахборотдан фойдаланишни чеклаш шартлари лицензия шартномаларида ва телекоммуникация хизматлари кўрсатиш шартларида назарда тутилади».
Қонунда белгиланган умумий механизмлар болаларнинг соғлиғига зарарли бўлган ахборотлар ва унга тегишли тушунчаларга аниқлик киритиш, ёшга оид ахборотларни таснифлаш, уларнинг айланишини назорат қилиш ва талабларга мос бўлмаган ахборотларни тарқатганлик учун жавобгарликни белгилаш ва бошқалардан иборат.
Бесплатный фрагмент закончился.
Купите книгу, чтобы продолжить чтение.