16+
Силаи раҳм

Объем: 168 бумажных стр.

Формат: epub, fb2, pdfRead, mobi

Подробнее

Сўз боши

Асар қаҳрамони Анвар ёшлигида етим бўлиб қолади, уни бутунлай етим деб бўлмайди аслида. Унинг онаси тирик-ку аммо, енгилтак, ва ҳаётда ўз йўлини йўқотганлиги учун унинг борлиги Анварга умуман фойда бермайди, агар онасининг ёнида яшагани, рўзғорини ва кийим-кечагини ҳисобламасак албатта.

Ўсмирлигидан ёлғиз қолган, ҳеч кимга керак бўлмаган Анвар, йиллар сайин руҳан тушиб боради. Улғайгач жамиятга ҳам кераксизлигини сезади. Ҳаётда мақсадсиз бир дайдига айланган йигитга Аллоҳнинг раҳм назари тушиб, кунлардан бир кун омад кулиб боқади, унинг йўлидан бир фариштсифат аёл чиқиб қалбида имон нурини уйғотади. Унга ёшлигида ота-онасидан олиши керак бўлган таълим тарбияни, кеч бўлсада бера бошлайди.

Аёл жамиятдан ажралиб бўлсада Анварнинг тарбиясига қаттиқ бел боғлайди ва мақсадига етади. Аммо аёлнинг дилидаги пинҳон сирлари очилиб, ҳақиқат юзага чиққанида Анвар фаришта деб билган аёлнинг нурли нигоҳлари, унинг кўз ўнгида қандайдир вақтга йўқолади. Асар гарчи тўқима бўлсада, ундаги воқеалар афсуски ҳаётда учраб туради.

Бош қаҳрамон Анвар бўлишига қарамай, иккинчи даражали қаҳрамон, Меҳрибон аянинг жасорати ва ундаги инсонийлик туйғуларига алоҳида урғу берилган. Меҳрибон аядек устозларни ҳурмат қилиш, улар хақида бир эмас, минглаб достонлар ёзиш керак назаримда. Анварга ғойибдан учраган бу аёл, Анварнинг онасига бўлган, нафрат қобиғига ўралган, аммо ичида яширин муҳаббати туфайли берилган совға эди. Меҳрибон аяга эса Анвар, унинг, имонини синаш учун берилган бир синов эди. Яратган қалбларимизни кўрувчидир. Бу асар билан муаллиф, ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ ўз бандаларини ташлаб қўймаслиги, инсон ҳамиша умид билан интилишда ва сабр билан мақсад сари одим-лашда давом этиши керак демоқчи.

Муаллиф яна алоҳида аҳамиятни инсонни қандай одам бўлиши унинг узоқ ўтмишига, яъни психологик хотираларига бевосита боғлиқ, ёш ниҳолни мажруҳ қилмаслик керак, акс ҳолда ундан ширин мева олиб бўлмайди демоқчи. Бола тарбиясидаги биз учун арзимас туюлган хатолар, келажакда тузатиб бўлмас фожиаларга олиб келиши ҳеч гап эмас демоқчи.

Асар гарчи аёл киши томонидан ёзилган бўлса-да, ундаги қабр, қироат, билан боғлиқ воқеалар сабаб шариатимизда аёл кишининг қироати аврат саналгани ва қабрларни суватиш аёл кишига хос эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, асар бошида муаллиф отахон образига мурожаат қилган.

Асарнинг номланишига келсак «Силаи раҳм» бу нима дегани? бу сўз араб тидидан олинган бўлиб Сила-боғлаш, раҳм-қариндошлик дегани. Қариндош-уруғчиликни сақлаш, ўртадаги мувозанатни бузмаслик, кечириш, қўллаш, ёндош бўлиш, хатоларидан қатъий назар севиш дегани. Ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон ўз қондошлари билан алоқасини узмаслиги, уни ҳеч маҳал дуо қилишдан тўхта-маслиги керак. Табиийки хаёлдан ўтади. Қандай қилиб бир майпа-раст бу қадар юқорига чиқиши мумкин? Мумкин! Негаки бу май-парастнинг қалбининг тубида онасининг соғинчи ҳеч қачон тарк этмаган. Табиийки у ўзи сезмаган ҳолатда онасининг қайтишини тилаб ҳудога ёлворган. Бу эса дуо. «Ота-онасини севган, дуо қилган инсон бой бўлмай иложи йўқ, ” дейилади саҳиҳ ҳадисларда. Ота-онасининг қандай бўлиши-дан қатъий назар, ундан ҳазар қилмаслик, жигарларидан хафа бўлганда ҳам, уларнинг ўтмишдаги хатоларини юзига солмаслик, улардан фойда қолмаган пайтда ҳам, уларни худди болали-гингиздагидек севиш, мана бу «Силаи раҳм» дегани.

Бу асардаги ҳадислар ва мисоллар асосан Фозилжон қори Ёсин ўғли маърузаларидан, Қобил қори Одилжон ўғли маърузаларидан, имом уҳорийнинг саҳиҳ ҳадислар тўплами, «Пайғамбаримиз (С.А.В.) дан 400 олтин сўз» китобидан, Юсуф Таваслийнинг «Ҳикматлар ҳазинаси» китобидан, Ўзбекистон мусурмонлар идорасининг расмий сайтидаги ҳадисларидан, шайҳ Абдулазиз Мансурнинг «Қуръони карим» (маъноларининг таржимаси ва тафсири) китобидан кенг фойдаланилди.

Силаи раҳм

Раҳматли бувам

Тириклар ўлигу, ўликлар тирик.

Кеча бир ажойиб туш кўрдим, тушимда раҳматли бувам, кетмонни кўтарганча зўр бериб уйимнинг остонасига ураётган эмиш-лар. Ортиларида, бош-оёқ оппоқ кийинган бир нотаниш онахон жилмайиб, бувамнинг бу қилиқларидан маъмнун тасбеҳ ўгириб ўтирганмиш.

Мен ёш бола эмишман, эгнимга тўй болаларнинг зар чопонини кийиб, бувамнинг атрофларида икки қўлимни қанотдек ёзганча, чир айланаётганмишман. Бирдан 40 ёшларимда кўп қаватли уй томининг рахида пайдо бўлдим. пастга қарасам шаҳар митти бўлиб кўринаяпти. Оёқларим остида томнинг рахи эмас, қир лолалари қийғоз очилган. Аста ўгирилиб ортимга қарасам, қандайдир дашти биёбон. Дашт бўлиб дашт эмас, боғ бўлиб боғ эмас. Дарахтларининг учлари қуриган-у, пастдаги шохларида сар ҳил мевалар ғарқ пишган. Энг қизиғи шуки боғ ичида бир гала хотин-халаж, олдиларига катта қанор қопни осиб, мева эмас пахта теришаяпти. қандайдир қўрс овоздан ортга ўгирилдим, бояги бувам. Ҳаёт пайтларида ўта қўрс, қўпол одам бўлган дейишади. Худди мен бирор ножўя иш қилиб қўйгандек хўмрайганча менга гувала узатдилар…

Чўчиб уйғониб кетдим. Ҳайтовур тушим экан, тинчлик бўлсин-да ишқилиб. Эрта тонг бўлишига қарамай мозор бошига бордим. Икки калима қуръон тиловат қилиб, кейин ишларимга кетаман деб ният қилдим.

Дарбозадан киришим биланоқ, Шовқин-суронли гавжум дунёдан, бамисоли сирли оламга тушгандек, юрагимга аланечук совуқ югурди. Бир икки қадамга мендан илдамлаб, иккита белкурак ва битта кетмонни устига эски пақирни тўнкарганча, арава судраб кетаётган, ёши чамаси 19—20 лар орасидаги гўрковнинг ёрдамчиси, ва мендан бошқа ҳеч зо йўқ, йўлакдан юриб борар эканман, йўл четларига девор мисоли зич экиб чиқилган пакана буталар гуркираб, ям-яшил баргларини офтоб саҳарлаб силаётган бўлса-да, назаримда ғамгин нола қилаётгандек гўё.

Оҳ, тилсиз, забонсиз қадрдонларим, бу дунёда кўксингизни кериб, босган шаҳдам қадамларингиз остида чанги чиққан ўша каро тупроқ, бугун сизни ўз бағрида эркалаяптими?

Ёхуд… Алҳазар… ўйлашга ҳам қўрқасан киши. Қабрлар оралаб юрар эканман, ушбу қабр ахли, ўз вақтида шу сокин осмон остида Аллоҳга қул бўлганмикин ёки акси дейман-у, бир кун келиб ўзим ҳам уларнинг қаторидан жой олишимни ўйлаб, ўзимга ўзим: уларни кўриб фикр қил, эй инсон оҳирингда ҳолинг шу, шукр қил Аллоҳ сенга улардан кўра кўпроқ вақт берибди, зикрингни айтиб қол, — дейман. Қиёмат яқин, огоҳ бўлинг, огоҳ бўлинг деганча, зич қаблар орасига, бир оёқ аранг сиғадиган ерга эҳтиётлик билан қадам босиб, бувамнинг қабрлари тепасига ўтиб олдим. Ё алҳазар, яқиндагина келиб кетган эдим, оралатиб жой қолдирилган қабрлар, бугунга келиб зичлашиб кетибди-я. Янги сувалган, бир каллача келадиган қабрлар ҳам кўпайиб кетибди. Қиёматга яқин туғилиш ва ўлиш тезлашиб кетади деб эшитгандим, атрофдаги устма-уст, зич қабрлар неча сотиҳ жойни эгаллаганини кўриб, беихтиёр ер юзида тирик жон қолдимикан деган хаёл онгимда айланди. Юрагим сесканиб, ортга бир тисландим.

Аламли ҳикоя

Оилавий хилхонамизни тозалатиб, суватгач, тиловат бошлаган эдим ҳамки, шу яқин атрофдан кимнингдир дод-фиғони қулоғимга чалинди. Атрофга алангладим, сал нарироқда бўй-бастидан кино актёрларни эслатадиган, қорамағиздан келган бўлса ҳам истараси иссиқ, кўзлари думалоқ, қошлари қуюқ, қорайиб кўриниб қолган соқолидан афғонларга ўхшаб кетадиган, эгни боши дуб–дуруст бир йигит қабр устига пул сочаяпти.

— Бу пулларимда сизнинг ҳам ҳаққингиз бор эди устоз. Негамени кутмадингиз — деб тиз чўкканча ўкириб-ўкириб йиглаяпти.

Қараб турдим, бу беодобликни кўриб, агар энгил-боши сотиб кўймаганида девона-да, деб йўлимда давом этган бўлардим. Лекин йўқ, қизиқувчанлигим устун келди чоғи, олдига аста-секин кимнингдир қабрини излаган кишидек яқинлашдим ва дедим:

— Тинчликми биродар? Нима сабабдан бундай қилаяпсиз, ахир майитга бундан нима наф? Энди онангиз…, — дейишимни биламан.

— Мен ҳаққимни адо этолмадим! Кеч қолдим, кеч тушунаяпсизми? Кеч! — Дея силталаб, дағ-даға қилиб берди. Йўқ, мен хафа бўлмадим, аксинча қизиқиб қолдим. Уни нимага кеч қолгани мени жуда қизиқтира бошлади. Аммо ҳозир мавриди эмасди. Шу сабаб бир четга шинамгина, икки кишилик, тахтадан ясаб, оқ рангга бўяб қўйилган ўриндиқда ўтириб тиловат бошладим. У ҳам бироз ўзини тутиб олдимга келиб ўтирди, тиловатимни узоқ тинглади. Мен эса ҳарчанд қизиқишим ошмасин, ҳатто сўрамадим ҳам. У чуқур хўрсиниб, ўзидан ўзи гап бошлади:

— Мен… — деди у ютинганча, — мени телба деб ўйладингиз-а отахон, ҳа телба эдим, бир пайтлар сўқир эдим. Мени кўзларимни очган, бу дунёни танитган шу марҳума, фариштасифат аёл эди.

— Онангизмиди? — дедим, худди менга буни алоқаси йўқдек, ўзимни бамисоли шошаётган киши кўрсатиб. Аммо мен унчалик ҳам шошмаётган эдим. Ишим бошланишига ҳали вақт бор, қолаверса менга қизиқ эди.

— Йўқ, аммо онамдан ҳам аъло эди. 4-ёшимда ота-онам ажра-

либ кетишди. Онам аввалига ишлаб ҳалол пул топиб, мени боғчага берди. Кунларимиз қийинчиликда бўлса-да, аммо мазмунли ўтарди. Аммо бу узоққа чўзилмади. Бора-бора онам ўзгарди, ғалати дугоналари пайдо бўлди. Ҳатто баъзан мени боғчадан олишни ҳам унутиб қўярди, — деб у менга ҳикоясини гапириб берди.

Анвар баъзан боғчада, гоҳида боғча опасининг уйида ҳам тунаб колишига тўғри келарди. Боғча опаси Назокат эридан гап эшитадиган бўлди. Ҳатто жаҳл устида боланинг олдида ҳам, аёлининг ўта меҳрибончилигидан чарчаганини айтиб, уни силталаб ташларди. Кунларнинг бирида эри унга:

— Кетингдан келган думингни йўқот! — деб ўшқирди. Назокат

нима қилсин, болани ташлаб кета олмаса, онаси эса дом-дараксиз. У вақтлари алока воситаси фақат уй телефони бўларди. У ҳам бўлмаса умуман алоқа йўқ. Назокат уч кундан бери ўзи билан олиб юрган болани уй манзилини аниқлади. Катта кўча бўйлаб Анварни етаклаганча баъзан жаҳл, баъзан қалбини алағда қилаётган ҳадик билан бораркан, боланинг беғуборлиги, ундаги ҳеч нимани тушунмасдан, баъзида биз катталар англаб етмайдиган, Аллоҳнинг мўжизаси, осмондаги оппоқ бўлиб, гоҳида тўпланиб, гоҳ тарқалиб сузаётган булутларга қарата жажжи қўлчалари билан ишора қиларди. Ўша булутлар орасидан кимдир оловли камонидан ўқ отган-у, ўша ўқ келиб ерга санчилгандек, тикка тушиб, заминга жон бағишлаб турган қуёш нурлари балки норасида гўдак назарида, мўралаётган меҳрибон, марҳаматли зотнинг табассуми бўлиб кўринаётгандир. Яратганнинг мўжизалари бўлмиш ям-яшил бўлиб, кўчанинг четига бир теккис қилиб экилган дарахтларга савлат бағишлаб турган япроқлар, балки Анваржонга ўз рақсларидан дебоча ҳадя қилгандир.

Ушбу фариштамонанд табассуми билан киши қалбига шавқат ва меҳрни жо қиладиган ажиб бир туйғу ичра, кўп қаватли уйлардан бирига кириб бораркан, Анвар қўлини кўтариб уйининг деразасига ишора қилди. Назокат дарров тушуниб етдики, ўша учинчи қаватдаги тахта ромли, калта пардаларни бир хилда чиройлик қилиб илиб қўйилган дераза Анварларники. У учинчи қаватга чиқиб не кўз билан кўрсинки, уй тамбаланган, ҳеч ким йўқ. Назокатнинг хаёлидан, онасига бир нарса бўлганга ўхшайди. Тинчликмикин? Балки касалхонага тушиб колгандир, деган фикр ўтди. Қўни-қўшниларга мурожаат қилди. Қўшниларнинг гапига кўра онаси «суюқ, енгилтак» аёл экан. Назокат яқин қўшнисининг эшигини қоқди. Эшик очилиб, ранги-воши оқарган, кўзлари маъюс тортган бир аёл чиқиб келди. Назокат ийманибгина:

— Кечирасиз, мен қаршингиздаги 32- хонадонга келган эдим.

Анваржоннинг боғча опасиман…, — дейишини билади эшик тарақ этиб унинг юзига ёпилди. Ичкаридан дағал, чириллаган оҳангда:

— Ҳеч нимани билмайман. Мени тинч қўйинг, — деган ово эши-

тилди. Назокат кўзларини ҳайрон пирпиратиб кўчага улоқти-рилган мушукчадек.

— Нима қилдим? Ҳали гапирганим ҳам йўқ эди, — дея кўзларини

мўлтиратиб, йиғламсираганча қошларини пешона томон йиғиб чуқур хўрсинди. Тепадаги қўшниси, ёшлари элликларни уриб қўйган, йўл- йўл, кенг шалварни кийиб олган, эскирганидан сарғайиб кетган майкада, зинапояга ўтирганча, хаёлан ўзини еттинчи осмонда тасаввур қилиб, бот-бот нималарнидир пичирлаганча, ўнг қўлининг икки бармоғи орасига сигаретасини қистириб, чап қўлининг кўрсаткич бармоғи билан ҳавода қандайдир мисолларни хаёлан ечиб, ора-чора бояги ўнг қўлидаги сигаретасини тутатиб қўяр ва яна берилиб ҳисоб-китобини давом эттирарди. Бўлган воқеани кўриб бармоқлари орасидаги сигаретасини яна бир бор чуқур тортти-да, ҳавога оғзидан чиқаётган никатин аталмиш заҳар-завқумли тутунни пуркаб деди:

— Кеча эрталаб бир йигит билан кетаётиб, — чорвоқда уч-тўрт кун дам олиб қайтамиз деганди. — деди.

Назокат турган жойида қотиб, кўзлари косасидан чиққудек, бир зинада оламни сув босса тўпиғига кўтарилмайдиган, оғзидан бўриқси тутун чиқараётган инсонга, бир нима гаплигини тушунмай жавдираётган болага, бир танбаланган эшикка қаради.

— Бола-чи? У нима бўлади? Аҳир она ҳам болани унутиши мумкинми? — деди у ғазабини ичиги сиғдира олмай. Эркак чекиб бўлди шекилли сигарет қолдиғини қўлидаги темир идишга босиб чеккага қўйди. Кейин Назокатга, ойдан тушганмисан, нима, бунақа аёлларни кўрмаганмисан, дегандек энсасини қотириб қаради ва, — Эссиз шундай бола. Увол шўрлик, — деб секингина уйига кириб кетди. Назокат нима қилишини билмай кўчага чиқиб бироз, суянчиғига беҳаё сўзлар ёзиб кетилган ўриндиққа ўтирди. Қаерга боришини билмай, атрофида, ҳаёт аталмиш бу эгри-бугри сўқмоқда, улоқча мисол сакраб, ҳеч нимани тушунмаётган, ердаги баргларни териб юрган Анваржонни ачинарли нигоҳ билан кузатди. Охири ҳеч нима ўйлаб топа олмади чоғи, тақдирга тан бериб, болани етаклаб ортига қайтди. Аммо юрагини бир нарса даҳшатга соларди:

— Уйга нима деб бораман? Анварни қаерга ташлайман? Эрим ни-

ма дейди? Бугун аниқ уйимга киргизмайди, — эридан қўрқиб, онасига қўнғироқ қилиб бор гапни тушунтирди. Она-да дарҳол тушунди.

— Болани менга олиб кел, суюқ онаси келгунча ўзим қараб тура-

ман, эрингга қара. Уйинг тинч бўлсин қизим.

Уч-тўрт кун ўтиб, она-бола Анварни етаклаб уни яна уйига олиб бориб қўнғироқни босишди. Маишатдан чарчаган, сочлари тўзғиб ётганига қараганда энди уйқудан турган, сарҳуш аёл чиқди:

— Нима гап? — сўради у, нима гаплигини тушунмай, сўнг икки аёлнинг қўлларидан ушлаб, онасининг тўзғиган сочлари, бўёғи қоп- қора бўлиб суркалиб кетган қўзларидан чўчиб кетган, Назокат опасининг ортига яширинаётган Анварни кўриб нима гаплигини англади. Бир қўлини эшикнинг кесакисига тираб, оёқларини чалиштирди.

Аёл аслида унча семиз эмас, аммо юзининг калавати думалоқ бўлганидан уни тўлачароқ қилиб кўрсатаётганди. Унинг туриши Назокатнинг онасига ёқмай, ичида авзойинг курсин шайтонга ўхшамай, — деб қўйди.

— Ўғил туғганингиз эсингиздами, синглим? — дея нафрат, ғазаб билан гап бошлади Назокатнинг онаси. Ўзи шундоғам ёқмаётган бу икки аёл, энди уни ғазабини қўзғади шекилли энсасини қотириб, юзларини буриштирди:

— Эсимда нимайди? — деди кўзини лўқ қилиб.

— Сал кам бир хафтадан бери болангиз сарсон, — аёл, Назокатнинг онасини гапини шартта ўртасидан бўлиб, дўриллаган, бўғилган овозда кекирдагини олдинга чўзиб:

— Боғча пулини тўлаб кўйганман нима проблема? — деди.

— Ие-е, боғча соат 9:00 дан 6:00 гача эканлигини билмасмидингиз?

Шоира бир эснади-да, оғзидаги 32та тишини қўрсатиб, худди сени гапинг менга бир пул дегандек:

— Боғчада каравот кечаси бекоргаям ётибди-ку, бир икки кун ётиб турса жалками? — деди. Назокатнинг онаси бу аёлга гап уқтириш бекорлигини тушуниб, гап мазмунини дангалга бурди:

— Синглим, сиз унда болангизни етимхонага беринг, шунда маса-

лангиз ҳал бўлади. Ўз ҳаётингизни ҳам бемалол қурасиз, болани хор қилманг, уволи тутади-я.

— Надоже, ақлим етмабдия шунга. Ўзим-м-м билама-а-ан-н-н! —

деди чўзиб, асаби бузилаётганидан огоҳлантирмоқчи бўлгандек, сўнг болага зарда билан, — кир уйга итвачча. Сенлардан тинчлик борми ўзи, — деди, сўнг икки аёлни ютиб юборгудек, ўқрайиб эшикни зарда билан ёпди. На рахмат, на миннатдорчилик. Боламга қараб туриб-сизлар, узр, овора қилиб қўймадимми? — дейишга ярамади. Назокат, ҳам ёрдам қилди, ҳам дакки эшитди. Онасига қараб:

— Ғалати аёл экан-а. — Деди.

— Эй қўй, боласиям қурсин, ўзиям.

— Нега ундай дейсиз ойи, болада нима айб?

— Бундай аёлдан бегуноҳ бола туғилиши мумкин, аммо яхши бола

чиқмайди, — деди онаси. Икковлон гаплашиб кўздан ғойиб бўлгунча, Анвар деразадан уларни кузатиб қолди.

Алифбе байрами

Орадан йиллар ўтди, аммо Анварни жажжи ҳаётида ҳали ҳам куёш чиқмаганди. Биринчи синфга аранг етиб келган Анвар ўзида йўқ хурсанд. Биринчи синф. Ота-оналар болаларини етаклаб келишган, баъзилар эса то сўнги дарсгача ўғил-қизларини кутиб туришарди. Анвар ҳам онасини улар орасидан қидирарди. Онасининг вақти йўклигини биларди, аммо болаларча умид уни тарк этмасди. Ҳар доимгидек, Анвар ўзига иккита келадиган папкани орқасига осганча, кўча тошларини санаб уйига борарди. Шундай кунларнинг бирида у:

— агар аъло баҳоларга ўқиб, аълочи бўлсам онам мени мақтайди.

Мен билан фаҳрланади. Шунда мени борлигимдан уялмайди, — деб болаларча ўз олдига мақсад қўйди. У ота-оналар мажлисини интизорлик билан кутарди. Ҳаммадан биринчи онасини олдига югур-ганча бу хабарни етказишга шошиларди. Унинг жажжи аклида онам баҳоларимни кўриб, мени яхши кўриб қолади, деган туйғу жўш урарди. Аммо ота-оналар мажлиси тугул, ҳатто алифбе байрами ҳам худбин онасига қизиқ эмасди. Анвар уч ойда бутун алифбени ёд олиб, болаларнинг ичида кўзга ташланиб қолди. Иқтидори уни ўқитувчиларнинг эркатойига айлантирди. Тез орада алифбе байрам-ини куни тайин бўлди. Анвар уйнинг у бурчагидан бу бурчагига бориб, бор кучи билан берилган шеърларни ёдлар, уни онасига эшиттириб ўқишга ҳаракат қиларди. Онасининг ойнадан уза олмаётган кўзларини ўзига қаратишни, шеърларини эшитиб уни мақташини жуда истарди. Кунлар шунақанги тез ўтдики, байрам куни келиб қолганини ҳам сезмай қолди. У ўша куни қайта-қайта, бугун байрам, дея эслатавериб онасининг жаҳлини чиқарди. Онаси унинг кўйлагини апил-тапил дазмоллаб, мактабга жўнатиб юбориш пайида, Анвар эса эшикни ёпаётган онасига, — борасиз-а, — деди-ю, катта папкани елкасига осганча, чопқиллаб кетди. Байрам жажжи бола-ларнинг шеърлари, тайёрлаган саҳна кўринишлари билан жуда чиройли тарзда ўтди. Анваржон эшик тарафга қараб шеър ўқирди, ички илинж билан эшикдан кўзини узолмади. Ҳамманинг онаси келган, битта Шоира кўринмасди. У қайта-қайта ота-оналар орасига кўз югуртирди, балки онаси уларнинг орасида ўтиргандир, Анвар кўрмай қолгандир.

Ҳар эшик очилганида, Анварнинг кўзлари катта очилиб яшнаб кетар, бегона одам кирганини кўриб бир ҳўрсиниб қўярди.

Шоира эса шу тобда дугоналари билан маишат дастурхонида эди. У Отабекни кўнглини олишга уринарди. Отабек эса унга ҳатто қайрилиб ҳам қарамади, аксинча маъсума аёлларни кўпроқ ҳурмат қилишини айтиб, Шоирани силталаб ташлади. Ўзини ёқтирмайдиган йигитларга суркалгунча, уларга ўзини хор қилгандан кўра ўғлининг байрамига келганида балки… ҳа балки.

Мактабда деярли ҳеч ким қолмади, байрам аллақачон тугаган. Аммо Анвар, онам келиб қолсалар, ҳеч ким йўклигин кўриб ранжий-дилар, дея кечга қадар мактаб дарвозасида онасини кутди. Қиш, қаҳ-ратон совуқ, атрофда тирик жондан фақатгина дайди ит, дарвозадан сал нарироқда чиқиндиларни титиб, ризқини излаяпти. Дабозадан икки уч қадам нарида, тагидан илдизлари азбаройи қавариб кетганидан, мактабнинг деворини ўрнидан силжитиб, қийшайтириб қўйган қари, ёввойи тут дарахтининг шоҳлари эса, бот-бот эсиб қўяётган совуқ шамолда, сумалакларини бир-бирига урганча, гўё болакайнинг дардини куйга солаётган бастакор каби майин садо бераяпти. Мактаб ҳовлисида болалар сирпанчиқ учамиз дея, дўнг-ликка сув қуйиб ҳосил қилган яҳмалак, ора-чора булутлар орасидан милт этиб тушиб қолаётган қуёшнинг нурида ялтираб кўриняпти. Анварнинг миттигина бармоқчалари музлаб қолди. У бармоқларини гоҳ курткасининг енги ичига тортиб иситмоқчи бўлар, гоҳ уларни иссиқ нафаси билан пуфлаб иситмоқчи бўлар, гоҳ бир-бирига ишқалаб яна чўнтагига солиб оларди. Этикчасидан сув ўтган шекилли панжа-ларини иситиш мақсадида турган жойида сакрарди, у сакраганида орқасидаги папкаси, у билан бирга силкиниб, ичидаги китоб-дафтарларининг овози шақиллаб асабига тегарди. Мактаб ичкари-сидаги қоровул уни кузатиб турди-да, чидолмай унинг олдига чиқди.

— Ҳей бола, сен нима қилиб турибсан? Уйинга кетмайсанми? —

Анвар қоровулдан чўчиб кетди, мушук боласидек кўзлари мўлтираб:

— Ҳозир ойим келишлари керак кутаяпман, — деди.

— Бўлмаса ичкарига кириб турмайсанми, совуқда шамоллаб, бир

касални орттирасан-ку бунақада, — деб бақирди болага жони ачиб.

— Раҳмат амаки, ойим мени кўрмай кетиб қоладилар.

— Сен уйга боравер, мен онанг келса уйга кетганингни айтаман

хўпми, болам. Ҳа демай қоронғи тушади борақол, — деди қоравул.

Лаблари кўкариб кетганидан бир-бирига баъзўр тегиб гапираётган Анвар хурсанд бўлиб, раҳмат амаки, — деди-ю уйига югуриб кетди. Анваржон кайфиятини туширмади, нима бўлибди, ойижонимга бай-рам ҳақида ўзим гапириб бераман, деб ўзини овунтирди. У уйига кетаркан ҳеч қаерга чалғимай балки, онам келаётгандирлар дея узоқ бўлса ҳам одамлар гавжум кўчадан юрди. Ора-чора ҳамма ёш жувонларга назар солиб борди. Шу алфозда у уйига келиб қолганини ҳам сезмай қолди. Уйининг деразаси ёпиқ. Чироқ ёқилмаган, демак ойим йўқлар, дея йўлак (подезд) ёнидаги ўриндиқда папкасини қўйиб, дераза тарфдан кўз узмай ўтирганида, кўзи илиниб уҳлаб қолди. Унинг ширин уйқусини кимдир бақириб, папкасидан тортиб бузиб юборди.

— Анвар болам, тур бизникига кирақол, қорнинг очиб кетгандир-

а, — деди эгнидаги қора мехли пальтонинг ёқасини, бир қўли билан гижимлаганча. Бувиси тенги келадиган, сочларидаги оқлари анчадан бери бўялмагани учун ўсиб кетиб, кўзга ташланиб турган Раҳима хола. Анвар уйқисираганча папкани қаттиқ қучоқлаб, ҳали ўзига келмаган кўзларини ишқалаганча, — йўқ қорним очмади. — деди.

— Қанақасига очмасин, қара қоронғи тушди-ю… — деди Раҳима хола Анварни қўлидан тортиб.

— Ойим қидириб қоладилар, киролмайман ҳозир келиб қолсалар жаҳллари чиқади, — деб, қўлини Раҳима холанинг қўлидан аммаллаб чиқариб олди Анвар. Узоқдан машинанинг фаралари ёниб, кулги овози эшитилди. Машина кўча бошида тўхтаб, ичидан бир ёш жувон тушиб келди. Сочлари жингалак қилиб олинган. Қоронғида унинг юзи яхши кўринмаса-да, аммо баданига ёпишиб, сонини аранг ёпиб турган кийими, калта палтосидан бу Шоира эканлигини дарров пайқаган қўшни, — майли яхши ётиб туринглар, — дея уйига кириб кетди. Анвар югуриб бориб онасини қучоқлаб олди. Оёғида зўрға турган Шоира Анварнинг зарбидан ортига йиқилишига сал қолди. Шоира машина ичидаги икки йигит ва бир қиз билан ноилож хайрлашди. Ундан келаётган ҳидга чидаб бўлмасди. Машина кетиб Анвар онасини қучоқлаганча чайқала-чайқала уйга кириб кетди.

Дунёнинг гардиши айланар экан, бу каби аёлларга фақат она мартабисини кўтариб турганлари учундир, балки болаларининг юзларидаги майин таббасуми, улар учун жаннатнинг олтин деворлари олдидан кетмай, унинг осмонларга тенг нақшинкор, дуру гавҳарлардан барпо бўлган, Аллоҳнинг соясида роббимизга ҳамд этиб турган икки шаффоф фариштадан таралаётган нурлар жилосида хамон тургандирлар. Балки Ўша жажжи, кулгисидан жаннатнинг овозлари қулоққа эшитиладиган, бўйлари жаннат боғларининг биргина ғунчасидан бўй олган, юзлари унинг кўшкидан андоза олган шу беғубор, Аллоҳнинг беминнат неъмати, аммо бизга омонат берилган, елкамизга юклатилган улкан маъсулият ва бурчимиз, у дунёю бу дунёмизнинг жаннат ёхуд жаҳаннам қилгувчи, бошимизга нурли тож ёхуд оловли занжир илгувчи, бағримизнинг жигар аталмиш нозик азосининг бир қисми, шу фарзанду-аржумандларимизнинг Аллоҳга илтижолари сабаб осмон бошимизга қуламаётгандир.

Аллоҳнинг вада қилган қиёмат даҳшатини ортга суриб турган-дирки, не-не жоҳил, бемеҳр ота-оналар, тўрт девор ичра осмонга нола қилганча, «онажонимни омон сақла эгам» дея қилган дуолари сабаб ўша бадбаҳт жоҳилларни ер ютмаётгандир.

Фахрий ёрлиқ

Шу аснода йиллар ўтиб бораверди. Анвар 4-синфни аъло баҳо билан тугатиб, йил якунида фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. У ўзида йўқ хурсанд, фахрий ёрлиқга қарарди-ю, онасининг табассумини, ҳайратини, қувончини тасаввур этди. Онасининг меҳр тўла қучоғида эркаланаётганини хаёлан ҳис этди. Ўша бир парча, ранг-баранг қоғоз, унинг учун жаннат боғларига элтувчи учар гилам эди гўё. Фахрий ёрлиқни бағрига босганча уйига яшин тезлигида югураркан, кўп қаватли уйларнинг торгина, офтоб нури қандайдир дақиқалар орасида мўралаб ўтиб кетадиган, заҳ босган кўчалари, унинг наздида кенг ва равон хиёбондек туюлиб кетди. Гўё қуёш ҳам айнан уни кўриш учун, шу тобда ушбу заҳ босиб, нураб бораётган кўчага назарини ташлагандек, бамисоли Анваржонни олқишлаб, фақат у томонга нурини сочаётгандек, дарахтларнинг барглари майин шабадада шитирлаб, унга қарсак чалаётгандек. Зиналардан чиқаркан, унинг жажжи бошида, ҳозир онам эшикни очсалар, биринчи фаҳрий ёрлиқни қўлларига бераман. Қувонганларидан мени кўтариб олади-лар, юзларимдан ўпиб, «болажоним» деб эркалайдилар деган хаёл билан, зинапояларни бирма-бир босишга тоқати йўқ Анвар, тезроқ чиқиб олай деб, иккита зинапояни бир уринишда босишга ҳаракат қиларди.

У эшикни тақиллатиб, фахрий ёрликни орқасига беркитиб олди. Хурсандлигидан оёғини учида зўрға турарди. Дам оёқ учида туриб олар, дам оёқларини жуфтлаб олар, дам сочларини тўғрилар, худди примера подюмга шайланаётган дебютант актёрдек ўзини қўярга жой топа олмасди. Афсус эшик унинг вақтини олаяпти-да. Ким ўйлаб топганикин шу эшикни, деб жаҳл ҳам қилиб қўяди. Эшикни ичка-ридан очилаётганини эшитганида, Анварнинг баданидан чумоли юриб кетгандек этлари жимирлаб кетди, сабр қила олмай эшикни итара бошлади. Эшикни Анварни зарбидан тўхтатиб қолиб, қия очган онаси Анварга қаради ва жаҳл билан, — Намунча эрта келмасанг, бор кўчада ўйнаб тур, уйда меҳмон бор. — деди. Анвар уйга киришга интилди. У онасининг бағрига тезроқ отилгиси келаётганини қани энди онаси билса! Ярим яланғоч эркакни онасининг ётоғида кўриб ҳам ҳеч нарсани тушунмади. Онаси эса болани ёқасидан тортиб, — Қаерга киряпсан? Нима дедим, бор кўчага, — дея ташқарига итариб чиқарди. Болакай юзига ёпилаётган эшикка фахрий ёрлиғини бор кучи билан тутқазаркан, сўнгги дамгача у онасининг юзи ўзгаришини кутди. Аммо… аммо онаси ярми эшикка сиқилиб қолган қоғозни итариб, эшикни занжирлади. Эшик шу қадар қаттиқ ёпилди-ки. Анварнинг назарида худди битиб қолган қулоғи жаранглаб очилган-у, энди у ҳамма нарсани эшита бошлагандек.

Юзига ёпилган эшик уни батамом ўзгартирди. У гўёки бир зумда йилларни босиб ўтиб, катта бўлиб қолди. Ичкаридан кўриш учун мўлжалланган эшик тирқишидан кўз узолмай қотиб турарди. Ҳозиргина ҳатто ҳаводан қизғанаётган фахрий ёрлиқ энди зинадан пастга, патдек учиб тушди. Бинобарин энди Анварни бу, умуман қизиқтирмасди. Секин пастлаб бораркан, зинапояни силаганча, оёги остидаги ўша фахрий ёрлиқни босиб ўтганини ҳам сезмай қолди. У узоқ вақт кўчада ўтирди, кеч кирди, ҳамма уй-уйига кириб кетди. Анвар ҳали ҳам кўчада, оч-наҳор. Кўзидаги ёшини тўкмасди-ку, аммо лаблари титраганидан унинг дод солаётганини билиш қийин эмасди.

Кеч коронғисида ниҳоят ўша амаки уйдан чиқиб кетди. Анвар судралибгина кириб келди. Онаси ойнадан ярим белигача осилиб, ҳалиги эркакни кузатиш билан овора. Анвар папкасини судраганча ошхона тарафга юрди, онаси эса столга ишора қилиб:

— Дастурхонда қолганларини еб, ҳамма идишларни ювиб уҳла-

гин, — деди худди катта болага иш буюргандек. Ва ичкарига кириб эшикни ёпиб олди. Стол устида ноз-нематдан узум, иккита бўлак колбаса ва ярим баклашка кока кола колган экан. Анвар таниб бўл-мас даражада ўзгариб кирганди, у ликопчадаги иккита колбасага узоқ тикилиб ўтирди-да, худди бошига катта ташвиш тушган, ёки бор-будини ютқазган қиморбоздек, бир оёғига тирсагини тираб, тун ярмигача столга термулган кўйи ўтириб, тонгга яқин уҳлаб қолди. Шоира эрталабгача телефонда гаплашиб, янги маъшуқининг кўнгли-ни олиш билан овора эди. Улар катта режалар тузишар, Сардор янги русумдаги машинаси билан мақтанар эди.

Йиллар ўтиб, Анварнинг ўкишга умуман қизиқиши қолмади, бора-бора у иккичилар қаторига тушиб қолди. 7-синфда колганлиги учун уни синфдагилар устидан кулишарди, аммо у бунга унчалик эътибор бермасди, аксинча синфда йигитларнинг зўри (пахан) бўлиб олганди. Дўстлари (мактабни битирган Алишер ва Собир) уни сигарет билан таъминлаб турадиган бўлишди.

— Анвар, ану қиз нечиво экан лекин, — деди кунлардан бир кун Алишер.

— Қайси?

— Қизил папкали, — у Зилолани кўрсатди. Қиз Анварга ҳам ёқарди-ю, Анварнинг назарида, қиз бола бўлажак фоҳиша деган тушунча шаклланиб улгурганди.

— Нимаси чиройли? Ўзича фаришта, — деди унга жирканиб боқиб.

— Собир, ман айлантирими шу қиззи? — деди бошқа бир йигит.

— Йиғиштир! Сигаретдан ол ундан кўра, — деди Анвар. Унинг Аёл кишига нафрати шундок сезилиб турарди. Мактабни тугатаркан ҳамма ота-оналар болаларини табриклашини кўриб Анвар ўзига ачиниб кетти шекилли, кўз ёшини беркитиш мақсадида одамлар орасини зарда билан ёриб ўтиб, мактабдан яшин тезлигида чикиб кетди. Ўртоқлари мактабда хурсандчилик қилар, ўкитувчилар билан хайрлашар, ота-оналарининг меҳридан еттинчи осмонда эди. Анвар эса сув бўйидаги чинор тепасидан уларни кузатиб ўтирарди.

Беғубор муҳаббат

Синфдоши Нодира ўғринча у томонга қараб қўярди. Болаларча севги, аммо бу болалар қаердан ҳам билсин эртага уларни нима кутаётганини. Нодиранинг оиласи ўқимишли оила, шу сабабдан уни ўқишига бефарқ эмасдилар.

— Болам, мана мактабни ҳам битирдинг қара, — дея кўз ёшини артди, Нодиранинг онаси, худди ўзи мактабни тамомлагандек. Нодира эса эрка эмасми, дугоналари билан овора. Ора-чора Анварга узокдан назар соларди. Нодира ҳеч нимани ўйламас, фақат китобини ўқиса бас эди, шунинг учун ҳаммани шундай кўрарди. Бот-бот у Анварга:

— Бу дунёда ҳамма нарса ўзимизга боғлиқ, биз яхши ўқисак ҳаммаси ўзидан-ўзи йулга тушади, — дерди.

— Бўлмаган гап, сени ота-онанг сен учун қайғуришади, сенга далда бўлишади. Менгачи? — деди хўрсиниб Анвар.

— Уларсиз ҳам, мен ҳамма нарсага эриша оламан! — деди ишонч билан. Худди шу пайтгача нимага эришган бўлса, ўзининг сайи- ҳаракати билан бўлди, деб онгига қуйиб олган қиз. Анварнинг олдида узун, офтобнинг нурида гоҳ жигарранг, гоҳ қихғиш бўлиб товла-наётган сочларини у ёқ-бу ёққа бармоқлари билан тараганча, балоғат ёшидаги йигитнинг ҳали жиловланмаган ҳисларини жунбушга келаётганидан бехабар, эркаланди.

Нодиранинг шамолда гоҳ-гоҳ учиб юзини тўсаётган соч толалари ва гапирганида ора-чора кўриниб, юзидаги ҳусннини янада тароватли қилаётган табасуми ичра мўралаётган оппоқ тишлари, майин табасумида пайдо бўлаётган ёноқларидаги кулгичлари қаршисидаги йигитни батамом ўзига мафтун этганди. Ундан таралаётган жаннат ифори ҳавода айланганча бот–бот сабза мўйлаби ниш ураётган йигитнинг димоғига урилиб бошини айлантирар, гўё маст кишидек бу фариштанинг ердаги тимсоли, момо Ҳавонинг қайсидир ҳислатини ўзида кашф эта билган, аммо оёқлари жаннат тупроқларини босмай ер куррасининг охир замонидаги ўзига таниш бўлган Одам атонинг зурриёдини топиб олгандек, унинг қалбидаги ҳали ўзига-да нотаниш туйғуларни шаккиллантиришга ундарди. Анвар мийиғида кулиб қўйди-да, орзулар осмонида қанотини кенг ёзиб парвоз қилаётган қизалоққа:

— Кўрамиз, — деди. Ҳа, Анвар ҳақ эди. Бу дунёда ҳамма нарса ўзаро шу қадар боғлиқ-ки. Бир одам ўзи ҳар қанча ақлли, истеъдодли бўлмасин яқин кишингни сенга ишончи, қўйингки бир бор «балли» деган сўзидан қудратли эмасди. Нодира мактабни битириб улгурмасидан уни юридик коллеж кутиб турарди. У Анварга:

— Шунчаки ҳужжатингни топширсанг бўлгани, юр ҳаракат қилиб

кўр, — деди. Нодиранинг отаси унинг ўқишга кириш йўлидаги ҳамма тўсиқларни бартараф қилиб қўйганидан хабари йўқ-да, гапираверади.

Хат

Анвар уйига келиб, овқат қилди, кечга дастурхон тузади, онаси билан шу ҳақда маслаҳатлашмоқчи бўлди. Аммо она ўша куни уйга келмади. У, онам кечаси келиб қолса еб олар, деб овқат устига докани ташлаб уйқуга кетди. Эрталаб турса дастурхонга қўл тегилмаган. Оппоқ дока ноннинг устига қандай ёпилган бўлса шундай турар, атрофида иккита ҳира пашша, деразадан тушаётган офтобнинг илиқ нурида ғиз у ёнга, ғиз бу ёнга учиб Анварнинг ғашига тегарди, кечаги дастурхоннинг бузилмаганидан Анвар билдики, онаси келмабди. У жуда ҳавотир олди, ўзини қаерга қўйишни билмай тоғасига қўнғироқ қилди. Ака-сингил унча чиқишмаганлиги учун, уларнинг борди- келдиси йўқ. Тоғаси ота-уйига синглисини ташлаб, оиласи билан бошқа уйда турарди. Уч-тўрт кундан сўнг онасидан хабар келди, гўёки у Анварнинг тоғасига смс хабар юборибди:

«Ўғлим Анвар, сен катта бўлиб қолдинг. Мана мактабни ҳам битириб олдинг, энди ишга кириб ўзингни эпла. Мен сени деб ҳаётда нима кўрдим, умримни сенга баҳшида қилиб чарчадим. Мен ҳам яшашим керак-ку ахир. Ҳозир Туркиядаман, ҳаётимни изга солишим керак, шу сабаб ўзингни асра.»

Буни ўқиган Анварнинг кўзидан тирқираб ёш оқиб кетди, йигит бошига энди кўз ёшларини ушлаб қололмади. У тоғасининг олдида ҳеч нимани кўрсатмаса-да уйига боргач, бармоқларини тишлаганча овозини баралла қўйиб, дод солиб йиғлади. Унинг овозидан остидаги ер бош кўтариб унга далда бериш истагида ўз бағридан чанг тўзон кўтариб атрофга шамол турди. Ўйнинг деразалари шамолда силкиниб, гўё «мен ёнингдаман, сен ёлғиз эмассан» деётгандек очиқ деразадан кирган шамол унинг юзидан майин силарди.

— Наҳотки, ҳатто товуқ ҳам боласини қаровсиз қолдирмайди-ку Ахир. Нима учун? Нимага бу қадар бахтсизман? — дея куйиниб кетди шўрлик. Ўқишга киришга-ку кирди, барака топгур 12 йиллик мажбурий таълим уни ҳеч булмаса касб-ҳунарга ўргатади. Аммо у ўқишни ташлашига тўғри келди. Чунки энди уни қорин ғами ташвишга сола бошлади, уйида иссиқ овқат тайёр бўлса ўқийди-да. Кимдир унинг иссиқ-совуғидан хабар олса ўқийди-да. У энди ишлай бошлади. Кўчадан уйга кайтгиси келмасди. Тўғри-да, ўз онасигаки керак бўлмаган фарзанд, кимга ҳам керак? У ўз тенгларига қўшила олмасди, чунки уларнинг фикри Анварники билан тўғри келмасди. Тенгқурлари эришган мукофотлари, ота-онасининг ғамҳўрлиги ҳақида гапирса, у ўзини қаерга қўйишни билмай қоларди. Шунда у ҳаёт, унинг талай муаммолари, ва ноҳақликлари ҳақида гап бошлаши билан, дўстлари уни «дода» деб масҳаралашарди. Шу боис у ўзидан анча катта кишилар билан дўстлаша бошлади, улардан у нимани ҳам ўрганарди.

Майлику-я агар бир ақлли, ҳунарманд, ёки ҳаётда йўлини топиб, уни ҳам йўлга соладиган одамларга дуч келганида эди, балки ҳаммаси бошқача бўларди. Аммо унинг уйи борлигини эшитган текинҳўр, майпарастлар уни ўз бағрига олди. Худди Буратино эртагидаги кўр мушук Базилио ва айёр тулки Алисанинг Ахмоқлар водийси хақидаги чўпчагига лаққа тушгани каби, Анвар ҳам Уларнинг бир қарашда ёқимли сўзларига лаққа тушганди, улар айнан ўша икки фирибгар Буратинога беш сольдосини қандай кўмдирган бўлса, булар ҳам Анварга аламни унутиш йўлларини ўргатишди. У ҳам шу мақсадда ича бошлади. Ичкилик ҳидини сезган шериклар унинг атрофида парвона бўлиб қолишди. Аёл зотидан азбаройи жирканганидан Анвар уйланиш, оила қуришни унутди, умр ўтиб борарди. У ерда маишат, бу ерда маишат, топган пулини кўчанинг ўзида сарфлаб келадиган Анвар, ўттизни қоралаб қўйганини ўзи ҳам сезмай қолди. У таниб бўлмас даражада ўзгарган эдики, дўстлари олдида у энди ҳақиқий чолга айланиб улгурди. У кўчаларда гоҳ-гоҳ ўзига келиб хаёлга чўмганча ўтирар, алла нималарнидир ўйлаб, ўзига ўзи жаҳл қилиб, кимлар биландир уришар, беўхшов сўзлар билан кўринмас ҳамсухбатини ҳақоратлар, гоҳида эса қотиб-қотиб куларди.

Қора ласетти

Кунлардан бир кун, шаҳарнинг унча гавжум бўлмаган кўчаларининг бирида, одамлар ўтиши учун мўлжалланган ёлғизоёқ йўл (тротуар) дан пича кенгроқ, машина сиғадиган, туман поликлиникасига рўпара бўлган, машина юрадиган йўлакда ўтириб, ким биландир ғўлдираб, хаёлидаги киши билан чунонам уришаётган бир пайтда, ортидан тим қора, янги салондан чиққанлиги шундоққина кўзга ташланиб турган Шевролет-Ласетти маркали машина унинг ёнидан ўтаётиб, гўё уни кўрмагандек туртиб юборди. Қора машина шунақанги ялтираб турардики, унинг эгаси каттароқ лавозимнинг тупроғига икки оёғи билан қаттиқ жойлашганлиги шундоқ маълум эди. Қуёшнинг нурида ялтираганидан унинг ичидагилар кўринмасди. Анвар ариққа йиқилди, аранг ўзини эплаб, йиртиқ шалварларини тортқилаганча, кирлигидан наматдек бўлиб, ёғи чиқиб ялтираб кетган, икки марта силанса таёқдек тикка турадиган сочларини ўзича ортига ташлаб, эгнидаги кимнингдир аҳлатга ташлаб юборган, ит тишлаб пахталарини сидириб ташлаган, биттагина тугмаси қолган нимчасини тўғрилаб туриб қаради. Машина ичидан басавлат бир йигит тушиб келди. Йигитнинг шимини рахи бузилмаган, ўзи Анварчалик табиатан келишган бўлмаса-да, ўрта бўйини унинг кийими савлатли қилиб турганди. Оппоқ кўйлагининг ёқалари худди тахт урилгандек, галстуги-ку ҳеч қўл тегмагандек, бирор ери қийшаймаган ҳам. Сочлари калта олинган, қўлидаги соатининг пулига ночорроқ оила бир ой кам-кўстсиз яшаса бўлади. У димоғини олдинга чўзганча машинани айланиб ўтди-да, орқа эшикни очиб, ичкаридан бир яшарлар чамаси болани қўлига олиб, ҳомиладор аёлини етаклаганича туман поликлиникасига кириб кетди. Улар шундай бахтли эдиларки ҳаёт завқини суришётгани шундоққина кўриниб турарди. Азбаройи эгни-боши кирлигидан, соқол муйлаби юзини қоплаб кетган, ундан анқиётган бадбўй ҳид сабаб, ўша йигит Анварни хайвонча ҳам кўрмади. Эътибор ҳам қаратгани йук. Атрофдаги кишилар кўрди-ю, бойваччага рўпара келишга чўчишди шекилли, кўрмаганга олишди. Тирноқлари қошиқдек ўсиб кетган Анвар, оёқда аранг туриб машина четини айланди, уни туртиб юборган бойвачча билан тортишмоқчи бўлди, шу баҳона ундан бир икки сўм олиш мақсадида алланималарни ғўлдираб турганида, бояги бойвачча ҳомиладор аёли билан боласини кўтарганича, келаётганини кўриб унга яқинлашди.

Анвар йигитни кўриб тошдек қотди, уни кайфи ҳам қаергадир ғойиб бўлди. Рўпарасидан келаётган йигит хоҳласа ҳам ҳозир Анварни танимасди, лекин Анвар уни таниди. У ўша, бир пайтлар ундан қўрқиб сигарет олиб келадиган Дониёр эди. Ўз даврида Анвар уни папкасини ариққа ташлаб югуртирганини, ҳар куни уйидан пул олиб келиб бермаса, уни урганларини эслади. Қаранг, қандай бўлиб кетибди-я. Анвар уни таниб қолишидан чўчиб юзини буриб узоқ-лашди. Дониёр эса сархуш чолни (Анварнинг кўриниши 60 дан ошган бели букилиб қолган чолга ўхшарди) ниятини сезди шекилли:

— Нима қилиб машинам олдида ўралашасан алкаш, тур йуқол,

бўлмаса бошингни ариққа тиқиб қўяман, — деб ўдағайлади. Анвар ундан узоқлашаркан, кўзини қири билан кетгунича уни кузатиб турди, у дўстини кўрганидан ҳурсанд эмасди. Аксинча у ўзига ачиниб, ўз кийимларини унинг кийимлари билан солиштириб, ортидан аламли қараб қолди. Шу пайт гўё олам гардиши унинг устига қулади-ю, унинг сўқир кўзлари кўра бошлагандек.

— Ахир Донёр ҳам мен билан тенг-ку, нима учун мен уни олдида

Отасидекман? Шу қадар қариб кетдим? — дея ўзига савол берди.

Ўша куни у биринчи марта ҳаётини вайрон бўлганини, бу дунёда нотўғри йўлни танлаганини ҳис қилди. У бир четга бориб, аҳлатдан топиб, ҳали ейман дея кийимини ичига солиб олган, бир бурда нонни моғорлаган жойини олиб ташлагач, тишлади. Кўзларидан эса шашқатор ёш қўйила бошлади. Ўкиниб-ўкиниб, ортига қайтариб бўлмайдиган ҳаётига ачиниб йиғлади. Ахир мен ҳам шундай бўлсам бўларди-ку, ҳеч бўлмаса бир кичик уйим бўларди, машинам… нега ўқимадим? Нега ишламадим? Нега пулларимни маишатларга сарфладим? — деб у кўксига уриб-уриб йиғлади…

Фаришта

Ойнинг ўн беши қоронғу бўлганидек ўн беши ёруғ экан, меҳрибон Аллоҳ бандаларига бот-бот имконият эшикларини очиб қўяркан. Кўчаларда, ариқларда уҳлаб ётадиган одат чиқарганига анча бўлгани учун, уни ҳеч ким пайқамасди ҳам. Ўша куни у дарахт тагида сархуш уҳлаб қолди. Уни нимадир безовта қилиб, уйғотиб юборди. Қараса қандайдир кампир уни судраб кетаяпти. Анвар шу қадар маст эдики гапини тушуниб бўлмасди. У фақат ўзи тушунадиган оҳангда:

— Ў кампир, мени қаерга олиб кетаяпсан? Баррига, ташла мени, — деганча хушидан кетди. Кўзини очганида бир уйда, каравотда ётга-нини кўриб ҳайрон қолди. Онам қайтдимикан, деган болаларча қувонч уни чулғаб олди.

Қаранг-ки, унинг онги ҳали ҳам онасининг меҳрини кутиб яшаётган экан. Она меҳрига зор, оила завқига ташна, болалигини яшай олмагани, дилидаги армонли жароҳати бўлиб, уни ҳануз азобларди. Шу чоқ қўшни хонадан қўлини сочиққа артганча бир онахон чиқиб келди. Онахон жиккакина, фариштали юзини ажинлар қоплаган, думалоққина, икки юзи қип-қизил бўлиб, кулганида ажинлари тортилиб, икки чаккаси ялтираб кўзга ташланади. Анвар уни таниди. Бу ўша, бир пайтлар болалар билан йўлини тўсиб, пулларини сумкасидан олиб, ўзини анҳор бўйига яланг оёқ қилиб ташлаб кетган адабиёт ўқитувчиси. Қарибди-ю, аммо юзидан нур кетмабди, қаранг. Анвар худди, ундан аламини олиш учун уйига олиб келгандек, — Менга барибир, тупурганман аламига. Намунча, кампир ўша беш-ўн мингини ҳалиям унутмабди-да, — деб ўйлаб, бошини баланд кўтариб, худди рингга тушаётган чемпиондек, бор савлати билан кампирга яқинлашаётганида, онахон, — Ўзингга келдингми жон болам? — дея ширин жилмайди. Бу билан, Анварни бошидан муздек сув қуйиб юборгандек бўлди гўё. Бу сўзни у фақат бир мартагина, боғчада йиқилганида онасидан эшитган эди. У бу сўзни худди бадавлат инсон олтинини қўриқлаганидек юрагини туб-тубига яширган, ёлғиз қолганида онасини фақат шу сўзини эсга оларди. У бўй-бастига ярашмайдиган, аммо одамзод рад этолмайдиган туйғуни ҳис этди. Кўз ёшларини тутиб туролмади. Ёш боладек йиғлаб юборди. Нақадар кучли экан бу ширин сўз. Ҳар қандай ёвузни бир онда юввош мушукчага айлантира оладиган. Анварнинг ёш боладек югуриб бориб, онахоннинг бўйнига осилиб эркалик қилгиси келди. Аммо у йигирма тўрт йилга кечикиб эшитди бу сеҳрли, инсонни нарвонсиз осмонга олиб чиқадиган сўзни. Онахон жилмайиб, худди ҳеч нима бўлмаган-у, кечаги ўқувчиси бугун дарс жадвалини сўрагани келгандек ширин муомаласини канда қилмади.

— Болам, ваннага кирсанг сенга кийим-кечак тайёрлаб қўйдим, бўлақол овқат совумасин-а. Ҳа демай уканг ҳам келиб қолади. — Анвар нима бўлаётганига тушунмаётганди. Қанақа укаси? Нима бало эси оғганми бу онахонни, деб ўйлаб ваннага кирди. Қараса илгакда ўлчами ўзига мос, шойи пижама турибди. У яхшилаб ювинди, соқол- мўйлабини олди. Уни ҳеч қачон, ҳеч ким одам деб овқатга чақирмаган эди. У қушдей енгил тортиб, ёқимли ҳислар оғушида чиқиб столга ўтирди.

Икки хоналик уй, ошхона деворига гул қоғозлар эътибор билан ёпиштирилган, дераза пардалари гул тувакдан сал баландроқ қилиб, ҳошиялар қўйиб тикилган. Дераза олдида ўтирган одамга, кўчадаги ёш келинлар йўлакларини супираётганлари, болалар майдончаларида кичкинтойларнинг қийқириб, бир-бири билан нарса талашиб йиғлашлари, янги машина олган рўпара йўлакдаги қўшниниг завқланиб, қўшиқ ҳиргойи қилиб машинасини юваётганигача яққол кўриниб турарди. Стол устида эса иккита шиша идишда конфет, вазада олма ва битта хурмо. Хурмони суви қочиб қолганига қараганда, уйда ёш бола йўқ. Онахон ошхонанинг у бошидан бу бошига бориб келиб, анча эскириб қолган газ плитасидаги қозондан косаларга овқатни сузарди. Атрофга аланглаб ўтирган Анвар ундан:

— Қанақа укам? — деб сўради.

— Ие-е! мени ўғлим-да, сен ҳам менга боламдексан ахир. Сени ўқитганман-ку, сенга ука бўлади-да. — кулиб қўйди онахон. Анвар бошини эгиб, — Кампир мени танибди-да, — деб ўйлади изтироб билан. У бир пайтлар ўқитувчисига нисбаттан қилган ишларидан уялиб кетди. Шу пайт эшик тақиллаб, онахоннинг ўғли кириб келди. Анвар соқол- мўйлабини олгани билан, йиллар давомида ичкилик яратган турқи унинг кимлигини шундоққина фош қилиб турарди. Искандар хонасига кираётган чоғида, ошхонадан эркак кишини овозини эшитиб ортига қайтди. Нотаниш эркак унинг халатини кийиб ўтирганини кўриб, бир онасига, бир Анварга қараб қолди. Бўй басти ҳақиқатдан ҳам Анвар билан бир ҳил, фақат бир икки ёшга ундан кичикроқ. Танасининг тузилиши худди жангда пишган, мускуллари анча ишлов берилган спортсменни эслатарди. Ўртаси билан ёйилиб кетган қоши чимирилганидан худди пешонасигача ўсиб кетгандек туюларди. Сочлари тақир қилиб олинган, жаҳлдан мушт қилинган қўлининг томирлари бўртиб, кўкариб турарди. Уканг, дегани бекормас шекилли кўзлари Анварга жуда ўҳшарди. Умуман олганда билмаган одам уларни ака-ука деб ўйлаши тайин. У қўлидаги иккита ёпган нонни на қўйишни ва на отишни билмай гаранг эди.

— Ойи, ким бу? — жаҳл билан сўради у.

— Аканг болам. Келдингми, айни вақтида келдинг, овқат Сузаётгандим бўлақол, ечиниб, юз қўлингни ювиб чиқ! — деди косадаги иссиқ овқатни қўллари куйиб, столга қўяркан. Худди неча йиллар излаган, ёшлигида йўқотиб қўйган боласини топган онадек Анварга қараб тўймасди.

— Ойи… нима диганиз… қанака акам? — у нима қилишини билмай, онасига пешонасини тириштириб қараб турарди. Бегона кишини ёқасидан олиб кўчага улоқтирсаммикан деб хаёлидан ўтказди, аммо онасиннинг юраги кўтаролмаслигини ўйлаб ўзини аранг босди.

— Мен бу болани ўқитганман, ўқувчим, — деди қаттий оҳангда. Бу гапни эшитиб, Искандарнинг таранг тортилиб турган мускул-лари сал бўшади. Худди анчадан бери ташлаб қўйган ишини яна бошлаган одамга, энди сени нима қилсам экан, дегандек онасига ўқрайиб қаради-да, уни четроққа тортди.

— Ойижон, яна бошландими меҳрибончилигиз? Ахир унга яхшилаб қаранг, у энди сизни ўқувчингиз эмас! — деди у ўзини базўр босиб.

— Ундай дема. Одамзод мушкул чоғда бир-бирини қўлламаса бўлмайди болам.

— Унда ҳамма ўқувчиларингизни етаклаб кела қолинг! — энди жаҳлини яширолмай, икки қўлини икки ёнига ёзганча, мана кенг уй дегандек бақириб юборди. Онаси бир муддат ўғлига қараб жим турди-да, худди ёш боладек кўзларига ёш қалқиди, — Онанга тик қарагани уялмадингми болам? Сенга шундай тарбия берганмидим? — Искандар дарров онасини бағрига босиб уни овута бошлади.

— Онажоним, кечиринг билмасдан… жаҳлим чиқиб кетди-да. — кейин овозини пасайтириб деди, — ахир унга яхшилаб қаранг, ким-лигини билиш қийин эмас-ку, кўча бангиларидан. Ниятини билиб бўлмайди, биринчи синф боласимас ҳар ҳолда.

Ая ўзини ноқулай ҳис этиб, гоҳ-гоҳ титраб кетаётган қўлларини яшириб ўзини чалғитишга уринаётган Анварга қараб йиғламсираб:

— Биламан, кўриб турибман, шунинг учун ҳам олиб келдим-да.

Қарасам, йўл четида жунжикиб ётибди шўрлик. Аввал ҳам кўрган эдим, айб ўзида, ўқиса одам бўларди, деб ўтиб кетаверардим. Аммо қуръонда «жардаги инсонга қўлини чўзганга, мен жаннат эшигини очиб қўяман.» деган мазмундаги оятни ўқиб шундоқ уялдим.

— Қуронда айнан шундай дейилган эканми? — дея, ўйлаб гапиринг

Аллоҳнинг сўзи билан ўйнашманг, жавоби оғир бўлади дегандек урғу берди Искандар. Ая ўйлаб қолди-да:

— Мен айнан деганим йўқ, шу мазмунда дедим. Ҳар ҳолда мен Шундай тушундим. –деб юзини аразлагандек ёнга буриб, ёш боладек қўлини қовуштириб лабларини чўччайтирди. Бу қилиғи билан Искандарни жахл отидан тушириб, ўз эркаллиги билан унинг юзига пича табассум югуртирмоқчи бўлди. Ва бунга эришди ҳам, Искандарнинг юзига табассум югуриб сал бўшашди ва онасини қаттиқ қучоқлади. — Болам, ахир уни ҳеч ким танимайди, бу атрофда қариндош-уруғлари ҳам йўқ. Биттагина тоғаси ҳам ўлиб кетган. Онасидан эса шу кетганча дарак бўлмаган. Мендан бошқа ким унга қўл чўзади деб, Аллоҳдан қўрққанимдан уйимга олиб келдим болам. Унга юрагим ачишди болалигида яхши ўқирди, зеҳнли бола эди.

— Тушунаман онажон, аммо уйимиздан у-бу нарса ўғирласа-чи? — эшиттириб гапирди Искандар. Она худди бир боласини иккинчисидан химоя қилаётгандек, ўғри деб сифат берилиши унга ёқмади, гарчи бунга унчалик ишонмаса-да уни ҳимоя қилди, — Ўғирламайди! –деди чуқур хўрсинганча.

Ўғли онасини қизғондими, ёки шу билан онасини аҳдидан қайтар-моқчи бўлдими.

— Бўлмаса мен кета қолай! — деди жаҳл билан, икки қўлини силтаганча.

— Сен шундоғам кетаяпсан-ку болам. Ҳиндистонда бошқа инженер қурибдими-ки, сен бормасанг, — деб онаси боғчага ташлаб кетилаётган болакайдек ўғлига мўлтиради. Бу нигоҳ бояги эркаликдан сўнг жаҳл отида, эгар жабдиқни бўшаштириб турган ўғил юрагини батамом юмшатиб, онасини бағрига босишга сабаб бўлди.

— Ойижон нима қилай, ахир ишим шунақа. Мен у ерда малака ошираман. Келгунимча сиз ўзингизга ёққан қизни топиб қўйсангиз, тўй қиламиз, нима дедингиз, — деб онасининг кўз ёшларини артиб, эркалаб қўйди. Эрининг ўлимидан кейин у ўғлига анча суяниб, қўнгли салга юмшаб кетадиган бўлиб қолганди.

— Ҳали ҳам уйланганинг йўқ, опаларинг сенга алла қанча сулув қизлардан топиб қўйишган, сен бўлсанг…

— Бўлди-бўлди ойижон, нима десангиз шу, майли қолса қола қолсин, фақат йиғламанг! Касал болиб қоласиз аҳир.

Анвар, она-боланинг муросаларига, деворга суянганча ҳавас билан қараб турарди. Бу гапларни эшитиб, кетмоқчи бўлди-ю, аммо у онасини энди топгандек, бу ердан қетгиси келмасди. Оила нимали-гини у шунча йил деганда мана энди кўрди. Овқатланиб ўтириб, у ёқ-бу ёқдан гаплашишди. Искандар худди жиноятчини сўроқ қилаётган прокурордек ундан ҳеч кўзини узмас, ҳали шошмай тур, мен сени йўқотмасамми, дегандек ўқраярди. У овқатини еб бўлди ҳамки, бу кўзлар уни ҳали ҳам таъқиб қиларди. Анвар ўзини ноқулай ҳис этиб, секингина уларга ўхшаб сочиққа оғзини артгач таҳлаб қўйди. У қанча ўзини уларга ўхшаб тутишга ҳаракат қилмасин, қўллари титрашдан тўхтамас, гаплари чалкашиб кетарди. Ахир шунча йил оғу ютиб унинг асаб тизимлари анча толиққан эди-да.

— Мен бора қолай, — деди худди қўша-қўша уйлари уни кутиб турган, меҳмонга келган аристократдек қаддини ғоз тутиб.

— Қаерга борасан болам? Барибир борар жойинг йўқ, қолавер, — деди ая.

Анварга бу таклиф ёқди-ю, аммо ҳайиқиб кўз қири билан Искандарга қаради. Шунда устози Анварга, — Қўрқма емайди, Искандар келаси душанбада Ҳиндистонга учиб кетади, хонаси сенга қолади. Менга ҳечам зараринг тегмайди. — деди жилмайиб. Бу гапдан Искандарнинг энсаси қотиб, юзини дераза томонга бурди. Искандарни шубҳаси аримаганини Анвар жудаям яхши билиб турар, шу сабаб имкон қадар унинг кўзидан узоқ бўлишга ҳаракат қиларди.

Бир ҳафта шу ердаман, ҳамма ишимни ташлаб, шу йигитни уйдан йўқотишим керак, билиб бўладими, нияти нима уни, деди ўзига ўзи Искандар.

Биринчи сабоқ

Шу кундан унга тузоқ қўя бошлади. Эрта тонг Анвар юз-қўлини ювиш учун ваннага кириб кетганида, Искандар унинг каравотини яхшилаб текшириб олди ва ўзининг пулларини санаб, ундаги рақамларни блокнотига бирма-бир ёзиб, жавонга жойлади. Анвар ҳам кийимини шу ерга қўйишини билиб, чўнтагига эллик мингни жой-лади-да, айнан унинг ёнига, худди пулини олиб қўйиш эсидан чиқ-қандек курткани илиб, ичкарига кириб кетди. Анвар бир чети кўриниб турган, бир кисса пулни олишига Искандар амин эди. Уни шу баҳона онасини хафа қилмаган ҳолда, уни уйдан чиқариб юбормоқчи бўлди. У режани аниқ тузиб чиққанди. Анвар унинг кетидан келиб, киссадаги пулни кўриб кўзлари ўйнаб кетди, беихтиёр пулга чангал солди, киссасига солмоқчи бўлди. Бироқ ичидан нимадир уни тўхтатиб қолди. «Нима қилаяпсан Анвар, сенга меҳрибончилик қилиб, совуқда қотиб қолмасин деб уйидан иссиқ жой берган одамларнинг пулини ўғирлаяпсанми,» деди ички бир овоз. У гоҳ пулга суқланиб қарар, гоҳ атрофга алангларди. У бу пул билан неча кун маишат қилиши мум-кинлигини ўйларди. Ҳаяжондан вужуди қизиб кетди. Балки биттасини оларман, билиб ўтирибдими, тушириб қўйдим деб ўйлайди тамом. Деди-ю, биттасини секин қўлига олди, Меҳрибон ая ичкаридан чиқа туриб, уни Искандарнинг чўнтагига қўл суқаётганини кўриб қолди. Бундан у ҳайратланмади, эшикни овозсиз ёпаркан, — эссиз, тарбия кўрмаган-да, — деди. Шу пайт хаёлига бир фикр келиб суюниб кетди. У куёвининг туғилган куни яқинлашаётгани учун, яхши куртка сотиб олган эди, уни олиб чиқди-да, энди столга ўтирган Анварни турғазиб, — Қани болам, шуни бир кийиб кўрчи, — деди.

— Нега, нима бу?

— Кеча пенсиямдан сенга атаб куртка олдим. Бир кийиб кўрчи, лойиқ келармикан?

Анвар минг ҳижолат билан курткани кияркан, кўзларини аядан олиб қочди.

— Бошингни кўтар болам, савлатингни бир кўрай қани, ярашганини қара. Тоҳир-а, Тоҳир. Буюрсин, муборак бўлсин.

— Керак эмас аяжон, нега овора бўлдингиз, ўзимнинг курткам ҳам ёмон эмас. Пул топсам, сотиб оламан ўзим.

Кирлигидан ялтираб, увадаси чиқиб кетган, йиртиқ курткасини, кўнгли оғримасин деб камситгиси келмади. Гап ичидаги гапни тушу-ниб ол дегандек, — У юпқа, ёмғир-қорга тўғри келмайди. Ҳали бир жойга ишга кирганинг йўқ. Нима ўғрилик қилиб топасанми? Ҳеч-да, мени болам ҳалол, бировнинг бир тийнига ҳиёнат қилмайди. Шунинг учун эски кийсам кияман-у, аммо меҳнатсиз ош керак эмас деяпсан-да тўғрими, сувингизни ичиб, тузингизни еб, дасмоянгизга ҳам ёпишаманми, деяпсан-да, вой, ҳалолгина боламдан ўргилай.

Анвар ундан бу гапни кутмаган эди. Бошига гурзи билан ургандан ҳам баттар таъсир қилди бу гап. Бу сўзларни айтгандан кўра, ингичка хипчинни сувга бўктириб савалагани-да, шу қадар аччиқ ботмаган бўларди. Курткани кийиб, икки четига китоб тўлдирилган, ўртасига 80-йилларнинг урфида бўлган, бир-иккита чинни идиш ясатилган жавонга ўгирилганча, куртканинг замогини ўйнаб, — билдимикан, йўғ-ей бўлмаса уйидан аллақачон ҳайдаб соларди. — деган хаёлда эсанкиради. Ая хонасига кириб, эшикни ичкаридан ёпиб, уни зимдан кузатди.

Анвар курткасини секин ечди, бояги пулни бироз киссасида ўйнади-да, виждони қийналдими, ёки қўлга тушганини пайқадими, бирдан важоҳат билан чиқиб пулни жойига солди. Қайтаётганида икки қўли билан кўзларидаги ёшларини артаётгани кўриб, кузатиб турган ая, — ҳа одам бўларкан. Виждонини сотмаган экан ҳали, — деб мийиғида жилмайиб қўйди.

Анвар хотиржам бориб жойига ўтирди. Ая келиб дарров унга овқат сузиб берди. Ҳеч нимага эътибор бермай, овқатни паққос тушираётганини кўриб, ая ўтирмади. Анвар, оғзини катта очиб, нонни ярмисини шартта узиб олди-да, унга қараб турган аяга:

— Ўтирмайсизми? сиз емайсизми? — деди оғзидаги овқати билан. Ая йўқ дегандек, бошини сарак-сарак қилиб бир четда тураверди. Анвар овқатини еб бўлиб, энди турмоқчи эди. Ая секин унинг қаршисига ўтирди, — Болам, овқатланиб бўлдингми?

— Ҳа раҳмат, жуда мазали бўлибди. Нега ўзингиз емадингиз? Ёки овқатланиб олганмидингиз? — деди кекириб. Ая чуқур хўрсинганча, Анварнинг саволига жавобан:

— Йўқ, мен ҳамма ўтирмагунча емайман. Бир куни Пайғамбари мизнинг (С.А.В.) олдиларига бир киши келиб, — мен овқатга ҳечам тўймайман, — дебди. Шунда Пайғамбаримиз (С.А.В), — овқатни ўзинг ейсанми ёки жамоат бўлибми? — деб сўрабдилар.

— Бир ўзим ейман, — дебди бояги одам. Шунда Пайғамбаримиз

(С.А.В), — овқатни оиланг, яқинларинг билан егин, жамоат бўлиб овқатланишда барака бор деган эканлар. Яъни, якка тановул қилади-ганларни Аллоҳ суймайди деганлар.

Аянинг бу гапидан Анвар дарров ўзига тегишли ҳулосанини олиб, уялиб бошини эгди. Искандар ваннадан чиқиб, Анвар билан ойисини кўриб, дарров бояги киссаси эсига тушди. Бориб қараса, пули жойида. «Ҳали улгурмабди, ёки кўрмаган. Кисовур, қўлимга тушасан барибир» деган хаёлда бошини сочиқ билан артганча улар ёнига ўтирди. Ая учта коса овқат сузиб келтирди, Анвар унга ҳам овқат сузилганини фаҳмлаб:

— Мен емайман тўйдим, –деди. Ая эса худди синамоқчи бўлган-дек, уни дастурхондан турмасликка ундади:

— Ўтир, биз билан озгина бўлса-да, егин болам.

Анвар ҳайрон бўлиб, ая Пайғамбаримиз (С.А.В.) нинг ҳадисларига амал қилмоқчи шекилли, майли бир-икки қошиқ есам бўкиб қолар-мидим, деган хаёлда қошиқни овқатга урганди, Искандар шартта уни қўлини тутди.

— Нима қилаяпсан?

— Овқат еябман.

— Ҳали уйни каттаси ўтирмади-ку, еяверасанми? — деди Искандар худди ўғрини воқеа жойида тутгандек. Анвар нега овқат қайта сузилганини, ая нега бошқатдан уни дастурхонга чақиргани, энди тушунди. Қараса, ая қўлини артиб, Анварга қараб жилмайиб турган экан. У аста стулга ўтириб, — Бисмиллаҳир раҳмоннир роҳим, — деб нонни ушатди. Косадаги овқатдан қошиқни учида олиб, оғзига солди ва йигитларга ҳам, олаве-ринг, мен бошладим, — деди. Анвар бир қўлини мушт қилганча столга қўйиб, иккинчи қўлида қошиқни қаттиқ сиқиб, кутиб турган экан. Ҳайратланиб, — Бўлдими? Шуми? Кинода кўрганман, олдин нимадир ўқилади, кейин таомга ҳамма бирданига қўл уради, — деди. Искандар, Анварга худди жиннига қарагандек қаради-да бир ғазаб, бир ихтиёрсиз кулги билан, — Сен христянмисан? — деди.

— Йўқ.

— Мусулмонмисан? Ўзбекмисан? Ёки ойдан тушганмисан?

Ая Искандарнинг зардали, мўмин мусулмоннинг одобига зид, муомаласидан ғалати бўлиб кетди, шоҳига урсанг туёғи зирқирайди деганидек, қўлидаги қошиқни коса ичига енгилгина ташлаб юбор-ганини ҳам сезмай қолди. Маюс ютинганча, йигитнинг мўминлардан кўнгли қолмасин деб, Искандарнинг сўзини бўлди.

— Қўй болам, унақа дема, мўминнинг бир ажиб ҳислати бўлади.

Яъни ҳеч маҳал биродарини, нафақат биродарини, умуман ҳеч кимни камситмайди, силталамайди. Бошқа ҳеч бир миллатда учрамайдиган ҳушмуомулалик билан, бировнинг айбини юзига солмасдан йўл кўрсатади. Билмаслик айб эмас, ўрганмаслик айб, — у ўғлига дакки бериб Анварга ўгирилди. — Болам у сен айтаётган, бизнинг, мусулмон динининг одатларидан эмас. Улар олдиндан шукрона келтиришади, ўзига яраша дуоларини ўқишади. Аммо аслида, таомга еб бўлганидан сўнг фотиҳа тортиш керак. Боиси, насиб бўлса ейсан, насиб бўлмаса йўқ. Сониялар ичида нима бўлиши фақат Аллоҳнинг ўзигагина аён.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга икки мушриқ келиб, «қўлимдаги ризқимми ёки йўқми?» — дебди. Ризқинг десалар, ташлаб юбормоқчи, аксинча сенинг ризқингмас, деганларида еб ташламоқчи бўлиб турган экан. Шунда саллоллоҳу алайҳи ва саллам, — есанг ризқинг, мабодо улгурмасанг, ёки истамасанг демак ризқинг эмас дебдилар, — деб ҳадисдан мисол келтирди ая. — Биз мусулмонлар «Бисмиллаҳир раҳмонир роҳийм» деб иш бошлаймиз, ҳамма ишимизда. Искандарнинг энсаси қотиб, ўнг қўли муштумини бетига тираб ўтирганди:

— Бугун овқат еймизми ўзи, ёки дарс ўтамизми? –деди охири чидолмай.

— Сен еявер, менга гапиряптилар. Сен биласан, мен эса энди

эшитяпман, — деди аянинг гапларини жон қулоғи билан эшитиб ўтирган Анвар. Искандар хушламаётган ҳамхонасини устидан кулгандек:

— Эй серсавол, илмга чанқок шогирд. Эътиборингиз учун дафтарчангизга шуни ҳам киритиб қўйинг-ки, ислом ҳақида, Аллоҳ ёки Пайғамбарлар ҳақида гапирилаётганида, овқат ейиш ёки бошқа биронта бир иш билан машғул бўлиш, одобдан эмас, — деди.

Ая уларнинг зиддиятли қарашларига барҳам бериш ниятида, Искандарнинг елкасига, бўлди қил дегандек, бир-икки қоқиб қўйди.

— Тўғри айтяпти болам, исломнинг устуни аввало одоб, кейин унинг иккинчи босқичи, илм бошланади. Кўпчилик илмни эгал-лагандан сўнг кибрланиб, одобни унутиб қўйишади. Биринчисини эгалламагунингча илминг сенга наф бермай, қайтага ҳар бир айтган тўғри сўзинг, ўзингга калтак бўлиб қайтаверади, мана бу тентакка ўхшаб, — деб Искандарни эркалаб, бошига муштлаб урган бўлди. Искандар эса, оғзидаги қошиқни торта туриб онасидан гўёки қочган бўлиб хазиллашди. Она-боланинг бир-бирларига меҳрини кўриб, онаси эсига тушдими ёки уни шу пайтда соғиндими уларга орзуманд, ҳавас аралаш тикилди. Кейин вазиятдан чиқиш мақсадида гапни бошқа томонга бурди, — Киссангдаги пулинг тушиб қолай, деб турган экан эхтиёт бўлгинда. Ичкарироқ солиб қўйдим, деб нон тишлади.

Искандарнинг Анварга қўйган қопқони эсидан ҳам чиқиб кетганди.

— Кўрибди-ку, нега олмади экан? Бўлиши мумкин эмас, афтидан кисавурлиги шундоқ кўриниб турибди. Йўқ, бу бир нимани режалаш-тирган. Каттароқ нарсани кўзлаганмикин-а. — деб унга тикилиб қолди.

— Овқатинг совияпти ўғлим, нимага тикилиб қолдинг, — деб хаёлини бузди онаси.

— Йўқ ўзим. Шундай, — деганча қошиқни оғзига солди Искандар.

Олишув

Қишнинг илк кунлари бошланиб, теварак атрофга оппоқ қор, ҳарир матодек ёйилди. Ўзбекистонда энди қор илгаридек қалин ёғмас, шу боис тонгача ёғган қор, кечга бормай эриб кетарди. Қуёш чиқиб турганига қарамай, қиш ўз аёзини илгари сурганча, отини қамчилар, қишнинг изғирини, кўчадаги одамларнинг аъзойи баданидан ўтиб кетарди.

Орадан кунлар ўтиб, Анвар бу хонадонни анча ўзиники қилиб олди. Ая эса меҳрибончилигини ҳеч канда қилмасди. Нега бундай бўлди, деб сўрамасди. Бир куни Искандар ҳужжатлари билан ўралашиб ўтирганида, Анвар эшикдан кириб келди. Унинг кўзларидан мастлиги сезилиб турарди. Искандар дарров стулдан туриб Анварни ёқасидан олди.

— Бу уйда онам номоз ўқийдилар алкаш, — деб уни бориб деворга

урди. Ая ичкари хонада, жойнамоз устида саждага бошини қўйганча намозни адо этаётганди. Намозим бузилмасин дея эътибор қарат-масликка ҳаракат қилди. Аммо йўлакдаги гурсир-гуср ва Анварнинг овози ғиншиб эшитилаётганидан ҳавотири кучайиб, бўғаяпти чоғи деган хаёлда намозини ҳам бузиб, югуриб чиқди.

Бесплатный фрагмент закончился.

Купите книгу, чтобы продолжить чтение.