16+
Инсон бугун ва эртага…

Бесплатный фрагмент - Инсон бугун ва эртага…

Объем: 122 бумажных стр.

Формат: epub, fb2, pdfRead, mobi

Подробнее

ИНСОН БУГУН ВА ЭРТАГА…

АЙТМАТОВ ҲАЙҚИРИҒИ ЁХУД НОСТРАДАМУС БАШОРАТЛАРИ

«Ер юзида қанчадан-қанча тирик махлуқот борлигини ва яна қанчадан қанчаси инсон қўли билан йўқотиб юборилганини ўйласанг, беихтиёр баданинг жунжикиб кетади.»

Чингиз Айтматов

Юксак эстетик тафаккур қудрати билан дунё эстетик тафаккурини янгилашга муваффақ бўлган буюк мутафаккир адиб Чингиз Айтматов ижодида япон файласуфи Дайсаку Икэда ҳамда қозоқ шоири Мухтор Шохонов билан давомий суҳбат-мулоқотлар натижасида дунёга келган «Руҳ юксаклигига қасида» ҳамда «Чўққида қолган овчининг оҳи-зори» номли суҳбат-китоблар ҳам моҳиятан катта салмоққа эга.

«Инсониятга чексиз ишонч ва меҳр-муҳаббат маҳсули» ўлароқ дунёга келган «Чўққида қолган овчининг оҳи-зори» китоби муқаддима қисми ҳамда етти бўлимдан иборат. Унинг бўлимларидан бири «Адашган оққушлар қичқириғи ёки медузаларнинг сири» деб номланади.

Фикр-мулоҳазаларимиз шу ҳақда.

Эътироф этиш жоизки, фан-техника тараққиёти дунё миқёсида жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Инсоният юксак тамаддун сари дадил одимламоқда. Бошқа жиҳатдан, жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши инсонни аста-секин табиатдан бегоналаштираётгандек. Инсон ва табиат муносабатлари глобал миқёсдаги муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Ер, ер ости бойликлари, сув, ҳайвонот ва наботот дунёси бебаҳо умуммиллий бойлик экани, улардан оқилона фойдаланиш зарур эканлигини одамзод унутиб қўймаяптими? Улар ўртасидаги биологик алоқалар издан чиқса, нохуш оқибатларга олиб келишини англаб етмаяптими? Модомики, табиат — яхлит бир тизим, шундай экан, инсон табиат билан доимо уйғунликда яшамоғи керак. Барча мавжудотлар ичида ҳаёт гултожи бўлмиш инсон гоҳида худбинликка берилиб, табиат устидан зўравонлик қилмаяптими? Ғайриэкологик хатти-ҳаракатлари билан ҳалокат ёқасига элтувчи яширин хавф-хатарлар кўламини янада кенгайтирмаяптими?

Суҳбатдошлар — Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохонов қалбларини қийнаб, чуқур қайғуга солаётган долзарб умуминсоний муаммолар теварагида атрофлича, теран мушоҳада юргизадилар. Бўлим аввалида Айтматов ҳикоя қилган машҳур овчи Хўжаёш ва унинг фожиали тақдири тўғрисидаги қадимий қирғиз афсонаси юксак тарбиявий аҳамиятга эга. Унда ривоят қилинишича, азалий қирғиз юртида Хўжаёш исмли уста мерган овчи севикли ёри висолига етишмоқ ниятида қадамида учраган ҳайвону қушларга аёвсиз қирғин келтиради. У ойдин тунда қўшиқ айтиб, келинтушди қилаётган сув каламушларини ҳам битта қўймай бўғиб ўлдиради; тоғ дараларидаги ёввойи эчкиларни ваҳшийларча қира бошлайди. Тирик қолган Кулранг Эчки бағритош овчидан шафқат тилаб, илтижо қилади. «Бизнинг авлодимиздан фақат бир жуфт эчки қолдик. Наслимизни давом эттиришимиз учун имкон бергин, бизни қириб юборма!» — деб йиғлаб юборади. Лекин Хўжаёшнинг тош қотган қалби инсоний раҳм-шафқат туйғуларидан буткул мосуво: у Кулранг Эчкини шу заҳоти отиб ўлдиради. Эчкилар наслининг уруғини қуритгани учун юрак-бағри қон бўлган совлиқ эчки Хўжаёшни қаттиқ лаънатлайди ва ақлли тадбир ишлатиб, ўзини ўлдирмоқчи бўлган золим овчини ғайришуурий равишда одам оёғи етмаган тик қоя устига чиқариб қўяди. Хўжаёш муқаррар ҳалокатга маҳкум этилади. У шафқатсиз, бемеҳр бўлгани учун ўзини қарғаб, ўкраб-ўкраб йиғлайди, пешонасига муштлаб-муштлаб, оҳу афғон чекади. Надоматлар бўлсинки, кечикиб айтилган тавба-тазарру энди тамом фойдасиз эди.

Ҳайвонлар ва қушларга беомон қирғин келтирган юҳо овчи шу тариқа қисмат ажрини олди…

Суҳбатдош М. Шохонов афсонага муносабат билдириб, шундай талқин этади: «Хўжаёш тўғрисидаги афсона — бу инсоний азоб-уқубатларнинг юксак намунаси…»

Шу ўринда даҳо адиб ижодига бир қур назар ташласак, кони фойдадир.

Чингиз Айтматов асарларида қушлар, жониворлар ва ҳайвонлар ҳам кўз ўнгимизда адабий персонажлар сифатида бўй кўрсатади. Ҳолбуки, «Асрга татигулик кун» романидаги Эдигей Бўрон тимсолини туя Қоранор Бўронсиз, «Алвидо, Гулсари» қиссасидаги Танабой образини саман йўрға Гулсарисиз, «Қиёмат» асаридаги Бўстон Ўркунчиев сиймосини вафодор от Дўнкўликсиз айро ҳолда тасаввур эта олмаймиз. Шунингдек, «Асрга татигулик кун» романида келтирилган ривоят ва афсоналардаги машҳур оқин Раймали оға кўз олдимизда мудом қадди-қомати кўркам, улуғвор от Сарала устида дўмбира чертиб, Бегимойга қарата қўшиқ куйлаётган алпозда намоён бўлади; буюк жабрдийда Найман она ёвуз жунгжанглар томонидан манқурт этилган ўғли Жўломонни излаб, ҳайҳотдай Сариўзак даштларида учқур туяси Оқмоя устида елиб бораётган ҳолда тасаввуримизда гавдаланади. «Тўрт Томон Дунё Ҳукмдори» орзусида ёнаётган ҳоқон Чингизхон оқ ёлли, думи қора, суюкли тўриқ оти Хуба устида мингашиб, ўз ҳолига шукуҳли ўйлар сураётган кўйда хаёлимизда гавдаланса, юзбоши Эрдене садоқатли ва айрилмас оқ қашқа оти Оқюлдуз устида шафқатсиз ҳоқоннинг қаҳрига йўлиққан шўрлик аёли Дўғулангни муқаррар қатлдан қай илож қутқариб қолмоқ умидида махзун хаёлга толганча изтироб оловида қовурилаётган ҳолатда намоён бўлади.

Чунончи, оламшумул «Қиёмат» романининг теран фалсафий моҳиятини, пафоси ва сюжет чизиқларини драматик ва фожеий воқеа-ҳодисалар талотўпида юксак маҳорат билан тасвир этилган бўрилар — «тирикликнинг буюк онаси» Акбара ва Тошчайнарсиз асло тасаввур этиб бўлмайди. Инчунин, Айтматов бўрилар ҳақида шундай ёзади: «Акбара ва Тошчайнар тўғрисида ёзишдан аввал бўриларнинг табиатини, юриш-туришини, ҳаётини ўргандим. Кўплаб ҳар-хил китобларни ўқиб чиқдим. Умуман, бўриларнинг ҳаёти қатъий интизомга бўйсундирилган. Қизиқ ҳаёт кечирадилар…»

Ҳа, учқур таҳайюл соҳиби Айтматов ўз асарларида жонивору ҳайвонлар тимсолини ҳам самимий туйғу, меҳр-муҳаббат ва қалб ҳарорати билан тасвир этади. Бинобарин, қушлар ва ҳайвонлар ҳам инсон қатори табиатнинг, тирикликнинг ажралмас қисми, ҳаёт воқеликлари иштирокчисидир.

Дарҳақиқат, афсона замирида теран ва аччиқ ҳақиқат мавжуд. У қалбимизда ҳайвонот оламига меҳр-муҳаббат, шафқат-хайрихоҳлик туйғуларини тарбиялайди. Бинобарин, ҳайвонлар ва ўсимликлар ҳам ўзига яраша тирик унсур, уларнинг ҳам ички дунёси, ҳис-туйғулари бор. Улар ҳам тинч, осуда ҳаёт кечиришга ҳақли…

Айтматов ва Шохонов мавзу доирасида ҳайвонлар ва ўсимликлар оламининг ўзига хос яшаш қонуниятлари, урф-одатлари тўғрисида қизғин фикр юритадилар. Чунончи, Шохоновнинг биолог олимлар ультратовуш аппаратлари ёрдамида ўсимликлар япроқларида ўтказган тажриба, Айтматовнинг чиннигуллар устидан ўтказилган тажриба хусусида ўзаро сўзлаб берган ҳикоялари ўқувчини беихтиёр чуқур мушоҳада қилишга чорлайди. Ваҳоланки, Шохонов куйиниб афсусланганидек, табиат мўъжизаларга бой, ҳатто оддий япроқ ҳам ҳис-туйғулардан бегона эмас. Инсон эса, мендан кейин дунёни сув босмайдими, қабилида гумроҳлик қилиб, бутун бошли ўрмонларни кесиб-йўқотиб, лоқайдлик ботқоғига ботмоқда. Бу, табиийки, биосферага ўзининг салбий таъсирини ўтказмасдан қўймайди. Бу зайл эҳтиёждан ташқари исрофгарчилик учун келажак авлодлар олдида юзи шувут бўлиб қолишидан заррача айбдорлик ҳисси туяётгани йўқ.

Ўрта Осиё халқларининг энг қадимий ёзма ёдгорлиги — буюк «Авесто”да эзгулик тимсоли Ҳурмуз (Ахурамазда) Одамни муҳтарам ва мукаррам зот қилиб яратди; қадр-қимматини улуғлаб, шарафларга буркади. «Авесто» битикларида баён этилишича, моддий олам олти босқичда яратилди. Олам яралишининг тўртинчи асоси «Айосрим”да Ахурамазда тўрт муқаддас унсур — тупроқ, сув, ҳаво, оловни улуғлаш мақсадида ўсимликлар дунёсини яратди. Доривор гиёҳлар муқаддаслаштирилди. Бешинчи асос — «Мидйорим”да эса ҳайвонот дунёси яратилди. Моҳият шундаки, ўсимликлар дунёси мукаррам зот Инсон учун озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари; ҳайвонот дунёси мўл-кўл, фаровон турмушнинг зарур омили сифатида яратилди. Демак, табиат инъомлари, ер ости ва ер усти бойликлари — инсон учун яратилди…

Она табиатни ҳаёт кўрки бўлган турфа ўсимликларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўсимликлар ер юзидаги жамийки тирик мавжудот учун ҳаёт манбаидир. Энг муҳими, ўсимликлар ҳаво таркибидаги кислородни бойитади. Ана шу кислород билан тирик организмлар нафас олади. Ҳаётимизда ўсимликларнинг ўрни бениҳоя катта. Ўсимлик ва ҳайвонлар организми ҳужайралардан тузилган, демакки, ҳужайраларда тирикликка хос хусусиятлар мужассамдир. Шу ҳақда мулоҳаза юритарканман, савқи-табиий ҳислар билан қадимги юнон файласуфи Анаксагор битиклари ёдимга тушади: «Ўсимликлар тирик мавжудотлардир. Улар ҳам ҳис қиладилар, ғам чекадилар, қувонадилар. Бу туйғулар уларнинг япроқларида зоҳир бўлади. Шунингдек, ўсимликлар ақл ва билимга ҳам эгадирлар.»

Дарҳақиқат, гуллар осудаликни, тинч-осойишта ҳаётни истар экан. Гулларда ҳам эшитиш, фикрлаш, сезиш ва ҳис этиш хусусияти мавжуд. Гулларнинг кайфияти, барқ уриб ривожланиш хусусияти инсон кайфиятига уйғунлигини табобат илми тасдиқлайди. Яъни, хонаки гул ва ўсимликлар таркибида ҳаводаги микроорганизмларни ўлдирувчи учадиган фитонцидлар мавжуд. Ёки айтайлик, плюмерия ва лаванда гуллари ўзидан ёқимли ҳид таратиб, хона ҳавосини тозалайди. Айрим гулларнинг барглари ўзидан муаттар бўй таратиб, инсон руҳиятига аъло кайфият бағишлайди. Агар болгариялик дунёга машҳур ноёб қобилият соҳибаси, кўзи ожиз башоратгўй аёл Вангелия Пандева-Гуштерованинг ҳаёти саҳифаларига назар ташласак, талай диққатга молик қизиқарли маълумотларга дуч келамиз.

Ванга, аввало, ўтмишни, ҳозирги кун ва келажакни кўра олувчи фавқулодда феномен эди. У ҳатто марҳумлар ва ўзга сайёраликлар билан мулоқотда бўлганлиги тасдиқланади. Жумладан, Ванга ҳам Анаксагор каби табиатдаги барча гиёҳларнинг жони бор деб ҳисоблаган, гуллар ва дарахтлар билан суҳбатлаша олган. Ўтлардан турли дорилар ўйлаб топиб, беморларни даволаган. Шифокор Ванга таъкидлайдики, одам табиат билан уйғунликда яшашни ўрганиши керак, шундагина у соғлом, руҳи тетик бўлади. Ҳайратланарли жойи шундаки, кароматгўй аёлнинг иқрор бўлишича, қайси доривор гиёҳ инсон танасидаги қай бир дардга даво эканлигини муолажа чоғида ўзи айтиб тураркан. Бу — чинакам мўъжиза!

Дарвоқе, башоратгўй Ванга ўз ҳузурига ташриф буюрувчилар билан суҳбат чоғида: «Дунё ўтлардан бошланган ҳамда ўтлар билан тугайди. Одамлар ерда қолдирган ҳамма нарса ўт бўлиб кўкаради, ҳар бир мамлакат ўти фақат ўша мамлакат одамлари учунгина шифобахшдир», — деб кўп бора таъкидлаган экан…

Ҳа, аччиқ ҳақиқатки, инсон гоҳида бошқа жониворларга хос бўлган ҳис-туйғуларни қадр қилмай, қабоҳатга юз тутмоқда. Суҳбатдошлар сўзлаб берган ёввойи буғуларнинг ўзига хос ҳаёти, яшаш қонун-қоидалари, оққуш муҳаббати, китнинг ғазаби, дарғазаб айиқлар ҳамласи ҳақидаги ҳикоялари ниҳоятда таъсирли бўлиб, инсонни табиатга, ҳайвонлар ва ўсимликларга меҳр-шафқатли бўлишга, уларни ногаҳоний хуружлардан ҳифз-ҳимоя қилишга даъват этади.

Чиндан ҳам, фан-техника тараққиётини жадал суръатлар билан ривожлантираётган инсон ўзига маҳлиё бўлиб, табиатга зўравон нигоҳи билан қарашга ўрганиб қолмаяптими? Табиатнинг асл ҳолатига кулфат-мусибат ёғдириб, бағритошлик қилмаяптими?..

Ҳақиқатан, илму техника тараққиёти жадал суръатлар билан ривожланаётган, башарият янги тамаддун сари крейсер тезлигида олға интилаётган бир даврда табиат билан инсон ўртасидаги азалий муқаддас алоқалар ипи узилгандек, инсоннинг табиатдан ола биладиган эстетик завқ-шавқи, кўнгил баҳраси, ҳиссий қувваси адо бўлаётгандек ёқимсиз таассурот уйғонади. Шундайки, оламшумул фан-техника кашфиётлари қаршисида ўз ақл-заковатига ҳамду санолар ўқиб, сархуш бўлаётган одамзод эндиликда табиат билан, жонивору ҳайвонлар билан аввалгидек тиллашмай-сирлашмай қўйди; она табиатга меҳр-муҳаббат туйғулари, унинг бетакрор гўзаллигини англаш ҳиссиётлари инсон юрагида тамом сўниб битгандек, онг-шууримиз мушоҳада денгизининг теран қатларига сингиб кетади. Ҳозирги ғоятда шиддатли, тезкор даврда дунёда юз бераётган мураккаб воқеа-ҳодисалар олдида айрим тоифа инсонлар саросимага тушиб қолаётгандек; маънаван хаста қалбини аллақандай фобиялар, янаки футуролог Олвин Тоффлер талқин этгандек, «футурошок» — келажак билан тўқнашувдан ларзага тушиш — қутқулари муттасил таъқиб этаётгандек ҳанг-манглик, карахтлик ҳолатлари кузатилмоқда. Қудратли цивилизация инсонни тийнатидаги ҳиссий қувватни табиатдан ажратиб юборди, инсон табиат билан ўзини бир бутун ҳис қилмай қўйди…

Айтматов юз чандон ҳақ: инсоннинг ғайриэкологик хатти-ҳаракатлари башарият олдида жиддий муаммоларни юзага келтирди. Радиоактив нур таъсирида пайдо бўлган мутант-қўзиқорин, радиоактив моддалар таъсирида Бермуд учбурчагида пайдо бўлган ваҳшатли мутант-қисқичбақалар инсоният учун ниҳоятда хавфли бўлган ҳалокатга айланди. Табиатни вайрон қилиш, табиат билан ихтилофда бўлиш — инсониятнинг ўзини ўзи ҳалокатга элтиши демакдир. Ваҳоланки, келажак воқеа-ҳодисалари тўғрисидаги башоратлари дунё афкор оммасини поёнсиз ҳайратга солиб келаётган фарангистонлик улуғ соҳибкаромат Мишель де-Нотрдам Нострадамус (1503—1556) неча асрлар муқаддам шундай башорат қилган: «Инсоният худони унутиб, темир ўйинчоқларга берилиб кетади… Одамлар табиатдан тобора узоқлашадилар, ўз навбатида, табиат ҳам одамлардан даҳшатли ўч олади…»

Ё Раббий, ҳайратдан ёқангизни ушлайсиз! Ҳолбуки, сайёрамизнинг турли минтақаларида содир бўлаётган:

— кўплаб одамларнинг ёстиғини қуритаётган даҳшатли зилзилалар;

— цунами — ҳалокатли сув тошқинлари;

— вабо эпидемиялари;

— бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлаётган ваҳшатли ёнғинлар;

— ўша Бермуд учбурчаги қаърида радиоактив моддалар таъсирида пайдо бўлган, атроф-теваракка ажал уруғларини уфураётган даҳшатли мутант-қисқичбақалар тажовузи;

— йирик саноат ҳудудлари ҳавога чиқарадиган олтингугуртга бой аралашмалар олтингугурт кислотаси тариқасида ёғаётган «тузли ёмғирлар»;

— қушлар, ўсимликлар ва капалакларнинг кўпайишига таъсир кўрсатган Япониянинг ҳалокатга учраган «Фукусима — 1» АЭСидан тарқалган цезий-134, цезий-137 радиоактив моддалари;

— одамзод бошига улкан кулфат-мусибат ёғдираётган ногаҳоний тўфон-торнадо каби табиий офат-фалокатлар замирида аслида кароматгўй Нострадамус башоратлари ўз тасдиғини топмадимикин?!.

Шу ўринда яна турли йилларда АҚШ ҳудудлари ва Кариб денгизида кўпчилик инсонларнинг умрига зомин бўлган «Хьюго», «Эндрю», «Жорж», «Флойд», «Катрина», «Флора» каби даҳшатли тўфонлар, «Исабель» ва «Иван» қуюнларини эслаб ўтмоқ жоиз.

Кўз олдимда яна беихтиёр Нострадамус башоратлари гавдаланади: «Миясиз тентаклар истилоси туфайли инсонлар қалбидаги Аллоҳга ибодат қилиш ҳисси кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бемаъни туйғулар билан алмашинади… Инсон истибдод домида яна баттар эзилади…»

Дарҳақиқат, Нострадамус урғу бергандек, ўзи ихтиро этаётган темир ўйинчоқлар, тилсимли ойна, темир қушлар, заминни чулғаб олган темир ўргимчак инлари бўйлаб шитоб елувчи усти ёпиқ арава-амфибиялар каби кашфиётлардан мутаассир бўлган инсоннинг асл маънавияти қашшоқлашиб, очкўзлик, худбинлик, ҳирсу ҳавас иллатлари, худосизлик, табиатга зўравонларча ёндашувлар пировардида тирикликни адойи тамом қилмаяптими?!

Ҳайҳот, бундай таназзулдан Ўзи асрасин! Одамзодга инсоф берсин, иймон-эътиқодини мустаҳкам қилсин! Келажак авлодлар олдида юзимиз шамгин бўлмасин!..


Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган умумбашарий муаммолардан бири — экология муаммосидир. Жаҳон иқтисодиётининг аксилэкологик ривожланиш тамойиллари табиий муҳитга ҳалокатли таъсир этиб, биосферадаги табиий мутаносибликнинг бузилишига, инсон ва табиатнинг диалектик бирлиги издан чиқишига олиб келиши мумкинлигини зинҳор унутмаслик керак. Бу нарсани ХХI аср бўсағасига келиб, дунё фабрикасига қиёс қилинаётган Хитой иқтисодиёти мисолида равшан мулоҳаза қилиш мумкин.

Хитой иқтисодиёти ҳозирги кунда дунёда иккинчи ўринда туради. Бироқ мамлакат иқтисодиётининг юқори суръатлар билан равнақ топиб, гуркираб ўсаётгани атроф-муҳит масаласида турли муаммоларни юзага чиқараётгани ҳам айни ҳақиқат. Ҳолбуки, бу равиш юқори суръатлардаги саноатлашув, жадал миқёсдаги урбанизация (шаҳарлаштириш) кўринишлари, бунёдга келган йирик шаҳарлар — мегаполисларда аҳолининг зич жойлашуви, қурилиш бунёдкорликларининг салбий жиҳатлари ҳукумат раҳбарларини жиддий ташвишга солиб қўймоқда. Зеро, дунёдаги ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рўйхатида Хитойнинг еттита шаҳри қайд этилган! Боз устига, экологиянинг кескин ёмонлашуви сабабли ушбу мамлакатда ҳар йили 500 мингдан 750 минггача инсон бевақт ажал шаробини тотмоқда. Тўғри, илдизи тобора чуқурлашиб бораётган долзарб экология масалаларини ҳал этиш мақсадида Хитой ҳукумати керакли чора-тадбирлар ишлаб чиқмоқда, лекин муаммо миқёсининг улканлиги барча саъй-ҳаракатларни боши берк кўчага киритиб қўймоқда. Ечим? Бу ўринда фақат биргина тушунча мавжуд: вақт — олий ҳакам дейдилар, барчасини вақт кўрсатади…


Мавзуга қайтсак, Шохонов таассуф билан таъкидлайди: ҳар хил заҳарли газлар, чанг-тўзонлар, радиация ер атмосферасини кескин суръатда ифлосланишига сабаб бўлмоқда; дунё бўйлаб сон-саноқсиз саноат корхоналари ҳавога пуркаётган заҳарли чиқитлар ва қурумларнинг кўпайиб кетиши оқибатида ернинг ҳимоя қобиғи — озон қатлами емирилиб бормоқда. Бинобарин, ер қобиғини ультрабинафша нурлардан мудофаа қилувчи Озон қатламининг емирилиб бораётгани бугунга келиб, инсон тафаккури ва ақл-идроки қаршисида мисли тоғдек кўндаланг турган ечими мушкул масалалардан бирига айланиб қолди. Илм-фан тараққиёти ҳосиласи бўлган турли техник жиҳозларнинг узлуксиз ҳаракатда бўлиши, автотранспорт воситаларидан ажраб, ҳавога кўтарилаётган фреон моддалари озон қатламига секин-аста шикаст етказиб келмоқда. Озон қатламини асраб қолиш муаммоси вақт ўтган сайин инсоният олдида турган глобал муаммо эканлиги яққол англашилиб бормоқда. Ажабо дейман, Улуғ Нострадамус ҳатто беш аср муқаддам озон туйнуги ҳақида ҳам келажак авлодларни огоҳ этиб, шундай башорат қилган экан: «ХХ аср охирида ўлат ва бошқа касалликлар юриб одамларга ёпирилади.» Қўшимчасига, дарё ва денгиз сувлари қуриётир. Агар соҳа мутахассислари тадқиқотларига синчиклаб назар ташласак, тупроқ заҳарланиши ва эрозия ҳодисаси кескин кучаймоқда; дунё океанига йил сайин миллион-миллион тонналаб нефть чиқиндилари тўкиб ташланмоқда. Ҳайвонот ва наботот олами аёвсиз қирғинлардан ҳамон азият чекмоқда…

Бу ўринда яна Нострадамус башорати ёдга тушади: «Ҳаво ва ер заҳарланади, бир қанча денгизлар қуриб қолади, кўллар ботқоқликка айланади.» Ва инсон онг-шуури, идроки, тафаккури, сезги-сезимларини ҳамон соҳибкаромат Нострадамус башоратлари ларзага келтирмоқда: «… Табиат ҳам одамзоддан даҳшатли ўч олади.» Лекин интеллектуал салоҳияти ошган сари тобора техника-технология ютуқлари жилоларидан кўзи қамашиб, юксак тамаддун зомбисига айланиб бораётган одамзод Яратганнинг чексиз иноятидан шукроналик ҳисларини қалбидан сидириб ташламаяптимикин?! Яратган ўз қудрати, сир-асрорини тийнатида акс эттирган мўъжаз хилқат эканлигини, табиат билан бир бутунликда яшаш кераклигини унутиб қўймадимикин?

Чиндан ҳам, Нострадамус башоратлари асрлар оша нечоғли ҳақиқатга айланаётганини бутун инсоният сўнгсиз афсус-надомат туйғулари билан эътироф этмоқда ва истибдод домида баттар эзилмоқда!..

Дарвоқе, инсоният глобал экологик инқироз остонасига қадам қўймадимикин? Бу ўринда машҳур фантаст ёзувчи Александр Беляевнинг «Ҳавофуруш» номли хаёлий романининг ёдга олиниши инсоният учун келажак ҳайқириғидек акс-садо беради: одамзоднинг шафқатсизлиги табиат томонидан муқаррар жазоланиши мумкин!

Ҳақиқатан, тасаввур қилинг: ер қаъридан нефть, газ, кўмир ва бошқа қазилма бойликлар инсон эҳтиёжи учун тинимсиз равишда қазиб олиняпти. Ҳосил бўлган бўшлиқ эса зилзила бўлишига сабаб бўлиб, жонли табиатга салбий таъсир кўрсатади. Шохонов бежиз куйинмайди: қазилма бойликлар замонавий воситалар асосида тортиб олиниб, бўшлиқ тўлдирилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўз навбатида, ҳаво таркибида кучли даражада радиация бўлгани туфайли иссиқ ўлкаларга учиб кетаётган оққуш, ўрдак, ғозлар галасининг сезги қобилияти сусайиши оқибатида йўлдан адашиб, қаҳратон Ёқутистонга бориб қолиши ва ёппа нобуд бўлиши ҳақида Айтматов сўзлаган қайғули воқелик инсониятни огоҳликка, ҳушёрликка чақиради. Ҳолбуки, ҳаводаги радиация кучи бугун сайёрамиздаги жониворларни нест-нобуд қилса, бир кун келиб, одамзод бошига ҳам машъум офат-фалокатлар ёғдирмасмикин?!

Бўлимда Шохонов келтирган қизиқ бир маълумот диққатга молик. Яъни, Хитойда маданий инқилоб даврида зараркунанда ҳисобланган чивин, пашша, сичқон, чумчуқларни ёппасига қириб юбориш ҳақида эълон қилинган махсус давлат қарори ва шунга вобаста оммавий тус олган мантиқсиз хатти-ҳаракатлар нақадар кулгили, аянч оқибатларга олиб келгани инсониятга жиддий сабоқ бўлиши керак.

«Биз болалар боғчасидан, мактабдан бошлаб экологик таълим-тарбияга алоҳида эътибор бермоғимиз керак. Болалар ёшлик чоғиданоқ табиатга нисбатан бемеҳрлик, енгилтаклик қилинса, бу оғир оқибатларга олиб боришини билмоқлари зарур», — деб таъкидлайди Айтматов.

Ҳақиқатан, инсон экологик тарбия, экологик дунёқарашлари асосларини фақат эзгу саъй-ҳаракатлар йўлида шакллантирмоғи керак. Зеро, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бутун инсоният масъулдир.

Ишончимиз комилки, Ч. Айтматов ва М. Шохоновларнинг инсониятга қаратилган ҳайқириғи жавобсиз қолмайди. Аста-секин дунё мамлакатларида ер ости бойликларини қазиб олиш борасида замонавий техника ва технологиялар ишлаб чиқарилмоқда. Бундай қувонарли ижобий жараёнлар келажак авлодлар фойдасига хизмат қилади.

Шукрки, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, мамлакатимизда экология борасида катта ўзгаришлар юз бермоқда. Жамиятимизда экологик тарбияга соғлом авлод тарбиясининг таркибий қисми сифатида катта эътибор қаратилмоқда. Жамият ва табиат муносабатлари ёшлар онгига мунтазам сингдириб борилмоқда. Ҳар йили она-табиатга, ҳайвонот ва наботот оламига меҳр-муҳаббат мавзулари доирасида турли-туман маънавий-маърифий тадбирлар кенг кўламда ташкил этилмоқда. Бу хайрли ва эзгу ташаббуслар юксак маънавий камолотга элтади. Ҳозирги кунда юртимизда ўсадиган ўсимликлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, йўқолиш хавфи остида қолган холмон, ширач, саллагул каби камёб ўсимликлар Ўзбекистон Республикасининг «Қизил китоб”ига киритилган. Шунингдек, мамлакатимизда давлат қўриқхоналари, биосфера резервати, ноёб ҳайвон турларини кўпайтиришга ихтисослашган «Жайрон» экомаркази фаолият юритаётгани халқимиз нечоғли табиатпарвар эканлигидан яққол далолат бермоқда. Қувонарлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар янада кенг кўламда равнақ топишида муҳим омил бўлмоқда. Чунончи, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ЮНЕСКОнинг махсус сертификати топширилиши халқимиз она табиатга нақадар дўстона муносабатда бўлаётганидан ёрқин нишонадир.

Ҳа, донишманд адиб Айтматов нақл қилганидек, ер юзасидаги пурвиқор тоғлар, кўм-кўк денгизлар, зилол кўллар-у қуюқ ўрмонлар, нафосатга бурканган боғ-бўстонлар, кўзни яшнатувчи кўркам ландшафтлар, жониворлар ва ўсимликлар — бари-барчаси Яратган томонидан инсон ҳукмига ҳавола этилди. Ер юзида ҳаётнинг гуллаб-яшнаши ёки барбод бўлиши фақат инсоннинг хатти-ҳаракатларига боғлиқ.

Табиатни муҳофаза қилиш, уни асраб-авайлаш, ҳайвонот ва наботот оламига меҳрли бўлиш ер юзидаги ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Шундай экан, сахий бағридан ноз-неъматлар пайдо қилиб, бизни тўйинтираётган, беқиёс нафосати билан кўнглимизни қувонтираётган она табиатни кўз қорачиғидек асраб-авайлайлик, азиз асрдошлар!

Оқилжон Ғофуров. 2018-йил, январь.

БЕОВУЛЬФ — ЭЗГУЛИК ТИМСОЛИ

Олам яралибдики, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик, нур ва зулмат ҳеч замонда бир-бири билан муроса қила олмайди; улар мисоли олов билан сув каби бир-бирига қарама-қарши иккита кучдир. Моҳиятан, абадийликка дахлдор бу икки ижобий ва салбий куч азал ва абад оралиғида бир-бирини абадий яксон қилиб ташламоққа чоғланади, аммо бу кураш тўхтовсиз давом этаверади. Бинобарин, бири тилсим дунёда ҳар неники яратади, кашф қилаверади; бошқаси вайрон қилиб, кулини кўкка совураверади.

Инчунин, бу азалий кураш талотўпида ким эзгулик тарафда-ю, ким ёвузлик томонда — абадий жумбоқ, мангу фалсафа…


Талабалик давримда халқ оғзаки ижоди билимдонлари Муҳаммаджон Мадғозиев ва Ҳабибулло Жўраев каби устозлардан сабоқ олар эканман, ўзбек фольклор адабиёти чашмаларидан маънавий озуқа олиш баробарида жаҳон фолкьлор адабиётига ҳам беҳад қизиқиб қолдим. Халқимизнинг бағрикенглик, матонат, олижаноблик каби эзгу фазилатлари ўз ифодасини топган, эл-юрт фаровонлиги, Ватан равнақи учун кураш баралла куйланган «Алпомиш»; халқимизнинг фаровон ва озод ўлка ҳақидаги орзу-умидлари мужассамланган «Гўрўғли» туркуми достонлари мутолааси қатори қадимги ҳинд халқ эпоси «Панчатантра» ва унинг илдизларидан дунёга келган «Калила ва димна”ни такрор-такрор мутолаа қилиб, атроф-оламга, ҳаётга, одамларга ўзгача нигоҳ билан қарай бошладим; тафаккур дунёим ичра янги оламлар пайдо бўлди.

Мен яна, илк ўрта асрлар, Уйғониш даври ва XVII аср Ғарбий Европа адабиёти фольклор ижодига айрича қизиқиш билан қарай бошладим. Айниқса, мифологик характерда яратилган, умумбашарий эзгу ғоялар тараннум этилган қадимги герман қаҳрамонлик эпоси — «Нибелунглар ҳақида қўшиқ», англо-сакс қаҳрамонлик эпоси — «Беовульф ҳақида достон», шунингдек, қадимги исландия адабиёти ёдгорликлари бўлмиш «Эдда» қўшиқлари туркумидан оламнинг яралиши ва ҳалокати ҳақидаги мифлар акс эттирилган «Волуспа» қўшиғини ҳар вақт мароқ билан мутолаа қилардим.

Дейлик, «Нибелунглар ҳақида қўшиқ» достони менда қандай таассурот қолдирган?

Ёвуз аждарҳони маҳв этиб, «Нибелунглар бойлиги”ни қўлга киритган баҳодир жангчи Зигфрид кўз ўнгимизда мудом Ватан озодлиги курашчиси, доно ва олижаноб инсон сифатида гавдаланса, Кримхильда ўз эрига содиқ ва вафодор, қасоскор аёл сифатида китобхон қалбида меҳр-муҳаббат туйғуларини уйғотади. Ҳасадгўй ва мақтанчоқ аёл Брюнхильда ҳамда мунофиқлик, риёкорлик тимсоли, манфур қотил Хаген эса қалбимизда чуқур нафрат туйғуларини уйғотади.

«Беовульф ҳақида достон» онг-шууримда ёрқин таассурот қолдирган асарлардан биридир.

Айтиш жоизки, ушбу достон ва қўшиқларни имкон доирасида, турли манбаларда келтирилган парчалар, тақризлар, мақола ва талқинлардан ўқиб ўргандим; булар бир нуқтада бирлашиб, яхлит тасаввур ҳосил қилди.

Манбаларда ёзилишича, «Беовульф ҳақида достон» VIII—IX асрларда яратилиб, Х аср бошларида ёзиб олинган. Достон икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмида Дания қироли Хротгар саройи тасвирланади.

Қирол Хротгар ўз аъёнлари билан ўтказадиган базму жамшидларга мўлжаллаб, оромбахш бир гўшада ҳашаматли меҳмонхона қурдиради. «Хеорот», яъни «Буғу қасри» деб аталган муҳташам бинода кайфичоғлик, шодумон ҳаёт қирол орзулагандек, узоқ давом этмайди. Модомики, олам яралгандан буён осудалик остида ҳамиша таҳлика пинҳон; зеро, одамзодга тўкис ҳаловат азалдан курашларсиз насиб этмаган ва абад шу ақида ўз кучида қолаверади. Ёвузлик ҳамма даврларда, ҳамма вақт эзгулик йўлини тўсгани-тўсган…

Воқеан, денгиз бўйидаги қўланса ботқоқликларда Грендель исмли даҳшатли махлуқ яшарди. Бу нафси ўпқон, тасқара махлуқ қоронғу кечалари қўққисдан пайдо бўлиб, ғафлатда қолган қирол жангчиларини ер тишлатиб, ея бошлайди. Саройдагилар росмана ваҳима ичида қолади. Ногаҳоний кулфат-мусибатдан қаттиқ қайғуга ботган қирол Хротгарнинг қалбини изтироб ва надомат туйғулари беомон жизғанак эта бошлайди… «Наҳот дунёда ёвуз кучлар ҳукмрон, эзгулик забун?! Наҳот анави юҳо Грендель саройдаги одамларимни битта қўймай ўлдириб, гўштларини бурдалаб еб кетаверади! Адолат қаерда, қани ҳақиқат?! Наҳотки ер юзида балойи нафс Гренделни яксон эта оладиган қудратли куч йўқ?!.»

Зим-зиё тун. Осмон хира, тунд. Атроф осуда, сокин. Фақат чигирткалар чириллайди, қурбақалар «вақ-вақ» қилади, холос. Қирол Хротгар ва саройдагилар эшик-деразаларни маҳкам беркитиб, уйқуга кетган. Фақат бошига дубулға, эгнига совут кийиб, қўлига қалқон ва найза тутган соқчилар бедор. Асаблари таранглашган соқчилар хавотирга тушиб, ўз ҳудудларини зийрак нигоҳ билан қўриқлашмоқда. Ваҳоланки, ўша даҳшатли махлуқ кутилмаган вазиятда доғда қолдириб, ўлдирувчи ҳамла қилиши мумкин! Равшанки, ҳар қандай хавф-хатарга доимо тайёр туриш керак, акс ҳолда ҳамма одамхўр махлуққа луқма бўлиши муқаррар!

Тун гўё осуда ўтмоқда. Бирор хавф-хатардан нишона йўқ, Грендель қайларгадир гумдон бўлгандек. Шу боисми, бироз хотиржам тортган соқчи-ясовуллар ихтиёрини бирин-кетин ширин уйқуга топширди. Алланечук ҳиссиётлар измида ҳушёрликни қўлдан бермаётган хилватдаги ёлғиз Халдоур ҳам азбаройи толиққанидан ғайришуурий равишда мижжаларини юмди ва… абадий уйқуга кетди.

Бу асно нафси ҳакалак отган одамхўр Грендель тубсиз ботқоқлик қаъридан шалоп-шулуп юзиб чиқиб, ер юзига кўтарилди-да, ими-жимида судралиб, одамлар яшайдиган маконга тобора ёвуқлашиб келаверди. Ҳолбуки, очофат махлуқ зимистон кечанинг айни лаҳзаларида энг сергак соқчилар ҳам ғафлат уйқусига асир бўлишини равшан англаб етганди. Ҳар қалай, Грендель оҳиста яқинлашиб келиб, қалқон ва найзасини мармар деворга суяб, шундоққина майса устида пишиллаб ухлаб ётган боёқиш соқчи-аскарни томоғидан хиппа бўғди-да, жони узилгач, қонини ҳузур қилиб сўра бошлади. Сўнг, гўштларини бурдалаб, ҳалқумига тиқа бошлади. Нафси қонмагач, хиёл нарироқда ухлаб ётган одам боласини ҳам иштаҳаси карнай бўлиб, емоқчи бўлиб турганди ҳамки, дафъатан метиндек қаттиқ қўллар махлуқнинг елкаларидан куч билан чангаллаб олди.

Илкис одамхўр махлуқнинг ғазаби қайнади: ким экан у, мен билан олишмоққа юраги довлаган жонзот?! Дунёда ҳали менга бас келадиган қудратли куч йўқ! Магарда паймонаси тўлган биронта ахмоқ бўлса, бешбадтар бўлсин — бир зарб билан мажақлаб, суякларигача қолдирмай, ғажиб ташлайман!

Дарғазаб Грендель шахд силтаниб, рақибига юзма-юз бўлди ва бутун вужуди алланечук ҳиссиётлар залворидан зирқираб, чунонам музлаб кетди. Эвоҳ, унинг қаршисида нигоҳлари қаҳр уфураётган, бақувват билакларида адоқсиз куч-қувват ўйноқлаётган, мушаклари йўғон, ҳайбатли паҳлавон ғолибона кўкрак кериб турарди! Бу — «одам-бўри» Беовульф эди!

Дарвоқе, ботқоқликни тарк этар чоғи онаси Люцифера Гренделга бот-бот насиҳат қилиб эди: «Ҳар нечук, ҳушёрликни йўқотма, болам. Негадир шу сафар юрагим қаттиқ безовта бўляпти. Хаёлимда ўлгур Беовульф тўсатдан пайдо бўлиб, сенга заҳмат етказадигандай туюлаяпти…»

Махлуқвачча чуқур таажжубга ботди: «Ваҳ, онажон, асти қизиқ гапларни гапирасан-а! Туриб-туриб, кулгим қистайди, шайтоним қўзиб кетади! Ҳе-ҳей, бу дунёда сен-у менга бас келадиган қудратли куч йўқ. Биз борлиқда абадий ҳукмронлик қиламиз! Бузамиз, вайрон этамиз, одамларнинг қонини сўриб, гўштини еймиз! Сен эса, ғашимга тегиб, қаёқдаги номинг ўчгур Беовульфни ҳадик билан тилга олиб, дағ-дағ қалтираяпсан. Ким экан у, лаънати Беовульф деганинг занғар?»

Онаси маъюсланди ва чуқур хўрсиниб қўйди. «Қизиққонлик қилмай, яхшилаб қулоқ тут, болам, — деди бошини сарак-сарак тебратиб, — хоҳлаймизми-йўқми, ер юзида иккита қарама-қарши куч мавжуд. Ҳамонки биз оламни зулмат қўйнида кўриб, ҳар қанча ёвузликлар қилмайлик, эзгулик деган қарши кучлар ҳам бир чеккада жимгина қараб турмайди. Эса, ёруғлик ва эзгулик йўлимизга ҳамиша ғов-тўсиқлар қўяверади. Беовульф — қудратли рақибимиз, мангу эзгулик тарафдори. Ростини айтсам, у наинки сен билан мени, балки ер юзидаги барча зулматдош қавмларимизни-да маҳв этмоққа, тилка-пора қилмоққа қодир! Ҳазир бўлайлик, ҳазир бўлайлик!..»

Воқеан, қўшни шведлар юртининг жанубий ерларида геотлар қабиласи яшарди. Қирол Хротгар саройидаги машъум воқелик бундаги аҳолини қаттиқ қайғуга солди. Бутун мамлакат бўйлаб «Гренделга ўлим!», «Одамхўр махлуққа ўлим!» деган ҳайқириқлар янграрди. Ваҳоланки, ёвуз одамхўрнинг боши янчилмас экан, геотлар қабиласига ҳам ором-осудалик йўқ! Ҳайҳот, одамзод бошига қирғин келтираётган ўшал ваҳшатли кучга мардона қамти борадиган паҳлавон борми ўзи оламда! Акс ҳолда, геотлар қабиласи ҳам Гренделга битта қолмай ем бўлиб, ер юзида қабоҳат ва зулмат абадиян тантана қилурми, эйвоҳ!..

Геот қироллигида истиқомат қилаётган, баҳодирлиги билан тилларда достон бўлган жасур Беовульф мусибатдан хабардор бўлиб, интиқом ўтида ёнди; жисмида илкис илоҳий куч-қувват, ғайрат-шижоат ҳис этди. Адолат Тангрисидан мадад тилаб, довюрак сафдошлари билан шошилинч равишда кемага тушди. Денгиз орқали қўшни ўлка томон жадал сузиб кетди…

Интиҳо, икки ўртада даҳшатли олишув бўлди. Ўзини енгилмас деб ҳисоблаган Грендель баҳайбат Беовульфнинг бартараф этиб бўлмас зилдек зарбаларига бардош бера олмади. Қовурғалари синиб, суяк ва пайлари залворли муштлар зарбидан қарс-қурс мажақланиб кетди. Фалокатни қарангки, қарши зарбага чоғланганди ҳамки, Беовульф эпчил ҳаракат билан юқорига даст кўтариб, андоғ ерга қапиштириб урдиким, оғриқнинг зўридан махлуқ ўкириб-ўкириб юборди. Паҳлавон Беовульф шу заҳоти ҳолдан тойган одамхўрнинг кўкрагига оёқ босиб, ғолибона наъра тортди-да, исқирт Гренделнинг ўнг қўлини елкасидан шарт суғуриб, узиб ташлади! Одамхўр махлуқ чунон ўкирди, чунон ўкирдики, атроф-теварак ларзага келди. Силласи қуриган мажруҳ Грендель жон ҳовучлаб судрала-судрала, базўр ботқоқликка етиб олди. Дабдаласи чиққан майиб-мажруҳ боласининг аянч аҳволига разм солиб, тасқара она Люцифера дафъатан увлаб юборди, фиғони фалакка чиқди. Вужудидаги ваҳший ҳиссиётлар жунбушга келиб, эртасига қоронғу тунда Хротгар одамларига қирғин келтириб, чалажон боласи учун шу равиш ўч олган бўлди. Йўлида дуч келган одам боласини аямади. Ўткир сўйлоқ тишларини инсон баданига ғарчча-ғарчча ботириб ташлайверди. Шу йўсин Беовульфдан интиқом олган бўлиб, мамнун кайфиятда изига қайтди. Қирол саройида эса, қий-чув, қиёмат қўпди. Галдаги мудҳиш воқеадан қалби лазага келган жасур Беовульф шу ҳақиқатни тугал англаб етдики, қаттол ёвузлик доясининг мурдор боши гар янчилмас экан, дунёда адолат қарор топиши душвор!

Паҳлавон Беовульф кўкка илтижо қилиб, Тангридан мадад сўради. Баногоҳ бутун мавжудиятига илоҳий бир куч ёғилди. Алҳол музаффарона наъра тортиб ҳайқирди-да, қурол-аслаҳаларини шайлаб, хавфли ботқоқлик қаърига шўнғиди. У ўз фикрида асло янглишмабди: жирканч одамхўр-махлуқлар бадбўй ботқоқликнинг энг тубида, энг зимистон, энг қўланса қатламида нафас оларкан. Муросасиз ҳарбу зарб билониҳоя давом этди.

Алоҳа, қудратли Беовульф ёвузликнинг дояси ва боласини буткул маҳв этиб, палид каллаларини ўткир ханжар билан кесди-да, қирол Хротгар саройига келтирди. Саройдаги эл-улус бу кун шодон кайфиятда: бахтиёр чеҳраларда озод туйғулар, эрк нашидаси тантана қилди. Мусаффо осмонда кабутарлар хушҳол қанот қоқиб, тинчлик қўшиғини куйлай бошлади. Чор-атрофдан музаффар Беовульф шарафига олқиш овозлари янграй бошлади:

— Яшасин халоскоримиз баҳодир Беовульф!

— Ёвуз кучларга ўлим! Даф бўлсин йиртқич одамхўрлар!

— Яшасин озодлик, ҳурлик!…

Озодлик ва эрк насимлари ичра таҳсин-олқиш овозлари поён билмасди. Эртасига «Буғу қасри”да халоскор қаҳрамон шарафига шоҳона зиёфат уюштирилди. Шодумон қирол Хротгар Беовульфга қимматбаҳо совғалар, зарбоф кийимликлар туҳфа этиб, ҳашаматли кемада ўз ватанига катта тантана билан кузатиб қўйди…

***

Олам яралибдики, абадийликка дахлдор икки қутб, икки куч мудом бир-бирини яксон этмоққа жидду жаҳд қилади. Мангу муҳораба майдонида эса эзгулик ва ёвузлик бандалари армон билан абадий уйқуга кетаверади. Армонлар ҳам мисоли икки қутб, икки ҳиссиёт…

Ибтидо ва интиҳо оралиғида бу сафар эзгулик ёвузлик устидан тантана қилди. Аламзада ёвузлик тарих саҳнасидаги қақшатқич мағлубиятини тан олишни ҳаргиз истамай, тишларини ғижирлатиб неча муддатга кураш майдонидан ортга чекинди. Ҳолбуки, вайронкор ёвуз руҳлар Грендель ва Люцифера танасини тарк этиб, покдомон руҳлардан ўч олмоқ мақсадида аллабир сафил манзил-мароҳилларда, қўланса кунжакларда, бадбўй мазгилларда бир муддат нафас ростлади ва таносух қилиб, қайтабошдан бир танада жипслашиб, Маммон исмли оловкор аждарҳо қиёфасида пайдо бўлиб, рўйи-заминга ўт уфура бошлади; қадамида нимаики дуч келса, аёвсиз куйдира бошлади…

***

Даҳшатли аждарҳо оғзидан устма-уст ер юзига олов пуркар экан, дам-бадам:

— Грендель учун, Люцифера учун, ёвузлик қурбонлари учун! — дея гулдурос солиб, қаҳ-қаҳ отарди. У шу тахлит ора-сира ерга қўниб, куч-мадор йиғар ва яна кўкка парвоз этиб, заминга олов пуркашда, одам болалари бошига кулфат-мусибат ёғдиришда давом этарди. Замин юзидаги ям-яшил ўт-ўланлар, ҳатто қулоч сиғмас дов-дарахтлар ҳам қуриб-қовжирай бошлади. Юртда мисли кўрилмаган қаҳатчилик, қурғоқчилик бошланди, одамлар нобуд бўла бошлади. Оловпуркар Маммон аждарҳо эса кўкда ҳамон гулдурак соларди:

— Ҳо-ҳо-ҳо! Куйдираман, ёндираман, қовжиратаман! Эзгуликни маҳв этаман! Ер юзида ёвузлик абадиян тантана қилур! Мени ҳалок этадиган куч йўқ дунёда!..

Ҳайҳот, шу асно бурқсаб ётган ер юзасининг қай бир бурчидан нимадир лаънати буюм визиллаб учиб келиб, нақ томоғига ғарчча санчилди! Ҳис этсаки, учи ўткир ингичка темир жисм экан лаънати! Жисмида кучли оғриқ сезган аждарҳо андоғ иҳраб юборди, кўз олди қоронғулашиб, парвозда мувозанатини буткул йўқотди ва шувиллаб ерга қулай бошлади. Аксига олиб, ўткир тиканакли сассиқ алафлар усига гурсиллаб тушди. Суяк-қовурғалари синиб, мажақ-мажақ бўлди. Боз устига, куйиндидан ҳосил бўлган чидаб бўлмас ачқимтир ҳид димоғини жаз-жаз куйдирди. Атроф қуюқ туман ичида қолгандек, кўзига ҳеч нима кўринмас эди.

— Ҳо-ҳо-ҳо! Яшасин эзгулик, битсин ёвузлик!..

Ажабо, атроф-оламни ларзага солган бу ҳайқириқ қайдан келди, қайси жонзот овози бўлди?!

Дабдурустдан талвасага тушган аждарҳо ўзини ўнглаб улгурмай, елкасига учи ўткир йўғон темир шундай зарб билан санчилдики, жон аччиғида ўкраб-ўкраб юборди. Ҳаял ўтмай, ер юзасини қоплаган ачқимтир дуд тарқалди, дафъатан ҳамма ёқ ёришиб кетди ва рўпарасида ғолиб одамзод пайдо бўлди. Бир қўлида қалқон, бир қўлида ялтироқ қилич! Бошида дубулға, эгнида совут! Ўткир нигоҳларида, юз-кўзларида бешафқат қасос туйғулари ўт пуркар эди! Маммон аждарҳонинг вужуди илкис қўрқинч туйғулардан бир қалқиб тушди — Беовульф!..

Ҳайҳотки, оловпуркар аждарҳо алам-изтироб ҳиссиётлари билан шу ҳақиқатни ёдга олди: Грендель ва она одамхўр баданини тарк этган ёвуз руҳлар ўз жисимга аста-аста таносух қилиб чирмашар экан, ғойибдан қандайдир вишиллаган овозлар келди: «Қисматингда Беовульф бор, огоҳ бўл, огоҳ бўл, огоҳ! У — ёвузлик кушандаси, шафқат билмас эзгулик паҳлавонидир! Жисми жаҳонида шундай бир илоҳий куч мавжудки, таърифлаш маҳол…»

Интиҳо, қарама-қарши кучлар ўртасидаги галдаги жанг ҳам ниҳоятда оғир, муросасиз кечди. Ҳар икки томон енгаман, янчаман дерди, илло мағлуб бўлишни асло истамас эди. Ҳар нечук, баҳодир Беовульф ёвуз оловпуркар мавжудотнинг ҳамлаларига чап берди, чаққон-чаққон қилич солиб, жон томирларини шартта-шартта кесиб ташлади. Оқибат, Маммон аждарҳо қора қонига ботди.

Бесплатный фрагмент закончился.

Купите книгу, чтобы продолжить чтение.